Лўлилар (ҳикоя)

Ўшанда ҳаётимиз бугунгидан кўра бутунлай бошқача эди. Биз уч қиздан кейин укам туғилгач, отам дала ҳовлига уй солди ва биз кўчиб кетдик. Кичик амаким Россияга ишлагани кетиб қайтиб келмагач, бувим ёлғизланиб қолди. Кейин опаларим ичида бир мен мактабга бораётганим учун бувим билан яшай бошладим. Бу ҳовли биз ёшликда катта бўлган ҳовли эди, лекин жуда сирли кўринарди. Яъни уйдаги ҳамма нарсалар бувим томонидан сеҳрлаб қўйилгандек туюларди. У вақтларда етмиш ёшларни қоралаган бувим анча тетик эдилар.

Мен — ўн бир ёшлардаги қизча, бувимни дунёда энг ақлли, деб билар, барча айтганларини сўзсиз адо қилишга уринар эдим. У киши ўзлари нон ёпиб, ўзлари кир ювардилар. Уруш йиллари, қаҳатчилик, оғир замонларни кўрганларидан ҳеч нарсани исроф қилмасдилар, исроф қилганларни ёмон кўрардилар. Узоқ йиллар давомида кўрган-билган қанча одамлари ҳаётдан ўтиб кетгани учунми, одам зотини, хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик, қаттиқ ҳурматлар, ёш болаларни ҳам сизлаб гапирар эдилар. Кўчадан бирор қўшними ё қариндош кириб келса, ҳар қандай ишларини йиғиштириб, дастурхон солиб чой тайёрлашга ўтардилар. Ҳатто кўчама-кўча юриб, эчки жунларини сўраб, ўрнига бир пиёла бериб кетадиган лўлиларни ҳар мавсумда неча марталаб меҳмон қилганларини эсласам (очиғи, ўша вақтларда бувимнинг бу ишларидан ғашланардим), ҳали-ҳали аввалига кулгим, кейин йиғлагим келади. Лўлилар ўз уйларида ўтиргандек, бемалол чой ичишарди-да, яна бувимга “Момо, эски соат, медал, эски билагузуклар бўлса беринг, барибир улар ҳеч нарсага ярамайди-ку”, деб сўрашар, бувим аллақачон ундай нарсаларни ўзларига тарқатиб бўлганларини эшитгач, ҳеч бўлмаса, сим рўмолми, шол рўмолми сўрашар, бувим уларнинг “қутлуғ уйдан қуруқ чиқсалар, бехосият бўлиши” ҳақидаги пандларига ўрин қолдирмай, ҳаммаларига рўмол улашардилар. Ўртоғимнинг уйига борганимда кўрган эдимки, лўлилар одамларга жун ўрнига рўмоллар ҳам беришар экан. Бувимдан рўмолларни бошқаларга бериш учун олишаётганини билиб, баттар ғижинардим.

Ҳар гал мен бувимнинг уларга осонгина алданаётганини кўриб чидолмай, енгларидан тортқилардим, бувим эса бешбаттар қилиб, боғдаги узумдан икки бош узиб чиқишимни буюрардилар. Дастурхон бўшаб, лўлилар чиқиб кетгач, бироз ўтиб, нариги маҳалладан уларнинг “Опў-ю”, деб чақиргани эшитилар, бу чоқда бувим худди сарой аъёнларини кутиб олиб энди мартабаси ошишига умид қилиб турган ғуломдек хурсанд қиёфада дастурхон йиғиштиришга тушардилар.

Бир гал шунақа кўча дайдиси, очу суллоҳ лўлиларни кутиб оламан деб адабиётдан берилган шеърни ёдлолмадим. Улар кетганда, бувимга зарда билан дедим:

— Буви, шуларга чой қилиб беришингиз шартми? Ғовада сизга ўхшаб ҳеч ким лўли боқмаса керак.

— Қўявур, ишинг бўлмасин.

