Дарсхонадан репортаж

Дунёнинг ўткинчилигига яна бир бор имон келтирмай илож йўқ. Турли шов-шувлар асабларни қақшатиб турган чоғларда бу хабар кўпларни қайғуга солди. Яқинда шогирдлари даврасида чаҳ-чаҳ уриб, ютуқларидан баравар хурсанд бўлган, ибратли маслаҳатларини баҳам кўриб юрган олим, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони соҳиби — Сайди Умиров куни кеча бу дунёни тарк этди. Устоз бир умр юртимизда журналист кадрлар тайёрлашдек масъулиятли, ўз ўрнида шарафли ва абадиятга дахлдор соҳада меҳнат қилди. Ул зотни билганларда домла фақат яхши таассурот қолдирган эдики, бундай қадр-қиммат топиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Олимнинг ўз ўрнида талабчан ва меҳрга йўғрилган сабоқлари, соҳанинг бугунги ютуқлари даражасида туриб фикр юритиши неча-неча ёшларга теран қўлланма бўлгани, унинг маслаҳатлари шогирдларга асқатгани бор гап. Устоз Сайди Умиров ҳар бир шогирдининг ютуғидан, муваффақиятидан юракдан қувонар эди.

Қуйида эълон қилинаётган эссе эса бундан анча аввал яхши кунлар руҳи билан суғорилган, шогирднинг устозга изҳор қилган мамнунияти сифатида қоғозга тушганди.

… Шинам аудиторияда сабоқ берилмоқда. Ҳушёр бир сукунат чўмган. Пашшанинг ғинғиллаши момақалдироқ гумбурлашидек эшитилади. Талабалар бутун вужудлари қулоқ бўлиб, устознинг ваъзини тингламоқда, муҳим ўринларини дафтарларига қайд этиб қўйишади. Бу машғулот юқори пардаларда қўнғироқ жаранглагунча давом этади. Соҳасининг пири бўлиб кетган устоз гапни нимадан бошлаб, қандай тугатишни роса чамалаб олган. Буни ўзича “композиция” дейди. Мазкур тушунча алоҳида сабоқ сифатида талабаларга ўргатилади ҳам. Ахир улар фақат назария билан қуролланиб қоладиган кишилар эмас, балки ўрганганлари асосида ижод қиладиган соҳа кишилари.

Қолаверса, мана шу хусусият касбнинг асосий белгиси ҳисобланади. Олим назарияни билим сифатида сақлайди, журналист эса назария билан қуролланиб, ижод қилади. Маърузада давом этар экан, тингловчиларни бир қур назардан ўтказиб, устознинг кўнгли ҳаприқиб кетади. Талабалар ҳам чакки эмас, кўпларининг биринчи китоблари аллақачон нашр этилган ёки исми шов-шувли чиқишлари билан тилга тушган. Уларнинг ҳар бири туманларга борса, биринчи раҳбарларнинг ўзи кутиб олади, машҳурларининг мухлислари ортидан эргашиб юради. Ҳамма ҳам журналист қавмининг суҳбатига ошиқади. Шогирдлар камоли устознинг бахти-да. Шуларни хаёлдан кечириб, устоз пардани яна ҳам баландроқ олади, жаҳон журналистикаси тарихидаги энг илғор тажрибаларни “майдонга тушириб”, талабалар қизиқишини баттар орттиради. Сабоқ шу тарзда давом этади.

Устоз Сайди Умировни мен шунақа “турмуш тарзи”да тасаввур қиламан. Балки бул зот билан илк учрашувим дорилфунун аудиториясида рўй берганиданми, устоз доим талабаларига сабоқ берадиган алпозда муҳрланиб қолган. Ҳолбуки, кейинчалик ҳаёт кўрсатди — Сайди Умиров фақат мударрис эмас, ёзувчи-публицист, жамоат арбоби, таълим ташкилотчиси, ёшларнинг севимли мураббийси ҳам эканлар.

Устоз эсдаликларининг бирида: “Журналистика факультети домлалари уч тоифага бўлинади: а) ёзиш-чизишни биладиган; б) бу ишни нари-бери, ҳаминқадар, чала-чулпа қиладиган; в) ёзиш-чизишдан умуман йироқ, фақат “назарий” тайёргарликка эга одамлар” тарзида қайд этадилар. Муаллифнинг ўзи бу ҳолни шундай шарҳлайди: “Журналистика факультети ўқитувчиси илм, ижод, мураббийликни бирга қўшиб олиб бормоғи фарз, ҳам қарз, айтганингни ўзинг амалда кўрсатиб берсанггина талаба сенга ишонади. Бирор чолғу асбобини чалолмаган кишининг мусиқа билим юртида ишлаши, тўп тепишни билмайдиган одамнинг футбол жамоаси мураббийи ёки сузишни билмайдиган одамнинг сузишдан йўриқчи бўлиши шубҳали”. Нақадар адолатли эътироф, қолаверса, ўзига ишонган ва ўзига нисбатан талабчан мутахассиснинг иқрори.

Шубҳасиз, Сайди ака биринчи тоифага мансублар, аммо ул зотнинг қолган икки тоифа, айниқса, учинчи тоифага хос “одам”лар билан ҳам бир умр ишлаб келганини тарозига қўйсак, бундай очиқ эътироф, мардлик қанчадир таъналарга, фитналарга, “кўз остидан тешиб юборгудек” қарашларга сабаб бўлганини ҳам тасаввур қилиш қийин эмас. Ахир ҳеч бир каззоб (ўз соҳасига номуносиб шахсни шундай аташ шаккоклик бўлмаса керак. Ҳ.С.) ширин луқмасидан осон ажраб қолишни хоҳламайди, қолаверса, танда қўйиб олган иссиқ жойини “қурбонсиз” бўшатиб бермайди.

Шуниси эътиборлики, домланинг факультет(лар)даги фаолияти майда-чуйда иззатталабликлардан юқори, улуғвор ва саховатли кечган. Унинг маърузаларидан кўпчиликнинг касбий малакаси шаклланган бўлса, ҳаётий ўгитлари орқали яшаш илмидан сабоқ олган, тўғри йўл-йўриқлари мақсадга эришишнинг ишончли воситаларини топишда асқотган.

Ҳар бир соҳанинг ўз хосликлари (спецификаси) бўлганидек, журналистиканинг, журналистика факультетининг ҳам бутунлай махфий томонлари мавжуд. Агар бўлажак касб соҳиби ҳам, унда сабоқ берадиган устоз ҳам ана шу “сир”ни тушуниб етмаса, умумий хорга қўшила олмайди. Бу соҳа тинимсиз тарашлаб туриладиган ва фақат асл ўзагигина қоладиган савр дарахтига ўхшайди. Жараён мана бундай: кўплар “журналистика” сўзининг жарангига учиб” (устоз Очил Тоғаев ибораси) бу соҳага қадам қўяди. Кириш имтиҳонларидан ўтади ҳам, аммо дастлабки сабоқларданоқ хатосини тушуниб, факультетни тарк этади. Бу жараён охирги курсгача давом этади. Қўлга диплом теккач ҳам айримларнинг ишлаб кетиши қийин кечади. Ишлаганлар қаторидан ҳам маълум қисмнинг юлдузи ёрқин порлайди. Бу шафқатсиз “пирамида” устоз Сайди Умировга тажрибадан ёд бўлиб кетган. Ва вақтида берилган тўғри йўналиш баъзиларнинг умрини бекорга совурилишининг олдини олиши ҳам айни ҳақиқат.

Бироқ умидли дунё, шундай пайтда домла шогирдларига бу соҳа тинимсиз ўқиб-ўрганишни талаб қилишини, бунинг учун филнинг кучи, тоғнинг сабри лозимлигини ҳам қатъий таъкидлайди. Бугунги кунда миллий журналистикамизда фаолият кўрсатаётган ходимларда ушбу эслатишлар касб йўриқномаси бўлиб қолган ва унга амал қилганлар юқори марраларни забт этиб боришаяпти.

Факультет (бу ерда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети назарда тутилаяпти. Ҳ.С.) ҳақида ўйлаганда, кўнгилда бир самимий иқрор, ўша кунлардан мамнунлик ҳисси кечади. Ҳурматли деканимиз Анвар Шомақсудов (охиратлари обод бўлсин!) ҳаммамизга отадек меҳрибон, доно маслаҳатчи бўлганлар. Ўзим ҳеч ким ҳал қила олмаган баъзи шахсий масалаларда охирги илинж сифатида мурожаат қилганимда бажонидил кўмаклашганлар. Шунда бу зотнинг мавқеи нақадар баландлигини, ҳамма биладиганлари ул зотни эъзозлашини ҳис этганман. Пахта йиғим-теримида қорли-қировли кунлар совуқ баракларда талабалар билан бирга бўлганлар. Уруш иштирокчиси, ўнг қўлда протез, қулоқда эшитув аппарати, кўзда ойнак билан устозимиз афсонавий қаҳрамонлардек туюлар эдилар.

