Меҳнат бесамар бўлмади

“Ер билан тиллашиш”нинг ҳадисини олган ва қишлоқ хўжалигининг пахтачилик агрокомплексида катта тажриба орттирган Вобкент тумани миришкорлари олдиларига қўйилган мақсадга эришиб, яна бир меҳнат зафарини тантана қилди.

Ҳудудда давлат шартнома режасида белгиланган 34 минг 702 тонналик пахта хирмони бунёд этилди. Қувонарлиси, саноат учун қимматбаҳо хомашё етиштиришга ихтисослашган 370 та фермер хўжалигининг аксариятида йил бошидан кўзланган марра эгалланиб, хўжаликларнинг моддий манфаатдорлиги ошиб бораяпти.

Қишлоқ хўжалигининг ғаллачилик, пиллачилик ва бошқа соҳаларида давлат шарт­нома режаларини уддалаб келаётган туманимизда бултур пахтачилик тармоғи ниҳоятда оғир келганди. Шунга қарамай, белгиланган 33 минг 958 тонна ўрнига 32 923 тонна “оқ олтин” топшириб, режани 97 фоизга етказганда, арзимас мисқоллар туфайли кўзланган маррага етолмай қолганимиз ҳам бизга аччиқ сабоқ бўлган эди. Бу йил эрта баҳордан 10 минг 370 гектар ерга “Бухоро-6” ва “Бухоро-8” навли барака уруғини қадагандик, ҳар бир контур парвариши, агротехник тадбирлар ва минерал ўғит таъминотига алоҳида эътибор қаратилди. Ерни “оби ҳаёт”га қондиришдан тортиб, чеканка ва бош­қа ишловни кечиктирмай, деҳқончиликда катта тажрибага эга оқсоқолларимизга таяниб, меҳнат қилганимиз натижасида бугун элимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди.

25 сентябрдан уюш­қоқлик билан бошланган йиғим-терим мавсумида 16 минг 900 нафар ихтиё­рий ёлланган теримчининг 206 та отрядга бириккан ҳолда сафар­барликка жалб қи­лингани, қолаверса, уларга ҳудуддаги тижорат банклари томонидан умумий қиймати 30 миллиард сўмга яқин пахта пули далада, тарози бошида тарқатилгани якунда катта муваффақиятни таъминлади.

Бир сўз билан айтганда, бугун Вобкент туманида ҳам катта меҳнат байрами бошланди. Бундай тантаналар эса ҳалол-пок меҳнат сурури, фаровон турмуш нашидаси, заҳмат чекиб тўкилган пешона терининг ҳузурбахш роҳати натижаси ҳисобланади.

Баҳодир Бафоев,

Вобкент туман ҳокими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =