Сирдарёда тўртта туман газетаси нега чоп этилмаяпти?

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими вилоятда чоп этилаётган газеталар муҳаррирлари, журналистлар, матбаа ҳамда босма нашрларни тарқатувчи ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари иштирокида ташкил этган тадбирда асосан соҳага тааллуқли қатор муаммолар таҳлил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, ҳудудда давлат рўйхатидан ўтган 21 та даврий нашрдан 4 таси — Боёвут, Сардоба, Мирзаобод ва Сайхунобод туманлари газеталари ўз фаолиятини тўхтатиб турибди.

Демак, каттагина жабҳада аҳоли маҳаллий аҳамиятга молик хабарларни олишдан мосуво. “Биз китоб мутолаа қилиш билан баб-баравар газета ҳам ўқишимиз керак, — деди у. — Газета одамлар учун шунчаки минбар эмас, балки кўзгу ҳамдир. Бугунги кунда халқимиз орасида бир-бирига китоб совға қилиш урфга айланиб бораётир. Қани энди, сахий кишилар эҳтиёжманд қатламларга ўзлари севган нашр­ларнинг обуна квитанцияларини тантанали равишда топширишни ҳам одатга айлантирсалар…

Сўнг кун тартибидаги масала бўйича “Халқ сўзи” ва “Овози тожик” газеталарининг Сирдарё вилояти бўйича мухбирлари Аҳмадали Шерназаров, Тўхтамиш Боқий, “Сирдарё” ва “Гулистон янгиликлари” газеталари бош муҳаррирлари Умарқул Очилов, Фурқат Тошматов, “Полиграф АиФ” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси директори Ришад Абиятов, “Сирдарё матбуот хизмат” МЧЖ бўлим мудири Камолиддин Ҳошимовлар чиқишларида вақтли нашрлар муассисларининг масъулиятини ошириш, газеталарнинг ҳар бир янги сонини ўз вақтида муштарийларга етказиб бериш, вақтли нашрларда эълон қилинаётган танқидий чиқишларнинг таъсирчанлигини ошириш каби масалалар юзасидан фикр билдирдилар. Муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш учун эса вилоят ОАВ вакилларининг тез-тез вилоят ҳокими билан учрашувини ўтказиб туриш таклифи ўртага ташланди.

Тадбирда босма оммавий ахборот воситалари ходимларини хурсанд қиладиган янгилик ҳам очиқланди. “Полиграф АиФ” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Германиядан газета-журналларни рангли чоп этадиган замонавий босмахона ускунасини олиб келганини маълум қилди.

Йиғилиш аҳли 2020 йилги обуна мавсумини рисоладагидек ўтказишда ҳамкорлик қилиш учун вилоят ҳамда туман-шаҳар ҳокимлари, кенг газетхонлар оммасига Мурожаатнома билан чиқишга келишиб олди.

Муҳаммадали Аҳмад.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 11 =