— Бу лўлилар ҳам ҳар сафар текин чой бор, деб янги-янгиларини бошлаб келади. Бир уй жаҳон бўлиб катта холасининг уйида ўтиргандай ўтиришини қаранг. Яна хохолашишига нима бор?

— Болам, улар мусофир. Кейин камбағал. Очин-тўқин юради. Бола-чақа боқаман, дейди-да, бўлмаса шундоқ оғир қопларни кўтариб эшикма-эшик зарилми?

— Қанақа камбағал? Зўр яшармиш. Ана Маҳмуджон акам айтди.

— Бўпти, кўп калхабарчи бўлмасдан, мактабингга жўна. Соат ўн икки бўлди.

Нима нодонлик қилиб шу гал синфдошим Мухаррамга лўлилар бизникида чой ичганию, шуни деб дарс тайёрлолмаганимни айтибман. Биз у билан жуда қалин эдик. Танаффусда бирга пар тепардик, деворга копток уриб ўйнардик. Бир галгина билагимдаги тақинчоқни бир кун тақиб келишга сўраганида бермаганимга синфдаги ҳамма қизларга лўлилар бизникида чой ичишини эълон қилиб юборди. Камига ҳамма қизларга ўша тақинчоқни кўрсатиб:

— Қаранглар, мана бу матоҳини лўлилардан олибди. Чой қилиб беришган экан, лўлилар шуни берибди.

Шу-шу бўлди-ю, синфдошларим мен билан сал айтишиб-тортишиб қолса, “лўлибоқар” деб жиғимга тегадиган бўлишди. Айниқса, Лобар онабоши ҳар гапида мени ўсал қилиб, “Бунақа сирғанг йўқ эди-ку. Қаёқдан олдинг? Э ҳа, лўлилар нарса бериб туради-а сенга?”, “Биз кўчадан келадиган гадолар билан гаплашмаймиз. Пулини бериб жўнатворамиз”, деб ё шунга ўхшаш гапларни айтиб тиржаяди. Йиғлаб юборай дейман. Бир-икки 8-“А”синфга ўтиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Бўлмади.

Уч-тўрт ой ўтиб бир куни бувимнинг қистовлари билан даладаги ловиянинг қандай сув ичганини билиб перовхоналарни тўғрилаб, ариқ бошини жимлаб сувни йиқиб, уйга қайтиб келсам, сўримизни тўлдириб яна лўлилар ўтиришибди. Тишимни-тишимга босиб, ўчоқбошига келдим. Бувим чой дамлаяптилар. Менинг туриш-турмушимга қарамай туриб ҳам, гап қотдилар:

— Намунча қовоқ уясан? Сенга қўйган иликни еб қўядими булар? Меҳмон атойи Худо. Бор, ёнғоқ чақ.

Жаҳл қиламан деб тақсимчанинг четига болға уриб олиб синдириб ҳам қўйдим. Лўлилар жағлари тинмай гапиришар, қайси бири эшитиб, қайси бири гапираётганини билиб бўлмасди. Тезроқ чойини ичиб бўлиб кетишса эди дейман.

Қўшнимиз Умарали акани тор одам дейишади. Уйларига ҳеч ким кирмайди. Кўчадан келаётганда ерда ётган тошни ҳам кўтариб келади-да, супа қилиб кўтармоқчи бўлган жойига ирғитиб қўяди. Қовунсотарларнинг олдига челак қўйиб келади. Бирпасда бориб бошқа челакка алмаштириб, бор пўчоқни олиб келиб учта эчкисига тўғраб туз сепиб беради. Асли қовунчининг ўзида ҳам мол-ҳол бор. Лекин пўчоқ йўқ дейишдан хижолат қилади, шекилли, ҳарқалай, Умарали аканинг иккита челаги қовун-тарвуз пишиғида гузарда навбатчилик қилади. Умарали ака бизга девордармиён ўтиради. Ора-сира девор устида унинг хотини бошини кўрсатиб қолади. У устимиздан кулиб ўтиргандир. Ҳали эртага ҳаммага гапириб чиқади. Уфф.

