“Қора кун”лар изтироби

Муҳаммаджон   Маҳмудов эл-юрт хизматидан чарчамайдиган одам. Ҳали ҳам давлат юмушида, кундузни кечага, кечани кундузга улаб меҳнат қилмоқда. Аммо ҳаётнинг синови кўп экан-да, бундан анча йиллар олдин,   прокуратура ходимлари (ҳозирда у ходимлар собиқ)нинг инсон тақдирига мутлақо бефарқлиги оқибатида, бошидан кечирган кўргиликларини эслар экан, беихтиёр: “Пешонамда шу ҳам бор экан-да, туҳмат балосини ҳам кўрдим”, дейди маъюс тортиб.

— Бизга юборган ҳужжатларингизни ўқиб кўриб, бошингиздан ўтказган “қора кун”лардан бирмунча хабардор бўлдик. Кўнглимизда сиз билан суҳбатлашиш иштиёқи туғилди.

Бугунги эришган ютуқларингизни эшитиб, ўша вақтлардаги йўқотишларнинг ўрни тўлганидан биз ҳам хурсанд бўлдик. Сиздаги бардош, сабр-тоқатдан ибрат олса арзигулик, аммо бундай қисмат ҳеч кимнинг бошига тушмасин, дегимиз келади. Ушбу ёруғ кунлар муборак бўлсин, дедик ва суҳбатдошимизга айрим саволлар билан юзландик.

— Ҳозир кўпроқ нималарни ҳис қилаяпсиз? Ортда қолган во­қеалар сизни безовта қилмаяптими?

— Ростини айтсам, етти ухлаб тушимга кирмаган “қора кун”лар таъмини тотганман, баъзида эсимга тушиб, тинчимни бузади. 1969 йилда мактабни тугатиб, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникумида ўқидим. 1975-1976 йилларда “Ўздаврлойиҳа” институтиниг Наманган филиалида инжинер бўлиб ишладим. Кейин Янгиқўрғон туманида хўжаликда ер тузувчи муҳандис, 1978-1997 йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокимияти ер тузиш, яъни кадастр бўлими бошлиғи вазифасида ишлаганман. Шу билан биргаликда, Тошкент ирригация институтининг Ер тузиш факультетини сиртдан тугатганман.

Буларни айтишимнинг боиси, ўтган даврда давлат, жамоат ишларида фаоллигим сабаб 1999-2004 йилларда 2-чақириқ Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгаши депутати этиб сайландим. Ўзбекис­тон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда иштирок этганим учун “Мустақиллик” кўкрак нишони, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил”, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари билан тақдирландим.

— Муҳаммаджон ака, ўзингизга маълум, ҳаёт бир текис эмас. Ўтган йилларда аксар инсонлар ноҳақликдан жабр чекишгани рост. Бугун кўпчилик ноҳақ жазога тортилганлар оқланди, яна мутахассислиги бўйича идора, ташкилот ва корхоналарда ишлаяпти. Адолат бор экан, ҳақиқат қарор топа бошлади. Сиз армон билан эсга оладиган, инсон тақдирини ўйинчоқ билганлар айби билан суднинг қора курсисида турган пайтларингиз, айтингчи, ҳеч ўйлаганмисиз, бу сизнинг хато­ингизмиди, ёки бу суд чиқарган ноҳақ қарорданмиди?

— “Инсон ҳаёти текис кечмайди”, дедингиз. Ҳаётда шундай кутилмаган, сир-синоатли ҳолатлар бўларканки, вақт тарозуси қайси томонга оғаётганини ўзингиз ҳам англамай қолар экансиз.

Мен давлат хизматида, раҳбарлик вазифаларида ишлаганимда тадбиркорлик ҳам қилганман. Инсон она юртида ўзини эмин-эркин ҳис қилиб, ёруғ юз билан, виждонан ишлаб, обрў-эътиборда умргузаронлик қилса нимаси ёмон ахир. Лекин “бу бойиб кетаяпти”, деган, кўролмайдиганлар ҳам орада чиқиб қолар экан-да.

Мен кутмаган жойда, одамни нафасини бўғувчи, тақдирини синдирувчи ҳолатлар содир бўлдики, асти қўяверасиз. Ўтган асрнинг охирги ўн йиллиги якунланиб борарди. Маъмурий зўравонлик, маъмурий рэкетга дучор бўлиб, ожиз қолдим. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан инсон тақдирининг чил-парчин қилиниши, ҳақсизлик, ҳимоясизлик, судларнинг мустақил эмаслиги, уларнинг фақат қораловчи, жазоловчи ва югурдак органга айлангани кечаги ҳаётимда ёмон из қолдирди. Лекин, Яратганга шукр, ёруғ кунлар ҳам бор экан-ку! Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакат миқёсида шаффофлик, ошкораликни таъмин этди. Кўп­лар қатори менинг ҳам бағримга эркинлик, озодлик шамоли инди.

