Устоз ҳақида сўз

Қашқадарё бўйлаб сафаримни якунлаб, аэропортга келсам, бир таниш чеҳра менга қараб юзланяпти. Қарасам, хизмат кўрсатган журналист Қурбон Эгамбердиев. Рес­публика радиосида жавлон уриб, кейин вилоят Телерадио қўмитасини бошқарган эмасми, дарҳол сўз бош­лади:

— Ҳозиргина Тошкентдан учиб келдим, — деди у, — Кеча халқ артисти, “Маҳамад чатоқ” деб эъзозланувчи Пўлат Саидқосимовнинг муборак 80 ёшини нишонладик. Курсдошлар йиғилиб сизнинг устозингизни ҳам эсладик.

— Тушунмадим.

— И-е, эшитмаганмисиз?! Ахир биз Жўравой билан Театр ва рассомчилик инс­титутига ўқишга бирга кирганмиз. Афсуски, йўлларимиз айро тушиб, актёр бўлолмадик…

Шунда, устознинг армон билан айтганлари ёдимга келди: “Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида артистликни орзу қилган йигит оилавий маломатларга қоларди. Шунинг учунми отамнинг саҳнага чиқиб, “яллачи”, “сатанг”, “ўйинчи” номини олиб, юзимни ерга қаратмоқчимисан, деган сўзларини унутолмайман. Шу тариқа “Ота рози — Худо рози”, деганларидек, саҳна орзусидан кечиб, ўқитувчилик йўлига ўтиб қўяқолганман. Начора, актёр бўлганимда “Бой ила хизматчи”даги Солиҳбой ролида ўйнашни ният қилгандим.”

Ҳа, дейман ўзимча. Дарҳақиқат, устознинг юриш-туриши, қарашлари, гавда-келбатида   актёрларга хос сифатлар кўзга ташланиб турарди. Ўзаро муносабатларда унинг юзида ботиний ва зоҳирий кечинмалар ифодаси гавдаланарди. Унинг руҳиятидаги бундай кўринишлар эса институтни битириб, тил ва адабиёт ўқитувчиси сифатида ёшларга сабоқ беришида ҳам асқотди. Ўқувчиларнинг   устоздан кўз узмай, унинг дарсларини мароқ билан тинглашлари ҳам шундан, дейиш мумкин. Наманган тумани тег­расидаги Тошбулоқда, кейин   Сирдарё вилояти, Гулистон туманидаги мактаб­ларда ишлаб ҳаётий таж­риба тўплади. Кўрган-кечирганларини қоғозга   туширишга бўлган иштиёқи эса уни ижодхоналар сари етак­лади.

Устоздаги кенг фикрлаш, хаёлотга берилиш, сўз бойлиги, баённомани тасаввур этиш каби хислатлар пойтахтдаги “Темирйўлчилар газетаси”да илк фаолият бошлаган чоғларидаёқ эркин қалам тебратишга имкон берди. Турли янгиликлар, илғор тажрибалар, ишлаб чиқариш зарбдорлари, айниқса, иқтисодиётга оид муаммоларга бағишланган чиқишлари назардан четда қолмади. Ундаги лаёқатни зимдан кузатган “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекис­тон овози”) газетаси   раҳбарияти жамоага таклиф қилиб, синов тариқасида ишга қабул қилди. Ўша давр­­да ўзбек журналистикаси   дорилфунуни ҳисоб­ланган бу ижод даргоҳида иш бошлаган Жўравой Холқосимов учун порлоқ келажак сари йўл очилди.

— Жўравой ака билан олтмишинчи йилларнинг охирида танишганман, — деб эслайди шу даргоҳда қарийб эллик йил қалам тебратган, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, таниқли журналист Ҳайдар Носиров. — У пайтлар газета таҳририяти Навоий номидаги катта театр қаршисидаги уч қаватли кўркам бинода фаолият юритарди. Иккинчи қаватнинг бошида, мусаҳҳиҳлар бўлими қаршисидаги “Саноат, қурилиш ва транспорт” бўлимида ходим, ҳасос журналист Абдуллажон Абдуқодиров мудир эди. Ишга янги келган пайтларим айланиб юриб шу хонага кирсам Жўравой ака ўтирган эканлар. Танишган   бўлдик, менга андак йўл-йўриқ кўрсатдилар. Қўлларида бир саҳифалик мақола бўлиб, “Совет Ўзбекистони” махсус мухбири Жўравой Холқосимов” деган ёзув бор эди. Эртасига газетани очсам салобатли бу материал Навоий олтин-кон захирасига бағишланган танқидий-таҳлилий мақола экан. Вақти келиб бизларга ҳам ана шундай чиқиш­лар насиб этсин, дея ният қилдим ичимда.

Кўп ўтмай таҳририятда ўзгаришлар юз берди. Ажойиб фельетончи Воси Маҳкамов ўрнига Жўравой ака тасдиқланиб, бизга, яъни “Ахборот ва спорт” бўлимига мудир бўлиб ўтдилар. Устознинг бароқ қоши, нимтабассуми кишини ҳайратга соларди. Ҳақиқий мураббий сифатида у кишидан кўп нарсаларни ўргандим. Устоз ўз даврининг етук дарғаларидан бўлиб келган Расул Раҳмон, Эътибор Охунова, Жуманиёз Жабборов, Маъруф Назаров, Хабиб Нўъмонов, Оҳунжон Ҳакимов, Яҳё Тўхтаев, Холбек Ёдгоров, Неъматжон Улуғжонова, Муроджон Мансуров, Анвар Эшонов, Маҳкам Маҳмудов, Абдукарим Набихўжаевлар билан жуда яқин эдилар. Шогирдлари ҳам кам бўлишмади. Ҳошим Қодиров вилоят мухбири даражасига етган бўлса, ҳар соҳага қизиқувчан Намоз Саъдуллаев аввалига газетанинг “Қиш­лоқ хўжалиги” бўлимини бошқариб, кейин Олий Кенгаш депутати, хизмат кўрсатган журналист, маълум муддат “Халқ сўзи” газетасида муҳаррир вазифасини бажарувчи бўлди.

— Акамга бўлган иззат-икром қанчалар эканини ўлкамиз бўйлаб сафарларда ҳис этганман, – дея ҳикоя қилади “Фахрий автотранспортчи” Эргаш Холқосимов. – Етмишинчи йиллар бошида иш юзасидан   Хоразмга боргандим. Ишларимни битириб аэропортга чиқсам, кассада чипта йўқ дейди. Йўлини тополмай бошим қотди. Вақт кетяпти. Таваккал қилиб, “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятига йўл солдим. Борсам қабулхона бўм-бўш. “Бош муҳаррир Эгам Раҳимов” ёзувли   эшикнинг қия очиқлигидан фойдаланиб тўғри кириб боравердим.

— Ассалому алайкум!

— Эй, келинг меҳмон! Қани марҳамат ўтиринг-чи.

Ўрнидан туриб, самимий мулозамат кўрсатаётган инсоннинг муомаласидан кўнглим сув ичгандек бўлди. Гапни чўзмай муддаога ўтавераман, деб оғзимни жуфтлаган эдим, мезбоннинг ўзи сўз бошлаб қолди.

— Кўзимга иссиқ кўриняпсиз. Ажойиб инсон, дўс­тим Жўравойга нақ қуйиб қўйгандек ўхшаркансиз…

— Холқосим отанинг зурёди,   Жўравойнинг иниси бўламан, — дедим севинганимдан.

— Хўш-хўш, келинг, қайси юмушлар билан бизни йўқлаб қолдиз, эшитаман, хизмат. Самолётга чиптанинг танқислигини, шу бугун учмасам бўлмаслигини тушунтирдим.