Ўша куни лўлилар ҳар доимгидан ҳам кўп ўтиришди. Юрагимни қон қилиб, уйимизга маҳалла кенгашидан, мактабдан сайлов иши билан уч-тўрт киши келди. Бувимга нималарнидир тушунтириб туришганида лўлилар уларга ҳатто қайрилиб ҳам қўйишмади. Улар меҳмонларимизга ҳайрон-ҳайрон қараб кетишди.

Лўлилар қоринлари тўйиб, энди чойни хўриллатиб ичиб ўтиришар экан, бир-бирлари билан тинмай сўзлашишар, баъзан бақиришиб ҳам кетишарди.

Бу орада пода қайтар маҳал бўлиб кетиб, кўчага чопдим. Дарвозамизни очишим билан доим биринчи кириб келадиган “Чиройли” лақабли эчкимизга кўзим тушди. Кетидан қолган олтита эчки кириб келяпти. Охирида “Илимилиқ” дейдиганимиз ланғиллаб келди. Унга қарайман деб аввал кирганларни қазноққа ҳайдай олмадим. Бу ярамаслар ҳарчанд ҳайдасам ҳам, ҳар ёққа юришди. Жаҳлим чиқиб турган эди, эчкиларни тўғри лўлиларнинг хуржунлари томонга ҳайдадим. У ер ўзи бурчак жой, эчкилар менинг мақсадимни тушунмай хуржунлар устига тикка чиқиб кетишди. Хуржундан бирин-кетин чақ-чуқ овозлар эшитилди. Аксига олиб бирини ҳайдасам, иккинчиси хуржун устига сакраб, идишлар сингани сари баттар тепкилайди. Ниҳоят, уларни амаллаб ўз жойига қамадим.

Энди ўзим кўчага чиқиб бирор қўшниникигами қочиб кетишни ўйлай бошладим. Бироқ чиқолмадим, аксига олиб, ғира-шира тушиб келяпти.

Ивитилган сомонга кепак сепиб сигир билан бузоқ олдига қўйишим керак. Ариқ лабига келиб, тагида кепак қуйқалари қотган идишни олдим-да, биттагина деразаси қорайиб турган ички-ташқилик омборхонага кирдим. Сичқондан эҳтиётлаб, кепак ичкарига эски каравот устига қўйилган. Аксига олиб чироғи йўқ. Тимирскиланиб керак нарсани тополмаганимдан кейин ўчоқбошига чиқиб гугурт олиб келдим-да, чақиб ёруғида кепакқопга идиш ботирдим. Қайтишимда юмшоқ бир нарсани оёғим билан босиб олиб, каламушми, деб юрагим шув этиб кетди. Ўнг токчада чим пахта борлиги ёдимга тушди. Ҳа, шундан ерга тушиб қолган, шекилли.

Мол-ҳолни тинчитиб келганимда лўлилар ҳалиям гаплашиб ўтиришар, овозлари етти маҳаллага етиб ётарди. Бувимнинг манзиратлари ортиб кетганига баттар жаҳллана бошладим. Чунки буларнинг ётиб қолиш нияти борга ўхшарди. Уларнинг олдидаги идишларни йиғиб олиб, ариққа олиб келдим-да, қовоғимни олти қарич қилганча шақир-шуқур қилиб ювишга тушдим. Буларда фаросат борми, дердим ўзимга ўзим.

Йўқ, бир вақти битта ёши каттаси қўлини дуога очиб биз тушунмайдиган антиқа шевада роса дуо ўқиб, дастурхонга фотиҳа тортди. Дуосидан мен ҳам қолмадим. Улар қопларини елкалашди. Идишлар ёқимсиз шарақлади. Тамом, ҳозир қопни очишади, идишлар синганини кўришади, кейин бувимга “энди биз нима қиламиз”, дейишади. Кейин бувим ўзларининг ичкаридаги яхши-яхши идишларини солиб берадилар, дея хаёлимдан кечириб миям ғовлай бошлади. Бироқ улар идишлар овозига эмас, бошқа нимагадир эътибор бериб, бир-бирлари билан ниманидир аниқламоқчи бўлгандек сўзлаша кетдилар. Анча вақт ҳовлининг боғга ўтиб кетадиган томонида — ҳалигина ўзлари сояга деб қоп қолдирган жойларида гаплашиб қолдилар. Улар ўз тилларида сўзлашишар, мен тушунолмасдим. Бувим эса уларга бир елимхалта олма солиб бериш учун куймаланарди.

