Даврон Сафаров: «Кўринмас тўсиқларни енгиб ўтиш осон эмас»
Маънавият сарчашмаси бўлган матбуот нашрлари – газета-журналлар, китобларнинг одамлар қўлига етиб бориши, улардан баҳраманд бўлиши кўп ҳолларда уларни етказиб берувчилар ва сотувчиларга боғлиқ. Шу жиҳатдан мамлакатимизда мазкур соҳада ҳам қатор ўзгариш ва янгиланишлар жараёни кечмоқда.
Айтайлик, бундан 5-10 йил аввал асосан “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва “Матбуот тарқатувчи” АКнинг филиаллари – матбуот нашрларига обуна уюштириб, сотуви билан шуғулланган бўлса, бугун турли хусусий “Тезкор почта”лар ҳам пайдо бўлди. Бу бир жиҳатдан яхши, ўзаро рақобат кучайиши, ушбу тизимда ижобий силжишларга туртки бўлиши лозим эди.
Аммо… Минг афсуски, бу борада ўйланганидек ҳолат кўзга ташланмади. Аксинча, матбуот нашрларини етказиб бериш, сифатли обуна хизматлари ва сотувини йўлга қўйиш масаласида жиддий муаммолар, пала-партишликлар келиб чиқди. Бунинг жабрини эса ўз-ўзидан аёнки, халқ – истеъмолчилар кўраяпти.
Хўш, юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Соҳани такомиллаштириш борасидаги вазифаларга нечоғли эътибор қаратиляпти?
Юқоридаги саволлар ва тизимдаги қатор бошқа муаммолар ечими юзасидан “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компанияси Бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Даврон Сафаров билан “Hurriyat” мухбири суҳбатлашди.
— Даврон Сафарович агар қарши бўлмасангиз, суҳбатимизни бирданига тизимдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусидаги савол билан бошласак.
— Маъқул.
— Сўнгги пайтларда тизимда йўл қўйилган хато ва камчиликлар туфайли компания фаолияти нафақат таҳририятлар, балки муштарийларнинг ҳам жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу эътирозлар қанчалик ўринли?
— Гапингизда жон бор. Таҳририятлардан компаниянинг қарзи ҳам катта. Хўш, бу қарзлар қандай қилиб юзага келган? Ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, асосий сабаб обунанинг носоғлом ташкил қилинишида экан.
Эндиликда обуначининг ўз вақтида пулни тўлаб бермаслиги ёки обуна пулларини мақсадсиз ишлатиб юборишдек суиистеъмолчиликлар, нохуш ҳолатлар барҳам топди.
Ўтган вақт мобайнида компания билан таҳририятлар ўртасида баъзи тушунмовчиликлар, ўзибўларчиликлар туфайли аҳвол ёмонлашган. Аввало, таҳририятлар билан компания ҳамкорликда ишлаши керак. Ўзим ҳам журналистман. Битта стол атрофида ўтириб масалани узил-кесил ҳал қилиб, унга ечим топмасак, ҳар икки томон ютқазади. Отахон таҳририятларга бориб устозлар билан соҳани ислоҳ қилиш бўйича фикр алмашиш ниятим бор.
Кўпгина давлатларда матбуот тарқатиш соҳаси алоҳида-алоҳида тизимларга бўлинган. Бизда бу тизим сақланиб турибди. Агар бепарво бўлсак, тизимда ўнгланиш, ривожланиш мушкуллашаверади.
Матбуот тарқатувчи сифатида фаолият юритишимиз учун янги қарор лойиҳаси тайёрлаганмиз. Мазкур лойиҳани такомиллаштириб, тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига тўла мос келадиган қилиш қолди. Биргаликда муҳокама қилиб, журналист, таҳририят, матбуот тарқатувчи нуқтаи назарини умумлаштириб замон талабига жавоб берадиган даражага келтиришимиз керак. Шундагина ҳар қандай муаммога ечим топилади.
Вазият нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ҳар бир таҳририятга кириб боришга ва улар билан ишлашга тайёрмиз. Вақтни йўқотсак кўп нарсани бой берамиз.
— Тизимдаги муаммолар сифатида, айниқса, вилоятдаги бўғинларнинг қарз ботқоғига ботгани, турли қинғирликларга йўл қўйгани кўп тилга олинмоқда. Бу каби ғайриқонуний ҳолатларга қандай муносабат билдирасиз?
