Тўра Боболов: Чинакам инсон маънавияти билан ҳурматга лойиқ бўлади
Кейинги уч йил ичида мамлакат миқёсида ҳар бир соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар кўлами кенгайиб бормоқда. Давлат дастурлари асосида саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳалардаги янгиланиш ва ўзгаришлар давом этиб, халқимиз бунёдкорлик, яратувчанликнинг завқи билан яшамоқда.
Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов билан мулоқотимиз бугунги кунда воҳада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни ва келгусида рўёбга чиқариладиган ишлар, истиқболли лойиҳалар кўлами ҳақида бўлди.
— Тўра Абдиевич, суҳбатимизни, аввало, Президентимизнинг жорий йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарёга қилган ташрифи ва ушбу ташриф доирасида белгиланган муҳим вазифалар, вилоятда яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида бошласак.
— Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг ўзида вилоятимизга уч бор ташриф буюрдилар. Бу, албатта, мамлакатимиз раҳбарининг Сурхон элига бўлган чексиз меҳри, ҳурмати туфайлидир.
Негаки, Юртбошимиз ҳар галги ташрифлари давомида вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни билан танишиб, вилоят аҳли, фаоллари билан бўладиган учрашув, мулоқотларида шу элнинг нафақат бугуни, эртаси, балки узоқ тарихи билан ҳам қизиқадилар, бизни янада фаолликка, жонкуярликка даъват этадилар.
Президентимизнинг бутун мамлакатимиз халқига бўлгани каби Сурхон юртига алоҳида меҳр-муҳаббатлари жуда катта. Шу боисдан ҳам Юртбошимизнинг кейинги ташрифлари давомида ўтказган йиғилишида “Ҳар бир вазир, соҳа ҳамда тармоқлар раҳбарларига йил якунигача ва келаси йилда Сурхондарё учун нималар қилишини аниқ ёзиб, вилоят ҳокимлигига тақдимот қилиш бўйича” топшириқ бердилар. Ва яна вилоятимиз иқтисодиётининг бугунги ҳаётини чуқур таҳлил қилиб, уни ривожлантириш бўйича муҳим йўналишларни белгилаб бердилар.
Жумладан, шу пайтгача режалаштирилган лойиҳаларни бажариш билан бирга, келгуси икки йилда умумий қиймати 13 триллион сўмликдан зиёд янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилгани қайд этилди.
Насиб бўлса, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, 3-4 йил ичида Сурхондарёда таниб бўлмас даражада ўзгаришлар бўлади. Шуни айтишим керакки, бунга Сурхон халқининг танти ва меҳнаткаш эли асло шубҳа қилаётгани йўқ. Яна ғурур билан айтишимиз мумкин, бутун юртимизда, жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам сўнгги йилларда рўёбга чиқаётган янгиланиш ва ўзгаришлар бунинг яққол далили, исботи бўлмоқда.
Афсуски, узоқ йиллар давомида Сурхондарё бироз эътибордан четда бўлиб қолган эди. Гарчи бу заминда ҳам жудда катта имкониятлар, салоҳият, энг муҳими, мард, танти ва меҳнаткаш одамлар яшаса-да, турли сабаблар рўкач қилиниб, йирик лойиҳаларнинг амалда татбиқ этилишига имконият яратилмаган. Айтайлик, уч йил аввалги ўтган даврда воҳада бирорта кўзга кўринарли саноат корхонаси бунёд этилмаган, шу боисдан, аҳолини иш билан таъминлаш масаласи ҳам оғир аҳволга келиб қолган эди.
— Кейинги йилларда қандай ёруғ ўзгаришлар рўёбга чиқди?
— Бу саволга жавобан, вилоятимизда ўтган бир-икки йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача сўз юритаман.
Термиз шаҳри, Шеробод, Жарқўрғон, Денов, Сариосиё каби туманларимизда пахтани қайта ишлайдиган йирик текстил корхоналари ишга туширилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари шу йил 30 апрель — 1 май кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Термиз шаҳрида иш бошлаган “ZIF TEXTILE” корхонасининг тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эдилар. Ҳозирги кунда берилган топшириқлар асосида корхонада 94 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, йилига 6 миллион дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 400 та янги иш ўрни яратилди.
