Мардона яшаб ўтди

Таниқли журналист Қурбон Эшматов билан деярли тенгдош эдик. Бир-биримизга “сен”лаб мурожаат қилардик. У билан илк танишувимиз ҳам қизиқ кечган.

Ўтган аср 80-йилларининг ўртаси эди. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети кундузги бўлимида таҳсил олаётган кезларим фарзандли бўлдим. Ўғлим Ҳумоюн туғилганди. Ўша пайтда рафиқам аспирант, мен эса талаба эдим. Ўқишдан ажралмаган ҳолда ишлаб, рўзғор тебратишга мажбур бўлганлигим сабабли таҳсилни кечки бўлимда давом эттирадиган бўлдим.

Дастлабки иш фаолиятимни қайси таҳририятдан бошлашни билмай, бошим қотди. Маслаҳат олиш учун устозимиз — Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг олдига югурдим. Ўша пайтлар Абдулла ака “Гулхан” журнали бош муҳаррири эди. Шоири калон бир неча таҳририятларга сим қоқди. Хуллас, чет элларда истиқомат қилувчи ватандошларимиз учун нашр этиладиган “Ойдин” газетаси таҳририятидан иш топилди. Пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган ўн олти қаватли бино (ҳозирги ЎзА биноси)нинг тўққизинчи қаватига чиқиб, бир неча тилларни яхши биладиган, фидойи инсон, таҳририят бош муҳаррири Миад Ҳакимовнинг қабулига кирдим. Салом-аликдан сўнг юз-кўзидан нур ёғилиб турган Миад ака: “Эски ўзбек ёзувини биласанми? Лотин грамматикасини-чи?” — дея савол берди. Билмаслигимни айтдим. “Унда узр”, дейишди. Мени ишга олишмади. Бор гапни устозга етказгандим, Абдулла ака телефон гўшагига яна қўл чўзди. “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”)газетасининг бош муҳарририга сим қоқди. Хайрият, ёшлар таҳририятининг хатлар бўлимида мухбирлик иш ўрни бор экан. Газета раҳбарига учрадим. Бош муҳаррир устозни жуда ҳурмат қилар экан, шу куниёқ ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди.

Хуллас, устоз Абдулла Орипов тавсиясига кўра, 1985 йилда республикамизнинг энг нуфузли нашрларидан бири саналган “Ёш ленинчи” газетаси таҳририятининг хатлар бўлимида иш бошладим. Ҳозирги Матбуотчилар уйининг 5-қаватида жойлашган ёшлар нашрида устоз журналист Абдуҳамид Фозилов бошқарган хатлар бўлимида (у киши кейинчалик кўп йиллар “Қибрай садоси” газетасида бош муҳаррир лавозимида хизмат қилган, бугунги кунда пенсияда) ишга тушиб, бу қутлуғ даргоҳ нақадар табаррук эканига чин дилдан амин бўлдим. Раҳматли устозларим, ҳамкасб оғаларим — бош муҳаррир ўринбосари Абдураҳим Абдуллаев, масъул котиб Фаррух Раҳимов, ўша вақтда бўлим мудирлари ва мухбирлар бўлиб ишлаган Сафар Остонов, Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Маҳкам Раҳмонов, Карим Раҳимов, Турғун Назаров, Сувонқул Рустам, Зайниддин Мамадалиев ҳамда мусаҳҳиҳ Қурбон Эшматовдек ажойиб инсонлар билан ҳамкору ҳамқадам бўлиб ишлаганимдан доимо фахрланиб юраман. Ёшлар таҳририятининг ижодий жамоаси: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари — таниқли шоира ва публицистлар Муқаддас Абдусаматова (адабиёт ва санъат бўлими мудири), Умида Абдуазимова, зукко шоир ва мутаржим, машҳур “Авесто” китобининг таржимони Асқар Маҳкам, шоир ва журналист Шавкат Туроб, истеъдодли публицистлар Зайниддин Рихсиев, Ислом Усмонов, Лола Соатова, Гулнора Мирзаҳошимова, фотомухбирлар Муҳаммад Амин (Алимурод Мамадаминов), Эркин Ботиров сингари таниқли ижодкорлар газетанинг нуфузини янада ошириш учун заҳмат чекиб ишлар эдилар.

Назаримда, Энг кўп ва машаққатли юмуш мен хизмат қиладиган хатлар бўлимида эди. Тасаввур қилинг, таҳририятга ҳар куни қоп-қоп хат келиб тушар, биз уларни саралаб, махсус дафтарга қайд этиб, сўнг тегишли бўлимларга тарқатиб чиқар эдик. Одамларни ўйлантираётган ташвиш ва муаммоларни дадил ёритгани, кўп сонли газетхонларнинг эътиборига тушиб, уларнинг кўнглига йўл топгани учун аксарият хатлар бизнинг таҳририятга келиб тушарди. Ўша вақтлар “Ёш ленинчи” газетаси нафақат ёшлар, балки катта авлод вакилларининг ҳам ишончли минбарига айланиб улгурганди.

Қуйида гап Қурбон Эшмат ҳақида кечар экан, ёшлар таҳририятидаги иш фаолиятим мобайнида Қурбон Эшмат билан орамизда бўлиб ўтган қизиқ бир ҳазиломуз воқеани ҳануз эслаб юраман.

Ишлаётганимга ҳали бир ҳафта бўлмай, хатлар бўлимига газетанинг мусаҳҳиҳлари сардори — таҳририят “комсорги” Қурбон кириб келди (у анчадан бери ишлар, шунгами, жамоада ўзига яраша ўрни, ҳурмати бор эди) ва менга қараб, дабдурустдан: “Ҳой бола, кимнинг эркатойисан, тўғридан-тўғри бўлимда иш бошлаяпсан? Кўзимнинг нурини тўкиб ҳозиргача саҳифа ўқияпман (ўша вақтда газета ҳафтада 5 марта чиқар, адади ҳам ярим миллиондан ортиқ эди)”, деди жиддий қиёфада.

Қурбон Эшматов мени “таъқиб” қилишда давом эта бошлади. “Ҳой бола, комсомолмисан? Нега значогингни тақмайсан, ҳозирги сиёсат шунақа, комсомолга содиқ бўлмаганлар ҳисобдан чиқариб ташланади. Тезда “учёт”ингни Киров райони (Юнусобод тумани)дан олиб, Ленин райони (ҳозирги Миробод тумани)га қўясан, йўқса, комсомолдан ўчираман! Ишга беш минут кечиксанг, бас, сени бу ердан…”

Тўғриси, ҳар кунги бундай дағдағалар жонга тегди. “Ўчирсанг, ўчир, бир йўла қутулай сенданам, комсомолингданам!” — дейишимни биламан, “Қамалиб кетасан, комсомольский наказания олиб!” — деса бўладими! Азбаройи қўрққанимдан, ишга кечикмасдан кела бошладим. Шу зайл бир ҳафта қатнадим. Қурбон яна бизнинг хонага кириб келди. Бундан кейин ўн минути кам тўққизда ишхонада бўлишим кераклигини уқтириб кетди. Нима эмиш, “комсомольский задание?!” Шундан сўнг ҳайрон бўлиб, хатлар бўлимининг мудири Абдуҳамид Фозиловдан: “Бу “ўпкаси катта” ким бўлиб ишлайди ўзи?” — деб сўрадим. “У газетамизда ҳам корректор, ҳам комсорг”, деди. “Шу боланинг попугини пасайтириб қўйсак. Сиз ҳам таҳририятнинг профсоюз раисисиз-ку, — дедим Абдуҳамид акага қараб. — Ўзингиз гувоҳсиз, ҳар куни вақтида келиб-кетсам, таҳририятга келган хатларни бекаму кўст ишласам. Мени бу “азроил”дан ҳимоя қилинг, жон ака”, дедим ялингансимон.

