Ойпараст

Орадан уч ойга яқин вақт ўтди. Дастлаб, ўзбековулликлар оғзидан тушмай қолган Малик воқеаси аста-секин унут бўла бошлади. Уни бобосига тортган деганлар ҳам тинчиб қолишди.

Ўзбековулда бунақанги ҳодиса қайтиб юз бермади. Эл-улус буткул тинчиди.

Бир ҳафтача бўлиб қолди, ўзбековуллик Нурмат бригадирнинг боши қотган. Ахир бу нима деган гапки, ҳар кун кечаси кимдир ҳовлига келади-ю аллақандай юмушларни битириб қўяди.

Аввалига ҳазил туюлган бу машғулот бора-бора бригадирнинг асабларини ўйнай бошлади. Нима, унинг ҳовлиси бекорчиларнинг катта холасига тегишли майдонмидики, келиб истаган номаъқулчилигини қилишса.

Қишлоқ ўз номи билан қишлоқ-да. Уч юзтача хонадон бор Ўзбековулда ҳам бир пасда миш-миш болалаб кетди. Эмишки, бригадирнинг қайсидир бобосидан қолган бир хум олтини бўлган-у, бундан хабар топган ўғрилар ҳовлини тит-пит қилишиб, хумни излашган. Бош­қа бир тахминга кўра эса бригадир шаҳарга борганида аллақандай мафиозларнинг жиғига теккан-у, ана энди улар Нурмат акани маънавий жиҳатдан эзиб, асабларини ишдан чиқариш учун мана шундай ўйинни бошлаб юборишган. «Ҳали булари ҳолва, охири нима бўлади — бир Худога аён», дейишарди бу миш-миш тарафдорлари бошларини маънодор чайқашганларича.

Албатта, булар бари куракда турмайдиган гаплар эди. Илло, Нурмат бригадир эсини танибдики, қора меҳнат орқасидан кун кўриб келади. Шу овулда чўпон бўлиб, ҳар замон-ҳар замонда дўмбира чалганча бахшилик ҳам қилиб юрган, бир умр ялангоёқ ўтган бобосидан бир хум тилла қолиши мумкинлигига эса ақл бовар қилмайди. Бунинг устига бобо ҳақида гап кетганда Нурмат бригадир сал ийманиброқ илжайиб ҳам қўяди. Зеро, бахши бобо баъзан, айниқса, ой тўлган оқшомлари туйқусдан жўшиб-тўлиқиб кетиб, катта гулхан ёққан ва доим эшаги хуржунидан қўймайдиган ўроғини қип-қизил чўғ бўлгунча қиздириб, сўнг уни тилига теккизиб тураверишдек ғалати одатга ҳам эга бўлганки, бу борада овулда кўп афсоналар тўқилган. Шунингдек, бахши бобо баъзан-баъзан фавқулодда кучли бўлиб кетиши, мисол учун, чарчаб қолган эшагини шартта елкасига олганча катта қирларга бемалол чиқиб кетавериши хусусида ривоятлар ҳам оғиздан-оғизга кўчиб юради…

Тўғри, бригадир шаҳарга борганида ангишвона ўйнатаётган қўллари чаққонгина йигитчаларнинг қилиқларини бир муддат томоша қилган, бу сурбет болакайлар қишлоқдан борган содда жувоннинг бор-йўғини шилиб олишаётганини кўргач эса ўзини босиб туролмасдан даврага бостириб кириб, йигитчаларга бир-икки насиҳат қилган. Бироқ бу йигитчалар гапни яхши тушунмайдиганлардан чиқиб қолган. Бригадирга қараб тепадан келишган. «Йўлингдан қолма, ювилмаган қошиқ! Бўлмаса онангни кўрсатиб қўямиз!» деб пўписа қилишган. Ҳатто қайдандир пайдо бўлиб қолган бир-иккита она сути оғзидан кетмаган ўсмирлар уни туртиб-суртиб чеккароққа чиқариб қўймоқчи ҳам бўлишган. Шунда қони қайнаб кетган бригадир ортиқча манзират қилиб ўтирмаган-да, шартта пичоғини қинидан чиқаргану, зўравонларга тик қараганча: «Сўймасам ҳисоб эмасми?!» деб ўдағайлаган. Тентакроқ одамга дуч келиб қолдик, деб ўйлашганми, ишқилиб, йигитчалар ура қочишга тушишган, шу орада бригадирнинг қўлига тушиб қолган бир каттароғи жон ҳолатда ҳалиги шўрлик жувондан шилиб олинган бор пулни қайтариб берган. Миннатдор жувон бригадирни алқай кетган. Бор-йўғи шу. Ўша пўконидан ел ўтмаган йигитчаларнинг шаҳардан овулга атайлаб бригадирни излаб келиши, бунинг устига аллақандай сирли ўйинларни ўйлаб топишини тасаввур этиш учун киши ҳеч қурса кўкнорихаёл бўлиши керак-ку!..

Булар ҳаммаси, шубҳасиз, мантиқан тўғри мулоҳазалар эди. Лекин ҳовлида кечалари нималардир юз бераётгани ҳам ҳақиқат эдики, буни ўйлаган сайин бригадирнинг хуноби баттар ошарди.

Дастлабки кеча ҳовлида то дарвозага қадар қуйилган ғиштларни кимдир ағдариб чиққани маълум бўлиб қолди. Бригадирнинг аниқ эсида, кечки чой-нон устида болаларига бир кун бурун қуйилган ғиштлар ҳалигача ағдарилмагани, демак ғиштларнинг фақат бир томони қуриб, бошқа томони нам ҳолида тургани хусусида дакки берганди. Шу сабаблими, Нурмат ака бу ишни фарзандларининг биронтаси қилиб қўйганга йўйди. Албатта, тун ойдинда ғиштни ағдариш унча ёқимли машғулот эмас, лекин ориятли ўғиллардан биронтаси бу ишни сездирмасдан қилиб қўйган экан, бригадир нимаям дерди, отасига раҳмат айтади-да.

Бироқ эртаси куни кечаси яна кимдир айнан шу, ҳали тайинли қуришга улгурмаган ғиштларни ҳовли чеккасига чиройли қилиб тахлаб қўйганини кўрганида бригадирнинг пешонаси тиришиб кетди. Ғишт камида уч мингтача эди, демак уни бундай тахлаш учун камида икки киши уч-тўрт соат тер тўкиши керак эди. Нурмат ака уч ўғлини ҳам сўроққа тутди. Аммо биронтаси бўйнига олмади. Ота уларнинг юз-кўзларига диққат билан разм солди ва … ўғилларининг ҳақиқатни гапираётганликларига имон келтирди. Ота барибир ота-да, болалардан биронтаси гапга сал ёлғон аралаштирганда эди, дарҳол сезарди. Йўқ, бариси падарга тик қараб туришибди, гаплари ҳам ишончли, дадил жаранглаяпти.

Учинчи кеча яна ўша номаълум кимдир (эҳтимол кимлардир) ҳовли ўртасидаги икки юз литр сув сиғадиган темир бочкани ўрнидан силжитиб, беш одимча нарига, шундоқ девор ёнига олиб келиб қўйган. Нурмат ака адашмаётганди: уч ўғлиниям чақириб, ҳовли ўртасидаги бочка ўтган-кетганга халақит бераётганини, шунинг учун уни чеккароққа олиш, иложи бўлса ҳовли деворига тақаб қўйиш кераклига ҳақида гапирганига бир ҳафтача бўлганди-ёв. Шунда катта ўғил Муродбой бўйнини қашлаганча: «Бир кран бўлса ёмон бўлмасди», деганди; ўртанча ўғил Низомжон синфдошларини ҳашарга чақиришни таклиф қилганди; кенжатой Малик эса бочкани судраш учун тоғасининг тракторини олиб келишни маслаҳат берганди.

