Одамлар ҳурматини қозонган шифокор

Сирдарёлик шифокор, кўз микрожарроҳлиги бўйича етук мутахассис, устоз Расул Каримовни наинки сирдарёликлар, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келиб шифо топган инсонлар ҳар доим ҳурмат билан тилга олишади.

Устозлик мақомига эришишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Расул ака умрининг 47 йилини шу соҳага бағишлади. Бир гал ишим тушиб, у кишининг ҳузурига бордим. Очиқ ва самимий ва камтарин инсон экан. Муаммо нимада эканлигини билиб, аста-секинлик билан кўзимни ва кўз пардасини обдон текширди. Ташхис қўйиб, даволаш муолажасини бош­лади. Тўғрисини айтсам, ўша пайт чор атрофимда ғубор бордек эди, кўзим тузалгач, бирдан ҳаммаёқ чароғонлашгандек бўлди. “Ҳаёт бор экан-ку”, деганимни билмай қолибман…

— Раҳмат дўхтир! Очиғини айтсам, кўпдан буён кўнгил қатларини хижил қилиб, азоб бериб келаётган дарддан қутулгандай бўлдим, — дедим хурсандчилигимни яширолмай.

Расул ака ҳам қувонганимни, севинганимни кўриб севинди. Буни юзида бир ёқимли табассум зоҳир бўлганидан сездим.

Расул Каримов иш столи устида турган қоғозга алланималарни ёза бошлади. Сўнг:

— Мана шу эритма билан кўзингизни тўрт беш кун чайиб турасиз. Бир ҳафтадан кейин келиб кетасиз, — деди кулимсираб. Эҳ-ҳе, бунга ҳам анча йиллар бўлди…

Яқинда яна Расул аканинг ҳузурларига бордим. У киши дарров кўзимга қарай бошлади. Мен бошқа юмуш билан, яъни бир дилдан суҳбатлашгани келганимни айтдим.

Қабулларида одам ниҳоятда кўп экан. Жиззах, Самарқанддан, ҳатто Тожикистон ва Қозоғистондан келишган беморларни кўриб, у кишининг ўз соҳасида ҳақиқатан ҳам етук мутахассис эканига яна бир бор тан бердим. Бу ерга келган беморнинг дарди битта бўлади — дунёни ёрқинроқ, тиниқроқ кўриш. Бунинг учун Расул Каримов бор маҳоратини аямайди.

— Мени кўзим яхши кўрмай қолганди, — дейди самарқандлик аёл. — Ҳатто болаларим кўмагисиз ташқарига чиқа олмасдим. Бормаган жойим, учрашмаган кўз шифокори қолмади. Бир куни қўшним: “Сирдарёга ҳам бир боринг. У ерда Расул ака деган шифокор бор. Ниҳоятда қўли енгил экан. Қудамиз у кишидан шифо топди”, деб айтиб қолди.

Сўнгги умид дея сўраб-суриштириб келгандик. Кўз ва кўз қорачиқларимни текшириб, икки маротаба жарроҳлик амалиётини бажарди. Олдинига унчалик ишонмагандим. Кўз бойламларини ечганда, Расул акани юзларини аниқ-тиниқ кўриб, елкаларидан қучоқлаб олибман.

— Мен бир кўринай деб келганман. Ўзим Форишнинг Гарашасиданман. Олдинига кўзимга бирон нарса кирган бўлса керак, деб юраверибман. Кўз гавҳари устини парда қоплаётган экан. Шифолангани келганимда билиб қолдим. Бу ерда лазер аппаратида жарроҳлик йўли билан кўзимни даволашди. Кўриб турибсиз, ҳозир яхши кўраяпман.

Яқин қариндошларимиз шу атрофда яшашади. Уларникига келсам, албатта, Расул акага учрайман, уларнинг тавсиясини олмасдан кетмайман. Чунки шу дўхтирга ишониб қолганман.

Расул бобо Каримов 47 йиллик меҳнат фао­лияти давомида 32 минг 141 нафардан зиёд беморга кўриш, дунёни теран англаш имкониятини ҳадя қилган. Беморларнинг кўзларида юзага келган муаммоларни микрожарроҳлик йўли билан бартараф этган.

— Ўқишни тугатиб, иш фаолиятимни Сирдарё вилоят кўз касалликлари шифохонасидан бошлаганман, — дейди Расул Каримов. — Эскидан қолган гап бор: “Дарахт ҳам бир жойда кўкаради”, деган. Шу муассасада ишлаб кам бўлмадим. Одамларнинг меҳрини, эътиборини қозониш ҳам одамга куч-қувват берар экан…

Айни чоғда, Расул аканинг қўл остида 6 нафар шифокор ва 20 нафар ҳамшира фаолият кўрсатади. Мутахассис шифокор бошчилигида ўтган икки йил мобайнида 69 минг 833 нафар беморга амбулатор, 6 минг 785 нафар беморга стационар шароитда хизмат кўрсатилган бўлса, 5 минг 339 нафардан зиёд беморларнинг кўз соҳасида мураккаб, микрожарроҳлик амалиётларини ўтказишган.

Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия Федерациясидан келган 432 нафар беморни стационар, 325 нафар беморни эса амбулатор шароитда даволашганлиги дафтарда қайд этилган.

Вилоят раҳбарияти бекорга Расул Каримовни 2013-2015 йилларда вилоятдаги “Энг намунали шифокор”, деб эътироф этмаган экан. Бу ҳам у кишига соҳасининг моҳир мутахассиси эканига берилган юксак баҳо.

Айни вақтда мазкур шифо маскани Германиядан жарроҳлик микроскопи, Жанубий Кореядан авторефрактометр (кўзойнак танлашда фойдаланилади), Швейцарияда ишлаб чиқарилган факоэмульсификатор (кўз гавҳарини алмаштиришда ишлатилади) каби замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган.

Энг асосийси эса тажрибали шифокор Расул Каримов республикада биринчилардан бўлиб глаукома (кўз ички босимининг ошиши) касаллигида мик­роинвазив (кичик кесим) усулини ва касалликнинг бошланғич даврида жарроҳлик орқали даволашни амалиётга жорий этган. Шунингдек, катарактани факоэмульсификация (кўз гавҳарини кичик тешик орқали майдалаб сўриб олиш ва ўрнига эластик букилувчи, сунъий гавҳар қўйиш) усулида даволашни ҳам йўлга қўйган ихтирочи-шифокор ҳисобланади.

Бундан ташқари, қатор ривожланган давлатлардаги етакчи клиникалар билан ҳамкорлик алоқалари ҳам йўлга қўйилган. Клиникадаги ёш шифокорлар Москва, Киев, Қозон ва Екатеринбург шаҳарларидаги йирик офтальмология марказларида мунтазам малака ошириб, кўз гавҳари (катаракта) хиралашувида сунъий гавҳар қўйиш усулларини ўрганишади.

Ўтган йили Р.Каримов ўзи истиқомат қилаётган “Улуғобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиянинг аъзоси сифатида маҳалладаги кам таъминланган оилаларга ҳомийлар томонидан моддий ёрдам кўрсатилишида иштирок этди. Шунингдек, “Болалар уйи”да тарбияланаётган бир нафар болани ҳомийликка олиб, доимий равишда унинг ҳолидан хабар олиб туради.

У кишини кўпчилик “шифокор бобо”, деб чақиради. Расул бобо бундан сира хафа бўлмайди. Яқин биродарини кўрган одамдек, севинади.

Ҳукуматимиз Р.Каримовнинг тиббиёт соҳасидаги хизматларини муносиб тақдирлаган. У 1997 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони, 2009 йилда эса “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

“От изини той босар” деганларидек, фарзанди Улуғбек Каримов Дания, Австрия, Ҳиндистон, Туркия ҳамда Франция давлатларида ўз тажрибасини орттирди. Республиканинг етакчи офтальмолог-мутахассиси ва Ўзбекистон Республикаси офтальмо­логлари илмий жамиятининг аъзосига айланди. Унинг анжуманларда “Офтальмологиянинг олдида турган муаммолар” ва “Соҳа ходимларининг малакасини оширишда эътибор қаратилиши лозим жиҳатлар” мавзуларида маърузалари эътирофга сазовор бўлди.

Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилоят

соғлиқни сақлаш бошқармаси

ахборот хизмати раҳбари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 2 =