Абдуҳамид ака мийиғида кулди-да: “Хўп, сизни ўзим “поддержка” қиламан”, деб қўйди. Эртаси куни ишга келиб, ўн дақиқалар ишлаган эдимки, “комсомол вожаги” Қурбон Эшматов ваҳима билан, ҳе йўқ, бе йўқ, салом-аликсиз хонамизга бостириб кирди. Кеча бўлим бошлиғимизни бу “хавф”дан огоҳ этганим учунми, унчалик ҳайиқмасдан бамайлихотир ўтиравердим. Афсуски, хотиржамликка эрта берилган эканман. Қурбон ҳаммамизга (шоира Умида Абдуазимова ва Вазира Солиҳова деган қиз ҳам бизнинг бўлимда ишлар эди) қараб чиқди-да, бўлим мудиримизга қараб: “Абдуҳамид ака, туринг ўрнингиздан!” — дейиши билан мудиримиз худди солдатлардай шахт билан ўрнидан турди. “Бу ходимингизни (мени кўрсатиб) “контроль” қилинг! Йўқса, сизнинг ҳам масалангизни ўртага қўямиз”, дея чиқиб кетди. Мудиримиз “хўп-хўп” деганча қўлини кўксига қўйиб қолаверди (кейин маълум бўлишича, Қурбон Эшматов Абдуҳамид акага: “Шундай қилсангиз, бир эрийман”, деган экан). Шундан сўнг муҳаррир муовини Абдураҳим Абдуллаев (раҳматли ажойиб йигит эди)нинг хонасига кирдим. Бўлим мудири Сафар Остонов билан гаплашиб турган экан. Бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтдим. Гап орасида ариза ёзиб кетишимни ҳам қистириб ўтдим.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, Қурбонга маоши кўпроқ, юмуши камроқ иш топганимни айтиб: “Менинг ўрнимга ўтиб ишлайверинг”, дедим. У эса: “Шу ерда ишлайвер, жўра, кетсанг хафа бўламан, “просто” сен билан ҳазиллашгандим”, — деди.

Кейинчалик бу табаррук даргоҳда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Қулман Очил, Аҳрор Аҳмад, Норқобил Жалил, Қўчқор Норқобил, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи-публицист Тўлқин Ҳайит, шоир ва журналист Амирқул Карим, журналист-ҳуқуқшунос, шоир Сирожиддин Рауф, хоразмлик ёшулли, истеъдодли қаламкаш, “Дўстлик” ордени соҳиби Рўзимбой Ҳасан, шулар қаторида Муяссар Исроилова, Гулчеҳра Алибоева, Меҳрибон Қурбонниёзова сингари синчков, қалами ўткир, тажрибали журналист сингилларимиз самарали фаолият олиб боришди. Бу ижодкорларнинг ҳар бири ўзгача бир дунё эди.

Қурбон Эшмат кўп ўтмай, бўлимга ўтди. Қалами анча ўткирлашди, катта-катта мақолалар ёзиб, элга танила борди. Айниқса, ҳуқуқий мавзуда ёзган мақолалари газетхонларнинг эътиборига тушиб, унга арзи ҳол қилувчилар сони кундан-кунга орта бошлади. Ҳуқуқ мавзусида дадил ёза оладиган кам сонли журналистлар қаторидан жой олди. “Ўзбекистон овози”, “Халқ сўзи” газеталарига ўтиб ишлаганида, мухлислари сони янада ортиб борди. Ишлари шу даражада кўпайдики, уни хизмат хонасидан топиш амримаҳол бўлиб қолди. Кўп ҳолларда судма-суд, прокуратурама-прокуратура юрарди. Қанча-қанча одамлар таҳририят биноси тагида уни кунлаб кутиб ўтиришарди. Билганлар “Эшматовнинг одамлари” деб қўйишарди кулиб.

Унинг иши жуда тиғизлигини кўпчилик яхши биларди. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид “Қурбон Эшмат келмади” шеърини бежиз ёзмаганди-да!