Туман марказига бориб кран олиб келиш, сўнг унга анчагина хизмат ҳақи бериш лозимлиги сабабли катта ўғилнинг таклифи отага ўтиришмади; ҳашар масаласи ҳам очиқ қолди — етти-саккиз бўз болани чақиргандан кейин шунга яраша дастурхон ҳам тузаш керак-да; кенжатойнинг трактор борасидаги таклифини-ку, муҳокама қилиб ўтириш ҳам ортиқча — буғдой ўрими мавсумида анқонинг уруғи топилса топиладики, лекин бўш трактор топилмайди… Шу билан падар таклифи номаълум муддатга қолдирилганди.

Тўртинчи-бешинчи оқшом тинч ўтди. Нурмат бригадир тунда икки-уч марта ҳовлини айланиб чиқди, эшик ёнида ўтириб нос чекди. Лекин чигирткаларнинг чириллаши-ю сигирларнинг кавш қайтаришидан бошқа тиқ этган бегона товуш эшитилмади.

Олтинчи оқшом, чарчаган эканми, бригадир донг қотиб ухлаб қолди. Тонг саҳар уни тўнғич ўғил Муродбой уйғотди. Ҳовлиқиб турган Муродбой саволга жавоб бериб ўтирмасдан отасини ҳовлига судради. Ҳовли ўртасида кечагина уюлиб турган бир тележка тупроқ яхшилаб қориб, пишитилиб, тайёр лой ҳолига келтириб қўйилганди.

Довдираб қолган бригадир ўзича ҳисоб-китоб қилди. Бунча тупроққа энг камида саксон пақир сув қуйиш керак, ана ундан кейин бир пудли кетмон билан бир тележка тупроқни камида уч марта ағдариб чиқиш, яъни пишитиш керак. Инсон боласи ярим кеча, ҳамманинг кўзидан панада, яна денг каттакон ҳовлида ҳеч кимга сездирмасдан қилолмайди бу ишни…

Нурмат бригадирнинг фиғони фалакка чиқди.

— Ёнимда девдай-девдай учта йигит бўла туриб, ким бу ишни қилиб кетди? Ким у бизни мазах қилаётган? — дея бақирди у.

Афсуски, бу саволларнинг жавоби йўқ эди.

Нурмат бригадирнинг ёмон жаҳли чиқди. Ҳеч қилмаган ишини қилиб, тоғдан бир каттагина бўрибосар сотиб олиб келди. Кучукни ҳовлига қўйиб юбормоқчи бўлди, аммо хотинининг, қизларининг пусибгина турганини кўргач, унинг бўйнига занжир боғлаб, занжирнинг учини қозиққа илдириб қўйди.

Еттинчи оқшом тинч ўтди. Баҳайбат кучук тун бўйи ҳатто бир бор вовулламади ҳам. Аммо саккизинчи оқшом…

Тонг саҳар палла негадир чўчиб уйғониб кетган Нурмат бригадир кўнгли бир нимани сезгандай илдам юриб ҳовлига чиқди ва турган жойида донг қотиб қолди. Кеча кечқурун даладан олиб келинган уч қоп ғалла жойида йўқ эди. Тоғдаги чўпон таърифига кўра ҳар қандай бўрини, ҳаттоки тўнғизни ҳам писанд қилмаслиги лозим бўлган баҳайбат бўрибосар эса хўжайинга мўлтираб қараганча думини ликиллатибгина турарди.

Бригадир уйдагиларнинг барини уйғотди. Бутун оила аъзолари ҳовлига тўпланишди.

Дарвозани ичкаридан қулфлаб ётиш бировнинг хаёлига ҳам келмаганди. Бироқ бригадирни ҳам, унинг уч ўғлию турмуш ўртоғини ҳам бир нарса ажаблантирди: ҳовлидан ташқарига чиққан излар йўқ эди.

Бригадирнинг фиғони фалакка чиқди.

— Буғдой қанот бойлаб осмонга учиб кетмагандир? — дея тўполон қилди у.