— Шунақами, ҳозир, — деди-да телефонда шоф­ёрини чақириб, “манави меҳмонни аэропортга етказиб, брончиптадан фойдаланиб, парвозни кутиб, кейин қайтасан”, — дея уқтирди. Қўлимни маҳкам сиқиб, сафарингиз бехатар бўлсин, Жўравойга кўпдан-кўп салом айтинг, деганича мени кузатди.Мен эса парвоз бир маромда давом этаркан акамнинг касбига меҳрим ортганини қалбан ҳис этдим.Акамни билган, у билан ишлашган, устозу шогирдларига яқинроқ бўлишга, керак бўлса дўстлашишга ахд қилдим…

Ҳа, устознинг кимлиги, нимага қодирлиги, ботиний ва зоҳирий имкониятлари етмиш тўртинчи йилдан, яъни газета таҳририятининг “Саноат” бўлимига   мудир бўлиб ўтганларидан кейин яққол кўзга ташлана бошлади, дейиш мумкин. У киши интизом ва масъулиятни биринчи ўринга қўярди. Бўлимда   ижобий-­ижодий муҳитни яратишга аҳамият берарди. Ўзига хос вазминлик,   сермулоҳаза, етти ўлчаб, бир кесиш, камтарлик билан овозга куч бермаслик каби фазилатлар соҳиби бўлгани учун ҳам ҳар қандай суҳбатдош кўнглига йўл топа оларди. Ходимларини бир-биридан камситмас, уларнинг ўз феъл-атвори, қизиқишига қараб топшириқлар берарди. Ҳа, энди иш бор жойда камчилик ҳам бўлиши табиий. Лекин устоз жаҳл ёки зарда ўрнига   босиқлик билан бизни йўлга соларди. Шунинг учун ҳам маҳсус саҳифалар, янги топилма ва рукнлар, муаммоли масалаларга оид таклифлар   раҳбарият томонидан маъқулланар, биз эса бундан руҳланиб, ғайрат кўрсатишга интилардик.

Бузилмас иттифоқ деб аталувчи, мамлакат ва давлат бошқарувини   партия ўз қўлига олган ўша замонда ҳам жамоадаги бошланғич партия ташкилотига котиблик қилиш Жўравой акага ишониб топширилган эди. Устоз эса ҳар бир фирқа аъзоси билан алоҳида суҳбатлар қуриш орқали, ходимни ишчанлик, ташаб­бускорлик сари етакларди. Бу   эса газетани янада таъсирчан, жанговар ва ўқимишли бўлишида ўз самарасини берарди. Юқори ташкилот ва таҳририят раҳбарияти томонидан қўйилган вазифаларни вақтида ва сифатли бажарилишида бош муҳаррирга яқин ёрдамчи бўлди. Қисқаси, Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда, эътиқодга собитлик ҳурматга лойиқ фазилатдир.

Ҳа, Жўра Холқосимов ана шундай ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди. У оилапарвар, меҳрибон падар, ғамхўр инсон, маҳалла ва қариндош-уруғлар орасида ажойиб маслаҳатчи, аёлларини “сизлаш”ларининг ўзиёқ бир намуна бўлган. Деярли ҳар куни ишдан қайтаётиб, инилари Эргашнинг хонадонига кириб, ҳол-аҳвол сўраб ўтиш ҳам ҳаммага эмас. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, бир неча орден ва медаллар соҳиби Жўравой Холқосимов ҳаёт бўлганларида шу кунларда тўқсонинчи баҳорни қаршилаган бўлар эди. Зеро, бир донишманд айтганидек, иқтидор   соҳибларининг чинакам умри кейин бош­ланади. Устознинг муборак   исмларини ҳали-ҳануз энтикиб тилга олишимиз ҳам балки шундандир. Нима бўлганда ҳам у кишининг руҳи жигаргўшалари, турли китоблари, дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдларининг   ширин хотираларида яшамоқда.

Эркин ХЎЖАЕВ,

меҳнат фахрийси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 1 =