Исмим айтсам, танисайди гиёҳлар

Ой нурида…

Ой нурида кашта тиккан чевар эдим,

Бир оламни, бир онамни севар эдим,

Кунчиқарга шўхи шодон боқиб-боқиб,

Елдай ўтса бу кунлар деб қўяр эдим.

Сўнг бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,

Умрим бердим зиёси йўқ фалакларга!

Кўкламларим, байрамларим қолиб кетди,

Ҳайратларим, ҳайронларим қолиб кетди,

Қуёшнинг минг жилвасидан нусха олиб,

Гул солганим гиламларим қолиб кетди.

Сўнг бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,

Умрим бердим росту ёлғон ҳалакларга!

Қани менинг бутунлигим, бунёдлигим,

Қани менинг қишин ёзин ободлигим,

Эвоҳ дунё, буғдой дондай сочдинг мени,

Қани менинг ёруғ кундай пок зотлигим!?

Оҳ, бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,

Умрим бердим қумдан сароб тилакларга!?

Бир қуш бўлиб келган эдим боғларинга,

Учиб қўндим пасту баланд тоғларингда,

Тарқамади осмонингда туманларинг,

Қояларга урилдим гул чоғларимда.

Эвоҳ, дунё бўлдинг минг бир бўлакларга,

Ошна қилдинг ҳаёси йўқ юракларга…

 

Сиздан

Сиздан менга нурлар келар осмон-осмон,

Юрагимда шодликларим хирмон-хирмон.

Ҳаётимнинг маъносини топгандайман,

Ишқ аҳлининг шаробидан тотгандайман.

Эй, қалбимнинг бу дунёда ёруғ куйи,

Балки сизни излаганман умрим бўйи,

Сизни кўрган рўёларни, ўпиб суйиб,

Тирикчилик дунёсидан ўтгандайман…

Пасту баланд кўчаларда зору сарсон,

Ўтган кетган нечаларга бўлиб ҳайрон,

Йиғлаб кетди мендан, қанча давру даврон,

Яшамасдан, бу кунларни кутгандайман!

Сизни кўрган лаҳзаларим афсонадур,

Исмингизнинг шуъласидан мастонадур,

(Менам дилдор, бир сўйладим Султонимга)

Икки дунё бу сўзларим ягонадур!

Сиздан менга нурлар келар осмон-осмон,

Юрагимда шодликларим хирмон-хирмон.

Ҳаётимнинг маъносини топгандайман,

Ишқ аҳлининг шаробидан тотгандайман…

* * *

Мен сенга аталган шундай меваман,

Юрагимни ушат, ол бир сўзимни.

Матназар Абдулҳаким

Фасллар айланди

атрофимда жим,

Жим кетиб боради ойнинг шарпаси

Келар йўлларинга

кўзимни тикдим.

Кўнглимни асради орзу ҳавасим.

Фурсатлар соғинди қадамларингни,

Бир менми адашган,

бир менми шошган…

Шамолларга сочдим

аламларимни,

Бир менми тунларнинг баҳридан кечган…

Бир асов дарёнинг тўлқинидирман,

Қисмат қирғоғига сиғмайин тошдим,

Билмайман,

Кимман ва,

қандайин сирман

Нега хаёлинга кўнглимни очдим?..

Тонгнинг соҳилига чиқдим сени деб,

Сени деб сочларим паришон бўлди,

Ҳанузам йўлларим интизор сенга,

Умидим шуъласи кел энди…

Қурбат водийсига келгин Сарварим,

Умр соҳилидан ёғдулар тердим,

Бир сенга аталган ҳаёт гулиман,

Юрагимни ушат ва бир сўз дегин!

Фурсатлар соғинди

қадамларингни…

 

Нажотийга

Сен бир осмон учиб чиқсам,

Қанотларим куймаган,

Сен бир жаҳон кириб борсам,

Ифоринга тўймаган.

Мен бир шамол, бир нолакор,

Куну – тунлар тинмаган.

Мулки Султонига бориб,

Айтиб – айтиб йиғлаган.

Сен бир олам ўйласам ҳам,

Хаёлларим яшнаган!

Сен бир Зуҳро, зулматларда

Ёғдусини тўшаган!

Мен бир тоғман ота бўлиб,

Йўлингдан тош кўчирган,

Онанг бўлиб семурғларнинг,

Кўксидан сут ичирган.

Сен бир зиё, бир нафасда,

Ҳаётимни ўзгартган,

Сен бир гўё, битта сасда,

Вайронамни тузатган.

Мен бир сўзон, сенинг билан,

Қароликлар кетгайдир.

Гул умримнинг минг йил битмас,

Яролари битгайдир!

Сен бир дунё, теграсида

Шодликларим барқ урган,

Сарвиқаддимни тик тутсам,

Мағриб машриқ тенг келган.

Мен бир ошиқ, мен бир муҳтож,

Ҳанузам мубталодурман,

Сени берган Қуёшимга,

Ҳамдлар айтиб борадурман!

Сен осмон учиб борсам,

Қанотларим куймаган,

Мен бир шамол, мен нолакор,

Куйлаб-куйлаб тўймаган…

* * *

Эҳтимол ёдингда йўқдирман,

Умидинг,

Додингда йўқдирман…

Хаёлингда хасча маконим йўқдир,

Пойинга отилган чўғдирман!

 

Қаҳҳор бахши Раҳимовга

Элим десам юрагимга нур кирар,

Томиримга осмон кирар, сир кирар.

Борлиғимда бир илтижо ҳайқирар;

Элим десам икки дунём гуркирар!

О, билмайман бу қандайин табобат,

Тошин қучсам топгайдурман ҳаловат,

Олислардан соғинч тортиб келганда,

Кўксимдаги ғамлар эрур тоабад.

Шу тупроғнинг гулиман, гавҳариман,

Тоғларининг бошидаги зариман,

Кўк ишқида учиб кетган қушману,

Кел деганда келадиган, бориман.

Шу борлиқнинг шамолига юз чайсам,

Шу кенгликнинг камолида улғайсам,

Исмим айтсам, танисайди гиёҳлар,

Исмин айтса, дунёларига ёйсам.

Юрагимга қувват керак ёронлар,

Менга синмас қанот керак ёронлар,

Элим десам, бизникисан десалар,

Менга шундай дастхат керак ёронлар.

Менга шундай нурхат керак ёронлар!

 

Озодаман

Камалакдан рангин қуроғим,

Хазон эмас ҳеч бир япроғим.

Инсон эмас ишонган тоғим,

Ойзода мен, Озода менман.

Руҳим оппоқ эзгу байроғим,

Олис эмас ойдин йироғим,

Бир қарасам, етгай титроғим,

Ойзода мен, Озода менман.

Ишонаман тунлар сеҳрига,

Ёрим чиқар қисмат бағридан,

Ҳилпираймиз севги шаҳрида,

Озода мен, Ойзода менман.

Ёнар порлаб шамим чироғим,

Гулнинг япроғидан тароғим,

Муҳаббатдир ёлғиз яроғим.

Ойзода мен, Озода менман.

 

Озода Бекмуродова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =