“Google” амакининг мактаби ёхуд “google таржимон дастури” бизга таржимон етказиб бера оладими?

Олдинлари рус тилида китоб ўқисам, 2 жилдлик “Русча-ўзбекча луғат”га суянар эдим. Баъзан тушунмайдиган сўзларим кўпроқ учраб қолса, луғатга тез-тез қарашимга тўғри келарди. Бу эса анча-мунча вақтни ўғирлар, ўқиб битирилиши керак бўлган китобнинг завқини имиллашга маҳкум этарди. Ҳа, завқим имилларди.

2001 йилда Москвага Адабиёт институтига ўқишга отланар эканман, ана ўша зил-замбил 2 жилдлик луғат китоб менинг асосий юкларимдан бирига айланди. Индамай-нетмай сафар юкларим сафида ҳаммадан олдин Россияга қараб “ковушини” тўғирлади. Кейин эса ўқиш тугагач, у китобларни кўтариб ижарама-ижара юрган кунларимни айтмайсизми? Бироқ ўша гап: керакли тошнинг оғирлиги бўлмас экан. Ҳа, рост. У қанча оғир бўлмасин, Тошкент-Москва-Тошкент сари ортқилаш малол келмаган. Нима бўлмасин, таҳсил давомида менга қанот бўлган бу қадрдон луғатимни 2005 йилда Ўзбекистонга бирор бетига ҳам озор етказмай қайтариб олиб келдим. Тил ўрганиш жараёнидаги шавқу шижоатимга, қўрқув ва қироатимга шу китоб гувоҳ бўлган ахир.

Мен уларга қараб туриб бикья тилининг энг сўнгги сўзлашувчиси 87 яшар африкалик момонинг оламдан ўтганлигини   ва яна дунёда 20-30 кишидан иборат мулоқот қилувчиларигина бўлган   камбал, леко, сусуами тилларини кўз олдимга келтираман, тилга оламан. Тилимга, дилимга чўғ ўрлагандек бўлади. Босма луғатларнинг тақдири бир куни мана шу бугунги, ҳа юксак қадрини биров билиб, билмаслигидек ачинарли аҳволга тушиши қайғули бир кун монанд юракка ўрмалайди. Ҳозир бу луғат китоб жавонимнинг бир четида савлатини тўкиб эмас, яшириниб турганга ўхшайди. Чунки анча бўлди, очқиламайман, қайноқ ҳаяжон билан сўз ахтармайман. Агар иморат ичида узоқ йиллар одам яшамаса, уй ич-ичидан нурашни бошлайди, деб эшитганман. Ана шунда луғатларимнинг ичида яшалмаган кунларимни ўйлаб дил хира тортади. Унинг қатларида бетимсол бир гўзаллик яширинганини туяман. Гўзаллик эса ҳеч вақт керак бўлмай, асқотмай қолиши мумкин эмас!

Ҳа, бугун онлайн(электрон) луғатларнинг ҳукмдорона қиёфада пайдо бўлгани луғат китобларимизнинг бетларига кириб яйрайдиган шабаданинг йўлини тўсгани рост.   Қолаверса, хато-ю нуқсонларини тан олган ҳолда “google таржимон дастури” ҳам хизматимизга ҳамиша ютоқиб туради. Дарвоқе, биз бугун айнан “google таржимон дастури” ҳақида, унинг муваффақиятли ва аксинча жиҳатлари тўғрисида   мулоҳаза юритмоқчи эдик.

Бундан бир неча ой муқаддам соҳага оид бир китобни инглиз тилига шошилинч таржима қилишга тўғри келиб қолди. Инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилувчилар бисёр, бироқ ўзбек тилидан инглиз тилига таржимон топиш анча қийин иш. Ниҳоят, ёш таржимонларнинг йўлини чангитиб, ҳамманинг оғзини инглизча онлайн нашрларнинг номини мисол келтириш билан ёпиб юрган ёш таржимонга китоб таржимасини топширдик. Таржима қилинган бобларни саҳифалашга бериб бориш тайинланди. Китобдан таржималар тайёр деб келтирилганда ҳаммаси “google таржимон дастури” орқали автоматик таржима қилинган матнлар эканлиги аён бўлди. Таржима тилидаги қуруқлик, ифодасизлик, маънисизлик автоматик таржиманинг мурданики янглиғ башарасини фош этиб турарди.   Мана “google таржимон дастури” ёшларни қандай енгил-елпи йўлга бошлаяпти. Ахир бу боришда яқин орада этагимиз сохта, темир таржимон(лар)га тўлиб кетади-ку!

Бугун ушбу мақола баҳона “google таржимон дастури”нинг афзал ва ноафзал жиҳатлари ҳақида фикр юритишга уннадим. “Google таржимон дастури” googleнинг веб-хизмат компанияси бўлиб, матнларни бошқа тилларга автоматик тарзда таржима қилади. У бошқа автоматик таржима воситалари сингари, чекловларга эга ва маълум бир қолиплардагина иш кўради. Ушбу восита ўқувчига чет тилидаги матн таркибининг умумий маъносини тушунишда ёрдам бериши мумкин, бироқ у аниқ таржималарни бизга тақдим эта олмайди.

Ушбу таржима дастурида 108 та тил бор. Компьютер ёрдамида автомат таржима қилиш бўйича тажрибалар ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб амалга оширилиб келинмоқда. Aммо таассуфлар бўлсинки, тирик инсон тили ниҳоятда мураккаб тизим бўлиб чиқди. Компьютер технологиялари соҳасида деярли 70 йиллик ривожланишидан сўнг ҳам техник мия ўзининг ожизлигини кўрсатмоқда.

