ФУТБОЛДАГИ ФАЛОКАТЛИ ЙИЛ ВА ЙЎЛЛАР

Ўзбек футболининг фахри саналган “Пахтакор” жамоасининг 17 нафар аъзоси авиаҳалокатга учраб ҳалок бўлганига 11 август куни 44 йил бўлди. Бу дегани орадан салкам ярим аср ўтди. Ҳозир уларнинг набиралари ҳам камида йигирма, йигирма беш ёшга етиб қолди. Бу давр оралиғида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида анча-мунча ишлар амалга оширилди. Улғайиб қолган фарзандлари, бева қолган аёллари, ака-укалари йўқланди. Бу борада эсланадиган тадбирлар, воқеалар кўп бўлди. Аммо… аммо шуниси борки,  журналистлар 44 йилдан буён “Пахтакор-79”нинг 17 нафар аъзосини хотирлаш учун футбол жамоатчилиги, хориждан келган меҳмонлар ва мухлислар Тошкент шаҳридаги “Боткина” қабристонига тўпланишди, дея хабар беришади.

Тўғри, ушбу қабристонда 17 нафар футболчи учун рамзий ёдгорлик ўрнатилган. Аммо “Боткина”га “Пахтакор-79”нинг авиаҳалокат натижасида оламдан ўтган фақат 5 нафар аъзоси дафн қилинган, холос. Қолган 12 нафарининг хоклари рамзий бўлса-да, туғилган жойларидаги қабристонларга кўмилган. Масалан, Сирожиддин Бозоров — Самарқанд, Шуҳрат Эшбутаев — Навоий, Владимир Собиров эса Бухоро вилоятида мангу қўним топган. Шу ўринда бир савол туғилади: нима учун вилоятлар ҳокимлари ва футболга алоқадор раҳбарлар, ҳомийлар “Пахтакор-79”нинг эсда қоладиган каттароқ хотира тадбирларини пойтахтдан четдаги футболчилар дафн қилинган қишлоқ ёки шаҳарларда ҳам ташкил қилишмайди? Маблағ йўқми ёки рухсат берилмайдими? Тўғрисини айтганда, биз 1979 йилда парчаланган СССР таркибида эдик. 1991 йилга қадар хотира маросимлари шу тизим пешволарининг талаби, хоҳиши асосида номигагина ташкил қилинган. Москвадан ёки собиқ Иттифоқнинг бошқа республикаларидан футболчилар, мутасаддилар Тошкентга келиб, “Боткина”га 17 та гулчамбар қўйишган, “Пахтакор” билан футбол “спектакл”ини намойиш қилиб, еб-ичиб қайтиб кетаверишган. Бу аччиқ ҳақиқатни сира инкор этиб бўлмайди. Орадан йиллар ўтди. “Пахтакор-79”га қарши ўйнаган собиқ Иттифоқ  футболчилари кексайиб, кучдан қолишди. Вазиятдан келиб чиқиб, 11 август куни Тошкентга келадиган МДҲ жамоаси фахрийлар номини олди. Ҳозир ҳам уларнинг баъзилари келиб кетишади. Хўжакўрсинга ўсмирлар ва ёшлардан иборат жамоаларни ҳам олиб келиб, мусобақа ўтказиш кейинги йилларда анъанага кирди. Аммо бундан ўзбек футболига ҳам, марҳум 17 нафар футболчининг яқинларига ҳам ҳеч қандай наф йўқ. Менимча, хотира тадбирининг андозасини янгилаш керак. Замон, талаб ва авлодлар аллақачонлар ўзгарди.