Мол аччиғи — жон аччиғи. Оила аъзоларининг бари бесаранжомланиб қолишди. Бунинг устига ҳар бири юз кило атрофида келадиган уч қоп ғаллани сездирмай кўтариб олиб чиқиб кетиш учун камида Ҳожимуқон бўлиши керак-ку бу ўғри дегани!

Ёмон гап тез тарқалади. Ҳовлидаги бақир-чақирни эшитган қўни-қўшнилар узун-қисқа бўлиб кириб кела бошлашди.

— Милисага хабар бериш керак! — деди Сардор ваҳима ишонч билан кўзларини ола-була қилганча. — Мен биламан, кейинги пайтларда тайёр буғдойни ўғирлаб кетадиган болаларнинг мафияси пайдо бўлган!

— Обқочманг, ака, — дея уни шаштидан туширишга уринди Сафарбой муаллим. — Ўғри обкетса из қоларди, озгина бўлсаям ғалла тўкиларди. Бу ерда ҳеч бало йўқ-ку!

Сардор ваҳима бўш келмади:

— Мен биламан, улар ўғирлик қилиб бўлганларидан кейин супурги билан изларни супуриб кетишади.

Бу тахминни эшитган бир неча қўшни ўзларини кулиб юборишдан тия олмадилар.

Шу пайт ўртанча ўғил Низомжон қичқириб юборди:

— Ота, бу ёққа қаранг!

Ҳамма шу томонга ўгирилди. Молхона ёнида турган Низомжон қўли билан ичкарига ишора қиларди.

Биринчи бўлиб етиб келган Нурмат бригадир уч қоп ғалласи молхона чеккасига тахлаб қўйилганини кўрди.

Қўшнилар энди баралла кулиб юборишди.

— Ўғри шу ерда экан-у… Қўрққанга қўша кўринар, деганлари шу-да… Аммо сизам ваҳимачи бўп қопсиз-да, биргат…

Қип-қизариб кетган Нурмат ака ўзини қўярга жой тополмай қолди. Унинг аҳволини тушундими, Сафарбой муаллим муроса оҳангида деди:

— Ўйланманг, ака, баъзан одам чарчаганида кеча қилган ишиниям унутиб қўяди.

Нурмат бригадир миқ этолмади, фақат бошини қуйи эгиб олди. Қўшнилар кула-кула ҳовлидан чиқиб кетишди.

Изза бўлган бригадир болаларига ўшқирди:

— Қайси бирингнинг ишинг бу?

Аммо уч ўғил ҳам елка қисиб тураверишди. Болалари рост гапираётганини бригадирнинг ўзи ҳам сезиб турарди. Ахир, кеча кечқурун тўртовлон бир бўлиб битта қопни аранг кўтаришди-ю, қандай қилиб она сути оғзидан кетмаган йигитчалар якка-ёлғиз ҳолда бу ишни эплашади?..

Лекин… бундай ўйлай деса, қопларнинг ичкарига киритиб қўйилганини ўз кўзи билан кўриб турипти. Тунда уларда оёқ пайдо бўлиб қолмагандир, ҳар қалай.

Шу куни яна ики қоп буғдой олиб келинди. Қоплар ўғиллар ёрдамида ҳовлига туширилди. Бригадир қопларни жойида қолдирди. Атайлабдан.

Оқшом Нурмат бригадир ҳар не бўлса ҳам ухламай чиқишга аҳд қилди.

Ярим тун ҳам бўлди. Кейин осмонда юлдузлар бирин-кетин сўна бошлади. Афтидан, саҳар яқинлашиб келмоқда эди. Ёзнинг бир тутам туни-да… Бир-икки хомуза тортиб олган, кўзлари ёшланиб кетган бригадир ҳамон ҳовлини синч­ковлик билан кузатишга уринганча оғил девори ёнида чопонига ўралиб ётарди.

Кутилмаганда ўғиллари ётадиган хона эшиги ғийқиллаб очилди ва остонада кенжатой Малик пайдо бўлди. Ўғлини ҳожат учун чиқди деган хаёлга борган Нурмат ака аввал уни чақирмоқчи бўлди. Аммо ўғлининг қандайдир нотабиий, жуда секин қадам ташлашими, нимадир уни сергаклантирди.

