Зул Кифл пайғамбар зиёратига қачон борамиз?

Ўрта Осиёда Аллоҳнинг   инояти билан учта   пайғамбарнинг муборак   маконлари — қабрлари   борлиги тарихий манбаларда   қайд этилганлигини кўпчилик яхши билса керак. Ана шу уч улуғ қадамжо ҳам Яратганнинг марҳамати   билан Ўзбекистонда жойлашган.   Бири қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида. Дониёл пайғамбар (насронийлар Даниэл дейишади) нинг қабрлари. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳарб юришлари   даврида пайғамбар қабрининг харобалигини кўргач, эзгу ниятда Ироқ   томонлардан тупроғи билан туяга орттириб, рўйи   замин сайқали бўлган   пойтахти Самарқандга олиб келиб, баҳаво жойга дафн қилади ва   ҳашаматли мақбара қурдиради. Бугунги кунда ҳам бу ердан   зиёратчиларнинг қадами узилмайди.   Кейингиси, “Қисас ул анбиё”   китобида Амударё бўйида, Хўжайли туманида Шаъмун Набий алайҳиссаломнинг   қабрлари борлиги қайд этилган.

Учинчиси эса   Сурхондарёда — Амударёнинг ўнг соҳили, Пайғамбар   ороли   деган маконда Зул Кифл пайғамбар қабри   қўним топган. Шу ерга келиб   дарё иккига бўлиниб   яна ўн чақиримлардан сўнг қўшилиб   кетади. Пайғамбар оролнинг бош тарафида, дарё ўзани энг торайган жойда авлиё Ҳаким   Термизийнинг мақбаралари минг йилдан буён савлат тўкиб   турибди.Дарё шундоқ ёнидан   чайқалиб оқади. Атиги соҳилдан   мақбара ўттиз-қирқ қадам берида. Яратганнинг қудрати билан асрлар ўтибдики, мақбара зах ҳам   тортмайди, унга бирон зиён ҳам етмайди.

Нуронийларнинг айтишича,   бир аср илгари тинимсиз ўн кунларча ёғингарчилик бўлиб, Бойсун,   Боботоғ, Ҳисор, Помир тоғларидан   жуда катта ҳажмда   сел келган. Булутлар   тарқаб, кун очилгач, маҳаллий аҳоли вакиллари биринчи ана шу икки   зиё­ратгоҳдан хабар олишади ва   ҳайратдан лол қолишади. Минг-минг кублаб ўтган   сел суви мақбаралар тўғрисига   келганда зўрға ярим   қаричлар кўтарилган экан. Буни синчков қариялар сувнинг,   селнинг изи — тамғасидан   билишган. Одамлар Зул Кифл пайғамбарнинг мақбарасида ҳам шундай   ҳолни кўришади. Шунда Термиз саййидларидан бири “Аллоҳ ўз   дўстини ўзи сақлайди”,   деган экан.

Сўнги маълумотларга қараганда, Оролнинг умумий майдони тўрт минг гектардан   зиёд, эни олти, бўйи саккиз километрдан   ортиқроқдир. Милоддан аввалги VI-VII асрларда яшаб ўтган Зул Кифл ҳазратлари шу ерда дафн этилганлиги боис, аҳоли бу жойни “Пайғамбар ороли” деб ном   беришган де­йишади.   Муқаддас Қуръони каримнинг “Анбиё” ҳамда “Сод” сураларида номлари зикр этилган Зул Кифл алайҳиссалом (маъноси-кафолат соҳиби)нинг қабри шу тариқа неча минг йилдан буён юртимизда эъзозланиб, асраб   келинмоқда. Шаксиз, табаррук китобда   эсланган йигирма беш   пайғамбардан бири Зул Кифл   алайҳиссаломдир. Алишер Навоий “Таърихи   анбиё ва ҳукамо” асарида бул зоти мукаррамнинг таъриф ҳамда зикрларини хўп келтиради. Ушбу рубоий ҳам шу хусусда:

Зул Кифл ишиким,

                           Ҳаққа далолат эрди,

Ҳақ раҳматидин   элга кафолат эрди.

Чун қавмнинг ойини   залолат эрди,

Ўтти чу замириға   малолат эрди.

Пайғамбарлар Аллоҳнинг   элчиларидир. Зул Кифл алайҳиссаломнинг фазилатлари, пайғамбар сифатидаги хизматлари   ҳақида ўнлаб улуғ   алломаларнинг асарларида баёнлар келтирилади. Абул Лайс Самарқандийнинг “Тафсийр ул Қуръон”, Исмоил Ҳаққий Бурсавийнинг “Руҳул баён”   каби бебаҳо асарлари   шулар жумласидандир. Бу нарсани ХVII асрда яшаган балхлик қомусий олим Маҳмуд ибн Валий ўзининг “Сирлар денгизи” китобида: “Пайғамбар Зул Кифл алайҳиссалом дафн этилган Термиз   яқинидаги   бу орол Ҳаким   Термизий билан Хизр алайҳиссаломнинг учрашув жойи бўлган”лигини таъкидлайди.

Ўзбекистонда хизмат   кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли исломшунос,   моҳир таржимон, истеъдодли шоир Мирза Кенжабек ўзининг   “Буюк Термизийлар” китобида   Зул Кифл алайҳиссаломга алоҳида боб ажратган   бўлиб, унда донишмандона шундай сўзларни айтади: “Бу қабр кейинчалик шу Оролда пайдо   бўлганми ёки қабр қадимдан   мавжуд бўлиб, кўҳна Жайҳун ке­йинчалик ҳурмат юзасидан бу қабрни зиё­рат қилиб, иккига бўлиниб   оққанми – бу тадқиқотталаб масаладир.”

Энди айни муддаога ўтсак   ҳам бўлади. Шўролар бизнинг озод ва   обод ҳудудимизга “қулликдан   қутқарамиз” баҳонасида бостириб   келган кундан, яъни 1920 йил   амир   Олимхон тахтидан воз   кечиб, Бухородан   Афғонистон   сари йўл олгандан   буён Пайғамбар ороли ёпиқ   ҳудуд ҳисобланади. Демак, пайғамбар Зул Кифл алайҳиссаломнинг қабрлари ва мақбараларини зиёрат қилиш   ҳуқуқидан мамлакат   аҳолисигина эмас, бутун олам сайёҳлари 100 йилдан   ошибдики, бебаҳра,   дангалини айтганда, мосуво бўлишган. Бунинг учун фақатгина минг-минг афсус, дейсиз, холос! Улуғ   авлиё ва Ҳакимия   тариқатининг асосчиси бўлган,   дунё тан олган олим   Ҳаким Термизийнинг мақбаралари   ҳам мустақилликка эришгунимизга қадар ана шундай таъқиқ   ҳудуд мақомида эди. Ҳатто рус ҳарбийлари чегара баҳонасида зиёратгоҳ   ёнида чўчқахона бунёд   этишганди. Буни билган биларди,   чунки ҳеч кимга чегарадан ўтишга (ҳарбийлардан ташқари) рухсат берилмасди. Энди мустақилмиз, тарихни орқага қайтариб   бўлмайди.

Яратганга шукрки, Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси   ва раҳнамолигида пайғамбар Зул Кифл алайҳиссаломнинг   қадим ҳамда боқий мангугоҳи 2018 йилда тубдан таъмирланиб, замонавий кўриниш касб этди.   Мақбара, катта гумбазли   мачит, ҳилхона реконструкция қилингач, атрофи ободонлаштирилиб, гуллар ва мазарали   дарахт кўчатлари ўтқазилди.   Ўтган асрнинг 80-йилларида бир баҳона сабаб бу даргоҳга   борганимизда ачинарли даражада харобазорга айланган мақбара манзараси ҳозир ҳам   кўз ўнгимда турибди. Ҳар   гал мақбара олдида тушган суратимизни кўрганда ташландиқ   ҳолга келиб қолган манзарадан юрак увушиб кетарди. Шунчалик   тўқайзор, патта дарахти, қамиш, жинғил, ажириқ ва бошқа ёввойи   ўт-ўланлар баландлигидан   ҳамда тиғизлигидан азбаройи қадам   босишга қўрқардинг. Ҳозир эса   бошқача, юз фоиз бошқача   кўриниш, кўрсанг кўзинг   қувнайди, беихтиёр шукроналар   айтасан!

