Воҳа чўлларидан замонавий тараққиёт сари

Бугун Янги Ўзбекистон замини глобал янгиланишлар ва стратегик ислоҳотларнинг улкан майдонига айланди. Мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида юз бераётган кенг кўламли ўзгаришлар, аввало, инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш ва иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, ҳудудларнинг ички имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини изчил юксалтириш давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Бу вазифаларни амалга оширишда эса ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларини чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш ва янги тараққиёт нуқталарини аниқлаш муҳим ўрин тутади. Зеро, мамлакатнинг умумий тараққиёти ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти қай даражада самарали ишга солинаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, ҳар бир вилоят ва туманнинг ўзига хос “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, уларни ҳаракатга келтирувчи кучли ҳуқуқий-иқтисодий механизмларни яратиш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.

Ана шундай улкан салоҳиятга эга ҳудудлардан бири — Қашқадарё вилоятидир. Бой табиий ресурслари, қадимий деҳқончилик анъаналари, қулай ишбилармонлик муҳити, меҳнаткаш халқи ва энг муҳими, беқиёс инсон капитали билан ажралиб турадиган бу воҳа мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин эгаллайди.

Қашқадарё деганда, аввало, фидойи инсонлар, улкан иқтисодий имкониятлар, ривожланган саноат ва қишлоқ хўжалиги, эркин тадбиркорлик муҳити кўз олдимизга келади. Айни дамда воҳанинг ана шу кўп қиррали салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд имкониятларни замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш ва ҳар бир фуқаро ҳаётида реал ўзгаришларни таъминлаш йўлида тарихий бурилиш палласи кечмоқда.

Айниқса, ҳудудда иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бир қаторда аҳоли бандлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, инфратузилмани яхшилаш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш ҳамда ёшларни замонавий касбларга ўқитиш каби йўналишларнинг ўзаро уйғун ҳолда олиб борилаётгани эътиборга молик. Бу жараёнларнинг барчаси ягона мақсадга — Қашқадарёни замонавий, рақобатбардош, инвестициялар учун жозибадор ҳамда аҳоли учун муносиб яшаш ва меҳнат қилиш шароитлари яратилган ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.

Жорий йилнинг 13 мартида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ПҚ–96-сонли қарор Қашқадарё вилояти ривожида янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Қарор доирасида вилоятни ривожлантириш учун 1,4 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу рақамнинг ўзи ҳудуд олдига қўйилган вазифаларнинг кўлами ва аҳамиятини яққол кўрсатиб турибди.

Шу билан бирга, вилоят иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш учун инвестициялар ҳажмини 3,5 миллиард долларга, экспортни эса 727 миллион АҚШ долларига етказиш каби аниқ марралар белгилаб берилган.

Бу рақамлар шунчаки иқтисодий кўрсаткичлар эмас. Уларнинг ортида янги ишлаб чиқариш корхоналари, қўшимча иш ўринлари, аҳоли даромадларининг ортиши, илғор технологиялар, экспортбоп маҳсулотлар ва ҳудуднинг халқаро иқтисодий алоқаларини кенгайтиришдек улкан вазифалар мужассам.

Янги автомобиль йўлларининг қурилиши ва реконструкция қилиниши, Қамаши туманида “Янги Ўзбекистон” массивининг барпо этилиши, ичимлик ва оқова сув тармоқларининг кенгайтирилиши, электр тармоқларининг модернизация қилиниши ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида юз минглаб аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш кўзда тутилган.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар бир-биридан айри лойиҳалар эмас, балки ягона тараққиёт занжирининг узвий бўғинларидир.

Маълумки, Қашқадарёнинг иқтисодий салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги алоҳида ўрин тутади. Воҳанинг ер-сув ресурслари, бой деҳқончилик анъаналари ва меҳнат салоҳияти ушбу соҳани ривожлантириш учун катта имкониятдир. Шу боис бу борада ҳам мутлақо янги ёндашувлар асосида иш олиб борилмоқда. Асосий эътибор ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда аграр ишлаб чиқаришнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Ерларни қайта қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш, сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш, “Ақлли қудуқлар” платформасини ишга тушириш, “Агростар” тизимини ташкил қилиш, чорвачилик ва озуқа етиштиришни ривожлантириш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш каби чора-тадбирлар воҳанинг аграр салоҳиятини юксалтиришнинг асосий дастаклари сифатида белгилаб олинган.

Аммо бугун қишлоқ хўжалигига фақат анъанавий ишлаб чиқариш тармоғи сифатида қараш етарли эмас. Замонавий аграр сиёсатда ер, сув, техника, илм-фан, рақамли технология ва инсон омилини бир бутун тизим сифатида кўриш талаб этилмоқда. Шу жиҳатдан, сув тежовчи технологиялар ва “Ақлли қудуқлар” платформасининг ишга туширилиши ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу эса нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар манфаати ҳам ҳисобга олинаётганидан дарак беради.

Ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати инсон капиталига бўлган эътиборнинг кучайтирилаётганидадир. Дарҳақиқат, ҳар қандай иқтисодий дастурнинг муваффақияти, аввало, уни амалга оширадиган инсонларга боғлиқ. Замонавий корхоналарни барпо этиш, янги технологияларни ўзлаштириш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун билимли, касб-ҳунарли ва ташаббускор кадрлар зарур. Шу маънода, Қашқадарёда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган вазифалар иқтисодий ислоҳотлар марказида турибди.

Вилоятда мактабгача таълим қамровини 80 фоиздан ошириш, 18 мингдан зиёд хотин-қиз учун даромад манбаини яратиш, Германия билан ҳамкорликда ёшларни хорижий тил ва касбларга ўқитиш, 50 минг нафар фуқарони Европа давлатларида меҳнат фаолиятига тай­ёрлаш каби вазифалар белгилаб олинган. Зеро, бу рақамлар ортида минглаб инсонларнинг тақдири, оилалар фаровонлиги ва ёшларнинг келажак режалари мужассам.

