Мулки олам саҳнида… ёхуд академик Воҳид Абдуллаевни эслаб

Табиатда қуйма олтин, ёмби гавҳар учрайди, дейдилар. Гавҳари шабчироқ ҳақидаги эртакни ўқигансиз. Хўш, ёмби гавҳар, гавҳари шабчироқ деб аташга арзигулик инсонлар учрамайдими? Ёмби гавҳар ўзидан нур таратиб турармиш, унинг ёғдусида кечаси китоб ўқиса бўлармиш. Ўзидан нур таратиб турадиган инсонлар йўқми? Бор, атоқли адабиётшунос олим, академик Воҳид Абдуллаев ана шундай сиймо эдилар. Неча йиллар Самарқанд адабий муҳитини машъал бўлиб ёритиб турган эди.

Таниқли адабиётшунос олим, академик Воҳид Абдуллаев (1912–1985) Самарқанд шаҳрида зиёли оилада дунёга келди. Фарғона давлат педагогика институтининг “Ўзбек тили ва адабиёти” факультетини тугатиб, Тошкент ва Москвада аспирантурада таҳсил олган эди. Бухоро ҳамда Самарқанд педагогика институтларида дарс берди. 1944 йилдан умрининг охиригача Самарқанд давлат университетида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, профессор лавозимларида, факультет декани, кафедра мудири, ректор вазифаларида ишлади. Қарийб ярим аср мобайнида талабаларга Алишер Навоий мероси ва ўзбек мумтоз адабиётидан сабоқ берди.

“Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва фаолияти” мавзусида номзодлик (1941), “ХVII–ХVIII асрлар Хоразмда ўзбек адабиёти” мавзусида докторлик (1959) диссертацияларини ҳимоя қилди. Зуллисонайн олим мазкур фундаментал тадқиқотларни яратиш учун юзлаб қўлёзма манбалар, тарихий асарлар, тазкиралар, баёзларни кўриб чиқди; кўплаб араб, форс-тожик ва ўзбек тилларидаги дастхатларни илк бора илмий истеъмолга олиб кирди.

Хоразм адабий муҳитидаги бир қанча шоирларни кашф этди, уларнинг ижодий-илмий биографиясини кенг илм-адаб аҳли эътиборига ҳавола қилиб, адабиётимиз тарихидаги мавқеини тайин этишга муваффақ бўлди.

Навоийнинг Самарқандда кечган ҳаёт йиллари ҳақида туркий ва форсий тиллардаги қаламий сарчашмалардан янги далилларни топиб, саралаб “Алишер Навоий Самарқандда” китобини яратди (1948). Олим илм аҳли орасида биринчи бўлиб “Хамса” дос­тонларида кўҳна Самарқанд тасвири излари борлигини аниқлаган эди.

Олий ўқув юртларининг филолог талабалари учун “Ўзбек адабиёти тарихи” (II қисм,1964) дарслигида қамраб олинган давр маданий ҳаёти, илм-фани, адабий жараёнини, алоҳида шоирларнинг ижодий биографиясини ёритишда, хусусан, Хива адабий мактаби намояндаларининг ижодини ўрганишда фақат биринчи манбаларга суянди. Таҳлил учун жалб этилган барча асарлар   шоирларнинг қўл­ёзма девонларидан, дастхат баёзлардан, тазкиралардан олинган. Дарсликни яратишда муаллиф жиддий манбашунослик, матншунослик заҳматини ҳам чеккан, форсий матнларни ўзи таржима қилган. Шунинг учун ҳам мазкур дарслик йиллар давомида қайта-қайта нашр этилган ва ҳозиргача ўзининг аҳамиятини йўқотмаган.

“Хоксор ва Нишотий” (1960), “Мирий ва унинг замондошлари” (Ботурхон Валихўжаев билан ҳаммуаллифликда), “Самарқанд – олимлар ва шоирлар шаҳри” (1967), “Асрлар нафаси” (1970), “Янгилик ярашади” (1975)   сингари бир қанча тадқиқотлар ҳамда 300 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифи бўлди.

Устоз Воҳид Абдуллаев   дунёга машҳур Евгений Бертельс, Садриддин Айний, Иржи Бечка, Ян Рипка, Файзулла Қосимзода, Бобожон Ғафуров каби ўз даврининг машҳур шарқшунос олимлари эътирофига ҳақли равишда сазовор бўлган эди.

* * *

Мен бу муҳтарам зот ила Бухоро педагогика инс­титути (ҳозирги университет)да танишганман. У киши давлат имтиҳонлари комиссиясининг раиси бўлиб келганди ўшанда. Басавлат, ширинсўз, бутун қиёфасидан нур таралиб турган Воҳид домла давраларнинг гули бўлган, бир неча шогирдлар орттирган эди Бухорода.

Иккинчи бор Тошкентда кўришиб, суҳбатлашдик. Суҳбатимиз қизиқ кечган. Бир куни эрталаб аспирантлар ётоғидан чиқсам, эшикда Воҳид домла турибдилар. Саломлашдим.

“Аспирантурада ўқияпсизми? Ҳай-ҳай, на гўзал, — дедилар табассум қилиб. — Ғайрат қилинг! Шоирдан ёмон олим чиқмайди”.

Кейин қайси мавзуда ишлаётганим, илмий раҳбарим ҳақида суриштирдилар. Ва тўсатдан: “Мени вокзалгача кузатиб қўйсангиз, учта муҳим гап айтаман, хурсанд бўласиз”, — дедилар.

“Жоним билан, домла”, — дедим ва қўлларидан портфелини олдим.

Икков йўлга тушдик. Аспирантлар ётоғидан катта йўлгача чамаси уч юз метр масофа. Ўн учинчи трамвайга ўтириб, вокзалга жўнадик. Тиқир-тиқир кет­япмиз… Вагонда одам сийрак. Воҳид домла овоз қўйиб, баланд руҳ билан ғалати бир шеър ўқидилар:

Нимайиз бор, нимайиз бор?

Бир намат, бўриёмиз бор.

Сенингдек подшоларга

Дуойи бериёмиз бор.

“Қалай? – дедилар мен томонга маъноли боқиб.

“Зўр!” – дедим.

“Ана шунақа! Бизга ҳамроҳ бўлсангиз, теша тегмаган шеърларни эшитаверасиз, — дедилар кулиб. — Келинг, энди биринчи муҳим гапни айтай… Сизнинг кекса ҳофиз Расулқори Мамадалиевдан хабарингиз борми?”

“Йўқ”, — дедим.

“Бўлмаса, эшитинг. Марғилонда эдик. Катта давра. Тўрда Расулқори ҳофиз. Ашулахонлик. Бир маҳал телевизорда “Марҳабо, талантлар!” кўрсатуви бошланди. Фарғоналик ёшлар билан бухоролик ёшлар беллашуви. Бухоролик қизлар сизнинг “Ҳай-ҳай, на гўзал, кўзгуда жонона кўринди” шеърингизни қўшиқ қилиб айтишди. Жюри раиси Туроб Тўла уларнинг ижросига ўн балл баҳо берди. “Шоирига ҳам тан бериш керак, — деди таъкидлаб, — шеърни қиёмига етказибди”.

Шунда Расулқори “Шоири ким?” деб сўраб қолдилар. Мен бухоролик ёш шоир Жамол Камол деб сизни таъриф-тавсиф қилдим… Кекса ҳофиз даврага юзланиб, келинглар, биродарлар, шу йигитни бир дуо қилайлик деб, дуога қўл очдилар. Сизни астойдил дуо қилдилар. Давра аҳли, чамаси йигирма чоғли киши “омин!” деб дуога қўшилди… Ҳаммага ҳам насиб этмайди бу! Хўш, хурсандмисиз?”

“Хурсандман, умрлари узоқ бўлсин!” – дедим.

Трамвайда “тиқир-тиқир” кетяпмиз денг…

“Энди иккинчи гапни эшитинг, — дедилар Воҳид домла. – Биласиз, биз, ўзбеклар, Алишер Навоийга эга чиқдик. Тожиклар Абдураҳмон Жомийга, озарийлар Шайх Низомий Ганжавийга эга чиқишди. Амир Хисрав Деҳлавийга ҳеч ким “эга” чиқмади. Ота-боболари Шаҳрисабзнинг турк-лочин уруғидан, ўзи Ҳиндистонда туғилиб ўсган, ўша даврнинг анъанасига мувофиқ форсийда ижод этган. Форслар уни ҳинд шоири деса, ҳиндлар форс шоири дейди. Миллати бугуннинг ибораси билан айтганда – ўзбек… Ана шу буюк зотга биз эга чиқишимиз керак. Унинг ижодини ўрганишимиз, таржима қилиб, халққа тақдим этишимиз лозим. Бу борада сиз, ёш ижодкорлар фаоллик кўрсатсангиз, айни муддао бўлур эди. Маъқулми?”.

“Маъқул”, — дедим мен.

Воҳид домла оҳангини келтириб, яна шеър ўқишга тушдилар.

Илоё, қорайсин фалакнинг юзи,

Жафо бирла жуфту вафо бирла тоқ.

Исодек кишига бериб бир эшак,

Эшакдек кишига берар арғумоқ.

“Қалай?” дегандек менга қарадилар.

“Зўр!” – дедим. Буни қарангки, бу кимнинг шеъри, — деб сўрамабман ўшанда. (Бу гап кейин хаёлимга келди).

Трамвай вокзалга яқинлашиб қолганда, учинчи муҳим гап ҳам айтилди.

“Ҳеч қачон мевани, сабзавотни пўсти билан еманг. Масалан, узумни ҳам, бодрингни ҳам пўстини айириб, арчиб енг. Негаки, пўст – қобиқ, мағизнинг ҳимоя қобиғи. Табиат уни шу мақсадда яратган, ейиш учун эмас. Шундоқ экан, мағиз билан пўстни ҳам қўшиб еб, ошқозон-ичакни қийнаманг. Пўст барибир хазм бўлмайди… Соғлиқни асраб-авайлашни одат қилинг”.

“Раҳмат, домла!” — дедим.

Вокзалга етиб келдик. Трамвайдан тушиб, вокзал эшиги томон йўл оларканмиз, Воҳид домла мени ҳайрон қолдириб, яна шеър ўқий кетдилар:

Хушдирки дами ажал чекиб бодайи ноб,

Сармаст ётам қабрда то рўзи ҳисоб.

Ғавғойи қиёматда турам масту хароб,

На фикри ҳисоб ўла, на парвози азоб..

“Хўш, кимнинг шеъри бу?” – сўрадилар мендан.

“Фузулийники”, — дедим, мен бу рубоийни ёд билардим.

“Баракалла! – дедилар, — Навоий ва Фузулий икки беназир шоир. Уларни ҳар куни ўқиш керак”.

Домлани вокзал ичкарисига кузатиб, изимга қайт­дим. Йўл бўйи боя эшитганим дастлабки икки шеърни ичимда такрорладим. Хотирамда нақшланиб қолди улар.

* * *

Йиллар ўтди. Бир гал Бухорога борадиган бўлдим. Янги китоби корректурасини ўқишга келган шоир укамиз Тошпўлат Аҳмад менинг машинамда бирга кетадиган бўлди. Машинани галма-галдан ҳайдаб, Самарқандга етдик. Улуғбек расадхонаси пойида, чойхонада тушлик қилиб, дам олдик.

Тошпўлат тўсатдан эслаб қолди.

“Жамол ака, — деди у, — Воҳид домланинг хотини вафот этган… Кириб, кўнгил сўраб чиқмаймизми?”

“Адресни биласизми?”

“Биламан”, — деди Тошпўлат. У Самарқанд университетида ўқиган, адресни билиши шу туфайли эди.

“Ўтиринг машинага, ҳайданг”, — дедим.

Хуллас, бир неча айланма йўллардан ўтиб, Воҳид домланинг эшигига бордик. Қия очиқ дарвозадан қараб, супада ёғоч кароватда бошини эгиб, ёлғиз ўтирган домлани кўрдик. Ичкарига кириб, саломлашдик. Кўнгил сўрадик. Воҳид домла марҳумага атаб Қуръон ўқидилар, биз қўл очиб, “омин” дедик. Мен атрофга разм солдим. Деворларининг сувоқлари тўкилиб турган хароб ҳовлича. Кимсан, бир неча йил Самарқанд давлат университетининг ректори бўлган, академик Воҳид Абдуллаев шундай хокисор ҳолда яшайди, деб ўйламагандим. Бу мўътабар инсонга бўлган меҳру ихлосим янада ортди…

“Умр йўлдошидан айрилиб қолган бу қайғули инсоннинг эндиги ҳаёти қандай кечаркин?” – деган ўй кўнглимдан ўтди. Худди дилимдан ўтган ўйга жавоб бергандек, домла шу онда бир байт шеър ўқидилар:

Зиндаги бар гардан афтодаст, Бедил, чора чист?

Шод бошад зистан, ношод бошад зистан…

(Тириклик бўйнингга тушгач, Бедил, илож қанча?

Шод бўлсанг ҳам яшайсан, ношод бўлсанг ҳам, яшайсан)

Ярим соатча суҳбатлашиб, сўнг хайрлашиб, биз Бухорога жўнадик. Устоз билан охирги кўришганим шу бўлди. Бошқа кўришмак насиб этмади. Воҳид домладан нодир китоблар, асл фарзандлар, етук шогирдлар, яхши ном қолди, яъни битмас-туганмас маънавий давлат.

Одатда бундай кишилар ҳақида бир келди-ю бир кетди дейилади.

Ҳазрати Мавлоно айтмоқчи:

Мулки олам саҳнида одам эди,

             Кўнглида гарди – ғубори кам эди…

Юзидан, кўзидан, сўзидан нур ёғилиб турар, очиқ чеҳрали, шоир табиатли, чин маънода аллома, юксак маърифатли инсон эди академик Воҳид Абдуллаев!

Илоё, охиратлари обод, жойлари жаннатда бўлсин.

Жамол КАМОЛ,

Ўзбекистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + eleven =