Нурмат ака аста ўрнидан турди ва оёқ учида юрганча ўғлига яқинлашди.

Уфқ оқариб келмоқда эди ва саҳарги ғира-ширада Нурмат ака ўғлининг кўзлари юмуқ эканлигини кўрди.

Бўрибосар бир ғингшиб қўйди, лекин уй эгаларини танигач, яна бошини панжалари орасига олганча жимгина ётаверди.

Малик аста қадам ташлаб, тўғри қоплар ёнига борди. Кейин пайпаслаб улардан бирининг боғланган оғзидан ушлади, гўёки пахта солингандай енгиллик билан қопни елкасига олди-да, тўғри молхонага қараб юрди.

Жон-пони чиқиб кетган Нурмат бригадир:

— Малик! — дея бақириб юборди.

Малик ногоҳ мункиб кетди ва овоз келган тарафга ўгирилмоқчи бўлган жойида гупиллаб йиқилди. Қоп уни босиб қолди.

Бригадир жон алпозда ўғли томон отилди ва унинг устидаги оғир қопни бир амаллаб олиб ташлади.

Ихраб, оғзидан кўпик келаётган, кўзлари очилиб кетган Малик отасига ҳайрон бўлиб қараркан, баногоҳ қаттиқ инграб юборди ва ҳушидан кетди…

Дўхтирлар Маликнинг умуртқа поғонаси оғир юк таъсирида эзилганлигини аниқлашди.

Ёмон томони — Малик ойпараст­лик хасталигига учрагани учун унга бундай пайтлари гапириш мумкин эмас экан. Дўхтирларнинг айтишича, ойпараст одамлар ҳатто ярим кечаси том устида юрганларида ёки оғир юк кўтарганларида транс ҳолатида бўлиб, ўзларининг нима қилишаётганликларини билишмас экан. Мана шу карахтлик пайтида баъзан одам ҳатто ўнгида тасаввур ҳам этолмайдиган даражада фавқулодда куч талаб қиладиган ишларни ҳам қилиб қўйиши мумкин экан.

Нурмат бригадир ўғлини бир ойча шифохонада даволатди, сўнг мулла-қушночларга ўқитди. Ишқилиб, Малик тузалиб кетгандай бўлди. Фақат сал энгашиб юрадиган бўлди — эзилган умуртқа поғонанинг тикланиши қийин кечмоқда эди.

Орадан уч ойга яқин вақт ўтди. Дастлаб, ўзбековулликлар оғзидан тушмай қолган Малик воқеаси аста-секин унут бўла бошлади. Уни бобосига тортган деганлар ҳам тинчиб қолишди.

Ўзбековулда бунақанги ҳодиса қайтиб юз бермади. Эл-улус буткул тинчиди.

Фақат… ҳар замон-ҳар замонда Нурмат бригадир тонг саҳарда чўчиб уйғониб кетаркан, шоша-пиша ҳовлига чиқади ва илинж билан атрофга аланглайди. Бироқ ҳамма нарса ўз жойида бўлади. Кеча кечқурундагидек. Мўъжизадан, ўзгаришдан дарак бўлмайди… Ана шунда бригадир нечукдир оғир хаёлларга ҳам чўмади: “Ўшанда…. ўшанда жим тураверишим керакмиди ё?.. Ўртада Малигимнинг букчайгани қолди… Энди биров… қизини берармикан?.. Бировга зиёни тегаётганмиди мунча?.. Индамай қўяверганимда нима бўларди?..” Ҳар сафаргидай, бригадир ўзини қийнаётган, тун-кун оромини ўғирлаган саволларга аниқ жавоб топа олмайди ва руҳсиз-ҳорғин тарзда, ҳовлига аланг­лай-аланглай қайтиб ичкарига кириб кетади…

Абдуқаюм Йўлдошев

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 − 3 =