Ҳозир менга алам қиладигани, ўшанда пенсияга чиқишимга 5 ойгина қолган эди. Кутилмаганда, 2012 йил 28 январда, мени Наманган вилоят прокуратурасига чақиришди. Улар ЎзР ЖК-нинг 168-моддаси 2-қисми “а,б,в” бандлари, 28-211-моддаси 3-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айблашди. Бошимдан капалагим учди. Агар шу жиноятларни қилган бўлсам майли дердим. Ҳатто бу “жиноий иш”дан хабарим ҳам йўқ эди-да.

Аксига олиб, суд ҳам мени тингламади, айб­ловни сўзма-сўз кўчириб, менга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Умумий тартибдаги колонияда жазони ўтадим. Ич-ичимдан ўтган азоб-уқубатларни ўзим биламан. Айниқса, тер тўкиб, меҳнат орти топган обрўйим, энди болаларимнинг кейинги тақдири нима бўлади, деган саволлар юрак-бағримни кемирарди.

— Муҳаммаджон ака, воқеа қандай бўлган ўзи? Мумкин бўлса, батафсилроқ гапириб берсангиз?

— 2010 йилнинг куз ойи эди. Ишхонамга башанг кийинган, папка кўтарган аёл кириб келди. Ўрнимдан туриб кутиб олдим. У ўзини Наманган вилоят прокуратураси ходими Фотима Ғаниеваман, деб таништирди. Кўриниши, ўзини тутиши, гап-сўзлари у орган ходими эканига менда шубҳа туғдирмади. Шу ёшгача бу тарзда алданмагандим-да, ахир. Ишондим, ҳужжатини сўрамадим. Бу менинг хатоим, албатта. Суҳбат чоғида у вилоят прокуратураси ходимлари ва бошқа орган ходимлари билан телефонда эркин сўзлашди…

Мен пенсия ёшига етганимни, оилам билан Ҳаж­га бориш ниятим борлигини бир танишимга телефонда айтгандим. Лекин бу аёл қандай қилиб хабар топди, бунисини билолмай қолдим. Ҳалигача ақлим етмайди, англолмадим. Балки ўша танишим…

У аёл дабдурустдан: “Мен кўпчиликни муборак Ҳаж сафарига жўнатганман. Сизларга ҳам ёрдам беришим мумкин”, деди. Кейин: “Ҳажга боришга таёргарлик борми ўзи”, деб сўради. Мен: “Ҳа”, дедим. “Ҳаж харажатлари тўловига ҳозирдан 6000 $ берсангиз номларингдан тўлов қилдириб қўяман, соғликларинг яраса бўлди”, деб ишонтирди. Мен: “Расмий йўл биланми?” — деб сўрадим. “Яшаш жойидан ариза олиб беринглар, қолгани менинг вазифам, ҳамма тўловларга шу пул етади”, деди. Хурсанд бўлиб 10 кун давомида Ҳаж сафарига сўралган пулни вилоят прокуратураси олдида, унинг “Matiz” машинаси салонида қўлига бердим…

— Ўша воқеа жараёнида ҳеч шубҳа пайдо бўлмадими? Ё…

— Эй, мен қандай илмоққа тушганимни ҳали анг­ламаган эдим-да. 2011 йил Ҳаж мавсумида рўйхатда номимиз чиқмади. Бу аёл ортидан кўп югурдим. “Кейинги йилга қолдиларинг”, деб айтди. Шундан сўнг менда шубҳа пайдо бўлди. Суриштирсам, прокуратурада бу аёл умуман ишламас экан. Уни сиртдан танийдиганлар турли ишларни битказаман, деб кўпчиликни чув туширганини айтишди.

Бу аёлнинг манзилини топдим. Мен ундан пулни дарҳол қайтаришни талаб қилдим. У ўзининг Янгиқўрғон тумани, 6-кичик мавзедаги 9-уй, 7-хонадонини сотиб, пулни беришни ваъда қилди. Яна ишондим. Биламан, менинг энг қўпол хатоим шу эдики, қўни-қўшнилар орасида: “Маҳмудов Ҳажга тўплаган пулини бир аёлга олдириб қўйибди”, деган гап тарқаб кетмасин, деб вақтида бу аёлнинг устидан органга ариза бермадим. Бу ўзимга панд берди…

Пулимни астойдил талаб қила бошлаганимда бу аёлнинг яна бир қилиғи чиқиб қолди: бир неча бор судланган танишлари М.Абдуллаев, Х.Мамадалиева, ёлланган шофёри Х.Усмановлар устимдан туҳмат уюштиришди. Э.Юсуповни гувоҳ деб айтишиб, “Шантаж” қилишди. Гўё бу аёл хизмат хонамда 1 500 000 сўмни салафанга ўраб, ер олиш эвазига, менга берганмиш. Мен умуман кўрмаган Э.Юсуповнинг жиноий шеригига айландим. Энг қизиғи, терговчи хонамга иштирокимсиз, гўё пул берганлар билан бирга, эшикни бузиб кириб, шу хонада сохта “гувоҳ”ларни суратга олибди. Бунинг устига, Фотима Ғаниева: “Мен унинг шаръий никоҳидаги хотиниман”, деб ҳақоратли, ҳақиқатга мутлақо зид кўрсатма берибди.

Ҳулкар Низамбоева исмли аёл гувоҳликка ўтди. Бу ҳам етмагандай, ўлганнинг устига тепган қилиб, Фотима мендан олган пулларни қайтармаслик мақсадида, судда ўзи миниб юрган “Matiz” русумли автомашинасини 6500 АҚШ долларига сотиб, пулини менга берганман, деб туриб олса бўладими. Эвазига эса мен 2 нафар фуқарога 0,06 гектар ер олиб беришим керак эмиш.

Бу ҳам ҳали ҳолва экан, ЖИБ Косонсой туман суди раиси М.Қирғизов суд жараёнида, 60 ёшга кирганим, отаси тенги эканим, кекса ёшимга қарамай, овозини кўтариб, қўполлик билан мени муттаҳамдан олиб, туҳматчига чиқарди. Ваҳоланки, у мени ҳам тинглаши, савол-жавобларда ҳақиқатни аниқлаши, бир ёқлама ёндашмаслиги керак эди. Адвокатимни ҳам тинглашмади. Хуллас, мен туя эмаслигимни исботлашим керак бўлди.

Аммо прокуратура ва “одил суд” олдида буни исботлай олмадим. Туҳматчиларнинг қўли баланд келди. 5 аср аввал бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари билиб айтган эканлар:

“Одам борки одамларнинг нақшидир,

Одам борки ҳайвон андин яхшидир…”

Кейинчалик Э.Юсупов гуноҳга ботишдан қўрқди шекилли, судда: “Мен Маҳмудовни танимайман, пул бермаганман, ҳеч нима сўрамаган”, деб кўрсатма берди. Аммо терговчининг тузган ҳужжатлари “ҳақиқат” деб қаралди. Ўшанда илк бор: “Терговчи ҳамиша ҳақ бўлса, суднинг нима кераги бор унда?” деган хаёлга бордим.

Аммо бу ёруғ оламда бир қонуният бор, бу ҳам бўлса, сабаб ва оқибат қонуни. Менга адолатсизлик қилган прокуратура терговчиси ўз вазифасидан четлатилди, Фотима Ғаниева эса фирибгарлиги, инсонларни қақшатгани сабабли икки марта судланиб, икки марта жазога тортилди. Менга туҳмат қилган Маъруф Абдуллаев ҳам судланди.

Не қилайки, кўргуликлар туфайли амнистияга тушдим, айбим бўлмасада, бошимдан не кунларни кечирмадим. Аммо бугун яна ўз соҳамга, ишга қайтдим. Туман Кенгаши депутатлигига сайландим, ҳозирда вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бў­йича вакили бўлиб ишлаяпман.

Ватан тушунчаси инсон қалбига она сути билан киради. Ота-боболар ўгити билан сингади. Мен ҳамиша Ўзбекистон фарзанди эканимдан фахрланиб келганман. Ҳақиқат бир кун бўлмаса бир кун қарор топишига ишониб, курашиб яшадим.

Шу билан биргаликда, доимий эътиборга молик фавқулодда муҳим масала борки, буни очиқ айтиш керак. Бу ҳам бўлса, ҳар бир фуқаронинг давлатдан розилиги. Президентимизнинг халқни, одамларни рози қилайлик деган сўзлари замирида ҳар бир инсон тақдири, келажагига доир хайрли, эзгу ишлар мужассам эканлигини унутмаслигимиз керак экан.

Албатта, биз бу билан мақола қаҳрамонини бутунлай айбсиз демоқчи эмасмиз. Беайб парвардигор. Ҳамма ҳам хато қилади. Айтмоқчимизки, қаҳрамонимиз аввало Ҳажга навбат олишга пул узатганининг ўзи хато эди. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, ўша вақтлар ҳатто Ҳажга бориш учун ҳам кимларнидир орага суқиш керак эди. Ҳамма жойда таниш-билишчилик, адолатсизлик авжида эди.

Гарчи ана шундай долғали замонда Муҳаммаджон ака Ҳажга бораман, деб йиллаб йиғган пулини кимгадир ёрдам сўраб берганини оқлаб бўлмайди. Лекин, бу ҳам бир илинж деб не кунларни бошидан ўтказганига ўзингиз гувоҳ бўлдингиз. Муҳими, бу инсон бошидан кечирган воқеалар катта сабоқ. Ундан хулоса чиқариш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

Суҳбатдош:

Ҳамид Сулаймон.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =