Саратон хасталигига вакцина жорий этилди

Сир эмаски, сўнгги йилларда аёллар ўртасида саратон хасталиги кўпайиб бормоқда. Айниқса, бачадон бўйни саратони кўп учраётгани айтилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, биргина 2018 йилда дунё миқёсида бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 000 аёлнинг касалланиш ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 000 нафардан ортиқ аёл вафот этаркан. Аммо касалликнинг олдини олишда синалган ва самарали усуллардан бири — одам папиллома вируси (ОПВ)га қарши эмлашдир.

Хориж тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизда 9-14 ёшгача қизларнинг барчаси ушбу касалликка қарши эмланиши йўлга қўйилди. “Ёш қизларда вакцинанинг асорати қолмайдими?” — деган ҳақли савол туғилади. Ушбу масала юзасидан Республика Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони тарқалиши кўкрак бези саратонидан ҳамда касалликдан ўлим кўрсаткичи бўйича туғиш ёшидаги аёллар орасида иккинчи ўринда туради. ЖССТ маълумотларига қараганда, ҳар йили юртимизда 1600 нафардан зиёд аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда.

— Юртимизда шу вақтга қадар 12 турдаги касалликка қарши эмлаш ишлари олиб бориларди. Эндиликда одам папиллома вирусига қарши вакцина жорий этилди, — дейди Вирусология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Эркин Мусабоев. — Мамлакатимизда ҳар бир вакцинани жорий қилишдан олдин уни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, синов ўтказилиб, кўзланган ижобий натижа олингандагина амалиётга жорий этилади. Бу гал ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида махсус техник экспертлар гуруҳининг дунё тажрибасига таянган ҳолда ўтказган тажрибалари ижобий натижасини намоён этди.

Одам папиллома вирусига қарши вакцинанинг нархи анча қимматлиги сабаб аксарият давлатларда у пуллик асосда ўтказилади. Мамлакатимизда эса, ўсмир қизлар давлат ҳисобидан бепул эмланиши айтилди.

Тадбирда қайд этилганидек, ЖССТ одам папилломаси вирусига қарши вакцинани барча иммунизация дастурларига киритишни тафсия этган. Бугунги кунда жаҳоннинг 96 давлати уни ўз миллий эмлаш календарига киритган. Улар орасида Буюк Британия, Дания, Швеция, Финландия каби қатор Европа давлатлари, АҚШ, Канада, Авс­тралия ва Лотин Америкаси мамлакатлари ҳам бор.

Ўтказилган халқаро илмий тадқиқотларда шу аниқ бўлдики, юқорида қайд этилганидек, мазкур вакцина нафақат саратондан ҳимоялаш, балки репродуктив аъзолар саломатлигини ҳам яхшилайди.

— 2010 йилда мамлакатимизда 8 минг нафар 9-15 ёшли қизларга вакцина қўлланилган эди. Ўтган давр­да бу қизларда ҳеч қандай салбий ўзгаришлар кузатилмади, — дейди тиббиёт фанлари номзоди, профессор Дилбар Маҳмудова. — Бугунги кунда миллат генофондини яхшилаш, аёллар ва қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ушбу вакцина олиб келинмоқда. Илмий изланишлар натижасига кўра, айнан 9-14 ёшдаги қизлар организмида мукаммал равишда иммунитет ишлаб чиқаради. Боиси, улар ҳали турмушга чиқмаган ва вирусни юқтириш иммунитетига эга бўлмайди. Шу сабабли ҳам айни шу пайтда эмлаш бошқа ёшдагиларга нисбатан самарали бўлади.

— Папиллома вирусли касаллик бўлиб, унинг 200 дан ортиқ тури мавжуд. Айрим кўринишлари онкологик хасталикларни келтириб чиқаради. — дейди Эркин Мусабоев. — Хусусан, аёллардаги бачадон бўйни саратони ривожланишида айнан папиллома вируси етакчилик қилади. Вируснинг ўнга яқин тури жинсий аъзоларни зарарлайди. Унинг онкоген хавфи юқори бўлган – 6, 11, 16, 18 турлари эса саратонни пайдо қилиши мумкин.

Эмлаш жараёни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатъи назоратида олиб борилади. Албатта, бу жараён барча тиббий кўрсатмаларга риоя этилган ҳолда, ўз вақтида ва тўғри амалга оширилса, ҳеч қандай асорат бўлмайди. Аксинча, ОПВ­га қарши эмлаш орқали фарзандларимизни бачадон бўйни саратони деб аталмиш оғир дарддан ҳимоя этишга, келажакда уларнинг соғ­лом ва бахтли ҳаёт кечиришига эришилади.

Шундай бўлиши рост бўлсин!

Феруза Раҳимова,

«Hurriyat» мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 9 =