Қалтис бир қадам… лекин хатони тузатишга имкон борми?
Албатта, имон-эътиқодли ҳар бир одам эрта тонгдан иш, ўқиш ёки бошқа бир юмуш билан уйидан чиқар экан, аёнки, ҳозир жиноятга қўл ураман, ўзганинг ҳақини ўмараман, деб ният қилмайди. Шундай экан, кимдир билиб-билмай, кимдир жаҳл устида айбдорлар қаторига қўшилиб қолади…
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, маҳкумларнинг ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаати ҳимоясини таъминлаш, уларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида профилактика ишлари тубдан яхшиланаяпти. Ахлоқ тузатиш тартиби ҳам такомиллашди. Эндиликда тарбиявий ишлар шахснинг тўғри йўлга тушиб олишига, маълум маънода, кўмакчи вазифасини ўташи кераклиги, у оиласи бағрига ҳеч бир маломатларсиз қайтиши учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2019 йил 1 январдан бошлаб Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасида Пробация бўлими, шаҳар-туман ички ишлар органларида эса пробация гуруҳлари ташкил этилди.
Қарор ижросини таъминлашда ўтган даврнинг 9 ойи давомида пробация гуруҳи ҳисобида туриб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, суд томонидан белгиланган чекловларга тўлиқ риоя этган 2 минг 62 нафар маҳкумга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан, инсонпарварлик далолатномалари қўлланилиб, жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Шунингдек, билиб-билмай жиноятга қўл урган шахсларга нисбатан сайёр судларнинг жорий этилиши, унда тумандаги ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари, МФЙ фаоллари иштироки натижасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Маҳалла-кўй олдида ўзининг, оила аъзоларининг уятга қолиши яхшигина таъсир ўтказаяпти.
Аммо “Беш қўл баробар эмас”, деганларидек, айрим ҳолатларда вилоят пробация хизмати ҳисобида турувчи шахслар ахлоқ тузатиш жазосига ҳукм қилинган бўлсалар-да, белгиланган жазони ижро этишдан бўйин товлайди. Оиласи, фарзандлари олдида тинчгина яшашни, меҳнат қилишни негадир хоҳлашмайди. Аслида турмуш тарзи, яшаш шароити билан қизиққанимизда жиноятга алоқаси бўладиган ҳеч қандай иллатнинг йўқлигига гувоҳ бўламиз. Лекин айримларининг ич-ичидан қонун-қоида бузишга мойиллиги борлиги ажабланарлидир.
Албатта, уларга нисбатан жазо тури ўзгартирилади. Ана шундай ҳолатга тушган 498 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 46-моддасига асосан жазони ўташдан бўйин товлаганлари учун Жазони ижро этиш муассасаларига қайтарилди.
Айтайлик, Чиноз тумани ИИО пробация гуруҳи ҳисобда аввалдан турган, ЎзРЖКнинг 164-моддаси, 2-қисми, 97-моддаси 1-қисми ҳамда 169-моддаси, 3-қисми билан муқаддам 3 марта судланган Артём Мазякиннинг юриш-туриш хулқи анча ижобий томонга ўзгариб, оилам дейдиган бўлувди. Аммо нима бўлдики, ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан бўйин товлай бошлади. Наҳотки, бир марта хато босилган қадам бир умр шахснинг онгига таъсир қилса, яна жиноят сари ундаса… Қоида бузувчига нисбатан чора кўрилди, у Жазони ижро этиш муассасасига қайтарилди.
Шунга ўхшаш белгиланган жазони тинчгина ўташдан бўйин товлаш ҳолатлари Бўстонлиқ, Янгийўл, Зангиота туманларида ҳам кузатилди.
Эндиликда қоидабузарликнинг олдини олиш мақсадида қайта жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган 184 нафар маҳкумларнинг ижтимоий-руҳий аҳволи ўрганилиб, улар билан доимий равишда профилактик-огоҳлантирув тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Ҳар бир шахс, аввало, инсон эканлигини ёдда тутиб, тақдирига бефарқ бўлмаслик бурчимиз. Шу сабаб, имкон қадар оиласи бағрида, ҳалол меҳнат қилиб, фаровон турмуш кечиришига шароит яратишга ҳаракат қилаяпмиз.
Баъзан шундай ҳолатлар ҳам бўладики, шунча ҳаракат қилсанг ҳам заррача ёрдаминг тегмаётганини кўриб, ҳайратга тушасан. Ангрен шаҳар ИИО пробация гуруҳи ҳисобида турувчи Ўткиржон Калбаевнинг ахлоқ тузатиш ишлари яшаш жойида текширилганда, у жазони ўташдан қасддан бош тортиб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб юрганлиги маълум бўлди. Оқибатда ҳар кунги мастлик бош мия толаларини емира бошлагани аниқланди. У Тошкент вилоят Наркология диспансерига даволаш учун жойлаштирилди.
Албатта, нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, назоратдаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича 56 маротаба меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. Жазо ўташдаги 1015 нафар шахсга ишга йўлланма берилди ва доимий ҳамда вақтинчалик ишларга жойлаштирилди. 841 нафари қайта касбга йўналтирилди, 349 нафари эса касбга йўналтириш бўйича бепул ўқув курсларига юборилди. Бундан кейин ҳам жиноятчиликни камайтириш, намунали ҳудудлардан бирига айлантиришда барча имкониятларимизни ишга солиб ҳаракат қилаверамиз.
Азмиддин Бурхонов,
Тошкент вилояти ИИББ
Пробация бўлими бошлиғи, подполковник,
Акрам Ҳасанов,
Бош прокуратура бошқарма катта прокурори,
Искандар САИДҚУЛОВ,
Бош прокуратура бошқарма прокурори.