Яна бир карра таъкидламоқчи эдикки, орол Афғонистон билан туташ   чегара ҳудудида. Аслида эса   Термиз шаҳри, Термиз, Музработ,   шимоли шарқий томондан яна бир қанча туманлар чегарага туташ жойлашган. Ҳозирча, бу ерда чегара қўшинларига қарашли ҳарбий   қисм   бўлинмаси мавжуд. Маълум байрамлар, ҳайитлар муносабати билан йилига бир икки марта махсус делегация аъзолари ёки бош­­қа ваколатли кишилар оролга бориб ҳарбийларни табриклашади, уларга яратилган шарт-шароит   билан танишишади, шу баҳонада   пайғамбар қабрини ҳам   зиёрат этиб, Қуръон   тиловат қилишади.

ЮНЕСКОнинг табиат   ёдгорликлари рўйхатига киритилган   Пайғамбар ороли ва   Зул Кифл алайҳиссалом мақбарасидан ҳозирча баҳраманд бўлаётганимиз ҳамда фойдаланаётганимиз шугина, холос. Тўғри,   маслаҳат, таклиф беришдан   осони йўқ. Лекин биз   айтмоқчи бўлган нарсаларнинг имкони ва ечими бўлса керак. Демоқчиманки, Оролни ва пайғамбар   Зул Кифл   алайҳиссаломнинг мақбара мажмуасини маҳаллий аҳоли ҳамда   хорижий сайёҳларга очиб   қўйиш учун “чегара   ҳудуд” деган гап баҳона бўлолмайди. Агар сайёҳлар учун керакли   шароит ва қулайликлар яратилиб, махсус автобуслар қўйилса, нур устига, аъло   нур бўларди. Тўғри, сайёҳлар   хавфсизлигини таъминлаш жуда муҳим масала! Бизга бу борада маълум тажриба, кўникма учун маълум вақт   керак бўлади. Бирор муддат Оролда саёҳлар учун меҳмонхона, овқатланиш, савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар нуқталар қуриб бўлмас.   Лекин келажакда бу   оролни ҳақиқий жаннатмаконга айланишига ишончимиз комил. Миллатидан, ирқидан, тилидан, динидан   қатъий назар ким ҳам муқаддас Қуръони каримда номи зикр   этилган пайғамбарнинг қабрини зиё­рат қилишни истамайди дейсиз?! Шунда бу   даргоҳга йилига минг-минглаб маҳаллий   ва хорижий сайёҳлар ташриф   буюришади. Мана сизга Сурхондарё туризм имкониятининг биргина жиҳати. Айниқса, Оролнинг табиати   ва ҳайвонот олами ҳар   қандай сайёҳни лол қодиради. Оролда ўрдак, ғоз, тустовуқдан тортиб, қоплонгача учратиш мумкин. Ҳам беназир   туризм маскани, ҳам   муқаддас зиёратгоҳ, ҳам   бетакрор табиатли давлат   қўриқхонаси бўлади.

Хўш, номлари Қуръони каримда бир неча бор зикр   қилинган пайғамбар Зул Кифл алайҳиссаломнинг мақбараларини зиёрат қилишни истайсизми?!.. Умидсиз   бўлманг! Ахир биз энг ривожланган ХХI асрда яшаяпмиз! Иншооллоҳ, насиб   бўлса, мамлакатимиздаги тегишли мутасадди давлат ташкилотлари раҳбарлари бу муаммога ҳам ижобий   ечим топадилар, деган   комил ниятдамиз…

Шу ўринда албатта алоҳида таъкидлашимиз жоизки, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ўта муҳим масала. Бундан ташқари, бугун Афғонистондаги сиё­сий вазият ҳам тушунарли. Аммо Эски Термиз ҳудуди орқали бориладиган Амударёнинг қоқ ўртасида жойлашган — “Пайғамбар ороли” — юртимиз ҳудудида. Ушбу ҳудудга доимий назорат остидаги йўлак очиш имкониятларини ташкил этишнинг иложи бўлса керак. Қолаверса, узоқ йиллар Амударё қирғоғида жойлашган Термиз ота қадамжоси ҳам бир пайтлар ёпиқ, тиконли симлар ортида эди. Бу ҳақда юқорида айт­дик.

Истиқлолимиз шарофати ила халқимиз, юртимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар Зил Кифл пайғамбар қадамжосини ҳам зиё­рат қилиш саодатига эришсалар, бу жуда улкан воқеа бўлур эди.

Сафар ОМОН,

“Hurriyat”   мухбири.

Суратларда: “Пайғамбар ороли”да­ги Зул Кифл алайҳиссалом мақбараси кўринишидан лавҳалар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × two =