У чиндан ҳам қаттиқ ишлади, ҳаловатидан кечиб ишлади. Унга ҳавас қилганлар кўп бўлди, ҳасад қилганлар ҳам топиларди. Бироқ жўрамиз ҳақ йўлдан қайтмади. Ўнлаб, юзлаб айбсизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб, матбуотда бонг урди. Кези келганда, прокурору судьялар билан қаттиқ тортишди. Оддий фуқарони худди қариндошини ҳимоя қилгандай елиб-югурди. Аксарият судларда ютиб чиққанидан ҳам хабарим бор. Қурбон Эшмат умрининг охиригача ана шу эзгу йўлдан борди. Унинг ҳуқуқий мавзудаги сўнгги мақолаларидан бири “Жамият” газетасида “На оқланди, на қамалди” сарлавҳаси остида эълон қилинганди. Унда милиция ходимининг ноҳақ ишдан олингани, бугунги кунда вазият ўзгаргани, ҳалиям уни ишга тиклаш кераклиги ҳақида куюниб ёзганди.

Қурбон Эшмат жасоратли журналист эди. У 1999 йил пойтахтимизда рўй берган февраль воқеалари хусусида “Халқ сўзи” газетасида туркум мақолалар эълон қилди. Кези келганда, ижтимоий-сиёсий мавзуларда ҳам қалам тебратди. Бу меҳнатлари бесамар кетмади. Ўзбекистон мустақиллигининг 8 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, “Жасорат” медали билан тақдирланди. Ўшандан бери бошқа бирор журналист бу эътирофга сазовор бўлмади (А.С.).

У қўли очиқ инсон бўлиб, дўстликни ғоят қадрлар, гап-гаштакларнинг, катта-кичик давраларнинг гули эди. Қурбон оқибатли дўст, садоқатли инсон эди. Тенгқурлар биргалашиб қолсак, кун қандай ўтгани билинмас эди. Ҳамкасбимиз Сувонқул Рустамов бевақт вафот этганида кўп куйинган эди…

Ҳамкасбларимизнинг ҳазил-мутойибасига кўра, Қурбон Эшматов билан боғлиқ қизиқ воқеалар бир дунё. Қурбон ҳарбий хизматга янги борганда қисмдаги миллати украин бўлган аскарлар сардори ҳаммани бир сафга тизиб қўйиб, фамилиясини бирма-бир сўраб, кейин дўппослар экан. Фамилияси украин миллатига мансуб бўлган аскарларга индамасдан ўтиб кетишармиш. Навбат Қурбонга келганда, у ўзини “Эшматенко”, деб таништириб, калтакдан қутулиб қолган экан…

Ҳа, Қурбон иштирок этган давра нурга тўларди, файзиёб бўларди. Унинг ажойиб хислати, савт-сумбати ўзгача эди. Хокисор инсон, вафодор дўст, яхши ҳамсуҳбат бўлганлиги сабаб ҳар соҳада ошна-оғайнилари бисёр эди. Ҳамкасблар орасида сахийлик, тантилик бобида унга тенг келадигани йўқ эди, десам, муболаға бўлмас. Бировнинг орқасидан гапирмасди, ғийбат унга ёт эди, хусуматни ёқтирмасди, одам ажратмасди. Ҳаммага бир хил муносабатда бўларди. “Дўст сафарда билинади”, — дейдилар. У билан йўлда ҳамроҳ бўлган одам умуман зерикмасди. Енгил машинамда Қурбон билан Шаҳрисабзга тез-тез бирга бориб келардим. Гурунгга чечан, кези келганда, ҳазил-мутойиба, ҳангомани ҳам қотирарди.

Бир гал таниқли журналист Исмат Хушевнинг машинасида Қашқадарёда сафарда бўлдик. Ишларимиз битгач, Тахтақорача довони орқали пойтахт томон йўлга тушдик. Гурунг қизигандан-қизиди. Шу орада Исмат билан гапимиз қочиб, тортишиб қолдик, тортишувимиз даҳанаки жангга айланди. Исмат жаҳл устида довонда машинасини тўхтатгач, зудлик билан “Нексия”дан тушиб қолдим. Йўловчи машиналарга қўл кўтаравериб, чарчадим. Ҳеч бир ҳайдовчи довонда тўхташни истамасди. Орадан ярим соат вақт ўтмай, улкан харсангтошнинг орқасидан кимдир бир қучоқ гул кўтариб келяпти. Қарасам, Қурбон экан. “Азамат жўра, хафа бўлма, мен уни кўндирдим. Тошкентга бирга кетамиз”, — деб машинага ўтқазди. Қўлидаги гулни менга бериб: “Хотинингга совға қиласан”, деди.

Яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Қайсидир йили таҳририят яқинидаги емакхоналарнинг бирига кириб ўтиргандик. Биздан икки стол нарида қайсидир таҳририятнинг икки ходими ҳам мастава ичиб ўтирган экан. Улар овқатланиб кетмасидан олдин Қурбон официантни имлаб чақириб, “счёт”ни сўраб олди-да: “Улар камхаржроқ, ойлик маоши паст, ижарада яшайди”, — деб пулини ёнидан тўлаб қўйди.

Бир куни Қурбон ишхонасига кетаётиб, Матбуотчилар уйи ёнида шоира Кавсар Турдиевани учратиб қолади. Шоира билан сўрашиб, қўлтиғидаги икки тўплам қоғоздан бирини совға қилади ва “Кавсархон, ҳар шеър ёзганингизда мени эслаб турасиз”, — деб лифтга кириб кетади. Қурбоннинг ана шундай саховатпеша инсон эканлигини барча дўсту биродарлари яхши хотиралар билан эслашади.

“Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш бўйича роса тортишувлар кетаётган пайтлар курсдошим Қурбон Эшматов: “Шу ўзбек тилига давлат тили мақоми берилса, битта қўчқорнинг баҳридан ўтаман!” — деди мардона туриб. Вақт ўтиб, ўзбек тилимизга давлат тили мақоми берилгач, Эшматов жаноблари Оммағондан катта қўчқорни етаклаб келди. Печорский (ҳозирги Мойлисой) кўчасидаги пастқамгина ҳовлида жамоа иштирокида қўчқор сўйилиб, таомлар тайёрланди. Қурбон жўрамиз ўзининг буюк тилини ўзгача ардоқлайдиган жўмард инсон эди”, дея эслайди ҳамкасби Муҳаммад Амин.

У бировга ваъда бердими, сўзининг устидан чиқиш учун жон-жаҳди билан киришарди, ишлар қанчалик чигал бўлмасин, уни охирига етказмасдан қўймасди. “Ўзгаларнинг қувончига шерик бўлишдан яхши нарса йўқ”, дерди раҳматли. Ҳақталаб қаҳрамонининг муаммоси ижобий ҳал бўлмагунича кўнгли жойига тушмасди.

Қурбон дўстимизнинг ғоят очиқкўнгиллигини билган қариндошими ёки бегона қўноқми, тўғридан-тўғри унинг хонадонига кириб келаверарди, уч-тўрт кунлаб қолиб кетган ҳолатлар ҳам бўлган. Қурбон ҳам, рафиқаси Мавлудахон ҳам кети узилмайдиган бундай келди-кетдиларга кўникиб кетган, улар учун оддий ҳолга айланган эди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, катта ношир ва публицист Аҳрор Аҳмедов дўсти ҳақида шундай эслайди: “Биз, домла Эшматов (мен у кишини баъзан шундай дея лутф қилардим, бу унга жуда ёқарди, мийиғида кулиб, кўзойнагини хиёл кўтариб қўярди), Абдувалиев оқсоқол (Анвар ака) — эрта-кеч бирга эдик. Бир кун-ярим кун кўришмасак, соғинишиб қолардик. Аввал уй-ҳол, бола-чақа, кейин иш-идорадан сўроқлашардик, хотиржам бўлиб олгач, домла менга қараб: “Аҳмидов (Аҳмедов эмас), бўладиган гапдан гаплашайлик”, деб дастурхонга ишора қилади. Гўзал суҳбат, ширин хотиралардан гаплашардик. Не ҳасрат, не тонгки, бугун жонажон биродаримиз ўзи ҳам хотирага айланди…”

Юқорида айтганимиздек, ҳуқуқий мавзуда қалам тебратадиган журналистлар республикамизда саноқли. Бу, шубҳасиз, журналистдан нафақат ҳуқуқий маҳорат, кучли масъулият ҳам талаб этади. Қурбон Эшмат ҳуқуқий мавзуларда қалам тебратадиган таниқли устоз журналистлар — Сафар Остонов, Ҳабибулла Олимжонов, Шоҳруҳ Акбаровларнинг сафидан муносиб жой олди. У ўз фаолияти давомида ана шу залварли мавзунинг масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда баракали ижод қилди.

