Йўллар, йўлдошлар…

“Кушай буди…”

 

Табиат қўриқчиси номини олган эколог ёзувчи Дадахон Нурий билан (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин!) дўст қадрдон эдик. Тез-тез суҳбатлашиб, воҳача айтганда, ҳангамалашиб турардик. У кишининг латиф давралардаги ҳикоя­лари фавқулодда ажабтовурлиги, кутилмаган “бурилишлари”, латифанамо якунлари билан ажралиб турарди. Иброҳим Ғафуров: “Дадахон гапни роса кўпиртиради, аммо ишонтиради”, дердилар. Ишониб тинглаган ҳикояларимиздан биттаси қуйидагича.

Дадахон аканинг асли водийлик, аммо ўқишдан сўнг Тошкентда яшаб қолган бир дўс­ти бор экан. Унинг Темур исмли ўғилчаси болалар боғчасининг рус гуруҳида тарбияланибди, мактабда ҳам шу тилда ўқий бошлабди. Ўқишга қизиқиши, феъл-атвори, киришимлилиги жойида экан-у, бироқ ўзбек тилида гапира олмаслиги ота-онани ташвишга солибди. Улар бу тўғрида Дадахон акага айтишган экан, ёзувчи акамиз: “Ёзги таътилда бизнинг болалар доимо Наманганга кетишади, бир-икки ой қишлоқда туриб, мева-чева, сут-қатиққа тўйиб, юзлари офтобда пишиб қайтишади. Темурбекни уларга қўшиб жўнатсак, жуда яхши бўлади, ҳам пишади, ҳам ўзбекчани ўрганиб қайтади. Уйимизда ўрисча битта сўз ҳам билмайдиган келинимиз бор, унинг болалари билан бирга ўйнайди”, дебди.

Бу таклиф Темурбекнинг ота-онасига маъқул келиб, ёш ўрисвойни Наманганга олиб бориб, қариндошларнинг шўх-шодон, қувди-қочди болаларига қўшиб келишибди. Ўрисча билмайдиган келинга: “Меҳмон болага ўзингиз яхшилаб тарбия беринг, одатларимизни ўргатинг, тушунса-тушунмаса ўзбекчани қулоғига қуяверинг”, деб тайинлашибди.

Орадан уч-тўрт ҳафта   ўтгач, Дадахон ака дўсти билан болалардан хабар олгани машинада Наманганга − Дадахон аканинг жиянлари турадиган ҳовлига боришибди. Дарвоза очиқ экан, ичкарига киришса, тошкентлик меҳмон бола тандирнинг устига миниб олиб, қўлида хипчин, отчопти қилаётган экан. Шу пайт ичкаридан ўрисча билмайдиган келиннинг овози эшитилибди:

“Темурчик, иди суди, кушай буди…”

 

Ким жинни?

 

Ҳангома айтишда Анвар Обиджонга етадиган ҳикоячини учратмаганман. Ҳар бир воқеани тандирнинг жун қўшилган лойини пишитгандай тепалаб-ростлаб, “туз-намаги”ни тобига келтириб айтарди. Бир-иккитасини ҳурматли китобхонларга илингим келди.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари Олти­ариқ бозорига кираверишдаги супачада бир савдойи одам чоққина кўрпача устида чордона қуриб ўтирар   экан-да, бозорга шошилиб кириб кетаётган, бир нимани орқалаб чиқиб кетаётган, бироз ўтиб яна қайтиб келаётган, йўлакда аравачалари бир-бирига уриниб кетиб сўкинаётган одамларга қараб, мириқиб кулар экан. Болалар уни бир-бирларига: “Бу одам жинни, олдига борма, жинни у”, деб кўрсатишар экан.

Шу “жинни” ҳамманинг устидан қотиб-қотиб кулар экан: “Ёпирай,   одамларга нима бўлди ўзи? Жинни-пинни бўлганми булар? Ҳой, қаёққа шошасан? Бозор катта холангнинг чорбоғими? Аравангни четга ол. Туртинма. Йўлдан қоч. Ёнингда бир мири йўқ, бозорда бало борми сенга? Анави жиннига қаранглар – ҳозир биттаси бурни ерга теккудек бўлиб кўтариб кирганди шу сабил қопни. Сен қаёққа олиб кет­япсан? Қўй жойига. Бошқа иш йўқми? Тавба, биттаси авраб-авраб сотади, бошқаси лаққа тушиб олади. Ваҳ-ваҳ. Эртага сен сотасан, у лаққа тушади. Ваҳ-ваҳ. Ҳамма бир-бирини алдайди. Алдаб чарчамайди. Бугун хурсанд, эртага ютқизган беданавоздай ичи ўтиб кетади. Ана томоша-ю, мана томоша. Ҳой жинни, бўйнингни чўзмай, келиб ёнимда бир пас ўтир. Бозорнинг зўри шўтта…”

Орадан қанча йил ўтиб кетди. Аммо қаерда, қачон йўлим бозорга тушди дегунча, дарҳол шу савдойи одамни эслайман. Мен уни кўрмаганман, аммо у ҳозир ҳам қаердадир, дарвоза ёнида чордона қуриб ўтириб, қотиб-қотиб кулаётгандай туюлади, “Ҳой жиннилар” деяётгандай бўлади.

Уни бошқа кунлари, бошқа ҳолатларда ҳам эслаб тураман.

Яна бир ҳикоя. Олтиариқда бир гўрков бўлган экан. Ишини билиб-билиб қиларкан, бировдан тили қисиқ жойи йўқ экан. Аммо бир одати…

Қаерда тўй бўлса, меҳмонлардан сал аввал келиб, бир ўзи дастурхонга ўтириб, ҳамма ўдағайлаб қараб турса ҳам, парво қилмай, шишани шартта очиб, бир нималар деб, ўзи билан ўзи уриштириб, ноз-неъматларни паққос тушириб, қолганини белбоғига тугиб ўрнидан турар экан. Бирор киши “Ҳой ака, дастурхонни ўпирвордингиз-ку…” дегудек бўлса, унга муло­йимгина қараб: “Майли, едик-ичдик, энди бизга рухсат, борайлик, иш кўп, улгуриш қийин, биз томонга ўтинг, сизни кутаман-а”, дер экан.

Шу гапни эшитмаслик учун гўрковни ҳамма жойда таъзим-тавозе билан кузатиб, сал нарироққа борганидан кейингина бир-бирларига қараб кулишар   экан…

Бу ҳикояни эшитгач, Анваржонга, “Ростдан шундай эдими, тўқима эмасми”, дегандай тикилиб қарагандим, шоир фикримни илғаб, ҳикоя­­ни янада тўлдирди: “Биз томонларда бир мурдашўй бўларди. Кимдир жиғига тегса, дарҳол ҳужумга ўтиб, “Ҳо акаси, чўмилгингиз кепқолдими, марҳамат, мен тайёрман”, дер эди…”

Анвар Обиджон кўп ва хўб ёзди. Аммо қанчадан-қанча ҳикояларни ўзи билан бирга олиб кетди.

 

Шикоят

 

Катта идорада ишлаётган кезларим. Узоқроқ туманда яшайдиган бир кишидан кунда-кунора шикоят хати келади. Мазмуни бир хил: “Мени ҳеч ким эшитмайди, мажлисга чақирмайди, элга қўшишмайди, муаммоларни ҳал қилиш йўлларини айтсам парво қилишмайди. Ҳаммаёқ расво, одамлар норизо. Менга эса йўл йўқ. Чунки мен бошқаларга ўхшаб лаганбардорлик қилмайман, ҳақиқатни гапираман, лавозимига қараб ўтирмайман. Борни бор, йўқни йўқ дейман, айблари очилиб қолишидан қўрқиб, мени доимо четга суришади. Қани адолат?..”

Идора ходимлари унинг бундай мазмундаги хатларига эътибор бермай қўйишган экан. Менда эса бу чин ёки сохта ҳақиқатпарвар билан танишиш, фикрларини эшитиш истаги туғилди. Хизмат сафари билан у яшайдиган туманга бориб, масъуллардан сўрадим. Ҳаммалари бошларини сарак-сарак қилиб, “Муттаҳам бир одам, ёмонлашдан бошқани билмайди, шикоят устига шикоят ёзади. Учрашмаганингиз маъқул, негаки, эртага сизнинг устингиздан ҳам ёзиши мумкин”, дейишди.

