Умид ниятга, ният аҳдга, аҳд ҳаракатга айлансин

Зеро, Давлат тилига бағишланган катта-кичик тадбирларда саҳна марказига “ўйинбоп” қўшиқ ва киши имонини ўғирлайдиган рақслар эмас, балки бедор фикр ва чуқур тафаккур, теран ўй ва кенг мушоҳада, аниқ ҳамда асосли таклифлар чиқмоғи бугун сув ва ҳаводек зарур.

Абдулла Қаҳҳор ён дафтарида мана бундай мазмундаги ёзув бўлган: “Гуржистонда, агар тарихга дахлдор бўлса, отнинг эски тақасини ҳам бахмалга ўраб музейга осиб қўйишар экан…”

Каминага ҳам шўро замонида мана шу юртга бориш насиб этган эди. Бизда – Ўзбекистонда кўчаю гузарда, мактабу кутубхонада, клуб ва ҳаммомгача – ҳамма ерда қондай қизил матоларга, тахталарга “иккинчи”  тилда шиор ва чақириқлар битилган бир пайтда Гуржистоннинг пойтахти Тбилисидан тортиб кичкинагина кенти Руставигача – барча жойда гуржиларнинг ўз тили ва ёзуви амал қиларди. Кўчадаги одамлардан бирор манзилни бояги “иккинчи”  тилда сўрасангиз, беш қадам наридаги жойни кўрсатиб юбориш у ёқда турсин, ҳатто “билмайман” деган сўзни ҳам сиз сўраган тилда айтмай, бошини сарак-сарак қилганча ўтиб кетар эди бу халқ вакиллари. Агар ўша сўроқни уларнинг она тилида, майли, қийналиб, тутилиб бўлса-да, берсангиз, бирдан юзи ёришиб, ҳамма ишини бир ёнга қўйиб, қўлингиздан тутганча манзил томон бошлаб борарди. Кинотеатрлари, театр ва музейларидаги эълонлар ҳам гуржи тилида, катта-катта ёрқин ҳарфларда битилиб, пастида сарғиш ёхуд кулрангда, майда ҳарфларда “иккинчи” тилдаги ёзув бўлар эди.

Ҳолбуки, бу республика ҳам шўровий иттифоқ таркибида бўлиб, унинг мафкуравий зуғуми гуржиларни ҳам четлаб ўтмаганди. Шунга қарамай, халқ халқлигича, миллат миллатлигича қолишга уринардики, бу интилиш, юқорида айтганимиз кўчада ҳам, идорада ҳам сезиларди. Шота Руставели миллатдошлари қалбидаги ўзликни англаш ва асраш ҳиссининг қудратини сезган Шавкат Раҳмон ўз юртидаги аҳволдан озурда бўлиб, “Гуржистон мозаикаси” номли шеърида не маломатлар айтганини англашимиз ҳамон долзарблигича қолмоқда…

Зеро, у ёхуд бу миллатнинг тили “отнинг эски тақаси” эмас. Қолаверса, у бахмалга ўраб музейга осиб қўйиладиган ўлик матоҳ ҳам эмас. Миллат яшамоғи учун тил яшаши, мунтазам ҳаракатда, муомалада бўлмоғи шарт. Ўз тилида фикрлайдиган миллатнинг тафаккури қанчалар чархланса, иродаси метинлашса, ўзгалар тилида сўзловчи ва фикрловчи кимсалар руҳияти миллат руҳония­тидан шунчалар бегоналашиб, ётлашиб боради.

Бугунги дунё миллий тиллари ўртасидаги рақобат, таъсир доираси учун кураш моддий товарлар бозоридаги рақобат ва курашдан асло кам эмас. Чунки у ёхуд бу халқни ўзига қарам қилмоқ учун ўша халқ яшаётган жуғрофий маконни босиб олиш, одамлар қўлига кишан солиш асло шарт эмас. Ўша миллатлар қалбини, руҳини дурагайлаштириш, кўнглида айнишни ҳосил қилишнинг ўзи уларни ҳар жиҳатдан бўйсундирмоқ учун етарли шарт-шароит ҳисобланади. Қалбни, руҳни ўзгартиришнинг, кўнгилдаги оғишни вужудга келтиришнинг биринчи усули эса миллий тилга эътиборни сусайтириш, унинг қўлланиш доирасини чеклаш, давлат ва жамият бошқарувидан, расмий ҳужжат ва йиғинлардан бу тилни сиқиб чиқаришдир. Уни чойхона-ю майхона миқёсига тушириш, хотинларнинг “гап”­лари доирасига қамаш, бозор ва мозордагина ишлатиш билан чекланиш, аслида, ўша тил эгаларининг миллат сифатидаги таназзулидан, миллий қиёфасизлашуви ҳамда ўзига бўлган ишонч ва ҳурмати соб бўлиб бораётганидан яққол даракдир.

Дунёдаги ҳамма нарсага глобаллашув нусхи ураётган бугунги кунда миллий тиллар яна бир оғир синовдан, тақдир тегирмонининг зил-замбил тоши остидан ўтишига тўғри келмоқда. Орадан ўттиз-қирқ йил кечиб, бу тилларнинг қанчаси ва қай ҳолда сақланиб қолишидан фол очишни манаман деган башоратчи ҳам бўйнига олмаса керак.

Шундай экан, она тилимизнинг тақдири эртага нима бўлиши бугун биз қиладиган амалий ишларга чамбарчас боғлиқлигини халқнинг қанчалик катта қисми англаши жуда кўп нарсани ҳал қилади. Минг афсуслар бўлсинки, мана шу англовнинг кўлами, даражаси, миқёси одамни жиддий ташвишга солади, руҳиятингда эзгин кайфиятни қўзғайди.

Устувор ҳуқуқий мақом олганига ўттиз йил бўлган давлат тилининг айни давлатда қўлланиш амалиётида кузатилган нотекис ҳолатлар, қонун қабул қилинган паллалар ва истиқлолнинг дастлабки йилларида эришилган ижобий натижаларнинг йилдан-йилга қўлдан бой берилиши,  ожизгина фикрини ҳам на ўзбек тилида ва на ажнабий тилда эплаб ифода эта оладиган кишиларнинг ўз фожиасини анг­ламай бемалол умргузаронлик қилиши сингари ҳоллар ўша англовнинг чинакам даражасидан дарак беради.

ХХ асрнинг таниқли файласуфи Эрих Фромм “Инсон қалби” номли китобида ўша қалб хусусида “Сени фақат ҳақиқатгина халос эта олади” деб ёзганди. Агар биз фикр юритилаётган соҳадаги ташвишли аҳволдан қутилишни ростдан ҳам хоҳласак, мавжуд реалликка — ҳақиқатнинг юзига тик қарашимиз, уни тўла тан олмоғимиз, бундан кейинги амалларимизни ана шу аччиқ ҳақиқатдан келиб чиқиб режалаштирмоғимиз талаб этилади. Чала-ярим ишлар билан, даъват ва насиҳат билан, тан­қидбозлигу тадбирбозлик билан бирор муаммо ҳал бўлиб қолмаган, ҳал бўлиб қолмайди ҳам.

“Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарорига шу нуқтаи назардан разм солинса, мамлакат раҳбарияти ҳозирга қадар соҳада эришилган ютуқларни эътироф этгани ҳолда, миллат ва давлат тилига бўлган эътибор ҳамда эъзозни мутлақо янги босқичга кўтариш вазифасини айни шу миллат ва давлат олдига қўяётганига амин бўламиз. Бунга қарорнинг муқаддима қисмидаги, жумладан, “Ватанимиз мус­тақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб” деган муҳим ўринлар мисол бўла олади. Ахир, миллий мустақилликни тил мустақиллигисиз, дил истиқлолисиз, ирода эркинлигисиз тасаввур этиб бўладими?

Гап “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганидан буён биринчи маротаба ушбу санага бағишлаб алоҳида қарор қабул қилинганидагина эмас, балки, ҳамма гап мазкур қарорда ва унинг иловасидан ўрин олган маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастурида кўзда тутилган ишлар ёрдамида жафокаш тилимиз мавқеини ўзига ярашиқли даражага кўтаришга, “дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили”нинг бирор-бир кимса томонидан камситилишига йўл қўймасликдек, унинг тинимсиз такомиллашиб, сайқалланиб боришидан ўзини шу юрт, шу Ватан фарзанди ҳисоблайдиган миллионларнинг бирдек манфаатдор бўлишига эришишдек эзгу ва қатъи мақсадлар кўзланаётганида!

Ана шу маънода Президентимизнинг бу қарорини фақат байрам тадбирларини ўтказишга бағишланган ҳужжат, деб ўйласак ва унинг ижросига шу нуқтаи назардангина ёндашсак, бизнингча, жиддий хатога йўл қўйган бўламиз. Зеро, Давлат тилига бағишланган катта-кичик тадбирларда саҳна марказига “ўйинбоп” қўшиқ ва киши имонини ўғирлайдиган рақс­лар эмас, балки бедор фикр ва чуқур тафаккур, теран ўй ва кенг мушоҳада, аниқ ҳамда асосли таклифлар чиқмоғи бугун сув ва ҳаводек зарур. Чунки миллий тил равнақи борасида ана шу миллат вакиллари жон куйдирмаса, унинг обрўси ва эртанги кун тақдири хусусида бугун жиддий ўйга толмаса, бунинг учун эса давлат тилининг ҳуқуқий мақоми ўз жойига қўйилмаса, қилинган барча ҳаракатлар зое кетиши ҳеч гап эмас.

Мамлакатда давлат тилига амал қилиниши борасида йиғилиб қолган муаммолар эса тўлиб-тошиб ётибди. Беистисно барча ҳудудларда кўзга чўпдек тиқиладиган рекламалар аҳволи, фирма ва корхоналар, майда-чуйда дўконлардан тортиб супер ва гипермаркетларга, тўйхона-ю таомхоналаргача танланаётган ажнабий номлар, идоралараро муносабат ва алоқа ҳужжатлари, ҳатто ўзбекнинг қоракўз болалари қулоғига азон айтиб(!) қўйилаётган исмларгача бу муаммоларнинг тобора кўпайиб боришига “холис хизмат қилаётгани” ҳеч кимга сир эмас. (Ҳамма билиб, кўриб турган бу нарсалардан мисоллар келтириш орқали “қаҳрамонлик” қилиш вақти аллақачон ўтганини, бу йўл билан муаммолар илдизини қуритиб бўлмаслигини тан олиш ҳам юқорида айтганимиз — ҳақиқатнинг юзига тик боқиш ҳисобланади! Р.Қ.)

Таъкидланганидек, давлат ва жамият бошқарувида, илм-фан ва таълимда, соғлиқни сақлаш ва хизмат кўрсатишда, керак бўлса, хориж мамлакатлари билан ўзаро алоқаларда ҳам давлат тилининг фаол қўлланилишига эришмасдан туриб, унинг мав­қеи ва обрўсини юксалтиришга  умид қилиб бўлмайди. Зеро, тилнинг мавқеи ва обрўси ўз-ўзидан, фақат яхши ният-у пуч умидлар билан ҳосил бўлиб қоладиган натижа эмас. Миллий тил қанча фаол, мунтазам ва кенг миқёсларда қўлланса, миллат вакилларининг тафаккури ҳам шунча фаол­лашади, фикр уфқлари кенгаяди. Фаол тафаккур, уфқлари кенг фикр, теран мулоҳаза эса фан ва техника ривожининг ҳам, сиёсий ирода кучининг ҳам, маданий ва маърифий такомилнинг ҳам ажралмас шартидир. Ана шундай миллатнигина бошқа миллатлар танийди, тан олади, ҳурматга ва эъзозга лойиқ санайди. Дурагай кайфият, дурагай руҳият, дурагай тил ва тафаккур билан бирор халқнинг халқ бўлиб қолганини ҳозирча инсоният тарихи билмайди.

… Умид қилиб чарчамайдиган хал­қимизда “Ҳали ҳам кеч эмас” деган гап бор. Бу масала — ўттиз йилдан буён давлат тили номида бўлган она тилимизнинг мавқеи ва обрўсини ўзига ярашиқли мақомларда кўриш умиди ушалишига ҳам, илоҳо, кеч бўлмаган бўлсин. Бунинг учун эса Сиз билан биздан умидни ниятга, ниятни аҳдга, аҳдни эса қатъиятли ҳаракатга айлантириш талаб этилади. Бизнингча, мамлакатимиз раҳбари эълон қилган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги шу йилнинг 4 октябрида имзолаган қарори хал­қимизга шу ҳуқуқни, шу шижоат ва қатъиятни қайта тақдим этиши билан ҳам қимматлидир.

Раҳмон Қўчқоров,

Тошкент давлат юридик университети доценти,

филология фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 17 =