Мисли қутб юлдузи

Инсонлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида ўйлаганда турли ҳолатлар кўз олдимизга келади. Баъзан Яратгандан омадимни бер, деб сўраш, аслида, яхши одамга дуч келтиришини сўраш эмасмикан, деган хаёлга ҳам борамиз. Чунки “омад” деганлари кўзга кўринадиган нарса эмас-да, лоп этиб олдингдан чиқиб қолса! Лекин бир одамнинг яхши маслаҳати ёки насиҳати кўп эзгуликларга йўл очиши мумкинки, худди шуни “омад”, деса бўлади. Масалан, умр йўлдоши танлашда иккиланиб юрган йигитга берилган тўғри йўл-йўриқ туфайли кимдир унга энг азиз одам бўлиб қолиш мумкин, негаки, куёвбола келиндан ёриб-ёлчиб кетган бўлади.

Кўплаб шогирдларнинг устози, профессор Бойбўта Дўстқораев ҳақида ўйлаганимда, ана шундай фикрлар тахайюлимдан ўтди. Одамохун, ўз соҳасини яхши биладиган, атрофида ёқимли муҳит пайдо қилган бу инсоннинг кўпларга алоҳида илтифоти бўлгандир, аммо мен учун бундай марҳамат бошқаларга асло ўхшамайди. Унинг қадри шунчалик баландки, устоз билан тасодифий учрашув ҳаёт йўлимни бутунлай бошқа изга солиб юборган. (Бу ҳақда автобиографик “Соғинч” романимда ҳам муфассал тўхталганман). Бинобарин, гап мана бундай.

Кекса ота-онамнинг хизматини қилай деб, яна уларнинг хоҳишини ижро этиш учун уйланиб, “бола-чақали бўлиб”, қишлоқда қолиб кетгандим. Гарчи сиртдан ўқиб, олий маълумот олган, мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бериб, бинойидек ишлаб юрган бўлсам-да, кўнгилда бир армон яшарди: мактабни битираётганда “Ким бўласан?” деган саволга “журналист бўламан” деб жавоб берганман ва шу орзуим менга ҳеч тинчлик бермасди. Билмадим, журналист деган сўзнинг жаранггими (ростдан, бу сўзнинг садоси кўпларни мафтун қилиб қўяди) ёки ризқим шу соҳадан ёзилгани ҳақиқат эканми (қарийб қирқ йиллик онгли ҳаётим шу соҳада ўтаяпти), ўзимни енга олмас ва ўша хаёлий қисматга интилардим.

Ажойиб кунларнинг бирида, баҳорги каникул вақти синфдош дўстим Болта билан (мактабда бирга ишлаймиз, у рус тили ўқитувчиси) минг бир илинж қуршовида Тошкентга йўл олдик. Бу пайтга келиб, чамамда, журналист бўлишдан умидимни ҳам узган (бу соҳа қўл етиб бўлмас арши-аълодек туюларди), лекин тор муҳитни тарк этишни дилимга туккандим: ўқитувчининг обрўси тушиб кетган, умри пахта даласида ўтади, чаласавод бригадир ҳам хўжайин… Ботинимда нимадир ғимирлар, шеърлар ёзар, редакцияларга жўнатиб, тўмтоқ   жавоблар олар, оғриган бошим жавоблардан яна баттар оғрирди. Туман, вилоят газеталарига хабарлар ёзиб турар, ҳатто жамоатчи мухбир ҳам бўлиб қолгандим. Илмий-педагогик мавзуда мақолалар ёзардим, улардан иккитаси (“Ҳуснихат ҳам ҳусн”, “Иншода эпиграф”) Халқ таълими вазирлигининг нуфузли журнали “Совет мактаби”да эълон ҳам қилинганди. Хуллас, нимадир барибир ичкарида безовта қилар, уни енгиш иложи бўлмас, имконият эса чекланган эди.

Ниҳоят, “Ҳар куни ўлгандан бир кун ўлган афзал” деганларидек, кўзни чирт юмиб, пойтахтга йўл олдим ва иқтидоримни чамалаб, феълимда воқеа-ҳодисалар моҳиятини англашга интилиш, борлиқни яхлитликда ва кечаётган воқеаларни узвийликда тасаввур қилиб, хулосалар чиқариш иштиёқи борлигидан фалсафа йўналишида ўқийман, деб ният қилдим. Ниятимни фалсафа факультети раҳбари — назокатли аёл хонимга баён қилганимда, “Сиз тайёр файласуфсиз” дегандек қилиб, “Ундан кўра илмий иш қилинг, бу ўқишдан маъни йўқ” деган жавоб бўлди. Мени қабул қилишмас экан. Жуда хафа бўлдим, ўртоғим далда берди. Бош қотди. Қайтиб кетаверишга эса оёқ тортмайди. Тошкентга келиш ҳам осон эмас, қандай орзуларим бор эди-я?!

Айни паллада тоғликларга хос ўжарлигим тутдими ё ризқ-насиба тортиб турган эканми, менда тасодифан ўша қўл етмас масканни бир кўриш иш­тиёқи жўш урди, нимадир уйғонди. Энг охирги илинж сифатида журналистика факультетига бориш, бу даргоҳнинг бахтли талабалари қандай шароитда ўқиётганини кўриш ҳамда   майдонни бир айланиб, юракдаги оловга сув сепиш ва …шундан кейин қайтиб кетиш истаги бош кўтарди. Олой бозори тарафдан эзилиб, Вузгородок — “Талабалар шаҳарчаси”га келдик. Суриштириб, факультетни топдик.

Кечагидек эсимда. Коридор бошида тик туриб, хилват йўлакни кузатдим. Унда тасаввуримдаги ўзгача бир улуғворликни сезмадим, одми таълим даргоҳи. Поллари ўйилган, эшиклари қирилган, нимаси биландир ишлаётган мактабимга ўхшарди ва шуниси билан дилга яқин эди. Энди тасаввурларим осмону фалакдан ерга тушаётган, ўзимни истагимга лойиқ ва дахлдор ҳисоблай бошлагандим.

Занг чалинди, талабалар коридорни тўлдиришди. Уларга разм солдим, ҳаммаси ўзимга ўхшаш қора кўзлар. Алоҳида бир синоатни сезмадим. Дилим ошуфта бўла бошлади, бир таваккал қилиб, ким биландир маслаҳатлашиш истаги бош кўтарди. Яна занг чалиниб, ҳаммани ўқув хоналари бағрига олган, зал ҳувиллаб қолганди. Юрак ютиб, олға босдик, йўлакнинг охирида кенг айвон бор экан, давомида яна хоналар, уларнинг баъзилари эшиги очиқ ёки ёпиқ, одамларнинг гангур-гунгури эшитилиб туради (кейин, талаба бўлганимдан сўнг билдимки, бу тараф факультет ўрдаси – деканат экан).

Энди кўнгил бир суҳбатдош-маслаҳатчини истарди. Кутиб турдик, ҳаяжондамиз. Шу аснода ўрта бўйли, тўладан келган йигит ўнг тарафдаги хонадан чиқиб, қарши хонага кириб кетди. Менимча, мавриди келган эди, бир куч илгари бошлади. Салом бериб ичкарига кирдим-да, “Қашқадарёдан келгандим, бир маслаҳат керак эди…” деб гап бошладим. Суҳбатдошим мен биладиган “буюк”лардан шоир Туроб Тўлага ўхшаб кетар эканлар, очиқ чеҳра, самимийликлари сезилиб турибди. Мени бажонидил тинглаб, разм солдилар-да, ўтиришга таклиф қилдилар ва мен “дийдиё”мни бошладим.

Анча узоқ гаплашдик, ҳайриятки, кимдир кириб қолиб, суҳбатни бўлиб ҳам қўймади. Ҳамма гапни айтдим, “домла” ҳафсала билан тингладилар ва худди моҳир шахматчидек, ҳар бир юришнинг натижасини баҳолаб бордилар. “Ёшингиз катта бўлиб қолган экан, яна оила, бола-чақа…   Қийналмайсизми?” деган жўяли саволлар бўлди. Мен бироз эҳтиросга берилиб, “Ўқишга кириш насиб этса, ҳар қандай топшириқни бажаришга, пол ювишга ҳам розиман” тарзида жавоблар бердим. Суҳбатдошимнинг одамохунлиги, гапларимни бўлмай, ҳафсала билан тинглаши, саволлар бериб туриши далда бўлиб, роса “тўкилдим”. Хуллас, шу суҳбатдан мудраган туйғуларим жонланиб, ухлаган ҳисларим уйғониб, қанот боғлаб чиқдим. Мулоқот моҳиятидан талаба бўлиш учун бажаришим керак бўлган вазифаларни ҳам аниқ белгилаб олдим: қишлоққа қайтгач, газеталар билан алоқаларни кучайтириш, мақолалар чиқариш, мустақил равишда чет тилини ўрганиш…

Шундай қилиб, толеъим кулиб, шу йил ўқишга кирдим. Гарчи кеча ўзим дарс берган болалар билан курсдош бўлсам-да, бундай майда-чуйдаларга парво қилмас, эсини таниб қолган одам сифатида ўз йўлимни белгилаб олган, биринчи навбатда мутолаа билан жиддий шуғулланардим. Очиғи, кутубхоналардан чиқмас, устозлар адабиёт рўйхатида ёздирган барча асарни ўқиш, ҳеч қуриса, қўлимга бир ушлаб, варақлаб чиқишни ният қилгандим. Ҳамма “Журналистика факультетида ўқиш осон, кирдингми, диплом олишинг нақд” деб ўйларди, мен эса ўқишни ўзимга ўзим “қийинлаштирар” эдим: мутолаадан бўшамасдим. Завқли ва тароватли ҳаёт қўйнида эдим, орзуим ушалганидан бахтиёр, баъзи майда-чуйда қийинчиликлар, жумладан, узоқдаги оиламнинг соғинчи ҳам билинмасди. Аммо бир нарсадан хижил бўлардим: менга тўғри маслаҳатлар берган, қутб юлдузидек йўлимни ёритиб, олдинга бошлаб юборган устоз кўринмасди. Ўшанда ҳатто тортинчоқлик билан исм-шарифларини сўраб олмаганимдан ўзимни койирдим…

Ниҳоят, иккинчи курсда, саодатли лаҳзаларнинг бирида худди шу зот яна қутб юлдузидек қаршимда пайдо бўлдилар. Қайсидир бир фанни олиб борадиган мударрис — шу киши, айнан устоз Бойбўта Дўстқораев эдилар. Албатта, танаффусда бир йил олдинги гапларни эслатдим. Домланинг чеҳраси ёришиб, “Жуда бир сўзли бола экансиз-да. Энди яхши ўқинг” дедилар. Кейинги семестрда “Публицис­тика жанрлари” фанидан катта ўқитувчи Б.Дўстқораев маъруза ўқиди.

Мен “шовуллаган ўрмонларни пайхон қилиб” келган чаманзорим – орзуимдаги маскан – факультетда жуда ҳаётбахш об-ҳаво ҳукмрон эди. Устозлар ўз талабаларига умид ва ишонч билан қарашар, худди тенгдошларидек очиқ, самимий муомала қилишар (“Сочингни олдир, мана сенга 3 сўм”. Бу пулга беш марта соч олдирса бўларди. Лекин урфпараст талаба сочига қайчи тегишини хоҳламасди. Бир куни шу ҳолда устозга тўқнаш келди. “Сочингни олдирмадингми? Пулни қайтар”. Ортиқча танбеҳ, кўнгилга ботадиган ништар йўқ), бундай муҳит ўз ботинингга разм солишга ундарди. Жуда тортинчоқ эканлигимни шу ерда сездим; рус ва ўзбек тилларида баравар гапирадиган, маъруза ўқийдиган устозлар эса мактабда рус тилидан сабоқ тингламаган қишлоқи бола учун мўъжизадек туюларди: бошқа тилни шунчалар равон ўзлаштириш мумкин экан-да! Агар шундай туйғуларни уйғотадиган муҳитга етишмаганимда ўзлигимни тўла англай олмасдим, қобилиятимни чамалай билмасдим. Ростдан, истиқболимда янги олам, мовий, чексиз кенгликлар очилаётгандек эди.

Хуллас, дорилфунун хаёлкаш болаларини маърифат зиёси ва ижод илҳоми билан етарлича озиқлантирарди. Устозлар ўз ўқувчиларини авайлар, улар борлиғида буюк бир куч яширинганига ишонардилар гўё. Шундай ҳам бўлиб чиқарди. Журналистика факультети миллий зиёлилар сафига жуда кучли қатор (плеяда)ни етиштириб бергани билан ифтихор қилади. Бугун кўплаб машҳур шоир ёки ёзувчи, публицисту жамоат арбоби ўзини учирма қилган алма-матер сифатида ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журфакни тилга оладики, бу ҳол тасодиф эмас. Бу даргоҳнинг қучоғи саховатли эди, негаки, устозлар улуғ шахслар эдилар. Уларнинг сафида Бойбўта ака муносиб тарзда эътироф этиларди.