У: “Одамгарчилик деган қонунга амал қилмаяпсизлар”, деб судьялар билан тортишиб қоларди. Судьялар унинг жонкуярлиги, кўнгли тозалиги, ҳалоллигини билиб, баъзида у билан дўстлашиб ҳам қолишарди. Ҳуқуқий мавзуда ижод қилиш нафақат ҳуқуқий саводхонликни, балки юриспруденция соҳасидан ҳам бохабар бўлишни талаб этади. Қурбоннинг бу соҳада малакаси, тажрибаси етарли эди…

Узоқ йиллар бош муҳаррир сифатида ёшлар таҳририятини бошқарган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов шогирди Қурбон Эшматов ҳақида шундай хотирлайди:

— Республика ёшлар газетасида ишлаб, шу вақтгача кўпчилик эшитмаган, ўз киндик қони тўкилган Оммағон қишлоғи номини элга танитди. Ўзи ҳам кўп ўтмай журналист деган номни ардоқлаб, кенг жамоатчиликка танилди.

У газетада оддий мусаҳҳиҳликка ишга жойлашиб, ўзининг туғма истеъдоди, билими, интилиши, меҳнатсеварлиги, фидойилиги ва ҳақиқатгўйлиги туфайли ижод чўққилари сари илдамлаб кетди. Ундаги ижодий салоҳиятдан ташқари, ҳамкасбларига бўлган чин инсоний меҳр-оқибат ўта кучли эди. У чин дўст учун ўзини қурбон қила оладиган даражада садоқатли эди.

У таҳририят режаларини, бош муҳаррирнинг энг тезкор, қалтис топшириқларини ўз вақтида пухта бажарарди. Теша тегмаган, кўпчиликнинг хаёлига келмаган мавзуларни топиб, ёзиб, ёзганда ҳам қойилмақом қилиб ижодий жамоанинг тилига тушарди…

Ижодда анча чиниқиб, ўзига хос тажриба орттирган Қурбон Эшмат ёшлар газетасидан сўнг кўп йиллар республикамизнинг нуфузли нашрлари — “Ўзбекистон овози”, “Халқ сўзи” газеталарида мухбир, бўлим бошлиғи вазифаларида ишлади. Ундан кейин умрининг охиригача “Фермер” журнали бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари лавозимида самарали фаолият кўрсатиб келаётган эди. Бир-бирини қувиб ўтган бу йиллар Қурбон Эшмат учун ғоят синовли даврлар бўлди…

Қурбон Эшматов хонадони серфарзанд оила эди. Қурбон келинимиз Мавлудахон билан 6 нафар — 4 қиз, 2 ўғилни тарбиялаб, эл корига ярайдиган инсонлар сафига қўшди. Эр-хотин жуда аҳил-иноқ бўлиб, бир-бирини ҳурмат қилар, ҳатто Мавлудахон уни “ўртоқ Эшматов”, деб чақирса, Қурбон рафиқасига “лаббай, Муродова”, дея жавоб берарди.

Қурбон Эшматнинг тўнғич ўғли Масрурбек падари бузрукворининг метин иродаси, матонати ҳақида шундай деди:

— Аллоҳнинг иродаси экан, 2012 йили синглим Арофат кутилмаганда бу дунёни тарк этди. Биз ҳаммамиз оғир қайғуда, нима қиларимизни билмаймиз, фақат йиғлаймиз. Шунда дадам ўзларини қўлга олдилар, куёвимиз билан маслаҳатлашиб, Тошкентдаги “Илонли ота” қабристонига дафн қилишга келишишди. Уч кун давомида дадам матонат билан тик турдилар. Онамга ва бизларга далда бериб турдилар. Ўзларининг йиғлаганларини бизга билдирмадилар. Лекин ичларидан тўкилиб бўлгандилар.