Янглишмасам, “Пахтакор-79”дан Минскка (“Динамо” жамоаси билан учрашувга) олиб кетилмаган 13 нафар футболчи тирик қолган эди. Йиллар давомида уларнинг ҳам  9 нафари оламдан ўтди. Нима учун ушбу футболчилар ҳам “Пахтакор-79” аъзоси сифатида ёдга олинмайди. “Пахтакор” ўйингоҳи, футбол ассоциацияси ёки бошқа жойда марҳум футболчилар учун рамзий ёдгорлик ўрнатилса бўлади-ку. Улар ҳам Ан, Чуркин, Загуменних, Эшбўтаев, Бозоров, Пакатиловлар билан бир жамоада ўйнаган. Буни тарихдан ўчириб бўлмайди. Хотирамиздан ўчадиган бўлса, ўрнатилган ёдгорликлар, ўтказилган тадбирлар, ёзилган китоблар эсимизга солиб туради. 2050 йилнинг одамлари “Пахтакор-79”да фақат 17 нафар футболчи бўлган ва уларнинг ҳаммаси икки самалётнинг тўқнашуви туфайли ҳалок бўлган, деган фикрга келмаслиги учун ҳам хотирлаш мазмунини қайта кўриб чиқиш керак эмасми?

Ўтмишда “Пахтакор” жамоаси таркибида футболни мукаммал тушунадиган ва қо­йилмақом ўйнайдиган шахслар ниҳоятда кўп бўлган. Улардан бири сўзсиз Геннадий Красницкийдир. У 1958 йилдан 1970 йилга қадар 13 йил давомида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли жамоасида ўйнаб, олий ва биринчи лигаларда, кубок мусобақаларида рақиблари дарвозасига 142 бор тўп киритган. “Пахтакор” тарихида биринчи бўлиб собиқ Иттифоқ спорт устаси унвонини қўлга киритган. Аммо маҳоратли футболчи сифатида танилиб бориш баробарида 20 ёшидан бошлаб ичкиликка берилганлиги оқибатида 1960 йилда бир йил муддатга футболдан четлатилган.

Красницкий ўз даврида  собиқ Иттифоқ чемпионатидаги барча ҳимоячиларни, дарвозабонларни кучли зарбаси билан қўрқитиб олган ягона футболчи саналган. Тошкентда Москванинг “Спартак” клубига қарши учрашувда майдон марказидан кучли зарба йўллаб дарвозани аниқ нишонга олган. Собиқ Иттифоқ терма жамоасига ҳам уч бор таклиф қилинган. Бироқ таассуфки, ичкилик ва баджаҳллик уни футболда қўлга киритиши мумкин бўлган жуда кўп унвонлардан, мукофотлардан маҳрум қилганлиги бор гап. Тўғри, ҳозир бу гапларни айтиш, бугун гапириш эҳтимол шарт эмасдир. Лекин ёрқин юлдузларни ўз ҳаёти, керак бўлса, фожиалари билан қабул қилишимиз керак. Сабаби сохта гаплар, ёлғон “кўтар-кўтар”ларсиз ҳам улар спортимизнинг ҳақиқий юлдузлари эди. Биз эса борини — борича қабул қилишни энди ўрганишимиз шарт. Бу нохуш тафсилотларни камина бир футбол мухлиси сифатида келтиряпман. Геннадий Красницкий 1988 йил Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳрида икки жамоа ўйинига инспекторлик қилиб бўлгандан сўнг фожиали тарзда оламдан ўтган. Орадан кўп ўтмай унинг рафиқаси, фарзандлари ҳам вафот этишади. Шундай маҳоратли футболчининг номидан, оиласидан бугун асар ҳам қолмади. Қачонлардир унинг футболдаги бетакрор голлари, абжирлиги, мард ва тантилиги, элпарварлиги тўғрисида китоб ҳам нашр қилинган эди. Аммо бу китоб оз нусхада чоп қилинганлиги туфайли ҳозир жуда кам футбол ишқибозларининг қўлида қолган.

Мени бир нарса кўп ўйлантиради: 2030-2040 йилларнинг авлоди Красницкийнинг кимлиги билан ҳам қизиқмаса керак. Рос­ти, миллионлар ўйини бўлган футболнинг ишқибозлари бор экан, марҳум пахтакорчилар эслаб турилиши, ҳеч бўлмаса, эслатиб турилиши керак. Хўш, уларнинг номини ўзимиз кейинги авлодларга эслатиб туролмаймизми? Бу қўлимиздан келади. Фақат масалага адолат ва ҳафсала билан ёндашсак бас. Нима бўлганда ҳам Г.Красницкий Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси, дея тан олинган. 2006 йилда ўлимидан сўнг “Шуҳрат” медали билан мукофотланган. Бу расмий ҳужжатларда баён қилинган. Кейинги 100 йилликдаги авлодлар буни, албатта, билишлари лозим.