Ана шундай муҳитда мен ҳам ўз оролимни излар, қайноқ муҳит бағрида эдим. Ҳаётий тажрибаларим ҳар лаҳзада асқатар, айниқса, вақтдан унумли фойдаланишга интилардим. Яна ўзимнинг “қутб юлдузим” бор эди: Бойбўта домланинг маърузаларини қолдирмай тинглар, репликалари-ю қилиқларигача дафтаримга ёзиб борардим. Амалий топшириқларини қолдирмай, юқори даражада эплашга уринардим. Машқларимни ўқиб, кўнгли тўлиб борди, чамаси, устоз бир сафар менга нисбатан “Қалами ўткир…” иборасини ишлатди. Курс иши сифатида эса “Лариса Рейснер репортажлари” деган мавзуни топширдики, “ғунчадек нозик, шердек шиддатли” журналист ҳақида ўқиганларим, ўрганганларим, ўзимча ўргамчик тадқиқотим ҳамон хаёлимни тарк этгани йўқ. Мен журналистиканинг табиатини, чегараларини, имкониятларини бор-йўғи 31 йил яшаган бир ҳамкасбим (агар шундай аташга маънавий ҳаққим бўлса) чақиндек умрининг мазмуни — ижоди, тақдири, ҳаёт тарзи мисолида ботинимда бино қилгандим. Тасаввуримда бўлган бу соҳа хаёлдан воқеликка, ҳақиқатга айланганди бир машҳур инсон таржимаи ҳоли таъсирида.

Энди Бойбўта ака билан муносабатлар анча теранлашган, “кўчадан ичкари ҳовли”га ўта бошлаган эди. Биринчи галда шундай етук устознинг фан номзоди, ҳатто доктори эмаслиги қизиқтирар, талабалар ўзаро “ғийбат қилар” эдик. Жавоблар турлича бўлар, фақат диссертация ёқлаш осон эмаслиги билан ҳамма саволлар ечимини топарди. Гўё домлага қийин (оғир) мавзу тушиб қолган. Кейинчалик маълум бўлдики, бу ҳол ҳам эътиқод билан боғлиқ экан. Аввало, ташқи сабаблар туфайли илмий раҳбар (Очил Тоғаев)ни алмаштиришга тўғри келган. Кейин эса мавзу ҳақиқатан “оғир” – ўша пайтларда тўлиқ “оқланмаган” жадидлар фаолияти юзасидан экан. Тадқиқотчи тезроқ олимлик дипломини олишга шошилмай, рўшнолик кунларини кутаётган, ўзи тадқиқ қилган мавзуни бутун бўй-басти билан илм оламига олиб киришни жуда-жуда истаган экан. Шундай қилиб, номзодлик ишининг ҳи­мояси оз эмас, кўп эмас 17 йил чўзилган. Ҳа, атайлаб, сунъий равишда чўзилган.

Бойбўта Дўстқораев ана шундай дунёда умргузаронлик қилар, кутиш ва умид қилишнинг яшил хиё­бонида сабр тўнини кийиб, йилларни изтиробда ўткариб, яшаётган, улғаяётган эди. Ниҳоят, мус­тақиллик бу эътиқодли илм шайдосига ҳам рўшнолик ато этди, олимлик йўлидаги тўсиқлар бартараф этилди, қулочни кенг қўйиб, ишлаш имкони туғилди. Шундай ҳам бўлди. Маърузаларида дунё журналистикасининг энг яхши намуналарини таҳлил қилиб, соҳанинг кўплаб машҳурлари ҳаёти ва ижодини тилга олиб, салмоқли мулоҳазалари билан талабаларни ҳайратлантириб юрган иқтидорли олим соҳанинг эътиборли устоз-муаллимларидан бирига айланди. Матбуот назарияси ва амалиёти кафедрасининг доценти, кейинчалик профессори бўлиб, олий таълим соҳасида узоқ ва самарали фаолият кўрсатди. Эътироф этилиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвонига муносиб кўрилди.

Йиллар шу тарзда ўтди, ҳаётнинг илгариланма ҳаракати ҳамма нарсани ўзгартириб, янгилаб бораверди. Бу орада шогирдлар ҳам улғайиб, ўз йўлини тайин этиш борасида амалий қадамлар қўйдилар. Жумладан, мен ҳам 5 йил вилоят газетасида ишлаб, яна пойтахтга қайтдим ва устоз билан янги рутбада, янгича маънавий оламда бақамти бўлдим. Бойбўта Дўстқораев илмий ишни муваффақиятли ҳимоя қилиб, ўзини тасдиқлатиб олган, тўла ҳуқуқ билан устоз мақомини қозонган эди. Шунингдек, соҳанинг жонли ҳаётини кузатиб, долзарб мақолалар ёзарди. Журналистика табиатан ижод, у қалб фантазияси, руҳоният тафаккури маҳсули. Шунинг учун муаллифнинг ижоди тадқиқ қилиб турилса, қаламкашнинг униб-ўсиши, хатолардан воз кечиб, муваффақиятларни мустаҳкамлаб бориши, “маҳсулот”нинг харидоргир бўлиши самарали кечади. Шу маънода журналист фаолиятига тадқиқотчининг назари сув ва ҳаводек зарур.

Миллий журналистикамизда яхши анъана бор эди: устоз олимлар шогирдларининг ижоди (агар шундай аташ мумкин бўлса)ни кузатиб бориб, вақтли матбуотда шарҳлар билан чиқардилар, яъни журналистнинг ёзганларини таҳлил қилиб, ўз муносабатларини билдирар эдилар. Бу ҳол мунтазам ва анъанавий давом этарди. Масалан, филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаев. “Мен халқимнинг илдизиман…” (Ёшлар публицистикаси ҳақида ўйлар)” сарлавҳали мақола ёзиб “Ёш ленинчи” — (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетаси, 1988 йил 7 июнь), 5-6 нафар ўсмирлар ижодига муносабат билдирган эдилар. Улар сафида вилоят газетасида ишлаётган мен ҳам бор эдим.

Шу эзгу амал руҳида энди мақолаларни эмас, китобларни устозларга тақдим қилиб, уларнинг муносабатини билишга интилдик. Жумладан, Бойбўта акага “Имзоли хатлар” (2007 йилда нашр этилган), “Маҳак тоши” (2008 йил) ва “Вақт манзаралари” (2009 йил) китобларимни совға қилдим. Албатта, умидим матбуотда ул зотнинг муносабатини кўриш, шу билан кейинги режаларни таҳрир қилиб олиш эди. Устоз китобларни муфассал ва узоқ мутолаа қилдилар чамаси, тақриз кўринавермас эди. Мен бехабар эканман, шу дамларда махсус топшириқ бўйича ўзбек журналистикаси тарихи бўйича ўқув қўлланмаси тайёрлаш билан жиддий банд эканлар. Лекин ҳар сафар учрашганимизда муносабатлар самимий, мутолаадан олган тассуротларини нигоҳлари ёришиб изҳор этар, “Боплагансиз” деб муттасил такрорлар эдилар. Вақт эса тўхтаб турмас, тирикчилик араваси турли манзиллардан олиб ўтарди. Афсуски, умр ҳам бевафо экан, ҳаммаси насияга қолиб кетди. Кутилмаганда беморлик устоз­­ни тўшакка ётқизиб қўйди. Бир неча йиллик дард билан олишган домламиз бугун ҳаёт бўлмаса-да, у кишидан яхши ном, яхши фарзандлар, ҳақиқий илм, китоблар, садоқатли шогирдлар қолди.

Устознинг етмиш ёшга тўлиши қандай байрам қилингани кўпчиликнинг ёдида. Ўзгача бир дўлвор самимият, кенгликларга хос саховат, ўзбекона бағрикенглик уфуриб турганди тадбирларда. Зеро, чинакам журналистикага, устозга муносабат бундан ўзгача бўлиши мумкин эмас. Бу соҳа инсоният маълум маданий босқичга кўтарилгач, ижтимоий борлиқда тан олинган. Уни ҳурмат қилмаслик, севмаслик, қаршисида бош эгмаслик мумкин эмас. Соҳибқирон бобомиз “Минглаб аскар эплай олмаган ишни бир сўз билан бажариш мумкин” деганларида келажакда шундай соҳа юзага чиқишини башорат қилганга ўхшайдилар. Бойбўта Дўстқораев (ва бошқа жами устозлар) маърузаларида таъкидлаганларидек, журналистиканинг марказида инсон олами ва унинг манфаатлари туради. Ҳаёт ҳақиқатини тасдиқлаш бу соҳа вакилларининг муқаддас вазифаси бўлиб қолаверади.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 6 =