“Биз керак бўлган ҳамма жойда бормиз!” Кўрарга кўз, тан олишга сўз бўлса кифоя

Газетамизнинг 2021 йил 16 июндаги 25-сонида эълон қилинган “Қидирув: “Зулфиячи”лар, қаердасиз?!” сарлавҳали мақола жамоатчилик орасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Бу борадаги баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда. Мақолада Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва бошқа турли мукофотларни қўлга киритган айрим хотин-қизлар тақдирлангач, “йўқ бўлиб қолиши”, орамизда турли имтиёзлар сабаб ана шундай юксак эътирофга лойиқ-нолойиқ талабгорлар кўпайиб кетаётгани,   натижада баъзан чинакам иқтидорларнинг, илм-маърифатли ёшларнинг тақдирланмай қолаётгани ҳақида сўз юритилган эди. Ана шу мақола юзасидан келган муносабатлардан бири эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Хитоб билан ёзилган сарлавҳадан ўтиб, мақолани ўқишга киришар эканман, унда аллақандай куюнчакликни сезгандай бўлдим, бироқ бу “ватанпарварлик” эканлигига шубҳа уйғонди менда. Гарчи менинг номим “қидирув”дагилардан ташқари тилга олинган бўлса-да, жамиятнинг энг олди қизларига, уларнинг бугунги қадр-қимматига кетма-кет қаратилган турли иддаолардан, очиғи, анча беҳузурлик туйдим. Афсуски, муаллифнинг таъналари мукофот ортига “беркинган” Зулфия қизларигагина эмас, балки қалбидаги милтиллаган чўғни ловуллатган, озгина иқтидорига катта рағбат берган, юксалиш учун янги имкон эшикларини очган ва албатта, эртага лидер бўлиб, тўртта юрт боласини ортидан эргаштиради, деган ёруғ умидга, ишончга сазовор бўлган мукофотга лойиқ совриндорларга ҳам “тегиб” ўтди.

Нима бўлганда ҳам, муаллифга ва севимли “Hurriyat”имизга раҳмат айтадиган иш бўлибди. Бундай хулосага келишимнинг ўз сабаби бор. Ва мен “ватанпарвар” муаллифнинг “Зулфиячилар қаердасиз?” деган саволига қуйида биргина фарғоналик совриндор қизлар “манзил-макони”ни кўрсатиш орқали жавоб беришга уринаман.

Айтиш жоизки, “зулфиячи” деган сўз тилимизга мослашиб кетган ғализлик. Ҳар нечук қийин бўлмасин, қанчалик беўхшов туюлмасин, бизга “Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари” ёки “Зулфия қизлари” деб юзланиш — энг мақбули, назаримда.

Муддаога қайтсак, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг 2000 йилги илк фарғоналик сов­риндори Дилфуза Абдуллаева (айни пайтда Содиқова) қарийб 20 йилдирки, умумтаълим мактабида меҳнат қилади. Фаолиятини Марғилон шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида инглиз тили ўқитувчилигидан бошлаган Дилфуза айни пайтда мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, олий тоифали педагог. 2016 йилда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган. Вилоятда ёшлар, таълим, хотин-қизлар йўналишидаги ҳар бир муҳим тадбир борки, Дилфуза Содиқова етакчилар сафида туради. Иқтидорли Зулфияхоним қизи ўз ҳаётий принципларига эга аёлга, бир неча хорижий тилларни ўзлаштирган замонавий педагогга айланди. Хулқи ҳам кўпчилик хотин-қизларга ўрнак. Лекин бирор марта кўкрак кериб минбарга интилганини (муаллиф иддао қилганидек), тадбирларда баландпарвоз сўзларни айтиб, оғиз тўлдирганини билмайман.