— 2017 йилда ҳудудий ташкилотлардаги қарздорлик ва мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида вилоятларда хизмат сафарида бўлдим. Компаниямиз тизимидаги шўъба корхоналари алоҳида юридик мақомга эга мустақил ташкилот ҳисобланади. Улар тўғридан-тўғри шартнома тузишади ёки молиявий фаолият олиб боришади. Шу боис баъзи вилоятлардаги шўъба корхоналаримизда ўзибўларчилик, бухгалтерия ҳисоб-китоб ишларини тўғри юритмаслик сингари камчиликларга йўл қўйилган.
Қашқадарё, Хоразм, Сурхондарё вилоятларида юритган фаолияти бўйича ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Лекин самарали иш олиб бораётган вилоятлар ҳам бор. Уларнинг фаолиятига озроқ замонавийлик киритилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шўъба корхоналардан Бухоро вилоятини, масъулияти чекланган жамият сифатида Андижон бўлимини мисол келтиришим мумкин. Уларда молиявий фаолият анча яхши тартибга солинган, самарадорлик ошган.
Узоқ йиллар давомида юқорида тилга олинган сабаблар туфайли қизғин ҳамкорлик олиб боришимиз қийин бўлди. Ҳозирда вилоятлардаги корхоналар билан қилинаётган ишлар, чора-тадбирларнинг амалга оширилиши бўйича мунтазам фикр алмашамиз. Агар олдиндан назоратни мунтазам олиб борганимизда, янада аниқроғи, ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганида бундай хунук аҳвол рўй бермасди. Қолаверса, компаниянинг ички ҳужжатларидаги бандлар вақтида ўзгартирилмагани ҳам нохуш ҳолатни юзага келтирган. Аниқланган камчиликларни тузатиш, бевосита назорат ёки текширув нуқтаи назаридан эмас, балки уларнинг молиявий фаолиятини тўғри ва шаффоф олиб боришида кўмаклашиш, ҳамкорлик қилиш мақсадида вилоят шўъба корхоналари устави ҳамда бир қатор ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди. Компаниянинг яқинда ўтказилган акциядорлар умумий йиғилишида Устав тасдиқланди.
Вилоятлардаги қарздорликларнинг юзага келишида обуна кампанияларининг ҳайбаракаллачилик тарзида олиб борилиши ҳам сабаб бўлган. Айтайлик, маҳаллий ҳокимликларга обуна бўйича топшириқлар бўлади. Улар эса, ўз навбатида, хусусий матбуот тарқатувчи компанияларга, вилоятлардаги, туманлардаги бизнинг вакилларимизга: “мана шунча обуна ҳисоботини берасан, биз пулини ундириб берамиз”, дейишган. Улар эса: “Маълум суммадаги обуна уюштирдик”, деган мазмундаги ҳисоботни бизга тақдим этган. Аслида, ўша обуна пуллари ўз вақтида тушмаган. Баъзи бир ҳолатларда ҳатто обуна шартномалари ҳам йўқ. Фақат оғзаки топшириқ асосидаги ҳисоботлар кўпиртириб кўрсатилган, холос. Масалан, Жиззах вилоятидаги масъулияти чекланган жамиятда шундай ҳолат рўй берган. Уларга обуначи жуда катта миқдорда буюртма берган, лекин кейинчалик бекор қилган. Қаранг, “Жиззах ҳақиқати” газетаси бир миллиард сўмга яқин обуна уюштираяпти-да, обуначи йилнинг ўрталарида уни рад қилаяпти. Бугунги кунгача бир неча марта шу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилинди. Аммо шунга қарамай ҳамон муаммо ечимини топгани йўқ. Бу ерда қарздорлик обуначи, таҳририят ва обуна уюштирувчи ўртасидаги тушунмовчиликлар, ҳисобот учун қилинган ишлар, кўзбўямачиликлар туфайли келиб чиққан. Лекин биз хоҳлаймизми-йўқми, “Жиззах ҳақиқати” таҳририяти олдида қарздор бўлиб қолаяпмиз. Жуда катта миқдордаги газета вилоят “Матбуот тарқатувчи” МЧЖда эгасиз ҳолда ётибди. Узоқ йиллар давомида обуна уюштиришдаги жараёнларда шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилган. 2019 йилги обуна мавсумида бу каби ҳолатлар рўй бермади.
— Мана, 2020 йил учун обуна мавсуми ҳам бошланди. Ниҳоятда долзарб ва машаққатли дамлар яна олдинда…
— Ҳа, лекин соғлом рақобат бор жойда ривожланиш бўлади. Жуда кўплаб хусусий фирмалар ҳам ишимизни анча орқага тортаяпти. Кўпчилиги тадбиркор кишилар бўлиб, компания номидан фойдаланиб иш қилаяпти. Уларнинг фаолияти кўп талабларга жавоб бермайди. Лицензияланмаган ҳолда фаолият олиб боришаётгани ҳам талайгина. На машинаси, на савдо нуқталарига эга. Ҳозирда аксарият “обуначилар” мавсум бошланганда 3-4 ой қизғин фаолият олиб боради-да, кейин кутилмаганда ғойиб бўлиб қолади. Энг қизиғи, хусусий обуна уюштирувчилар “Матбуот тарқатувчи” сўзининг олдига “медиа”, “экспресс” каби сўзларни тиркаб иш олиб боришмоқда. Алалоқибат, калтак бизнинг бошимизга келиб синади. Англашилмовчиликлар туфайли айримлар янглишиб, уларнинг ўрнига бизни судга берган ҳолатлар ҳам бўлади.
Хабарингиз бор. Ўтган йили обуна масаласида баъзи нашрлар ва оммавий ахборот воситалари томонидан бирёқлама талқин қилинди. Асл моҳият бошқа жойда қолди-ю лекин тарғибот жараёнида ҳолат бошқача тус олди. Шу боис фақат тавсиявий характерга эга ишларни олиб бордик.
Обунани тарғиб қилишда уни маънавиятга хизмат қилувчи омил деб қараш керак. Обуна уюштириш бу йил янги босқичда олиб борилмоқда. Бу бўйича тарғибот гуруҳи алоҳида, обуна уюштириш гуруҳи алоҳида тарзда жорий йил 20 сентябрдан бошлаб “Обуна штаби” иш бошлади. Жараёнда бир қатор бюрократик ҳужжатлардан воз кечилиб, электрон шаклда ишлаш йўлга қўйилди. Ҳужжатлар соддалаштирилди.
— Соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қай даражада амалиётга татбиқ этилаяпти? Умуман, ушбу ҳужжатларни янада такомиллаштириш ҳақида ўйлаб кўрилаяптими?
— Дарҳақиқат, ҳар бир соҳа ривожи ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг нечоғли мукаммаллигига ҳам боғлиқ. Компанияга 2017 йилда савдо бўйича директор вазифасига ишга келганман. Фаолиятимни тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ўрганишдан бошладим. Компания 1999 йил 13 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 418-сон қарори асосида ташкил топган ва бу қарорда компаниянинг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Ушбу қарор бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бериши қийин. Қарорда обуна ишларини ташкил этиш ва бу бўйича мониторингни амалга ошириш, умуман, нашрларни обуна ёки чакана савдо орқали муштарийларга етказиш матбуот тарқатувчининг зиммасига юклатилган. Компаниянинг август ойи ҳолатида даврий нашрларни ҳам обуна, ҳам чакана савдо орқали тарқатиш бўйича улуши 12,8 фоизни ташкил этмоқда. Айнан шу каби фаолиятни “Ўзбекистон почтаси” ҳам параллел равишда олиб боради. Мазкур ташкилотнинг ҳам улуши худди шу кўрсаткич атрофида. Демак, 70 фоиздан ортиғи юқорида айтганимдек, хусусий обуна уюштирувчи ёки чакана савдо билан шуғулланувчи фирма ҳамда ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади. Соҳадаги муаммолардан яна бири, қайси нашрнинг қаерда, қанча сотилаётгани ёки тарқатилаётгани ҳақидаги маълумотни ҳеч бир ташкилот беролмайди. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг 418-сон қарори тўлиқ ишламаяпти. Матбуотни тарқатиш бўйича бундан бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат мавжуд эмас. Хўш, унда 12,8 фоиз деган кўрсаткич қаердан олинди, деган савол туғилиши мумкин. Ҳеч бир ташкилотдан аниқ маълумот ололмаганимиз учун ходимларимиз нашрларнинг тиражини ҳисоблайди ва шу орқали аниқлаймиз.
Ўрганишлар даврида нашрлар, дарслик ёки китобларни етказиб беришда ҳам бир қатор муаммолар борлиги аниқланди. Яқинда бир меъёрий ҳужжатни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда тайёрладик. Унда китоб савдосини янада ривожлантириш, уни тарқатиш, китобхонлик, мутолаа маданиятини ошириш, мавжуд муаммоларни ҳамкорликда ҳал қилиш, тумандаги ёки вилоятдаги вакилларимиз орқали тўғридан-тўғри тизимли ва самарали етказиш бўйича ҳам бандлар тавсия қилинган.
— Даврий нашрлар чакана савдоси билан шуғулланувчи киосклар, яъни газета дўконларининг аҳволи қониқарли эмас. Улар фаолияти кейинги йилларда янада ёмонлашди. Сон жиҳатидан ҳам камайиб кетди. Борлари ҳам талабга жавоб бермайди.
— Тўғри, энг охирги киосклар 2012 йилда ясалган. У қайсидир маънода талабларга сал яқин бўлиши мумкин. Лекин бугунги шиддат билан ўзгараётган замонга унча жавоб бермайди. Бугунги кун муштарийларининг талаби бошқа. Тошкент шаҳрида 184 та киоск бор. Улардан 150 га яқини ишлайди. Қолганларининг ишламаётганининг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Рентабеллиги пастлиги, яъни кутилган натижани бермаётгани учун ҳам айримлари вақтинчалик фаолият олиб бормаяпти. Умуман, киоск савдолари қандай тартибда олиб борилади? Нашрлар асосан кечқурун келади. Шундан кейин сараловчилар томонидан тонгги соат 4 дан бошлаб саралаш ишлари олиб борилади. Нашрларнинг келишига қараб саралаш бироз кеч ёки вақтлироқ тугатилади. Агар битта ёки иккита нашр кечикса, бу ҳам компанияга анча-мунча таъсир кўрсатади. Чунки, қайтадан ўша нашрни яна тарқатиб чиқишга тўғри келади. Сарф-харажат ҳам ўз-ўзидан икки баробар ошади. Тошкент шаҳрини шартли равишда еттита халқага бўлганмиз. Еттита йўналишда чакана савдо бўйича машиналар нашрларни тарқатади. Асосан эрталаб соат 6.30-7.00 атрофида машиналаримиз йўналишларга чиқиб кетади. Бу йилдан бошлаб уларга ҳар бир киоскка кўпи билан 3,5 дақиқа вақт сарфлаши бўйича меъёр белгиланган. Ана шу 3,5 дақиқа ичида ҳисоб-китоб қилиш, ведомость тўлдириш, касса қилиш, умуман, тезкорлик бўлса, ҳаммасига бемалол улгуриш мумкин. Қанчалик вақт кўп кетса, бу тағин компанияга зарар. Биласиз, эрталаб соат 8-9 атрофида шаҳарда транспорт воситалари қатнови кўпаяди. Тирбандликлар юзага келади. Ўз-ўзидан бу бизнинг ишимизга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Яъни харажатларнинг кўпайишига, нашрларнинг ўз вақтида етиб бормаслигига олиб келади. Бир қатор машиналарга GPS назорати синов тариқасида ўрнатилган бўлиб, бу орқали уларнинг ҳаракат йўналиши аниқланади. Улар қачон, қаерга бориши, қанча вақт сарфлаши барчаси назорат остида бўлади. Тўғри, компаниямизнинг молиявий фаолияти унча яхши бўлмаган бир пайтда бу ортиқча харажат бўлиши мумкин. Аммо у ўзини қоплаяпти, кўп харажатларни иқтисод қилиш имкониятини бераяпти. Аввало, экспедитор ходимларнинг ишига бўлган масъулиятини ошираяпти. Фақатгина юридик манзили ўзгарганлар мурожаат қилганини инобатга олмаганда Тошкент шаҳридаги обуначилардан деярли шикоят тушмади. Бироқ, барча вилоятларда шу тизим бўйича иш олиб боришга ҳозирги кунда на молиявий, на жисмоний жиҳатдан имкониятимиз йўқ.
— Газета дўкони, яъни киоск сотувчилари қандай мезонлар асосида ишга қабул қилинади? Уларга қандай талаблар қўйилади? Киоск сотувчиларини ҳам замон талабларига мослаштириш вақти келмадими? Муомала, савия дегандек…
— Ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари кадрлар комиссияси томонидан киоск сотувчилари суҳбатдан ўтказилади ва бир ҳафталик тажриба алмашишга юборилади. Шундай киоск сотувчилари борки, улар ўқишни тамомлаб тўғри шу ерга ишга келган ва 40-45 йилдан буён ишлайди. Ота-оналарининг касбини давом эттираётган киоскирлар ҳам бор. Ҳозир киоскда савдо қиладиган ишчи-ходимларимиз асосан катта авлод вакиллари. Тажрибали киоскирларга ёшларни иш ўрганишга юборамиз. Тажриба ўрганган ёшлар қайта суҳбатдан ўтказилгач, ишлашга тавсия этилади. Лекин ёшлар негадир кам мурожаат қилишади. Киоскирларимизга маош ишига қараб белгиланади. Қанча кўп савдо бўлса, шунга қараб ойлиги ҳам кўтарилади. Ўз-ўзидан рақобат пайдо бўлади. Яқинда бир киоскда, гарчанд гавжум жой бўлса-да, савдо ҳажми тушиб кетди. У ерга ёш кадр — коллеж битирувчисини қўйган эдик, савдо ҳажми уч баробарга кўтарилди. Демак, савдонинг “олтин қоида”си — муомала ўз натижасини кўрсатди.
Киоскирларнинг аҳоли билан муомала қилишда лаёқати бор ёки йўқлиги кадрлар комиссияси томонидан суҳбат жараёнида аниқланиб, тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Ўқув семинарлари, турли маърифий тадбирлар ўтказилади. Ҳар душанба куни киоскирлар билан йиғилиш ўтказилиб, нашрлар сотилмай қолинаётганининг сабаблари ўрганилади. Баъзи журналлар бир жойда сотилмаслиги мумкин, аммо бошқа жойларда харидоргир бўлади. Бунинг ҳам мониторингини юритиб, унга индивидуал ёндашамиз. Шу сабабли бу йил ёз фаслида ҳам нашрлар савдоси у қадар тушиб кетмади. Ўтган йилдагиларга нисбатан 50-60 миллион сўмга фарқ қилди, холос. Шундай киоскирлар борки, нашрларнинг деярли асосий қисмини ўқиб чиқишади. Бирор корхона, ташкилот ҳақида ёзилган бўлса, ўша ернинг телефон рақамини топиб уларга шу мақола ҳақида айтишади. Бу ҳам рекламанинг бир тури.
— Киоскларнинг гавжум бўлиши учун қандай янгиликлар татбиқ этилаяпти?
— Асосий муштарийлар ким ва қандай нашрларга талаб кўпроқ, деган мазмунда киоск сотувчилари ўртасида сўровнома ўтказдик. Сўровлардан маълум бўлишича, 30 ёшдан кичик бўлган харидорлар энг кам қисмни ташкил этди. Энг катта қисм 50 ёшдан юқори бўлган аҳолига тўғри келди. Улар ҳатто 40 фоизни ташкил қилди. Ўрта ёшдагилар 20-25 фоизни ташкил қилди. Қайси нашрлар кўпроқ сотилади, деган саволга эса, хусусий нашрлар асосий қисмни ташкил этди. Бу йил бошида ўтказилган сўров эди. Яқинда ўтказилган сўровда эса фоизларда ўсиш бор. Биринчидан, ёшлар орасида ижтимоий-сиёсий нашрлар сотиб олиш кўпайган. Йил бошида бу кўрсаткич 10-12 фоиз эди, охирги кўрсаткичда бу 17-18 фоиз бўлди. Бу жуда катта фарқ бўлмаса-да, ёшларимизнинг бугунги кундаги ислоҳотларга бефарқ эмаслиги одамни қувонтиради. Бугунги ёшлар замонавийликка, ахборот технологияларига, янгиликларга қизиқади. Шунинг учун киоскларда бепул WiFi ҳудудини жорий қилиш, масалан, кўпроқ нашр сотиб олган муштарийга бир неча дақиқа интернетдан бепул фойдаланиш имтиёзини бериш ҳақида ўйлаб кўраяпмиз. Ишонасизми, шундай ёшларимиз бор эканки, гарчи жуда зарур бўлса-да, киоскка келиб ўзи излаётган газета-журналларни олишга уялар экан. Биз қачон шу даражага келиб қолдик? Наҳотки киоск ҳақиқий маърифат маскани эканини улар тушунмаса? Ахир у кайсидир маънода ёшларнинг уялишига сабаб бўлиб қоладиган оддий “бутка” эмас-ку.