Машина таржимаси кўпинча   бемаъни маънолар ортидан мийиғида табассумга ошно этган эса-да, онлайн таржимонлар жуда машҳур, чунки улар қисман тил тўсиғини енгишга ва маҳсулот ёки хизмат ҳақида умумий тасаввурга эга бўлишга ёрдам беради ва бу одатда оддий интернет фойдаланувчиси учун етарли ҳисобланади. Аммо бу дегани таржимонлик касби унутилиб кетади деб айтишга асос бўла олмайди. Чунончи, ҳеч вақт “google таржимон дастури” бизга Усмон Носир бўлиб Лермонтовни, Иброҳим Ғафуровдай Достоевский ёхуд Маркесни, Олим Отахон бўлиб Кавабатани таржима қилиб бера олмайди. Ёзувчининг маҳорати-ю асар жозибасини ҳеч бири таржимончилик бизга етказиб бера олмайди.

Бугунги тезкор замон, ҳамма турфа хил юмушга шўнғиган бир   паллада ярим миллиард одам “google таржимон дастури”дан фойдаланади. Бу бутун Европа аҳолисига таққосланади, Европада   тахминан 508 миллион аҳоли истиқомат қилади. Хизмат биринчи марта ишга туширилган 2006 йилда бу дастурнинг бир неча юз нафар фойдаланувчиси бор эди, холос.

“Google таржимон дастури” кунига 100 миллиарддан ортиқ сўзни турли тилларга таржима қилади. Ушбу дастур илк бор 2006 йилда ишга туширилган бўлса, даставвал, иккита тилда сингишиб таржима қила олди, булар араб ва инглиз тилларидир. Ушбу дастурдан фойдаланувчиларнинг 92 фоизи АҚШдан ташқарида яшовчи миллатларга хосдир. У ёзма таржимада хатоликларга йўл қўяди. Бироқ сўзларнинг талаффузини тўғри етказа олади. Бунга ҳар доим ишониш мумкин.

Дастур жиддий семантик ва терминологик хатоларга йўл қўяди, ҳатто умуман тушунарсиз сўзларни таржима сифатида бизга туҳфа этиши мумкин. Шунинг учун ушбу таржима дастуридан юридик, техник, тиббий ва бошқа муҳим ҳужжатлар учун таржимон сифатида фойдаланиб бўлмайди. Бироқ унинг хизмат сифатларини яхшилаш учун тинимсиз изланилмоқда. Маълумотларга кўра 3,5 миллион одам ушбу дастурда 90 миллиондан ортиқ тузатиш киритган.

Агар бунга географик нуқтаи назардан қарайдиган бўлинса, қилинаётган таржималарнинг асосий ҳиссаси Бразилияга тўғри келади. “Google таржимон дастури” орқали таржима қилинганда, бир-бирига яқин бўлган тиллардан қилинадиган таржимада ўзак тилдан қилиниши яхши ва нисбатан сифатли таржимани тақдим эта олади. Барибир кўп ҳолларда маъно хавф остида туради.

Баъзида оғзаки таржимон дастурининг афзаллик ва қулайлик жиҳатлари кўзга ташлангандек бўлади. Бироқ бу ниҳоятда нозик ва машаққатли жараёндир. Бу жараёнда ўзга тилдаги хорижий сўзларни қўллаш, акцент ва диалектлар таржимаси ва ҳажвий суҳбатларни таржима қилишда компьютер миясида чалкашликлар рўй бериши мумкин. Дастур хоҳлаган форматдаги матнларни таржима қилиб бера олади.

Юқорида маълумотлардан кўриш мумкинки, юмшоқроқ айтганда “google таржимон дастури” орқали тақдим этилаётган таржималарни кўча тили ёки бозор тилига қиёс қилиш мумкин. Жаргонларнинг қай биринидир тушунарли, яна бошқа бириси эса йўқ. Маданий-маърифий давраларда эса уларни ишлатишга тортинади одам, ҳаё қилади. Чунки унинг ичидаги ички узилишларни, мазмуннинг зил кетганлигини ҳис қилиб турамиз, гарчи ўша тилни она, ўгай она тилимиз даражасида билмасак ҳам.

Ҳар гал “google таржимон дастури”га кўзим тушганда заҳматкаш таржимонларимиз унинг қаъридаги совуқ, қуруқ, ҳиссиётсиз таржималарни кўриб бошини сарак-сарак қилаётгандек туюлади. Зеро, уларнинг қалбига тушиб, юрагига етиб, беўлчов ҳароратда етилиб чиққан сўзлар таржима жараёнида ял-ял товланиб нур таратаётган сўзлар қаёқда-ю, “google таржимон дастури” — темир таржималари қаерда?!

Мен бир фойдаланувчи сифатида ушбу дастурнинг таржималарига бутунлай қарши эмасман. Хорижда, тил билмай қийналиб қолганда ва яна аллақандай вазиятларда унга мурожаат қилиш фойдадан холи эмас. Бироқ бадиий таржима ва бошқа жиддий ўгирмалар жараёнида бунга мутлақо ишониб бўлмайди. Асл таржима иши заҳматли, машаққатли, шунинг баробарида завқли иш. Юрак ва ақл уйғунлашадиган бу меҳнат жараёнини ҳеч бир техника, ҳеч бир “темир мия” бажара олмаслиги аниқ. Чунки google “амаки”нинг таржима мактаби бизга маҳоратли таржимонларни етказиб бермаслигини, бера олмаслигини ҳар биримиз юрак-юракдан ҳис қиламиз. Бу имконсиздир!

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 6 =