Бу гап менинг унга бўлган қизиқишимни янада орттирди. Бир ўзим учрашдим. Дастлаб менга ўта ҳадиксираб қаради, гувоҳномамни кўрганидан кейин, сал ўзига келди. Ўн йил тарих фанидан дарс берган, мактаб маъмурияти, туман раҳбарлари билан келиша олмай   (мажлисларда танқидий гапларни гапиравергани учун) ишдан бўшатилган ўқитувчи экан. Мен унга шикоят хатларида кўтарилган муаммоларни ўрганиш, агар ҳақ бўлса, ёрдам бериш, ишига тиклаш учун келганимни айтдим. Нима гапирса ҳаммасини фикрини бўлмай эшитдим, баъзан-баъзан айтаётганларини маъқуллагандай, бошимни қимирлатиб ҳам турдим. У бундан илҳомланиб, янада жўшди. Мулоқотимиз сўнгида унга: “Эртага мактабда йиғилиш ўтказамиз, район раҳбарлари ҳам келишади. Мен ўзим сизга сўз бераман. Ҳеч ким гапингизни бўлмайди. Қанча хоҳласангиз, шунча гапирасиз. Бугун менга айтганларингизни битта қолдирмай айтасиз, ёзиб оламиз”, дедим.

Суҳбатдошим аввалига хурсанд бўлди – юзи ёришди, кўзлари чақнаб кетди. “Умримда биринчи марта сўзим бўлингани йўқ. Шунисига ҳам раҳмат. Бораман, албатта бораман, ҳаммасини айтиб бераман”, деди. Аммо зум ўтмай фикридан қайтди. Кўзларимга тикилиб, бир нималарни уққандай бўлдими, “Мен сизга бор гапни айтиб бердим-ку, шунинг ўзи етарли эмасми?”, деди. – “Етарли эмас, мажлисда айтасиз, ҳамма эшитсин, хулоса чиқарсин, бундай имконият бош­­қа бўлмаслиги мумкин”, дедим.

Мажлисга ҳамма йиғилди, аммо шикоятчи келгани йўқ. Уйига одам жўнатдик. Дарвозани қулфлаб, қаергадир кетибди.

Тошкентга қайтдим, катта идорада яна бир-икки йил ишладим, аммо “ҳақиқатпарвар” танишимдан бошқа шикоят келмади.

 

Ўнг ва чапнинг фарқи

 

Мухбирлик, муҳаррирлик йилларим юрт кезиб чарчамаганман. Бормаган туманим қолмаган ҳисоб. Йўл-чўлда, дала-қирда юз берган воқеалар, тасодифий сафардошлар, кутилмаган ҳодисалар ҳақида “Йўллар, йўлдошлар” деб туркум мақолалар ёзганман. Одатим – сафардошларга касбимни айтмайман, оддий одамлар билан оддий тилда суҳбатлашиб кетавераман.

Бир гал Қўйлиқдан йўловчи машинада Қўқонга йўлга чиқдим. Иккита қассоб йигит ҳамроҳ бўлишди. Пулдор йигитлар экан, орқа ўриндиқда икковлари бемалол кетадиган бўлишди. Ҳайдовчи йигит: “Менга фарқи йўқ, уч кишига тўлайсизлар”, деган эди, мунозара бош­ланди. Маза-матрасиз гаплар айтилди, анча вақт туриб қолганимиздан   кейин икки ярим кишининг пулига келишиб, йўлга тушдик.

Кайфиятим бузилди. Мендан ўн беш-йигирма ёш кичик йигитчалар. Қассобчилик қилишар экан. Йўл-йўлакай бозордаги ишларидан гаплашиб кетишди. Гаплашишгани майли, аммо оғизларидан беҳаё сўзлар чиқади. Унча-мунча сўкиниш эмас. Ҳайдовчига тез-тез: “Нега имиллайсиз, нима, бу машина эмас, эшак аравами, юринг-да тезроқ, кеч қолсак, пулнинг ярмини берамиз”, деб босим қилишади. Шофёр қоидани бузишни хоҳламайди. Бундай ҳолатда бир кор-ҳол юз бериши ҳеч гап эмас.

Бошимга оғриқ турди. Машинадан тушиб қолишнинг иложи йўқ. Хайрият, Данғарага етганимизда, йигитлар овқатланадиган бўлишди. Шофёр иккимиз машинада кутиб турдик. Шу ерда бир фикр келди-да менга. Бундайларга озроқ таълим бериш керак эмасмикин?