2002 йилги совриндор Нафосат Ўсарова Фарғона вилояти Тошлоқ тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида бош мутахассис, тумандаги аёллар етакчиларидан бири. “Меҳр-саховат” кўкрак нишони соҳибаси. 2006 йил мукофотга лойиқ кўрилган Дилёра Исмоилова эса бу йил Фарғона давлат университети магистратура бўлимини тамомлади. Рус, инглиз ва тожик тилларида эркин мулоқот қилади. Фаол меҳнат фаолиятига қайтмаётганининг энг хайрли сабаби бор, у ҳозир она сифатида фарзандига ва оиласига кўпроқ керак.

Фарғоналик Зулфияхоним қизлари сафига 2008 йилда қўшилган Нозимахоним Холиқова Шарқшунослик институтида таҳсил олган, араб адабиёти танқидчиси, ўзбек, тожик, рус, инглиз ва араб тилларини билади. Унинг қачонлардир “ойнаи жаҳон” ёки газета саҳифаларидан тушмаган номи бугун кўзга ташланмаётган бўлса, уни “қидирув”га беришдан аввал, сўроқлаб қўйишнинг ўзи кифоя эди. Нозимахоним маърифатли она сифатида беш фарзандини улғайтириш баробарида уларга ўша ўзи билган беш тилни ўргатмаяпти, деб ким айта олади?

Мукофотнинг 2005 йилги совриндори Наргиза Охунованинг дилбар сатрлари республика адабий муҳитида ҳам алоҳида эътироф қозонган. Ижод намуналари “Шарқ юлдузи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида чоп этилган. Эътиборлиси, шоира   мукофотни қўлга киритганида атиги бир дона — “Кўнглим” номли шеърий китоби чоп этилган эди. Ўтган йиллар давомида иккинчи – “Сўзтумор” китоби ҳам нашр этилди. Ҳозир “қаерда”лигини сўроқласангиз, пойтахти азимда, ёш олим бўлмиш турмуш ўртоғининг илмий изланишларига кўмакчи, нуридийдаларининг тарбиячиси. Аслида, бахтнинг қаймоғи уларда эканлигини наҳот англаш қийин бўлса?!

2009 йилги совриндор дугонам Шаҳноза Давлатова анъанавий ижрочиликнинг моҳир ижрочиси. Давлат мукофоти совриндориман, деб пойтахтга интилмади, қайтанга Фарғонанинг Фарғона туманидаги чекка ҳудудлардан бирида   мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлади, ўнлаб шогирдлари халқаро санъат фестивали лауреати бўлди, вилоятда бир неча бор яккахон-ҳисобот концертини берди. Ҳозир бир елкада оналик юки, бир елкада жамият ичида бўлиш нияти билан тумандаги 37–умумтаълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида меҳнат қилаяпти. Камола Раҳмонова, Нозима Ҳабибуллаева, Паризода Рўзибоева, Зулайҳо Эрматова, Зулфия Мамажонова сингари совриндор қизларнинг қай бирини сўроқласангиз, ўз танлаган йўналишида ўқиётган ёки ишлаётганига гувоҳ бўласиз.

Яна бир совриндор сафдошимиз Сарвиноз Саидхўжаева ҳозир АҚШдаги спорт йўналишдаги олийгоҳлардан бирида магистрант. Динара Мамадибрагимова эса мукофотни қўлга киритгандан кейинги икки йил ичида 3 та халқаро турнир ғолиби бўлганини эшитгандирсиз? У бугун Чирчиқ олимпия захиралари коллежида мураббий. Марғилонлик Нилуфар Абдуғаниева ҳам айни пайтда Андижон вилоятида яшаб, давлат идораларида   турли лавозимларда ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг энг ёш аъзоси Муштарийбегим Қурбонова ҳам бизнинг орамизда. Мукофот олиб ҳам тўхтагани, шижоатни бўшаштиргани йўқ. У тасвирий санъат йўналиши бўйича Осиё ва Европа давлатларида бўлиб ўтган халқаро танлов ва кўргазмаларда муваффақиятли иштирок этиб, Навоий давлат стипендияси совриндори бўлди. Моҳидил Қурбонова эса юксак эътирофдан сўнг илмий-ижодий изланишларини янада кучайтирди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси соҳибасига айланди. Ҳозир Қурбоноваларнинг ҳар иккиси ўзи танлаган йўналиш бўйича магистратура босқичида ўқийди.