Орадан бир ярим йилдан ортиқ вақт ўтди, куёвимиз Асомиддин раҳматли синглим Арофатдан ёдгорлик бўлиб қолган битта қизи Гавҳар билан овора бўлиб, ўзини овутиб юрди. Бир куни дадам уни уйга чақирди ва: “Бундай юриш яхши эмас, энди сен ҳам уйлангин, — дедилар. — Барибир оила қуришинг керак, бирон кўз остингга олган қиз бўлса айтгин, ўзимиз совчиликка борамиз”, дедилар. Куёвимиз ҳам мардларча: “Уйланадиган бўлсам, фақатгина сиз айтган қизга уйланаман”, деб туриб олди. Куёвимизнинг отаси ҳам анча йиллар олдин дунёдан ўтиб кетган эди. Ахийри, ўйлаб-ўйлаб, холамизнинг қизини олиб берадиган бўлдик. Тўй куни белгиланди. Ўша куни дадам тик туриб, бутун тўйхонага келган меҳмонларни ўзлари кутиб олиб, кузатиб қўйдилар. Орада дадам секингина билдирмасдан, чеккароқ жойга бориб, қайтиб келар эдилар, кўзларида эса кўз ёшлари ялтираб турар эди. Тўйга жуда кўп дўстлари қадам ранжида қилди. Айрим дўстлари дадамга қараб: “Сенга тан бердим, ҳеч ким сен қилган ишни қилолмайди”, деб кўзларида ёш билан қучоқлаб чарчамас эди. Ҳа, дадам ҳақиқий мард одам эдилар. Бунинг учун одамда қанчалик қатъий ирода ва куч бўлиши керак, билмадим…

Афсуски, мудҳиш коронавирус балоси кўп яхши инсонлар қатори Қурбон Эшматни ҳам орамиздан олиб кетди. Пандемия шароити бўлса-да, Қурбоннинг худойисига жуда кўп инсонлар келиб, дуои фотиҳа қилиб кетишди. Маъракада Аҳмаджон Мелибоев: “Қурбон ўладиган йигит эмасди, бундай бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди”, — деди кўзига ёш олиб. Ҳақиқатан ҳам, Қурбоннинг вафотини ҳеч ким кутмаганди. Начора, ўлим ҳақ…

Дўстимизни хотирлашимиз билан унинг ўктам овози, кўркам қиёфаси кўз ўнгимизда гавдаланаверади. Ҳаёт шунақа мураккаб, сирли-синовли.

Яхши инсонлар бу дунёни тарк этсалар ҳам, тириклик чоғида қилган эзгу ишлари, фазилатли юмушлари ҳеч қачон унутилмас экан. Қурбон Эшмат ўзига ўхшаган дилкаш, жўмард, садоқатли дўст-ошналар орттирди, умри фақат яхшилик билан ўтди. Ундан бир умр ёдда қоларли хуш эсдаликлар, долзарб мақолалар, турли йиллар хотиралари жамланган “Қадрдон қайрағоч” номли каттагина китоб (афсуски, уни кўриш муаллифга насиб этмади) қолди.

Ҳа, саодатманд кишиларни фақат гўзал хотиралар билан тез-тез эслаймиз. Қурбоннинг ғоят самимийлиги, одамохунлигидан бўлса керак, ёр-дўстлари ҳам шунга яраша бисёр эди.

Яқинда у ҳақда босмадан чиққан, “Журналист Қурбон Эшматов ҳақида ёдномалар” деб номланган салкам икки юз бетлик ёдномалар жамланган китобдан ҳам билса бўладики, унинг садоқатли биродарлари қанчалик кўплигини, қандай инсонлигини ва ҳаётда у муносиб из қолдирганини.

Кўп такрорланадиган шундай гап бор: Инсон умри унинг қанча яшагани билан эмас, у қандай яшагани билан ўлчанади. Рост гап шу! Қурбон Эшмат энди роҳат-фароғатда, фарзандлари, набираларининг бахти-камолини кўриб яшаши керак бўлган ёшда бу оламни тарк этди. Аммо мардона яшаб ўтди. Ҳақиқий инсонийлик фазилатларини намоён этиб яшади. Энг муҳими, ўзидан яхши ном қолдирди.

Азамат СУЮНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва

Журналистлар уюшмалари

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 17 =