Эркатойнинг отаси

Оиланинг кичик фарзанди Акмал болалигидан эрка бўлиб улғайганди. Унинг хархашасига ота-онаси доим қулоқ тутарди. Нима деса йўқ дейишмасди. У ҳозир 6-синф ўқувчиси. Уни отаси мактабга ташлаб қўяркан:

– Ўғлим, мактабда сени ҳеч ким хафа қилмаяптими? Агар бирортаси хафа қилса менга айт! – деди.

– Хўп…

Эртаси куни Акмал мактабга яқинлашганда уйга берилган вазифани бажармагани эсига тушиб қолди. Лекин шаҳдам қадамлар билан синфга кирди. Ўқитувчи ҳаммадан бирма-бир уйга берилган вазифани сўради. Бунинг устига, математика фани ўқитувчиси Эргаш ака ўта қаттиққўл устоз эди. Навбат Акмалга келди.

– Хўш, Акмал, қани ўрнингдан тур-чи, уйга берилган вазифани уддаладингми?

– Ҳалиги, устоз, кеча уйда чироқ бўлмади-да…

– Бу нима деганинг? Ҳамманинг уйи­да бор чироқ сенларникида ўчиб қолдими?! Билиб қўй, ўқиб ўрганганинг ўзингга фойда. Ўтир, икки.

Акмалнинг хуноби ошиб, ўрнига жойлашиб ўтирди. Дарс тугагач, барча ўқувчилар уйларига шошилди. Шу қатори Акмал ҳам. Уйига кирди-ю отасига арз қила кетди.

– Анави Эргаш домла бору, мани уришиб ташлади. Ўртоқларимни олдида изза қилди.

– Ўғлим, уришган бўлса, сени яхши ўқисин деган. Билим олсанг нимаси ёмон, – деди онаси. Шунда ота ўғлининг ёнини олди:

– Нималар деяпсан? Сен жим бўл! Ахир, менинг боламни уришишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ишимни давомчиси, хусусий корхонамни шунга очдим-ку! Ўғлим, хафа бўлма, эртага гаплашамиз…

Эртаси куни ота-бола ўқитувчи олдига боришди. Отаси Эргаш ўқитувчига дакки бергандек бўлди.

Орадан ойлар ўтди. Эргаш ўқитувчи билганидан қолмади. Йўқ, бунга кўнмаган “меҳрибон” ота устоздан ўч олмоқчи бўлди. Ўшанда ҳар кунгидек Эргаш ўқитувчи ўз хаёллари билан бўлиб, мактаб томон кетарди. Уни номаълум шахс чақириғи сергаклантирди.

– Машинага ўтир, гап бор!

– Ҳозир дарсим бор, сени эса танимайман, йўлингдан қолма!

– Куч ишлатишга мажбур қилма!

Ҳар томондан келиб тушган зарбалардан устоз ерга қулаб тушди. Уни машинага ўтқазиб, овлоқ жойдаги омборхонага олиб боришди…

Эргаш акани ҳам сўрайдиганлар бор экан, орадан вақт ўтиб, ўз-ўзидан “йўқолиб қолган” Эргаш ўқитувчи топилди… Ўқувчилари уни ўзгача меҳр билан қарши олишди.

Аслида, “меҳрибон” ота устозни қўрқитиб қўймоқчи эди. Лекин у ўйлаганчалик бўлмади. Оқибатда маҳалла-кўй олдида ўзи шарманда бўлди. Унга қонуний чора кўрилди.

Бола азиз, қилиғи ундан азиз, лекин…

Ҳаёт сабоқлари. Яхшилик қиламан, меҳр кўрсатаман деб ўзи севган, еру кўкка ишонмаган фарзандини ёшлигидан талтайтириб, айтганини дарҳол муҳайё қиладиган ота-оналар келажакда ўз қўллари билан ана шу фарзандининг ҳеч нарсага ярамайдиган боқиманда одам бўлиб қолишини наҳотки билишмайди? Бунинг учун албатта пешона деворга тегиши шарт­ми?

Сиз нима дейсиз азиз, газетхон?

Муҳаммадсодиқ Тўраев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + ten =