“Бангалистон халқ шоири”

Замонадан ўргилай! Техник ва технологик ривожланиш шиддати шу қадар тезкор кечяптики, 4-5 йил узлатда бўлиб қайтган одам ҳам ўзгаришлардан боши айланадиган даврлар келди. Имконият ва қулайликлар — ҳар соҳада.

Ўзини бадиий ижодга сал бўлса-да ошно билган юртдошларимиз ҳам яхши ниятлар билан телеграм каналида “Ижодмисан-ижод” гуруҳини ташкил қилишди. Назм, наср дегандек, нимадир қоралаган борки, ўз ижодини шу ерда бошқалар билан баҳам кўра бошлади. Унинг аъзолари вақт ўтиб анча кўпайиб қолди. Кимдир янги шеър ёзиб, гуруҳга ташласа, уни ўқиб, фикрларини айтишга, камчилик ва нуқсонлари устида ишлаб, асарни пухталаштириш бўйича маслаҳат беришга ишқибозлар учун ҳам қулай майдон бўлди бу.

Ёшлигида исмидан ийманиб катта бўлган, лекин кейинчалик “исм — бу тақдир”, дея шу йўналишга бош суққан Шоир ҳам кимлардандир гуруҳ таърифини эшитиб, ижодкорлар ҳамжамиятига қўшилди. Туғилганлик ҳақидаги расмий ҳужжатларига ота-онаси исмини шундай қайд қилдиришган эди. Шоир бўлса, шоир-да, деб, шеър ёзишга, унда-бунда мутолаа қилишга ҳаракат қилди. Тахаллус ҳам топди — Шоири Даврон! Жарангдорлиги ўзига ёқди.

Ҳар куни бўлмаса-да, тез-тез янги шеърларини бошқалар билан ўртоқлашиш завқи Шоири Давронга кўнгил хотиржамлигини инъом эта бошлади. Тўғри, битиклари савияда оқсоқроқ бўлиши мумкин, лекин унга бунинг аҳамияти йўқ эди. Асосийси, ижодини ўқишар ва фикр билдиришарди.

Ижоди гуркураган паллада бир куни Шоирга шахсийдан нома келди.

“Ассалому алайкум, Шоир ака. Менинг исмим Ҳотам, Ҳотамтой десангиз ҳам бўлаверади. Ўзим сиз билан бир жойданман, аммо ҳозир хорижда — Бангладешда яшайман. “Ижодмисан-ижод” гуруҳида шеърларингизни маза қилиб ўқийман, кўпларини ёд олганман. Шу ерлик бир дўстим бор. Унга ижодингиз ҳақида айтгандим, таржима қилиб, маҳаллий газета-журналларга чиқармоқчи. Нима дейсиз?”

Бахт қуши ҳамманинг ҳам бошига қўнавермайди.

“Албатта, Ҳотамтой. Фақат хурсанд бўламан”, деган жавоб бўлди Шоирдан.

Яна нома келди: “Ака, таржимонга бироз қалам ҳақи керак — 150 доллар. Ҳисоб рақамимга ўтказиб беринг, натижа кўп куттирмайди”.

Ростдан ҳам, бир ҳафтада қандайдир ажнабий тилда чоп этилган газетамиди, журналмиди, Шоирнинг расми билан электрон саҳифа шакли шахсийсига келиб тушди.

Шоири Давроннинг қувончи тошди.

“Раҳмат, дўстим, барака топинг”.

Бир-икки ўтиб, яна хат келди.

“Ака, шеърларингиз матбуотда эълон қилингач, ижодингиз мухлислари жуда кўпайиб кетди. Сизга “Бангалистон халқ шоири” унвонини беришмоқчи”.

Шоирнинг ҳаловати йўқолди, буни энг қулай имконият ва эътироф сифатида қабул қилиб, ижод завқи билан жўшди.

“Хурсандчилигимни, миннатдорлигимни қандай билдирай?”

“Ака, фақат тўғри тушунинг, бу унвоннинг озроқ харажати бор, 3000 доллар. Битта суратингизни ҳам жўнатинг”.

Шоирнинг яйлов тўла суруви ўтлаб юрибди. Нари борса, 7-8 тасининг баҳридан ўтиб қўя қолади.

“Майли, ошна, 10 та қўйнинг ҳам пули эмас экан-ку”.

Икки ҳафталарда сурати туширилган ва думалоқ муҳр урилиб, “халқ шоири” бўлгани тўғрисидаги гувоҳноманинг электрон шакли шахсийсида кўринди.

“Мана, ака, гувоҳномани жўнатдим. Сизга “Бангалистон халқ шоири” унвони берилди. Табриклайман! Ижодга барака”, деб ёзди Ҳотамтой.

Шоири Даврон бу пайтда осмонда парвоз билан овора эди. Аста пастга қаради-да, сўради:

“Катта раҳмат. Гувоҳноманинг аслини қачон олсам бўлади?”

“Тез орада почта қилиб юбораман. Жўнатма харажатлари учун тахминан 500 доллар кетади”.

“Бўлди, гап йўқ, пулни ҳозироқ жўнатаман, тезлатинг. Яхши одам экансиз, ташаккур”.

Орадан 1 йилча ўтди. Ҳотамтой ҳам, гувоҳнома ҳам изсиз йўқолди. Яқинда “Ижодмисан-ижод” гуруҳида Шоири Давроннинг бир битигига кўзимиз тушди:

“Азизлар, гуруҳимиздаги Ҳотамтой билан боғлана олмаяпман, билган ва таниганлар бўлса, айтворинглар, илтимос, менга алоқага чиқсин”.

Демак, Шоири Даврон ҳамон Ҳотамтойнинг ҳотамидан умидвор.

* * *

Тўғри, биз исмлар ва манзилларни ўзгартирдик ҳамда бироз бадиийлаштирдик. Мақсад — замон шиддати юртимиз инсонлари феълида акс этган соддалик, ишонувчанлик каби фазилатлардан ғараз ниятда фойдаланувчи олғир кимсаларни кўпайтириб юбораётганидан огоҳ этиш. Битикларимиздаги юмор, сатира ва ҳазиломуз иборалар ўз йўлига, лекин ҳозир жиддий битта гапни айтиш мавриди:

Жорий йил 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари шундай деди:

“Қаерда ҳаёт яхшиланса, даромад кўпайса, ўша ерда “енгил пул топиш” ҳаракатида бўлган жиноий тузилмалар ҳам фаоллашиб, жиноятнинг янги усул ва воситалари ҳам, энг аввало, шу ерда пайдо бўлади”.

Жон куйдириб айтилган ушбу мулоҳазалар бежиз эмас, албатта. Огоҳ бўлинг! “Енгил пул топиш” илинжидаги жиноий тузилма ва фирибгарларнинг талончилик нишонига айланиб қолманг!

Нодир МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 14 =