Бир пайт ўша дуо ўқиган каттаси бувимни чақирди:

— Эна, берига қаранг. Мана шу омборингизда бир нарса куёптими, тутаёптими, қаранг. Ҳиди келопти. Тиклоб қараса чўғ кўриноптими.

Бувим шошиб ўша ёққа кириб кетдилар. Кейин дарров мени чақирдилар.

Бордим. Боплабман. Ичкарида тахмонга ўхшаш токчадаги титтириб қўйилган пахта тутаб ётибди. Бувим шоша-пиша ичкарига кириб чимни қучоқлаб олиб чиқдилар. Тутаган бўлаклар йўл-йўлакай тушиб қола бошлади.

— Бор, Баҳодир акангни чақир! — дедилар. Серрайган жойимдан кўчиб ташқарига отилдим.

Баҳодир ака омборхонага пешайвон лампочкасини олиб келиб қўйди. Омборхонада ҳар ер-ҳар ерга тушиб тутаб ётган пахталарни йиғиб ола бошладик. Лўлилар ҳам кетишмаган, бир-икки чаққонроғи юкини ерга қўйиб бизга қарашишга тушган эди. Ариқдан сув олиб чимларга сепдик. Тутун ўрнини бошқа — бижғиган чигит ҳиди эгаллади. Лўлилар кетар бўлишди. Бувим уларни қуюқ кузатдилар. Яна келсинлар эмиш. Каттакон раҳмат эмиш.

— Ҳа, хола, уруғларингиздан ҳам яхши кутиб оласиз-а лўлиларни? Нимасига раҳмат энди? Уйингиз куйиб кетай деди-ю.

— Ишинг бўлмасин. Кириб чой ич, бўлмаса чиқ уйингга. Сен ҳам кам бўлмагин, бўлдими?

Баҳодир акам кулиб чиқиб кетди.

Бувим неча кун лўлиларни алқаб юрдилар. Ўша куни уларни чойга ушламаганларида нақ уйимиз куярди экан. Мен эса ҳали ҳам қийналаман. Хуржунларини қаерда очишди экан. Эрта-индин жанжал бошлаб келиб қолишадими.

Анча вақт юрак ҳовучлаб юрдим. Бошқа бир неча марта кўчадан чақириб жун сўраб келишди, лекин бизникида чой ичиб кетадиган тўда қайтиб келмади. Эҳтимол, хуржунларини очишганда идишларининг синганини мендан кўришгандир. Хафа бўлишгандир. Мени атайин қилди дейишгандир. Бир ўйласам, мен қилмадим дейман, бир ўйласам, ичимни еб қийналиб кетаман.

Бўлган ишларни, ҳеч йўқ ўзимни оқлаб, эчкиларга тўнкаб бўлса-да, бувимга ҳеч айтолмадим.

Маъмура Зоҳидова

Муаллиф ҳақида:

М.Зоҳидова — 1973 йилда Чуст туманидаги Ғова қишлоғида ўқитувчилар оиласида туғилган.

Наманган давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Унинг “Ҳикоялар” (2000), “Айтилмай қолган гаплар” (2013), “Нажот куйи” (2017),

“Булоқлимозор сири” (2018) каби шеърий ва насрий тўпламлари нашр этилган. 2018 йилда чоп этилган “Нур ёғилган юрт одамлари” номли йирик форматдаги китоб-альбомга, турли баёзларга шеърларидан намуналар киритилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Айни вақтда бадиий ижод билан бирга Чустий ижодининг бадиий хусусиятлари ҳамда халқ оғзаки ижоди асарлари бўйича мустақил илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − seven =