Айниқса, хотин-қизлар учун даромад манбаларининг яратилиши оила фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатади. Ёшларни замонавий касбларга ўқитиш эса уларнинг нафақат ички, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатбардош бўлиши учун мустаҳкам замин яратади. Шу боис вилоят мутасаддилари бу масалага алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Инсон капиталига сармоя киритишнинг энг катта самараси шундаки, унинг натижаси бир кунлик ёки бир йиллик кўрсаткич билан чекланмайди. Билим ва касб эгаллаган инсон кейинчалик янги имкониятларни ўзи яратади, оиласи ва жамияти тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. Бу ташаббуслар, аввало, аҳоли, айниқса, ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиб, уларнинг замонавий касбларни эгаллаши ва муносиб даромад топиши учун кенг шароит яратади.

Жумладан, “Қашқадарё эркин иқтисодий зонаси” ҳудудида қиймати 195 млн долларлик 26 та янги лойиҳа ишга туширилди. Ҳар бир янги лойиҳа — янги ишлаб чиқариш қуввати, янги технология ва энг муҳими, янги иш ўринлари демакдир. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш ва ҳудуднинг иқтисодий фаоллигини кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Масалан, “Султон текс групп” МЧЖ томонидан қиймати 120 млн доллар бўлган, 3500 та иш ўрни яратадиган, Ўзбекистонда ягона ҳисобланган сувни исроф қилмайдиган мато, тайёр кийим-кечак ва гигиеник воситалар ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиш жараёни кечмоқда. Мазкур лойиҳанинг аҳамияти нафақат унинг ҳажмида, балки ишлаб чиқариш йўналишининг замонавийлигида ҳам намоён бўлади.

Шунингдек, “Муборак” инновацион саноат зонаси ва “Қарши” яшил технологиялар саноат зонасида 2026-2027 йилларда умумий қиймати 1,1 млрд доллардан зиёд 36 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда қарийб 6 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳудуд саноат салоҳиятини ошириш билан бирга, маҳаллий аҳоли учун янги меҳнат имкониятларини кенгайтиради.

Бугун дунё меҳнат бозорида касб ва малакага бўлган талаб ортган. Шу боис ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, хорижий тилларни ўргатиш ва уларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос равишда тайёрлаш долзарб вазифага айланди. Қашқадарёда ҳам бу борада муҳим қадамлар ташланмоқда. Аниқроғи, халқаро меҳнат бозори учун касбий тайёргарлик йўналишида Германия билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Режага кўра, 2026 йилда 3 минг, 2027 йилда 5 минг нафар ёшни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиб, тартибли меҳнат миграцияси асосида ишга йўналтириш кўзда тутилган. Ушбу мақсадда Қарши шаҳрида Таълим ва технологиялар маркази очилди. Марказ ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш, уларнинг хорижий тилларни ўрганиши ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланиши учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.

Қашқадарёда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барчасини бир нуқтада бирлаштирувчи асосий мақсад — инсон манфаатидир. Ахир янги йўллар манзилга тез ва қулай етиб бориш учун хизмат қилади. Яхшиланган ичимлик ва оқова сув тармоқлари аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратади. Модернизация қилинган электр тармоқлари хонадонлар ва ишлаб чиқариш объектларининг барқарор фаолиятига замин бўлади. Янги саноат корхоналари иш ўринларини яратади, инвестиция лойиҳалари иқтисодий фаолликни оширади.

Демак, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонлик бир-биридан айри тушунчалар эмас. Аксинча, улар бир-бирини тўлдириб, ягона тараққиёт жараёнини шакллантиради.

Қашқадарёда бугун амалга оширилаётган ўзгаришлар ана шу яхлит ёндашув асосида йўлга қўйилмоқда. Президентимизнинг ушбу тарихий қарори шунчаки назарий режалар мажмуи эмас, балки Қашқадарёнинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган мукаммал ва ҳаётий дастурдир. Ушбу ҳужжат воҳанинг стратегик салоҳиятини ҳаракатга келтирувчи кучли локомотив вазифасини бажармоқда. Чунки бугун белгиланаётган ҳар бир вазифа аниқ мақсад ва натижага йўналтирилган.

Бир томонда улкан инвестиция лойиҳалари, янги ишлаб чиқариш корхоналари ва замонавий саноат зоналари барпо этилаётган бўлса, иккинчи томонда инсон капиталига, таълимга, касб-ҳунарга ва ёшларнинг келажагига эътибор кучайтирилмоқда.

Албатта, воҳанинг бой табиий ресурслари ва иқтисодий имкониятлари инсон капитали билан уйғунлашган тақдирдагина барқарор тараққиётга эришиш мумкин. Шу боис таълим, касб-ҳунар, хорижий тиллар, замонавий технологиялар ва ёшлар ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари иқтисодий вазифалар билан бир қаторда тургани бежиз эмас.

Айниқса, ёшларга берилаётган эътибор воҳанинг узоқ муддатли тараққиёти учун ғоятда муҳим. Чунки бугун билим ва касб эгаллаётган ёшлар эртага янги корхоналарни бошқаради, янги маҳсулотлар яратади, инновацион ғояларни амалга оширади ва янги иш ўринларини ташкил этади. Шу маънода, Қашқадарёнинг бугунги тараққиёт стратегияси фақат бугунги кун эҳтиёжларини эмас, балки эртанги авлод манфаатларини ҳам қамраб олган.

Саидвафо БОБОЕВ,

ёзувчи.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 10 =