Ёки Сариосиё тумани марказидан қарийб 60 километр олисда жойлашган Сангардак қишлоғи ва унинг атрофидаги ўндан ортиқ аҳоли пунктида хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун беш ташаббус ижроси доирасида “Сангардак чеварлари” тикув-трикотаж мажмуаси қурилиб, ишга туширилди.
Ушбу енгил конструкцияли мажмуа чет элнинг замонавий тикув-трикотаж дастгоҳлари билан жиҳозланган. Кенг, ёруғ цехлар ва зарурий барча қулайликлар барпо этилган. Келгусида бу ерда мингдан ортиқ хотин-қиз меҳнат қилиши учун ҳамма шароит яратилган. Унинг дастлабки босқичида уч юз нафар хотин-қиз бир сменада тайёр кийим-кечак ишлаб чиқармоқда.
Вилоятда чорвачилик, балиқчилик, замонавий иссиқхоналар барпо этиш ва бошқа соҳаларда ҳам қатор лойиҳалар ўзлаштирилди. “Ёшлар-келажагимиз”, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурлари ижроси доирасида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилмоқда.
Вилоятнинг инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, янги хизмат турларини кенгайтиришга тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш бўйича берилган топшириқ ижроси доирасида жорий йилда 103,7 миллион доллардан зиёд миқдордаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Мазкур лойиҳаларнинг асосий қисми саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга қаратилган.
Сўнгги вақтларда вилоятимиз йирик қурилиш, бунёдкорлик майдонига айланган. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига муносиб шароит яратилмоқда. Бунинг учун кенг, равон йўллар барпо этилиб, мавжуд кўп қаватли уйлар, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари реконструкция қилинмоқда, янгилари қурилаётир.
Сариосиё туманидаги Шарғун – тоғли шаҳарчаси вилоятнинг кўмир, оҳактош, кумуш, фосфорит каби ноёб қазилма захираларига бой ҳудудларидан бири. Шарғун кўмир конини қайта тиклаш ва самарали фойдаланиш учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Хитой давлатининг Эксим банки томонидан ажратилган маблағлар эвазига 2021 йилгача йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бажарилиб, бу ердан йилига 900 минг тонна кўмир қазиб олиш йўлга қўйилади. 600 иш ўрни яратилади. Ҳозир конларни қайта тиклаш баробарида кўмир қазиб олиш ишлари давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 30 апрель куни “Шахтёрлар шаҳри”га ташрифи чоғида Шарғун кўмир конини замонавий тарзда қайта тиклаш, ушбу ҳудуднинг қиёфасини тубдан ўзгартириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқларни берган эди. Мазкур вазифаларга мувофиқ олис ва тоғли шаҳарчада йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
— Тўра Абдиевич, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ва табиий имкониятлари юқорилиги жиҳатидан албатта, мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрни бор гўша. Шундай экан, йирик саноат корхоналарини барпо этишда сўнгги йилларда қандай қадамлар қўйилди?..
— Ҳақиқатан, Сурхондарё илгари қишлоқ хўжалигига ихтисослашган аграр вилоят ҳисобланган. Бугун мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар вилоятимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Бунёдкорлик, яратувчанлик ҳар жабҳада қизғин. Ҳозирга келиб нафақат вилоят маркази Термиз шаҳрида, балки барча туманларда катта-катта қурилишлар бўляпти. “Обод қишлоқ, обод маҳалла” дастури доирасидаги ишлар туфайли чекка-чекка ҳудудларга файз кириб келаётир. Эндиликда вилоятимиз саноатлашган ҳудудга айланаяпти. Негаки, кўплаб саноат корхоналари қурила бошланди. Инвестиция дастурлари, таклифлар билан чиқаётган чет эллик инвесторлар кўпаймоқда. Ўтган йилга нисбатан инвестиция киритиш жорий йилнинг тўққиз ойида қарийб юз фоизга ошган. Афғонистон, Россия, Жанубий Корея, Европа давлатлари тадбиркорлари уй-жой, хизмат кўрсатиш, меҳмонхона, қишлоқ хўжалиги йўналишлари ва металл ишлаб чиқариш бўйича инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда. Яқинда Жанубий Корея инвесторлари Термиз туманида гугурт ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Энди бошланиши кутилаётган яна бир янги корхона цемент ишлаб чиқаришга қаратилади.
Бунёд этилган ва этилажак йирик корхонлар хусусида тўхталадиган бўлсам, ўтган йили Шеробод туманида цемент заводи ишга туширилган эди. Жорий йил Жарқўрғон туманида “Сурхонцементинвест” хорижий корхонаси барпо этилди. Бу ерда Германия, Австрия, Россия ва Хитойдан келтирилган замонавий технология ва ускуналар ўрнатилди. Лойиҳа қиймати қарийб 144 миллион АҚШ доллари бўлган корхонанинг биринчи босқичи якунланган. Завод тўлиқ қувват билан иш бошласа, йилига 1,1 миллион тонна цемент ишлаб чиқаради. Унинг 750 минг тоннаси экспорт қилинади. 1125 киши иш билан таъминланади. Юртбошимиз навбатдаги ташрифлари давомида ушбу завод билан ҳам танишиб, “Сурхондарё вилоятининг иқтисодий имкониятлари жуда катта. Бу ерда ер ости бойликлари кўп. Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элементлар бор. Бундан оқилона фойдаланишимиз, халқимиз манфаати учун ишлатишимиз керак”, — дея юқори баҳо бердилар.
Вилоятимизда бир қанча ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда келгуси икки йил давомида 90,2 миллион долларлик 47 та истиқболли инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган. Хусусан, Денов тумани иқтисодиётини ривожлантириш, туманда эркин иқтисодий зона ташкил этиш, вилоят экспорт салоҳиятини ошириш бўйича мамлакатимиз раҳбари томонидан қатъий топшириқлар берилди.
— Яхши биламиз, Сурхондарё ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳам машҳур. Хусусан, бир пайтлар пахтачиликда ингичка толали пахта кўп етиштирилар эди. Аммо…
— Саволингизга тушундим. Чиндан ҳам Сурхон воҳасида узоқ йиллар давомида пахта етиштириш, ундан мўл-кўл ҳосил олишни йўлга қўйган тажрибали деҳқонлар, зироатшунослар мактаби яратилган эди. Аммо бу борада ҳам йиллар давомида қатор муаммолар йиғилиб қолганлиги ҳақиқат. Лекин барибир, Сурхон деҳқонлари турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бой тажрибага эга.
Жорий йилда вилоят пиллакорлари 1627 тонна сифатли хомашё тайёрлади. 93 минг гектар майдондаги ғалладан 532,5 минг тонна ҳосил йиғиб олинди. Вилоятимизда 17181 гектар майдонда мева, 13300 гектарда узум етиштирилади. Ҳозиргача 114700 тонна мева, 83300 тонна узум олинди. Айниқса, вилоятимиз пахтакорлари бу йил салмоқли ҳосил етиштирди. Ҳозиргача топширилган 85 фоиздан зиёд пахта ҳисобидан 820 миллиард сўмдан ошиқроқ даромад олиниб, 100 миллиард сўмга яқин соф фойда кўрилгани, мавсум якунигача бу кўрсаткич 135 миллиард сўмдан ошиши кутилаётгани фикримга ёрқин далилдир.
Энди ингичка толали пахта хусусидаги мавзуга келсак, чиндан ҳам сурхондарёлик деҳқонлар ингичка толали пахта етиштириш бўйича катта тажрибага эгадирлар. Мамлакатимиз раҳбари бу борада йиллар давомида эътибордан маълум даражада четда қолиб келаётган ингичка толали ғўза навларини кўпайтириш ва экин майдонларини кенгайтириш, олимларни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди. Жорий йилда вилоятимизда қарийб 5 минг гектар ерда ингичка толали пахта етиштирилган бўлса, келгуси йилдан бу кўрсаткич кескин оширилади. Юртбошимиз 2018 йил январь ойида вилоятимизга сафари чоғида пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда вилоятда 6 та тўқимачилик кластери ташкил этилган. Улар ҳозирча вилоятимиз жами пахта майдонининг 67 фоиздан зиёдроғини қамраб олган бўлиб, келгуси йилда бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
— Пахтачилик ҳақида гап кетаркан, мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги туфайли айни мавсум палласида қийинчиликлар ҳам бўлиши табиий. Бу йил пахта теримига асосан кимлар жалб қилинган?
— Тўғри, бу йилги мавсумга бошқачароқ ёндашаяпмиз. Терим отрядлари ташкил қилинди. Уларни шакллантириш, аввало, фермерларнинг ўз зиммасига юклатилган. Яъни, аввало, фермер хўжалиги аъзолари, уларнинг меҳнатга лаёқатли, вояга етган яқинлари, кўнгилли теримчилар пахта йиғим-терими билан машғул.
Иккинчидан, маҳаллада вақтинча ишсиз бўлиб турган фуқароларни теримга жалб қилиш ҳам яхши самара беряпти. Бундан ташқари, йиғим-терим учун кунлик терим пулларининг берилиши иш суръатини оширяпти. Теримда фаол қатнашганлар моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириб бориляпти. Қишлоқ аҳлига пахта терими мавсумидан сўнг ғўзапояни тенг тақсимлаш тартибини ҳам жорий қилиш кўзда тутилган. Ҳозир ижтимоий соҳа ва бошқа барча бюджет ташкилотлари ходимлари пахта йиғим-теримида иштирок этаётгани йўқ. Энди мажбурий меҳнатсиз ҳам ҳосилни йиғиб олишга ўрганишимиз керак. Пахта бўлса, унга юқорида айтганимдек, пайдар-пай пули тўлаб турилса, халқнинг ўзи ҳосилни тўлиғича йиғиб олишига шубҳа йўқ. Чунки пахта харид нархи йилдан- йилга ошиб бормоқда. Пахта териб одамлар яхшигина даромад қилишяпти. Шундай экан, ўз-ўзидан мажбурий меҳнатга ўрин қолмайди ҳам.
— Яхши маълумки, бугун мамлакатимиз бўйлаб туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда ва бу республикамиз иқтисодиёти учун сезиларли самара беради. Сурхондарёда экотуризм, этнотуризм ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун имкониятлар юқори. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз?
— Ҳа, вилоятда туризм соҳасини, йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун қатор вазифаларни амалга оширишга киришилган. Айни пайтда вилоятимизда 384 та тарихий обида мавжуд. Буларнинг ҳар бири мамлакатимиз фуқаролари ва юртимизга келаётган сайёҳлар учун қизиқарли. Ал-Ҳаким ат-Термизий, Имом Термизий, Султон Саодат, Кокилдор ота, Қирққиз ота номлари билан аталадиган зиёратгоҳларимизга ҳам ўзимиздан, ҳам чет эллардан келаётган зиёратчилар оқими кўпаймоқда. Демак, зиёратгоҳларимиз шунга яраша таъмирланган, зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиши керак. Бугун Термизий боболар зиёратгоҳларига элтувчи инфратузилмада барча шароитлар бор, қолганларида ҳам шундай шароитларни яратиш режалаштириляпти.
Сурхондарёнинг ўзига хос иқлими нуқтаи назаридан экотуризмни ривожлантириш учун имконият эса жуда етарли. Ҳудудда шундай гўшалар борки, ёз ўртасида ҳам тўрт фаслга гувоҳ бўлиш мумкин. Бу ерларнинг ҳавоси экологик жиҳатдан тоза, мусаффо. Бундай жойларга, хусусан, Сангардак ва Бойсунга хориждан ташриф буюрувчилар сони ортиб бормоқда. Айни вақтда ушбу манзилларга элтадиган йўлларни реконструкция қилиш, зарур инфраструктура объектларини яратиш устида иш олиб боряпмиз.
Сурхондарёда агротуризмни ривожлантириш учун ҳам етарлича шароит бор. Чунки иқлимимиз ўзгача, анча иссиқ. Мева-чевалар ва полиз экинлари бошқа жойларга нисбатан бизда бир ой аввал пишиб етилади.
Яна шу мақсадда Термиз туманида 100 гектарлик иссиқхона барпо этилди. Шеробод ва бошқа туманларимизда ҳам замонавий иссиқхоналар қурилмоқда. Йил бўйи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Мисол, Шерободнинг анорлари нақадар машҳур бўлса, Термиз тумани ва Жарқўрғонда лимон, Ангорда турли кўкатлар етказиб бериляпти.
— Етиштирилаётган ушбу маҳсулотларни четга экспорт қилиш борасида қандай ишлар олиб бориляпти?
— Бизда йирик “Термиз Карго центр” — логистика маркази фаолият олиб боради. Бу ерда маҳсулотлар йиғилади, сақланади ва экспортга йўналтирилади. Лекин тан олиб айтишим керак, маҳаллий тадбиркорларимизда маҳсулотларни сақлаш ва ўраш бўйича ҳозирча кўникма етарли эмас. Ҳозир бу масалада ҳам яхши натижалар учун ҳаракат қилиняпти. Маҳсулот сақловчи бир қанча совуқхоналар қуришга киришилди, мана ҳозир Шерободда қурилмоқда.
Юқорида айтганимдай, Шерободнинг анори бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган маҳсулот. Уни кўпроқ тадбиркорлар келиб олиб кетишяпти. Улар маҳсулотни сақлаб, Япония, Жанубий Корея ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилмоқда.
— Йўлларни мамлакатнинг қон томирлари деймиз. Демак, бу ҳудудларга ҳам тегишли. Йўл равон бўлса, манзилимиз бехатар, ишимиз осон бўлади. “Олмаота — Термиз” трассасининг вилоятдан ўтувчи қисми таъмирланибди. Аммо вилоят марказидан ўтувчи ички йўллар, айниқса, “Бойсун — Сариосиё” йўлларининг аҳволи жуда ачинарли аҳволда. Уларга қачон навбат келади?
— Тўғри, йўл масаласи Сурхондарёдаги энг оғриқли масалалардан биридир. М39 халқаро йўли Термиздан Деҳқонободгача халқаро стандартлар талаби бўйича мукаммал таъмирдан чиқарилди.
Ҳозир Бойсундан Сариосиёгача бўлган ички йўлни икки чизиқли қилиб, халқаро стандартлар даражасида таъмирлаш бўйича аниқ дастур тузилган. Бу ишга шу йилдан киришамиз, ишлар бошлаб юборилган.
М41 “Термиз — Душанбе” йўлининг Сариосиёгача бўлган қисмини капитал таъмирлаш ишларига келгуси йилнинг февраль ойидан киришилади. “Ўзавтойўл” давлат қўмитаси мутахассислари билан биргаликда ишлаяпмиз. Мана шу йўл тўрт чизиқли йўл қилиб кенгайтирилади. Яъни, бу нафақат вақт ва масофани қисқартириш, балки хавфсизликни таъминлаш учун Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шўрчи туманлари марказларини четлаб ўтадиган йўл бўлади.
— Раҳбар маънавияти ҳақида нима дея оласиз? Сизнингча раҳбар ишбилармон, уддабурон бўлиши баробарида, маънавият, маърифат деган сифатларга қай даражада эга бўлиши лозим?
— Инсон ким бўлишидан қатъи назар, у биринчи навбатда инсон, одам бўлиши шарт. Чинакам раҳбар эса аввало маънавияти, тарбияси, билими, одоби, ахлоқи билан ҳурматга лойиқ бўлади.
Қолаверса, катта-кичик раҳбарлик бу — масъулият, ишонч. Биринчи навбатда халқимизнинг, Президентимизнинг ишончи. Бундай ишончга сазовор бўлган киши маънавиятни ўзининг бош шиори, мезони деб билмоғи ҳам фарз, ҳам қарздир. Мана, ўзингиз айтинг, давлатимиз раҳбари нега биринчи навбатда маънавиятга, маърифатга, китобхонлик масаласига, ўқитувчилар меҳнатига юксак эътибор, ғамхўрлик кўрсатмоқда. Чунки бу бежиз эмас. Маънавий даража бўлмаса, илму маърифатдан узоқ бўлинса, ҳамма ишлар бефойда, бари бекор.
Айтмоқчи бўлганим, маънавият она алласидан бошланиб, устоз ўгитларигача, ота ибратию раҳбар салоҳиятигача сайқалланиб, шаклланиб боради. Раҳбарларда бу фазилат туғма хислатдай бўлиши керак. Албатта, раҳбар киши ўзини кўз-кўз қилмаслиги, зўраки “донишмандлик”дан холи бўлиши лозим. Маънавий дунёси баркамол, ишчан ва етук раҳбар халқ ичига яширинча ораламайди. Юзма-юз, очиқ мулоқотда бўлади. Бизда маънавияти бутун, ҳалол меҳнати туфайли номи эл аро қадрли бўлган раҳбарлар кўп. Уларнинг айримлари дунёдан ўтиб кетди, баъзилари эса хозир ҳам орамизда, эл ифтихори бўлиб ишлаб юришибди. Ҳаёт тарзи, раҳбарлик санъати ёш кадрлар учун ибрат мактаби бўлган маҳаллий раҳбарлар ҳақида ўйларканман, кўз олдимга Эшниёз Рустамов келади. У киши ғоят оғир-вазмин, чуқур мулоҳазали инсон эди. 1965 йилдан 1992 йилгача Шўрчи, Жарқўрғон ва Денов туманларига раҳбарлик қилди. Бу инсонда айрим раҳбарларда учраб турадиган бадхулқлик каби ёмон одатлар йўқ бўлган. Ҳар қандай ҳолатда ўзини шахсий манфаатлардан, майллардан тия олган. Шу кишининг кўп хислатларини атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг фазилатларига ўхшатишган. Шароф Рашидов Сурхондарёга келса, албатта, у киши билан учрашмасдан кетмас экан. Сурхон замини тарихдан маълумки, улуғ авлиёлар, алломалар юрти. Неча-неча Термизийлар қолдириб кетган улуғ маънавият сарчашмаларидан бугун нафақат юртимиз, балки бутун жумлаи жаҳон баҳраманд, десам хато бўлмаса керак.
Ғурур билан айтишим керак, Сурхон диёри Шукур Ҳолмирзаев, Тоғай Мурод, Нодир Норматов, Рўзи Чориев, Теша Сайдалиев, Шафоат Раҳматуллаев каби ижодкорларни етиштирди. Бугунги кунда эса Эркин Аъзам, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Мирзо Кенжабек, Салим Ашур, Эшқобил Шукур ва бошқа иқтидорлар билан фахрлансак арзийди. Яна қанчалаб илм-фанда, санъат соҳасида катта ютуқларга эришган, эришаётган юртдошларимиз, умидли ёшлар ҳақида тўхталишим мумкин. Айтайлик, мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялашга қаратилаётган эътибор хусусида ҳам алоҳида тўхталиш жоиз. Воҳамизда спортчилари халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон довруғини дунёга тараннум этмоқда.
Мисол учун, шу йил 9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ўта оғир вазн бўйича чемпиони ҳамда чемпионатнинг энг яхши спортчиси, деб топилган сурхондарёлик моҳир чарм қўлқоп устаси Баҳодир Жалолов бутун халқимизнинг фахрига айланди.
Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида Баҳодирнинг ютуқларини алоҳида эътироф этиб, бу муваффақиятлар ортида тинимсиз меҳнат ва катта матонат ётганлигини таъкидладилар. Бизни катта спортга қадам қўйган ҳар бир ўғил-қизнинг иқтидори, маҳоратини ўз вақтида қўллаб-қувватлашга, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун етарли шароит ва имконият яратиб беришга даъват этдилар. Ва бу фаолиятимизнинг муҳим ва ажралмас қисми бўлиб қолади.
Сурхондарёда спортнинг барча турлари тизимли равишда ривожланиб бораётган бир пайтда энди ҳарбий хизматчилар, аҳоли ва ёшлар ўртасида от спортини ривожлантириш ва тарғиб қилишга, улар ўртасида ушбу спорт тури бўйича турли мусобақаларни ташкил этиб боришни мақсад қилганмиз. Вилоятдаги ҳарбий қисмлардан бирининг негизида кўп тармоқли от спорти мажмуасини ташкил қилиш ҳам режалаштирилган.
Хабарларингиз бор, Президентимиз воҳамизга ташрифи чоғида Денов туманидаги ҳарбий қисмда бўлиб, Ватанимиз ҳимоячилари билан мулоқот қилди. Уларнинг маънавиятини, жанговар шайлигини ошириш бўйича тегишли топшириқлар бердилар.
Шунга мувофиқ ҳозирда ҳарбийлар қисмларини учқур ва наслли отлар билан таъминлаб, аскарларни от минишга ўргатиш, воҳанинг қадимий мусиқа асбоби — дўмбира чертишга кўникмасини шакллантириш, мардлик, жасорат, садоқат ва вафо каби буюк қадриятлар улуғланган “Алпомиш” сингари ноёб достонлар мутолаасини йўлга қўйишга эътибор кучайтирилади.
Албатта, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган улуғвор ғоялар, ташаббус ва вазифалар ижросини бекаму кўст адо этиш, бу нафақат иқтисодиётда, балки илму фан, спорт, адабиётда, мухтасар айтганда, маънавият ва маърифат соҳасида буюк боболаримиз сингари улуғ ишларга қодир эканлигимизни амалда намоён этишимизга шубҳа йўқ.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Суҳбатдошлар:
Тоштемир Турдиев,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
Азимбек Самадов,
“Hurriyat” мухбири.