Демократия ҳамиша ҳам эзгуликка хизмат қиладими?

Томирларимда ўзбек, рус, бурят-монгол, фин- уйғур, туркман, раҳматли бувимнинг хотирлашича, бадавий араб ва ёҳудий қони оқади. Аммо менга ўзбекона қадриятлар ёқади, каттани ҳурмат қил, кичикни–иззат, бир бор ошига шерик қилган хонадонга қирқ йил салом бер, хотининг тилаган нонни аввал бева қўшни аёлга, у олмаса, остонангни қўриқлар сакка элт, бўйнингга тушар тиғдан эмас, қўйнингга кирар тулдан қўрқ, каби ҳар доим ҳаёт тасдиқлаб, кимларнингдир хатоларига ишора бўлиб келган ҳақиқатларни унутиб бўладими?

Онам томонидан боболарим фин-уйғур бўлишган, улар Чор Россиясига қарши курашганлар, уларни ҳукумат Байкал ортига сургун қилган. Ўзимда радикал фикрлар уйғонганида, фин-уйғурлар қони уйғонмоқда, деб қўяман. Бадиий-эстетик ижодда “Бхагаватгита” ва “Илиада”дан тортиб, то “Ўткан кунлар” ва “Жамила”гача, “Фауст”дан тортиб, то “Уиллис” ва “Йўлбарс терисидаги битиклар”гача фикру ўйларимни чулғаб, титратиб юради. Ушбу қону вужудимга жо зиддайндан гоҳо ўйга бораман, мен Шарқ кишисиманми ёки Ғарб, мен демократманми ёки ғайридемократ?..

Юқоридагиларни айтишдан мурод шуки, наслнинг, миллатнинг тафаккурга таъсирини рад этиб бўлмайди. Лекин мен тўла демократ ёки тўла ғайридемократ бўлган этноснинг борлигини билмайман. Ижтимоий ҳаёт эврилувчан, айнан у кишини гоҳ демократ, гоҳ ғайридемократ бўлишга мажбур этади.

Ислом фалсафаси инсоннинг бир елкасида Холиқ ўтиради, бир елкасида Махлуқ, деб уқтиради. Бу қиёсни мавзуга татбиқ этиш мумкин.Демак, “тўла демократ” ёки “тўла ғайридемократ” деган тушунчалар фақат хаёлимизда мавжуд. Аммо тафаккур демократия излашдан ва ғайридемократияни қоралашдан тўхтамайди”. “Демократия — идеал” (К.Поппер). Идеални излаш тафаккурни   беором, аммо завқли қилади. Кўпинча бу идеални эркаклар излайди. Нега? Эркак тасаввурида демократия унга ҳаётий маъно, шон ва тахт беради. Тарихга назар ташланг ҳаётдан маъно, амалидан шон, тилагида тахт истаганларнинг барчаси эркаклар. Демократия ҳам эркаклар кашфиёти. Бу парадокс. Демократияни мазлумлар излаши вожиб эди. Уни илм-фанга олиб кирган эркак — Платон аристократ эди. Унинг сиёсий фалсафасида “демократия — бошқаришнинг бад усули” деган таъриф олган. Демократияда бош-бошдоқликка асос мавжуд. Ўзбекистонда Президент сайлови олдида айрим олиму қўшиқчиларнинг “демократик даъволари”ни эсланг. Кичик жамоани бошқариб, ҳеч бўлмаганда тўрт киши қалбида яратиб яшашга умид уйғотолмаганларнинг эл-юртни бошқаришга даъвогарлик қилиши демократиями? Воқеликни жўн тушунувчилар учун бу демократия, бироқ зийрак ақл эгаси учун кулгули. Президентликка номзодларнинг Ш.Мирзиёевдан бошқалари эл-юртга қайси сифатлари билан маълум эди, деган савол ҳануз хаёлимдан кетмайди. Наҳотки, улар… мана, демократиянинг бир кўриниши. Лекин доно халқимиз, кўрпангга қараб оёқ узат, деб насиҳат қилади.

Баъзилар демократия ижтимоий бирлик, аҳиллик, иттифоқ яратади, тараққиётга элтади, деб ўйлайди. Булар ижтимоий ҳаёт сирларидан, айниқса, инсондаги табоҳликка, бузғунчилик ва ёвузликка мойилликдан бехабар кишилардир. Улар демократия шио­­ри билан бирор мансабга эришишса, кўп ўтмай ғайридемократга айланадилар. Тожу тахт одамни бузади, дейишган қадимги юнонлар, демократлар гўллиги устидан кулиб. Аслида одамни тожу тахт эмас, унинг атрофидаги шумният, мулкпараст ва иззатталаб шахслар бузади, чунки “тахт атрофида мудом бадахлоқ ва ўз мақсадини унутмаган кимсалар айланиб юрадилар” (Н.Макиавелли). Тожвар қанчалик демократ бўлмасин, уни ғайридемократга айлантирувчилар мудом бисёрдир.

Мен Шарқ демократияси бў­йича фикрлаб, ёзиб юрардим. Маънавий-ахлоқий императивларни демократиядан устун билганман. Йўқ, улар ўзга қонунларга бўйсунар экан сўзинг ўта олса гапир, қолгани дод-вой, қуруқ ҳасрат, бўшлиққа нидо. Бугун матбуот бонг уради, жамиятни, айниқса, амалдорлар ва идораларнинг қулоғи берк. “Гапиравер, матбуот, сенга ҳурфикр­лик, кафан эса ўзимдан” (Марк Твен). Қойил. Бу ҳам демократия-да! Марк Твен ўзга макон ва ўзга давр инсони. Бизники уникидан фарқ қиладими? Шубҳасиз.

“Демократия” сўзининг кенг эътироф этиладиган 50 дан зиёд таърифлари бор. Сиёсатшунослар учун давлат ва жамият ишларини бошқариш, ҳуқуқшунослар учун конститу­цияга амал қилиш, файласуфлар учун ижтимоий борлиқни яратиш имкони, журналистлар учун ҳурфикрлик демократия. Анархистлар учун давлатни рад этиш — демократия. Қадимги юнонлар ва марксистлар халқ ҳокимиятчилигини демократия деб аташган. Давлат ва марказлашган бошқариш бор экан “мутлақ демок­ратия” бўлмайди. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Бошқариш тартиб демакдир, тартибга, маълум бир нормаларга бў­йинсунмайдиган жойда, демократия ҳам, идора ҳам, ҳуқуқ ҳам бўлмайди. Давлатнинг марказлашган бошқаруви тартибни севади, тартибга амал қилганида ижобий натижа беради, кишилар ўғри, безори ва зўравонлардан қўрқмай яшайди. Яширмайман, марказлашган бошқарувда автократизм ва тоталитаризмга яқинлик бор, аммо бу яқинликни қонунга бўйсундириш мумкин. Ғайридемократияда бош­-бошдоқлик ҳукмрон, у тартибни, қонунни тан олмайди. Марказлашган бошқарувдаги автократизмнинг тамойили — тартиб, ғайридемократиядаги тамойил — бош­-бошдоқлик. Биринчиси умумий тартиб ўрганиш учун куч ишлатади, иккинчиси зўравонни янада зўравон қилиш учун. Иккинчиси биринчисидан аянчли, мусибатли. Эл-юрт­­да, оилангизда осойишталик бўлишини истасангиз маълум бир эрк ва ҳуқуқингизни марказлашган бошқарув ҳисобига ўтказишингиз шарт.

Демократияни севиш, унга, худди маҳбубага каби, мадҳлар тўқиш мумкин, аммо у билан яшаш қийин. Тасаввур қилинг, Худо кўрсатмасин завжангиз демократия деб истаган кишиси билан учрашса, истаган вақтида уйга қайтса, нима қиласиз? Ёки қаттиқ сўзингиз, жаҳл устида тортган шапалоғингиз учун ўғлингиз судга берса…Минг афсус, булар оддий воқелик бўлиб бормоқда. Сўзингиз хотинингизга, фарзандларингизга ўтмаса, уларга меҳр, куч, топганингизни сарфлашга не ҳожат? Бир ўзингиз яшаганингиз маъқул эмасми? Мана, демократия бизда қандай ғайридемократик одатларни шакллантиришга жазм қилган. Мен демократияга эмас, унинг ғайридемократик одатларни келтириб чиқараётганига қаршиман. Аслида, демократия ва ғайридемократия, худди эзгулик ва ёвузлик каби, ёнма-ён юради, эркин яшаш ва фикрлашга мойил ақлгина уларни тез фарқлайди. Демак, бизга кўпроқ ана шундай ақл эгалари керак.

Шогирдларимдан бири ОАВ мав­қеини ўрганиб кўрган. Унинг келтиришича, респондентларнинг 60 фоизидан ошиғи “сариқ матбуот”ни ўқиб туради, энг охирги ўринда расмий газеталар туради. “Ихтиёрий-мажбурий” обуна тартибидан қутулолмаган бўлсак-да, рес­пондентлар расмий газеталар билан қизиқмасликларини билдирадилар. Улардаги ахборотларнинг бир хиллиги, тилининг ғализлиги ва санохонлик рес­пондентларни бездирган. Уларга тор мутахассисларнинг ўзи обуна бўлса-чи, йўқ, ҳар бир ўқув даргоҳи, муаллим, кафедра, деканат обуна қилинади. Ўзим 70 дан зиёд магистрлардан кеча чиққан икки-учта ҳамма “ҳа-а, унга обуна бўлмаса қўйишмайди” дейдиган газеталарни келтириб улардаги қайси мақола диққатингизни тортди?” деб қизиқиб сўрадим. Диссертация ёзаётган бирорта ҳам магистр жавоб беролмади… Мана, демокра­тиянинг таъсирли қуроли газеталарга муносабат! Тўғрироғи уларнинг аҳволи!

Мен айбдор қидиришдан йироқман, демократик бўлмасликнинг ўзи ҳам демократия. Бироқ бу тақдирда нашрнинг “демократман” деб жар солишига зарурият йўқ. Бу демократияни оёқ ости қилишга олиб келади. Ана шу важлар боис мен қону вужудимга жо ранг-барангликни “демократия” аташдан тўхтаганман. Мен ғайридемократ эмасман, аммо бу қону вужудимга жо ранг-барангликка зид бўлса-да, демократ ҳам эмасман. Бир пайтлари Шарқона демократиянинг мухлиси эдим, уни қутлаб китоблар ёзганман, энди эса нимагадир ундан кўнглим қолган. Демократиянинг кўплиги ҳам тескари воқеликка айланар экан шекилли…

Виктор АЛИМАСОВ,

фалсафа фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 2 =