Янги хизмат турларини жорий этиш мақсадида Италияда чоп этиладиган ФИФАнинг оммабоп журналини сотишни йўлга қўйдик. Футбол шинавандаларининг севимли журнали бўлгани учун тез сотилмоқда. Ушбу синов яхши натижа берди. Бу каби лойиҳаларимиз кўп.
Изланиш, ўз устимизда ишлаш кундалик вазифамиз. Ўзбектуризмга ўхшаган ҳамкор ташкилотлар билан қилинажак ишларнинг лойиҳалари тайёрланган. Фақат даврий нашрларни сотиб даромад олиш эмас, балки турли рекламалар қилиш, қўшимча хизматларни таклиф этиш орқали ҳам фаолиятни кенгайтиришни режалаштираяпмиз. Жумладан, киоскларимизни замонавий, кўп функцияли қилиш ниятимиз бор. Мижозлар фақат киоск ойнасидан энгашиб газета, журнал олибгина қолмасдан, балки ичкарига кириб бемалол танишиб яна қўшимча хизматлардан фойдаланса деймиз. Йил охиригача камида иккита ана шундай киоскларни Тошкент шаҳрида ўрнатиб фаолиятни кенгайтирмоқчимиз.
— Дарҳақиқат, ҳар қадамда емакхона ва савдо шохобчаларига дуч келамиз. Аммо киосклар яккам-дуккам бўлиб, улар ҳам пана-пастқамларда қолиб кетаяпти…
— Бу бўйича биз кўпроқ оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилишга мажбурмиз. Чунки, деярли барча юқори турувчи органларга ёзма мурожаат қилиб бўлдик. Ҳали бирортасидан жўяли жавоб олмадик. Аммо натижасини кутадиган бўлсак, вақт йўқотамиз. Чунки, бор киоскларимиз ҳам янада “пана-пастқамлар”да қолиб кетиши мумкин. Ҳатто киоскни олдириб ўрнига гумма рекламаси қўйдирилган ҳолатлар ҳам бўлди. Буни ҳеч қандай сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Бу бўйича фотофактлар ҳам бор. Наҳотки гумма афзал деган мазмунда сайтларда чиқиш ҳам қилдик. Барибир ўша жойга киоскни қайтариш имкони бўлмади, яъни гумма сотувчи устун келди. Баъзан: “Фалон жойдаги киоск бир раҳбарга ёқмабди. Олдириб ташлашни талаб қилаяпти”, деб қолишади. Афсуски, бундай ҳолатлар жуда кўп. Киоск кимгадир ёқмаса, олдириб ташлайдиган оддий бир буюм эмас-ку. У ҳақиқий маърифат сарчашмаси. У ердан қанча одам фойдаланади. Шу боис имкон қадар сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир ҳамма елиб-югуриб юради, вақти тиғиз. Киоскка дуч келиб қолсагина керакли нашрларни йўл-йўлакай сотиб олиши мумкин. Ҳар доим ҳам аҳоли гавжум жойларга киоскларни қўйиш қийин. Бизга боғлиқ бўлмаган турли сабаблар бор. Шаҳар архитектурасидан рухсат олишимиз ва белгиланган тартибда киоскларни қўйишимиз керак. Бироқ “Ҳоким ўтар экан, бу кўчадан киоскни ол”, “Фалончи келаяпти, киоскни олиб тур”, деган оғзаки топшириқ, арзимас важ-карсонлар туфайли олдириб ташлаш ҳолатлари ҳам учрайди. Кўринмас тўсиқларни енгиб ўтиш осон эмас. Биз учун битта киоскни бирор жойга ўрнатиш салкам “ҳаёт-мамот” масаласи.
— Демак, бу аҳволда тараққий этган давлатлар тажрибасини ўрганиб, соҳага татбиқ этиш ҳам қийин бўлса керак?
— Дастлабки иш бошлаганимда кўплаб халқаро тажрибаларни ўрганишга, киоскларнинг иш тартиби ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилдим. Яқин қўшниларимиз, шунингдек, ривожланган давлатлар муаммоли вазиятдан қандай чиқаётганини ўрганишга ҳаракат қилдим. Минг афсуски, қўшни давлатларга нисбатан соҳада анча орқадамиз. Қозоғистон, Тожикистондаги киоскларни кўриб ҳавасимиз келди. Ҳатто аҳоли жон бошига газета тақсимотида ҳам қуйи ўриндамиз. Тўғри, электрон нашрлар, интернет сайтлар жуда ривожланган давлатлар бор. Масалан, Японияда энг кўп. Шунга қарамай, бу давлатда аҳоли жон бошига тахминан 600-800 нусхадан ортиқ газета тўғри келади. Юртимизда эса, бу кўрсаткич минг афсуски, 8 донага тўғри келади. Бу жуда аянчли.
АҚШда нашрлар асосан обуна орқали етказилар экан. Бу давлатда ҳам 2008 йилда соҳада муаммолар кўп бўлган. Баъзи нашрлар ойлаб кечиккан. Ҳозир ҳам муаммо йўқ эмасдир. Канадада эса АҚШ ва бошқа давлатларнинг ҳам нашрларига эҳтиёж кўпроқ бўлиб, шу сабабли обуна кўп қилинар экан. Логистика, яъни етказиш барча давлатларда энг қиммат харажатларни ташкил қилади. АҚШда ҳам харажатларнинг 55 фоизи логистикага сарфланади. Германия, Англия, Францияда обуна ўзини унча қопламас, нашрлар асосан чакана савдо орқали етказилар экан. Лекин деярли барча давлатларда таҳририятлар, нашриётлар учун етказиш ва бошқа хизматларда ўзига яраша имтиёзлар бор. Фақат Хитойда имтиёзли субсидия, яъни фоизсиз қарз берилар экан. Қолган давлатларнинг қонунчилигида солиқда имтиёзлар белгилаб қўйилган.
Шу ўринда Франция тажрибасига эътиборингизни қаратмоқчиман. Саркози сайловолди дастурларида 17-21 ёшдаги йигит-қизларни 40 дан ортиқ нашрларга давлат томонидан обуна қилдириши ҳақида тўрт йиллик лойиҳани тақдим этган экан. У президент бўлганидан сўнг бу ғояни амалиётга қўллаган. У давлатда нашрлар жуда қиммат. Ўша пайтда Францияга бу 4 миллион евродан зиёдроқ маблағни ташкил этган. Қизиғи, тўрт йиллик лойиҳадан кейин бешинчи йили ёшлар ихтиёрий равишда ўзлари ташаббус билан нашрларга обуна бўлиши кескин кўпайган. Энг муҳими, айнан ўша ёшдагилар ўртасида жиноятчилик ҳам сезиларли камайган. Аксинча, спорт билан шуғулланувчи ёшлар кўпайиб, китобхонликка қизиқиш ошган.
— Барибир, ҳеч кимни мажбурлаб ўқитиб бўлмайди…
— Аҳолимиз ўқимай қўйди, босма нашрлар даври ўтди, ҳамма электрон нашрларни ўқияпти, деган фикрларга қўшилмайман. Негаки, Тошкент шаҳрининг ўзида чакана савдода ҳозирги кунда бир ойда 800-900 миллион сўм атрофида нашрлар сотилаяпти. Бу янаям одатда мавсум нисбатан суст бўлган ёз ойларидаги кўрсаткич. Боиси аҳоли асосий эътиборни дам олиш, турли юмушларни бажаришга қаратгани учун бу пайтда савдо унча бўлмайди. Аммо одамлар ўқияпти. Акс ҳолда нашрлар сотилмасдан қолиб кетар эди. Балки обунани тизимли ташкил этишни йўлга қўя олмаётгандирмиз ёки тарғибот тўғри олиб борилмаётгандир. Ишончим комил, мақсад муштарак бўлса, ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиш мумкин. Шундай экан, катта-ю кичик, ёшу қарини бирдек маърифатдан баҳраманд қиладиган матбуотимиз, даврий нашрларимиз тақдирига бефарқ бўлмаслигимиз лозим.
— Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат.
Суҳбатдош:
Ҳидоят Жўраева.