Ҳаётнинг теран мазмунини умри давомида кашф этган устознинг саъй-ҳаракати билан факультетда тоза, ҳалол муҳит ҳукмрон эди. Ўша пайтларда баъзан порахўрликлар ҳақида гаплар қулоққа чалиниб қоларди. Бизда эса домлалар “олмасди”, аксинча, талабаларга “берарди”, яъни бу жонли далил — қийналиб қолган кўплаб тенгдошларимиз домлаларининг моддий кўмагидан баҳраманд бўлган, албатта, қайтармаслик шарти билан. Шунингдек, Мухтор Худойқуловнинг ҳазилга ўралган сабоқлари, Ориф Саидовнинг салмоқли ибратлари, Сайёра Низомиддинова, Назира Абдуазимова ва бошқа муаллималаримизнинг меҳри, Очил Тоғаевнинг суқротона маърузалари… Э, ҳей, қай бирини эслаймиз — ҳаммаси бир симфония бўлиб, бизнинг борлиғимизни забт этган, ойдин келажакка йўллаган. Ана шу жамоада Сайди ака ҳам умргузаронлик қилди, фаолият юритди, шак-шубҳасиз, шу муҳитда камолга етди. Унинг ана шу “анжуман”да ҳам бетакрор ўрни бўлгани рост. Ул зотга кўплаб устозларимиз орзу қилган толеъ насиб этди (бу ҳам Яратганнинг инояти), меҳнатлари қадр топди, кўплаб китоблари нашр этилди.

Миллий журналистикамизнинг чинакам оқсоқоли мақомига сазовор бўлдилар. Шуниси эътиборлики, ўз маслагига содиқ қолган устоз донишманд мударрис бўлиш билан бирга ижодкорликда ҳам талабаларга ўрнак бўлиб келганлар. Яқинда “Hurriyat” газетасида эълон қилинган Навоий иқтисодий зонаси ҳақидаги “Дадил одимлар” очеркини ўқиб, ҳали устоздан ўрганадиган нарсаларимиз кўплигига амин бўлдим. Таҳлилий-иқтисодий йўналишдаги очеркда журналистика назариясида жамланган жами қоидаларнинг амалдаги истифодаси ўз аксини топган, мужассамлашган. Шу маънода уни ўқув қўлланмаларига киритиш мумкин. Ёки дунё миқёсидаги машҳур зот Чингиз Айтматов ҳақидаги тадқиқотларининг энг нуфузли нашрларда эълон қилиниши нафақат устознинг, балки журналистикамизнинг ҳам ютуғи.

“Сайёравий тафаккур адиби” тадқиқоти билан устоз шогирдларига писанда қилаётганга ўхшайдилар: “Сизлар ҳам Чингиз Айтматовдек бўлинглар, шунда мен сиз ҳақингизда мақола ёзаман”. Эзгу тилаклар ижобат бўлиб қолиши ҳам узоқ эмасдир, негаки, бугунги кунда кўплаб қаламкашлар мустақил давлатимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилмоқдалар.

… Аудиторияда сабоқ давом этмоқда. Бугун янги мавзу. Устоз ҳам янгича усул қўллаган. Ўртага савол ташланади: “Айтинг-чи, корреспонденция нима?” Кимдир “Катта ахборот” деб жавоб қайтаради, бошқаси эса бадиий тус беради: “Мақоланинг укаси”. Иштибоҳ пайдо бўлади ва устоз заргарона назар билан бу икки жанрнинг фарқини тушунтириб берадилар.

Устоз назарида, назарий тайёргарлик, бу — аккумиляция қилинган энергия. Машинанинг бензини қанча кўп бўлса, у шунча узоқ йўл босади —устоз хулосасининг халқона талқини шундай. Сайди Умировнинг шогирдларини доим ўқиш-ўрганишга, изланишга чорлаши ана шундай мантиққа асосланган. Яқинда унинг “Сеҳрли ва меҳрли сўз” деб номланган салмоқли китоби нашрдан чиққан эди. Унда амалиёт ва назария омухта бўлиб кетган, ҳам жанрнинг мукаммал намуналари, ҳам ҳаётий кузатишлар асосида тажрибалар умумлашган. Энди умрнинг ушбу фаслида илм-билим билан бақамти ҳаётий тажриба, яхшилар ибрати, келажакка ишонч ва яна бошқа омиллар кексаликка бўй бермаётган олимга энергия манбаи бўлиб турганди…

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 7 =