Профессор Очил Тоғаев сабоқлари

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

ташкил топганининг 105 йиллиги олдидан

Яқинда ўзининг 105 йиллик тўйини нишонлаш арафасида турган Ўзбекистон Миллий университетининг шаклланиб, дунё илм-фани оламида довруғ қозонишида унинг бағрида таниқли олимлар томонидан ташкил этилган илмий мактаблар муҳим ўрин тутади.

Университетда математика соҳасида академиклар Т.Саримсоқов, С.Сирожиддиновни, физика фани соҳасида академик С.Азимовни, кимё фани соҳасида академик О.Содиқовни, биология ва зоология фанлари соҳасида академиклар Ё.Тўрақулов, Т.Зоҳидов, Ж.Азимбоевни, тарих фани соҳасида академиклар Я.Ғуломов, Г.Пугаченкова, А.Муҳаммаджоновни, филология фани соҳасида эса, академик М.Қўшжонов, профессорлар А.Ғуломов, О.Шарафиддиновларни кенг жамоатчилик, шунингдек, дунё таниган. Бу алломаларимиз ўз соҳалари бўйича ўзига хос илмий мактаб яратганлар.

Филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаев ҳам журналистика илмига муносиб ҳисса қўшган таниқли олим эди…  

Бизнинг талабалик давримиз 70-йилларнинг ўрталарига тўғри келган.   Ҳали кечагидек эсимда. 1975 йилнинг ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига абитуриентлар биринчи марта ижодий имтиҳон топширадиган бўлди. Яъни, журналистика касбини эгаллаш учун ҳавас билан университетга қадам қўйган ёшлар қабул ҳайъатига ҳужжатларига матбуотда эълон қилинган мақолаларини ҳам қўшиб топшириш талаби қўйилди. Сўнг кириш имтиҳонларига қадар икки босқичли синов (ёзма ва оғзаки) топширдик. 300 га яқин даъвогарлардан 25 нафаримиз анча-мунча қийин синовлардан ўтиб, талабалик шарафига муяссар бўлдик. Ҳа, қувончимиз бир олам эди, ўшанда.

Ҳадемай ёруғ, шинам ва катта аудиторияларда ўқув машғулотлари бошланиб кетди. Билимга чанқоқ биз ёшлар учун ўтилаётган ҳар бир дарс, ундан сабоқ бераётган ҳар бир устознинг маърузаси сирли бўлиб туюлар, бирор- бир дарсни қолдирмасдан, жон қулоғимиз билан тинглар эдик. Кунлар бир-бирини қувиб ўтаверди. Ҳадемай, учинчи курсга ҳам етиб келдик. Бизга газетанинг ахборий ва таҳлилий жанрларидан Р.Муҳаммадиев, Сайди Умиров ва Бойбўта Дўстқораев сингари домлалар дарс ўтишди. Бадиий-публицистика жанрларидан эса профессор Очил Тоғаев сабоқ бера бошлади. Одатда маълум бир фанни ўтишда ўша фан бўйича мутахассиснинг талабаларни дарсига жалб эта оладиган ўз усули бўлади. Биз учун домла Очил Тоғаев бир кашфиёт бўлди. Чунки у ҳар бир мавзуни мароқ билан ўтар, озгина бўғиқ, аммо сеҳрли овози бутун аудиторияни ўзига жалб қилиб олар, уни талабалар жон қулоғи билан тинглар эди. Айниқса, очерк жанри ҳақида дарс ўтганларида, домла театрнинг моҳир актёри сингари бутунлай ролга кириб кетар эди. Ўзбек ва рус очеркнависларининг энг сара асарларини қиёслаб, моҳирона таҳлил қилиб берар, кўрсаткич бармоғини юқорига кўтариб, гоҳ пастга тушириб, салмоқлаб, дона-дона қилиб гапирар, ҳар бир талабанинг онгу шуурига етиб борадиган даражада обдон   тушунтирар эди.

Домланинг шарофатлари билан биз Одил Ёқубов, Иброҳим Раҳим, Назир Сафаров, Ҳамид Ғулом, Шукрулло, Суннатилла Анорбоев, Муроджон Мансуров каби ўзбек адабиёти ва журналистикасининг таниқли намоёндалари билан танишиб, улар билан ҳамсуҳбат бўлганмиз. Домла уларни биз талабалар ўқув аудиторияси ва тураржойларига тез-тез таклиф этиб турар, жонли мулоқотлар ўзига хос тарзда давом этар эди. Бугун эса, таниқли адибларимиз билан уюштирилган ўша пайтлардаги учрашувлар, мулоқот, қизғин баҳс ва мунозаралар ўз натижаси, самараларини бераётганига ҳар лаҳзада амин бўлиб турибмиз.

Домланинг кўринишлари бир мунча жиддий бўлиб, салобатлари боссада, талаба-ёшларни ўзларига яқин тутар, улардан қимматли маслаҳатларини асло аямас эди. Анча фаол, билимдон талабаларни бироз эркалаб, елкасига енгилгина қоқиб, уларга “мавлоно”, деб мурожаат этар эдилар. Бу талаба учун яхшигина сийлов эди, албатта. Шу боис, профессор Очил Тоғаев ва факультетимиздаги у киши каби илм-фаннинг фидойилари, меҳрибон устозларнинг сабоқларини олган ихчамгина, аммо аҳил-иноқ гуруҳимиздан ҳам анча-мунча иқтидорли журналист, адиб, шоир ва олимлар етишиб чиқди. Улардан “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, таниқли ёзувчи Алишер Ибодинов, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, олима Кавсар Турдиева, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” Анвар Абдувалиев ва Кенесбой Реймов, таниқли шоиралар Замира Рўзиева, Марямжон Холмуродова ва бошқа ижодкор, журналистларни мисол сифатида келтириш мумкин.

Очил Тоғаев университетга   ўқитувчи бўлиб келгунига қадар нуфузли газеталарда ва барчанинг севимли журнали — “Шарқ юлдузи”да ишлаган, дарсда домла назарий билимларини амалиёт билан бирга олиб борар, шунинг учун ҳам унинг ҳар бир дарси қизиқарли, мазмунли ўтар эди.

Домлада ўзига хос бир одат бор эди: у талабаларнинг давоматини назорат қилиб ўтирмас, сабаби, талабалар унинг дарсларида тўлиқ қатнашар эди.

Домла жуда сермаҳсул олим эди. 70-йилларнинг бошларидан Очил аканинг журналистика жанрлари ва муаммоларига бағишланган йирик, сермазмун китоблари республикамизнинг нуфузли нашриётларида босилиб чиқа бошлаган. “Ўзбек бадиий пуб­лицистикаси” (1973 й), “Публицистика жанрлари” (1976 й), “Адиблар ва жанрлар” (1976 й), “Прометей олови” (1985 й), “Ибратли сабоқлар” (1978 й) китоб­лари домланинг ҳақиқий ижод маҳсули, қолаверса, профессор Очил Тоғаевни кенг жамоатчиликка танитган ҳам ана шу йирик ва сермазмун дарслик, ўқув қўлланмалари бўлди. 70-80-йилларда журналистика назарияси бўйича ўзбек тилида дарслик, ўқув қўлланмалари жуда кам, бу талабаларга ўқиш давомида анча-мунча қийинчиликларни юзага келтирар эди. Ўша давр талаба ва тадқиқотчиларининг аксарияти профессор Тоғаевнинг китобларини мутолаа қилиб, улардан сабоқ олганлар.

О.Тоғаевни олим сифатида кўпчилик танир, ҳурмат қилар эди. Кечагидек эсимда, 1984 йилнинг баҳор фасли. Факультетда ёш ўқитувчи сифатида эндигина иш бошлаган пайтларим. Москва давлат университетининг профессори, журналис­тика назарияси бўйича таниқли олим ва шу соҳа бўйича кўп­лаб дарслик, ўқув қўлланмалари муаллифи Е.Прохоров факультетимиз талабаларига маъруза ўқиш учун таклиф қилинган эди. Москвалик олим Тошкентда ўн кунча бўлиб, талабаларга мароқли маърузалар ўқиди, факультетимиз билан яқиндан танишди. У бир куни домла Тоғаевнинг дарсларига кирган, унинг қизиқарли, мазмунли маърузаларини тинглагач, жуда мамнун бўлиб чиққан эди.

Очил Тоғаев устоз сифатида талабаларга маъруза ўқиш билан чегараланиб қолмасдан, ўзи ҳам “Айтганларимга амал қиламан”, қабилида иш тутган ҳолда, буларнинг исботи сифатида республикамизнинг ўша даврларидаги нуфузли газета ва журналларида бугуннинг гапини айта оладиган йирик-йирик мақолалари билан тез-тез чиқишлар қилиб турар эди. Ҳали-ҳануз хотирамизда. 80-йилларнинг ўрталари — “қайта қуриш”, дея   аталувчи кампания бошланган давр, собиқ СССР парчаланиб кетишга маҳкум, собиқ КПСС эса мавқеини йўқотаётган пайт­лар. Неча йиллар давомида халқимизнинг юрагида йиғилиб қолган қат-қат дардлар юзага қалқиб чиқаётган талатўп давр. Республикамиздаги экологик ҳалокатнинг хавфи, жамиятдаги адолатсизликлар, аёлларимизнинг ўзига ўзи ўт қўйиши, бутифос оғуси одамларнинг ёстиғини қуритаётгани, Россиядаги ҳарбий қисмлардан аскар йигитларимизнинг ўлиги темир тобутларда келаётганлиги ва ҳоказо. Бу каби муаммоларни фақат оммавий ахборот воситалари орқалигина кўтариб чиқиш мумкин эди. Шу йиллари Очил Тоғаев публицист сифатида енг шимариб, ишга киришиб кетди. Унинг ўшанда энг нуфузли ва халқимиз севиб ўқийдиган ҳафталик нашр — “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, ёшларнинг севимли нашри “Туркистон” газеталарида қатор ўткир мақолалари босилиб чиққан, уларнинг ҳар бири ижтимоий аҳамиятга молик, воқеа бўладиган публицистик руҳ уфуриб турган, кўпчиликнинг юраги, қалбидаги, кўнглидаги гаплар эди.

Очил ака республика Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси сифатида ҳам фаол инсон эди. Унинг Ёзувчилар уюшмасининг мажлислар залидаги   экология, ўзбек тилини давлат тили сифатида тан олиш, Орол муаммоси, Бўстонлиқни асраб қолиш ва бошқа муҳим муаммоларга бағишланган ҳамда қизғин баҳс, мунозараларга бой бўлган кўп­лаб йиғинлардаги сермазмун чиқишларига гувоҳ бўлганмиз.

Ҳар тўкисда бир камчилик бўлади деганларидек, Очил аканинг табиатида ҳам тоғликларга хос бироз ўжарлик, баъзида эҳтиросга берилиб кетиш ҳоллари бўлган. Аммо у кўнгли тоза, ижтимоий адолат, ҳақиқат учун ортга чекинмасдан курашадиган самимий, фидойи инсон эди.

Очил Тоғаев республикамиз мустақиллигини кўп орзу қилар, том маънода ватанпарвар, миллатсевар инсон бўлиб, бу хислатлар у ёзган ҳар бир китоб, мақоласи-ю ёшларга ўқийдиган маърузаларида бўй кўрсатиб турар эди. Устоз Очил ака ҳаёт бўлганида, мустақиллигимиздан руҳланган ҳолда   эмин- эркин ижод қилиб, том-том китоблар ёзган, яна қанчалаб шогирдлар тайёрлаган бўлар эди. Аммо устоз ёзган китоблар, ҳали ҳам аҳамиятини йўқотмаган, дардчил ва жанговар публицистик мақолалари ва сабоқ берган шогирдларининг катта-кичик муваффақиятлари   устоз Очил Тоғаевни доимо эслатиб туради.

Юсуф ҲАМДАМОВ,

филология фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + fifteen =