«Дилимнинг рангини гул билса бўлди…»

Шоир  ҳақида ёзиш осон эмас: айниқса, у буюк шоир бўлса ва бунинг устига устоз мақомида бўлса. Ва яна Миллатнинг  буюк Шоирлари бир-бир мангулик сафарига шайланган бўлса.

Устоз Омон Матжоннинг  шеър­лари ўз даврида ҳисларга, юракларга осилган қўнғироқдек жаранглади. Улар ўқувчини дунё ва инсон муаммоларини, изтиробларини, тушуниксиз кечинмаларини  ички нигоҳ яъниким қалб микроскопи билан кўришга ўргатди. Сўзда ҳаёт борлигини, уни шунчаки қаламнинг “лунжига” қистириб, Адабиёт дарвозабонига айланиб бўлмаслигини  Устознинг ҳар бир сатри, ҳар бир асари айтиб турибди.

Устоз Омон Матжоннинг шеър­ларини яна олов ичида гуркираб ўсаётган ям-яшил дарахт­зорга менгзаш мумкин. Ёнасиз, ёнганингиз сари гуркираб кўкараверасиз. Улар бугунги шеъриятимизнинг норасида қиёфаси янглиғ ақл ўргатмайди, донолик қилмайди, ҳадеб ўзини кўзгуга солмайди, ўз ўқувчиси билан даҳанаки жанглар қилмайди. 

Устоз Омон Матжоннинг  шеърияти Сўзнинг, Шеърнинг илоҳий неъматлигини қайта-қайта аён этаверади. Шеърларнинг шираси юракка оқиб кириб, “ободу вайрон устина” маъно бахш этаверади.

Муштарийларимиз ёдида бўлса керак, газетамизнинг шу йил 21 март 13-сонида, Наврўз айёми куни Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон билан адабий суҳбат уюштирилган эди. Унда устоз шоир ёшларга Адабиётимизнинг бугуни ва эртаси ҳақида ўзининг қимматли фикрларини билдирганди. Энди эса газетамиздаги ана шу суҳбат — мақола, таниқли шоирнинг тасмадаги овози, сувратлари бебаҳо ёдгорликка айланди.
Элимизнинг атоқли шоири шу йилнинг 29 октябрь куни вафот этди. Устозни ёд этиб турли йилларда ёзилган туркум шеърларини сизларга ҳавола этяпмиз. Улар Сизнинг жавонингиздаги жавоҳирга айланганини биламиз, албатта.

 

Омон МАТЖОН

Умр ўтар, вақт ўтар…

 

Умр ўтар, вақт ўтар,

Хонлар ўтар, тахт ўтар,

Омад ўтар, бахт ўтар,

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг.

 

Баҳорда боғ на гўзал,

Қор тушса тоғ на гўзал,

Бу ёшлик чоғ на гўзал,

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг.

 

Ой чиқар гоҳ заҳоли,

Дўстлар кўпдир вафоли,

Ҳаёт шундан сафоли,

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Сокин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг.

 

Умр — йўл, қайрилиш кўп,

Учрашиш, айрилиқ кўп,

Унутиш, айтилиш кўп,

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Ўша кулишларинг, ўша келишларинг…

 

ҚАДИМГИ ОҲАНГЛАРДА

 

Ою йиллар кезардим ажиб сўроқ ичинда,

Гул каби гоҳо очиб кўнглимни боғ ичинда,

Гоҳи кўмдим дилимни ойдаги доғ ичинда.

Бу дунё бир тилсимдир, қил бор қиёқ ичинда,

Бир ганжи кўк ичинда, бири тупроқ ичинда!

Ишқ боғини сайр этдим — қиш ёз бўлиб кўринди,

Дунё – келин, турмуши пардоз бўлиб кўринди,

Севги сўзи фалакка парвоз бўлиб кўринди,

Ёрнинг акси қуёшдай қалқди қароғ ичинда,

Оҳанрабо оҳулар кезгандай тоғ ичинда.

Илм истадим — етмиш тур нур бўлди шахдим оти,

Ҳар бир юлдузда ёнди улуғларнинг нигоҳи,

Ҳар шом уфқ дудоғин ёққан шуларнинг оҳи,

Жойлашмагай буюклик пилта чироғ ичинда,

У кўкларда яшайдир яшин яроғ ичинда.

Ҳар киши бир умрга етгулик дўст танласин,

Бирга маҳшарга қадар кетгулик дўст танласин.

Тангрисиз қолса тавоф этгулик дўст танласин,

Дўсти йўққа йўқ илинж яқин-йироқ ичинда,

Мулки борлиқ бўлса ҳам гарчи қучоғ ичинда.

Қўндиргали жаҳонни бир сулув кишвар тилаб,

Кўкка отдим дилимни руҳиямдин пар улаб.

Уфқни майдек ичдим шеър йўлида ҳай-ҳулаб,

Умри бемақсад, Омон, пучдир ёнғоқ ичинда,

Ёнмоқчиман ҳар дилда ёнган чароғ ичинда.

* * *

Кўрдим: Шукур Бурҳон «Ҳамза»дан чиқиб,

аста пиёдалаб кетди бир куни.

Бир ён гавжум кўча, бир ён расталар,

оломон…

Кўпчилик билмади уни.

Репетиция ўтган. Мана у борар,

чарчоқ, тунд…

Парвосиз ҳаракат аро.

Ҳозиргина улуғ шоҳ Эдип эди,

энди фуқародан баттар фуқаро.

Устоз! Замонларнинг дўниш макрини

кўчада гримсиз кўрсатишми бу?!

Кеча йиғлаб сизга талпинган жонлар

бугун танимасдан ўтарлар, ёҳу!

Тирсаклар, қоринлар, кўкрак, елкалар

сизни туртиб-суртиб шошар ўзича.

Томоша бўлганин сезмаслар, ёраб,

шундай буюк актёр юзи-кўзича.

Калтабин «илмкаш» бу салт юришни

«Даҳо халқ ичра!» — деб жўшиши мумкин.

Кўрмаски, даҳога йўл бермас ҳеч ким,

базўр бормоқда у, қисилиб, мункиб.

Халқ эмиш, кабобпаз ана «Келинг!» дер,

кўзидек гезариб сихда чандири.

Лунжқизил сомсапаз пиёз қоради

Уятдан қизариб, чатнаб тандири.

Халқми шу, бировнинг ҳақини гизлаб,

беш-ўнни юлишни пойлаб турганлар?

Халқми шу, нуроний сиймолар қолиб,

сохта сумбатларни сийлаб турганлар?

Халқми шу, хаёлу орзуларини

Ўзидан баландроқ тиклолмаганлар.

Халқми шу, халқининг номидан сўзлаб,

мингдан бир ваъдасин оқлолмаганлар?

Халқ улким, ўзининг пешонасида

Юлдузлар борини сезса, қувонса!

Халқ улким, ғурури бўлса ўзида,

аслга ишонса, сохтадан тонса!

Бу шеърни кўрсангиз, балки койирсиз:

«Одамни қўй-да, деб, ҳоли-жонига…»

Билдим, сиз пиёда, тинч етмоқчисиз,

ҳув мағрур ҳайкаллар хиёбонига!

Унгача анча йўл бор-да, устозим,

Бу ур-сурда юрманг, саланг, бўш бўлиб!

Грим билан чиқинг, гулдираб чиқинг,

ҳеч бўлмаса ўша Ялангтўш бўлиб!

1982

* * *

Дилимнинг рангини гул билса бўлди,

Менинг кимлигимни эл билса бўлди.

Олис юлдузларга сиррим айтмирам,

Нолишимни тонгги ел билса бўлди.

Учарга ҳар қушдан пар топинмадим,

Парвозлар ҳадисин дил билса бўлди.

Жаҳолат меҳроби тошин ўпмадим,

Ўшал бағри тошим тил билса бўлди.

Дамлар шиквасига учма, омон бўл,

Фазлу камолингни эл билса бўлди.

* * *

Ўртамизда биргина олма —

Олам ичра юмалоқ илинж.

Ўртамизда биргина олма —

Балки ғам у ё балки севинч.

Ўртамизда биргина олма,

Ярми қизил, ярми оч-яшил.

Ҳаё туғёнидан қизил у,

У соғинчнинг рамзидир асил.

Ўртамизда биргина олма,

Бармоқ учи тегса товланар.

Алвон иффат, яшил ташналик

Бир сенга, бир менга довланар.

Ўртамизда биргина олма,

Гард тегмаган, бирам покиза.

Ҳозирча у рангин бир ҳавас,

Лаб тегса бошланар мўъжиза…

1987

* * *

Яратганга шукур, сен яна келдинг,

Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.

Мен сенга узундан узун от қўйдим:

«Эй, эски дардларни янгилатувчи!»

Бармоқлар бармоқлар учини сезди,

Кўнгил бир илоҳнинг кучини сезди,

Юрак алланенинг ўчини сезди,

«Эй, узоқ йўлларни яқинлатувчи!»

Яна икки кўздан сирқилди намлар,

Биллурни ювдилар покиза ғамлар.

Қани ул Сир, Аму мавж урган дамлар,

Эй сен денгиз тубин долғалатувчи?!

Асли, қайда бўлсанг, мен кўнгли тўқман,

Кунчиқарим ишқдир — нур ўчса йўқман,

Биламан, кимгадир жуда суюкман,

Эй сен, хотирани поклантирувчи!

Ким айтди, йўл анча ўтилди дея,

Келган кетди, кутган кутилди дея,

Шодман — яна менга дуч бўлди дея,

Ишқи омонларни яшартирувчи!

Яратганга шукур, сен яна келдинг,

Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.

Сенга мен узундан-узун от қўйдим:

«Эй, кўҳна дардларни янгилатувчи!»

1989

* * *

Мен булут бағрига син солиб боқсам

Селлари кўзимда бир намча йўқдир.

Ваҳшати тун ёрган йилдиримнинг ҳам

Бардоши титраган бир шамча йўқдир.

Қадимда бир юртнинг нодон ҳоқони

Варрак кашф этганнинг тўкибди қонин,

Ёлғоннинг тахтдаги юз йил даврони

Ҳақиқат айтилган бир дамча йўқдир.

Тенглик йўқ жойларда ёмондир қисмат,

Тили омон бўлса ўлмайди миллат,

Дунёда ҳеч бир хил қуролда қудрат

«Тинчлик» сўзин ёзган қаламча йўқдир.

Табиат гўйиё биз билан сирдош.

Гулларнинг бағри доғ, оҳу кўзи ёш,

Дарёни опичиб турган тоғу тош,

Бари дард билган бир одамча йўқдир.

Жоним, бу одамлар бунчалар тажанг,

Олдинда-ку жанглар, орқада ҳам жанг,

Жаҳон йўлларини қилиб боқсак жам,

Иккимиз отган бир қадамча йўқдир!

1986

* * *

Сендан хабар келтирса,

Мен ўпардим шамолни,

Йўқ бўлса ҳам лаблари,

Йўқ бўлса ҳам гаплари.

Сендан хабар келтирса

Амударё, Сирдарё,

Дердим, азиз диёрда

Менинг қўш бахтим бор-да!

Сендан хабар келтирса,

Тилло патли қушчалар,

Ишқ ёд айлагусим,

Зўр қанот айлагусим!

Сендан хабар келтирса,

Агар душманим, ёвим.

Тил сўзга келмас бўлур,

Гул бизга келмас бўлур.

Аммо орзуларимдан

Туннинг умри қисқадир,

Кўкка юлдузим қайтар,

Осмона изим қайтар!

1984

 

АЁЛГА МАҚТОВ

 

Шоирга йўл бўлсин, сизни чизай деб,

бўёқ қуюлтириб турар рассомлар!

Мукаммал ҳуснингиз ёғдуси учун

ой ҳам навбатчилик қилар оқшомлар!

Шоирга йўл бўлсин!

Куйлай деб сизни,

бастакорлар юрар ёқа чок, тажанг:

торни темирчига топширворгудек,

ҳар жаранг устида қилиб неча жанг.

Эъзозингиз буюк!

Саркарда Бобур,

жувонмард руҳлари бўлғай зиёда,

қўшинда биргина от қолса, шунга

сизни ўтқазгандир,

қолиб пиёда…

Шоирга йўл бўлсин!

Сиздаги талъат,

нозиклик кимларни ўйга солмаган?!

Оққуш, сувдан чиқмай, таранавериб,

бежиз бир оёқда ухлаб қолмаган!

Сиздай ясанмоқни истаб, қиш битмай,

изҳорга лаб жуфтлаб ҳар бир куртаги,

ўриклар чиқдилар — бир тонг тўла гул,

Нур кийди жамики боғлар юртдаги.

Шоирга йўл бўлсин, кечикди шоир

бу инжа рақобат, нурли талошга:

Ҳа, бизга ҳеч юмуш қолмабди энди

Сизни жуда қаттиқ севишдан бошқа!

1983

 

УЧИНЧИ ДАРЁ

                  Отажон ХУДОЙШУКУРОВга

 

Гоҳи мен Сирдарё сайлига борсам,

Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу:

Гўё шу яқин бир жойдан ўтгандай

Сирдарёдан кўра каттароқ бир сув!

Шу ҳолга тушаман Хоразмда ҳам

Буюк Амударё бўйида туриб.

Гўё Жайҳундан ҳам баҳайбат наҳр

Яқингина жойда оқар ўкириб.

Бу нима?!

Кўринмас қандай оқим бу?!

Ерданми, кўкданми келар бу садо?!

Наҳот, тупроғимда, кўзга ташланмай,

Оқиб ётар улуғ Учинчи дарё?!

Билмадим.

Мени кўп таъқиб этади

Шу сирли акс-садо, шу илоҳий ун!

Жуда юксак бўлар Руҳим шу кезлар,

Вужудим заминга жудаям яқин…

1979

 

ЁНАЁТГАН ДАРАХТ

Тунда яшин тушди боғнинг четига,

Зулмат бойўғлидек чекинди карахт.

Вулқондек портлади қоронғуликда

Ёнаётган дарахт!

Салобатли яшил салтанат эди,

Эркин қушчаларга зангор пойитахт.

Учқунлардек тўзитди қушларини

Ёнаётган дарахт!

Нега, нега ёнди?! Кечқурун бехос

Булутлар гулдираб қилгандилар жаҳд, —

Уйғоқ эди, ўзи илк зарбни олди

Ёнаётган дарахт!

Ана, ёнар, ёнар тунга ўчма-ўч,

Юракдай потирлар ҳар барг оловсахт.

Огоҳ этаётир ўз боғин хавфдан

Ёнаётган дарахт!

Дарахтлар ёнмоқда бугун дунёда,

Ёниб, ўзгаларни уйғотмоқ не бахт!

Дўстларимдир барча ёнаётганлар,

Юрагимдир — ЁНАЁТГАН ДАРАХТ!

1975

* * *

Бошқалардек севишдик биз ҳам,

Куйиб юрдик бошқалар каби.

Бу савдони бахт билдик биз ҳам,

Бахтдир, дедик висол, ёр лаби.

Бошқалардек дуч келиб қолсак,

Олислардик минг бор қайрилиб.

Мана, биз ҳам бебахт, беқарсак

Бошқалардек кетдик айрилиб.

Ишқнинг қолди фақат озори,

Қалам, қоғоз — мерос бир ялов.

Қалбимдадир ишқнинг мозори,

Ёниб қолди унда бир олов.

Ишқдан фақат шу қолди менга,

Олов ёнар, сен-чи, йўқсан, ёр.

Келолмайсан ўз мақбарангга,

Унга гуллар қўяр бошқалар.

1967

* * *

Кўзларингни яширгил мендан,

Ўтиб кетай ёнингдан бефарқ,

Ўтиб кетай ёнингдан бедард,

Кўзларингни яширгил мендан.

Борлигимни пайқама, майли,

Бурчакларда, майли, қайрилма,

Мени деб тинчингдан айрилма,

Борлигимни пайқама, майли.

Номим бўлса қалбингда агар,

Отиб ташла, майли, тупроққа.

…Ҳар куни ўт шу йўлни топтаб,

Номим бўлса қалбингда агар.

1967

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 − 1 =