Айтганча, Фарғонада яна бир Зулфияхоним қизи бор. У асли наманганлик бўлса-да, аввал пойтахтдаги нуфузли нашрларда, айни дамда вилоятимизда меҳнат қилиб, аллақачон Фарғона қизига айланиб улгурган Севара Алижоновадир. Энг қизиғи, у “Hurriyat” газетасининг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари бўйича мухбири. Мақола муаллифи ўз ҳамкасбини журналист сифатида таниб, ўзига хос ижодий фаолиятини эътироф этса-да, унинг бундан ўн йиллар аввал Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритганидан эҳтимол бехабардир, чунки Севаранинг ўзи бу ҳақда “ноғора чалиш” тугул, бир қатра айтиб қўйишни-да нокамтарлик деб билади. Чунки у олган мукофоти билан керилишдан кўра, ёниб ижод қилиш, жамиятга журналист сифатида нимадир бериш ҳақида кўпроқ қайғуради.   Энди айтинг-чи, ўзни кўп намоён қилмаслик, ҳадеб “манаман” деявермаслик, алалоқибат “қидирув”га тушиб қолишликка сабаб бўлса, бу не гап бўлди?!

Фарғоналик совриндор дугонамиз Дилноза Каттахонова ўзидаги раҳбарлик қобилияти, лидерлик иқтидорини тўла намоён этиб, бугун Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги раиси ўринбосари сифатида Республика ёшларига йўлбошчилик қилаётир. “Зулфиячилар, қаердасиз?” деб хитоб қилиб, қийналаётган нашр Фарғона қизининг давлат бошқарувидаги ўрнини нега эътироф этмайди, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг энг кучли раҳбар аёллари ўттизталигида турган Зулфияхоним қизини, унинг ёниқ чиқишларини нега олқишламайди?!

Ўзимга келсак, мақола муаллифи ноўрин “миннат қилаётган” имтиёздан фойдаланмаган саноқли совриндорлардан бириман. Ўз вақтида магистратура таълимини ҳам ўз кучим билан давом эттирдим. Бир дона шеърий китоб муаллифи бўлган чоғимда тақдирланганман (муаллиф айтгандек, 10-15 талаб китоб чиқариш қаёқда дейсиз?). Ўтган ўн йил ичида ҳам 2 та — 2014 йилда “Иқрор”, 2021 йилда “Кўнг­лимга кўчади фарғонагуллар” номли китоб­ларимни минг истиҳола билан чоп эттирдим. Ҳозир вилоятдаги отахон нашр – “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталарининг махсус мухбириман. Журналист дегани шундоқ ҳам сўзи ва қалами билан борлигини билдириб турадиганлар тоифасидан бўлгани учун уни “қидирув”га бериш шарт эмаслигини муаллиф дўстимиз яхши билсалар керак?

Аслида “қидирув” жараёнида умуман эътиборга олинмаган бир жиҳат борки, уни асосласак, айрим совиндор қизлардаги кечаги фаоллигу, бугунги камнамолик   сабабини топамиз. Яъни, Давлат мукофотини қўлга киритган иқтидорли, фаол, ҳар тошни ёриб чиқадиган даражада шиддат билан яшаган қизлар фурсати етиб, оила бекаси, она бўлишини, уларнинг аёл эканлигини, ҳаёт ва жамиятнинг хуш-нохуш тизгинлари уларнинг асосий кучини банд қилиб қўйиши мумкинлиги ҳам унутилгандек бу ерда.

Жамиятда ўз ўрнини топган ва бунга интилаётган (айнан) аёлларга “тош отиш”ни миллий матбуотимиз қандай хуш кўряпти, ҳайронмиз. Бундан бир муддат аввал, республика нашрларидан бирида таниқли шоирамизни пичоққа илинмас иддаолар билан обрўсизлантиришга уринишларини кўриб, (устига-устак эркак муаллиф томонидан), аввало, аёл ижодкор сифатида қаттиқ оғринган эдим.

Мақолада келтириб ўтилган Сенат раисининг сўзлари ҳам тўлақонли эмасдек. Чунки шахсан мен билган фарғоналик совриндор қизларнинг бирортаси давлат ва жамоатчилик йўқлаганида, ташаббусини кутганида ўзини четга олган эмас. Ҳамиша мукофотга муносиб аёл, муносиб кадр бўлишга интилган. Шунга қарамай, нега вилоятимизда Зулфия номидаги Давлат мукофотини олгандан кейинги самарали фаолияти учун юксак орден ва медаллар билан тақдирланган хотин-қизлар йўқлигини биз иддао қилиб айтишимиз керак эмасми? Айтмоқчи бўлганим, сов­риндорлар давлат ва ҳукуматнинг имтиёз ва рағбатларига “кўмилиб”, босар-тусарини билмай, ҳаволаниб кетгани ёки истеъдоди, зиммасидаги вазифасини унутиб, ўткинчи ҳою­ ҳаваслар кетидан қувиб юрмаётгани аниқ. Имконсизликлар ичидан имкон топиб элга юзланаётган, курашувчан, ботирюрак дугоналаримнинг ҳаммаси ҳам ўта юксалиб, чақноқ юлдуздай порламаётган бўлиши мумкин, аммо орамизда танлаган, ўзига ишонч билдирилган йўлдан қайтадиган йўқлигига ишончим комил.

Ҳатто Яратган ҳам бандасидан шукроналик, сабр-қаноатли бўлишликни истайди. Шундай экан, нега биз, она заминнинг дилбар нав­ниҳоллари, жамиятнинг яратувчи кучлари, миллат тарбиячилари, ҳаёт давомчилари бўлатуриб, эътибор кутмаслигимиз, юрт ва Юртбошимизнинг эзгу назарига ошиқмаслигимиз керак, бу бизнинг қирқ жонимизга жон қўшади ахир!

Аслида, бугунгача тақдирланган совриндор қизлар орасида юз нафар фидойи ва етакчи аёл етишиб чиқса ҳам, йигирма бир йилки, ўзбек қизлари кучи ва салоҳиятига ишонч рамзи бўлиб келаётган мукофот ўзини оқлагани шу, деб ўйлайман. Давлатимиз ва Президентимизнинг меҳри, эътибори, юксак ишончи бор экан, бу рағбатга муносиб кўрилган юрт қизларининг ҳар бири шу юрт ичида бўлади. Ижод, санъат, маданият, илм-фан, спорт, таълимда ва албатта, жамоат ишларида муносиб юкни елкалашга қодир бўлади. Бунга шубҳа йўқ.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА,

Зулфия номидаги

Давлат мукофоти совриндори (2011 йил),

Фарғона вилояти.

 

Таҳририятдан:

Азиз муштарийлар! Мана, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларидан бири бўлган фарғоналик Д. Қўлдошеванинг “тўлиб-тошиб” ёзган мулоҳазалари билан танишдингиз.

“Hurriyat” — эркин минбар, унда турли фикр-мулоҳаза, талқин ва мушоҳадалар бўлиши табиий. Қолаверса, ҳар бир фикр яшашга ҳақли деган тамойил нашримизнинг олтин қоидаси ҳисобланади. Ҳолбуки, газетамиз мухбири ёзган мақолада Зулфия номидаги Давлат мукофотини ёки бошқа мукофотларни олган барча сов­риндорлар номуносиб деган фикр айтилмаган эди. Аммо… яширишга, хаспўшлашга ҳожат йўқ: мукофотни қўлга киритиб, бутунлай “йўқолиб” кетаётганлар ҳам кам эмас-ку! Сўз асосан ана шулар ҳақида эди. Яна шуни айтишни истардикки, аслида гап мукофотда ҳам эмас. Юртимизда ҳар қандай юксак эътирофларга лойиқ, лекин ҳозирча бундай бахтга эриша олмаган, аммо юз чандон ҳар қандай рағбатларга муносиб минг-минглаб хотин-қизлар бор. Улардан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − ten =