“Пахтакор”да Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқовлар билан бирга моҳирона тўп сурган яна бир футболчи – Ҳамид Раҳматуллаевнинг тақдири ҳам минг афсуски, фожиа билан тугаган. У 1942 йилда Тошкентда туғилиб, республикамизнинг бош жамоасида 192 та учрашувда майдонга тушиб рақиблари дарвозасини 20 бор аниқ нишонга олган. Тақдирнинг бешафқатлигини қарангки,  Раҳматуллаев айнан кучга тўлган чоғида автоҳалокатга учраб, 1978 йил 36 ёшида вафот этган.

Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришгач, терма жамоамиз футболчилари  Ватанимиз номидан халқаро майдонда тўп сура бош­лади. Жамоамиз 1994 йил Японияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида  илк олтин медалларни қўлга киритиб, Осиё чемпиони бўлган эди. Ўша пайтда терма жамоамиз мураббийлиги Рустам Акрамовга ишониб топширилди. Осиё қитъасида “Футбол профессори”, дея ном чиқарган Акрамов ҳам, афсуски, бугун орамизда йўқ. Унинг қўл остида терма жамоамизнинг Осиё ўйинларидаги ғалабаларига муносиб ҳисса қўшган Улуғбек Рўзимовнинг насибаси ҳам ҳаётдан жуда эрта узилди. Улуғбек 1968 йил Хоразм вилоятида туғилган эди. “Пахтакор” сафида салкам 100 бор майдонга тушган. Ўзбекистон терма жамоасидан 23 бор таклиф олиб, икки марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган. Бешафқат ўлим бу ҳамюртимизни ҳам жуда эрта, яъни 36 ёшида орамиздан олиб кетди.

Шонли “Пахтакор” ҳамда терма жамоамиз таркибида ўзгача иштиёқ билан тўп сурган футболчилар орасида Николай Ширшовнинг ўрни  бўлакча эди. Ширшов ёш бўлишига қарамасдан пойтахт жамоаси таркибидан 159 учрашув ўтказиш баробарида дарвозабонларни 16 бор доғда қолдирган. Терма жамоамиз таркибида уч бор Осиё чемпионати мусобақаларида қатнашиб, ўзидан муносиб из қолдирган. Минг бор афсуслар бўлсинки, Николай Ширшов ҳам 2021 йилнинг 28 декабрида 47 ёшида юрак хасталигидан вафот этади.

“Пахтакор-79” ҳақида гап кетар экан, 11 август куни Геннадий Красницкий, Ҳамид Раҳматуллаев, Рустам Акрамов, Улуғбек Рўзимов, Николай Ширшов каби тақдири фожиали кечган, орамиздан эрта кетган футболчиларни ҳам хотирлагимиз келади. Устоз журналист, тажрибали ҳакам, хассос шарҳловчи, ўзбек футболининг фидо­йиси, марҳум Ахбор Имомхўжаев номини ҳам “Пахтакор” ва терма жамоамиз билан боғлаймиз. Ушбу буюкларимизнинг хизматлари ҳам ўзбек футболи тарихидан ўчиб кетмаслиги шарт.

Ҳа, мухтасар айтганда, 1979 йилдан то 2022 йилга қадар футболимизда эришилган натижалар билан бирга йўқотишлар ҳам юз берганлигини бугун ҳеч ким инкор этмайди. Уларнинг ҳаммасига биргина мақолада тўхталиш, таърифлаш ва таҳлил қилиш жуда қийин. Қиссадан ҳисса шуки, тарихни тўлиқ билмасдан ва тикламасдан футболни ривожлантириб бўлмайди. Бу борада хўжакўрсинга иш қилиш ҳам ҳеч қандай наф келтирмайди.

Нормурод МУСОМОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + 14 =