Қассоблар ошхонадан чиқиб, машинанинг ёнига келишганида мен улардан қанча йилдан бери шу касбда ишлашларини сўрадим. – “Бобомиз, отамиздан қолган касб”, дейишди.

– Қўй сўйганда қайси жойларини кесиб ташавориш керак?, — дедим. Уч жойини айтишди. Иккита қўшдим. Маъқул бўлишди. Бу муваффақиятдан илҳомланиб, яна “ҳужум”га ўтдим.

– Қўй, молнинг ўнг ва чап сонлари гўштида нима фарқ бор?

Қассоблар кўп ўйлашди, аммо   бирор фарқни айта олишмади.

Машинага ўтириб, йўлда давом этдик. – “Фарқи йўқ, бўлса, айтинг”, деб туриб олишди. Битта чойхона паловга шарт қўйиб айтдим.

Қишлоғимиздаги қассоблардан биридан эшитганман: қўй, мол ерга чап ёнбоши билан ётади. Нам, зах, гўнг танага таъсир кўрсатади. Ўнг томон эса қуёшда, офтобда тобланади, гўшт яхши етилади. Шунинг учун…

Қассоблар “а-аҳҳ” деб ютқизишганини тан олишди. Аммо ошни насия қилиб, бозорга етганимизда хайр-маъзур қилмай ҳам машинадан жимгина тушиб кетишди.

Ҳайдовчи йигитнинг хурсанд бўлганини кўрсангиз эди…

 

Кўприк қаерда?

 

Ёшлар газетасида ишлаб юрган кезларим, илғор маккажўхорикор аёл ҳақида очерк ёзиш учун Сариосиё туманидаги ўша пайтлари Калинин номли колхоз деб аталадиган хўжаликка борганман. Тошкентдан Душанбегача самолётда учдим, у ердан йўловчи машинада манзилга қараб йўл олдик. Ҳайдовчи йигит мен борадиган хўжаликни яхши билар экан, туман марказига эмас, тўғри комсомол-ёшлар бригадаси даласига олиб борди. Ўша ерда ёшлар билан учрашиб, керакли маълумотларни олдим, ишим битди ҳисоб.

Туман марказига қайтаман, деб турганимда, ҳаво айниб, ёмғир шунақанги қуйдики, сув ариқлардан тошиб, бир зумда далага сел келди, торгина ясама кўприкчани бир ҳамла билан кўтариб, оқизиб кетди. Йигитлардан бири билан амал-тақал қилиб, катта йўлга чиқиб олдик. Кийимларим шалаббо бўлиб кетгани учун ўша куни унинг уйида тунаб қолдим.

Эртасига туман марказига бориб, тао­милга кўра раҳбарларга учрадим, мақсадимни айтдим (у йилларнинг талаби шундай эди), аммо бир кун олдин бўлган воқеалар ҳақида бир нима демадим. Райкомдан ажратилган вакил билан дала кезиб юриб, кеча селда қолган жойимизга келиб қолдик. Машинадан тушиб, пиёда юра бошладик.

– “Ҳўв пастроқда кўприк бор, ўша ердан шийпон томонга ўтиб оламиз”, деди ҳамроҳим.

Шу ерда ишни бузиб қўйдим. Беихтиёр: “Кечаги сел кўприкни оқизиб кетган” деворибман. Ҳамроҳим менга ҳайрон бўлиб қаради, бир нима демоқчи бўлди, лекин ҳеч нима демади. Бироз юрганимиздан кейин кўприкнинг бўм-бўш ўрнини кўриб, ўзини йўқотиб қўяй деди. Менга зимдан тикилиб, “Сиз ўзи шу ерликмисиз?” деб сўради. Айтдим. Ишонмади.

Очерк ёзилди, газетада чиқди. Орадан бир йил ўтиб, менга ҳамроҳлик қилган ўша вакилни республика ёшлари қурултойида учратиб қолдим. Яхши лавозимга ўтибди. Сўрашдик. – “Ҳали ҳам водийликман, деб юрибсизми?”, деди кулимсираб. – Ҳа, шундай дедим. – Бекор айтибсиз. Сиз – биз томоннинг одами, қаерда кўприк борлигини биласиз”, деди-да, қучоғини очиб, мен билан эски қадрдонлардай кўриша кетди.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =