Қуруқ гапдан аниқ саъй-ҳаракатларга ўтайлик!

Чорраҳадаги бекатда автобус кутиб қолдим. Бундай пайтда беихтиёр атрофдаги ёзувларга кўзинг тушади, уларни ўқиб уқмоқчи бўласан. Аммо… тўрт томондан кўриниб турган бинолар – катта савдо мажмуаси, унинг биринчи қавати саҳнидаги кичик-кичик дўкончалар, озиқ-овқат дўконлари ва енгил тамаддихоналар, майдон ўртасига ўрнатилган катта экранда чиқаётган эълонлар, ҳатто ташқарига битта туйнукча очиб қўйган сомсахонагача… биттагина “Дунё гуллари” деган ёзувни ҳисобга олмаганда, ҳаммаси хорижий сўзлар.

Сал наридаги муҳташам бинода қурилиш учун керакли хомашёлар сотилади. У янги очилганда юқори қаватига ўрнатилган, узоқдан ҳам кўриниб турадиган “Уста бор” деган ёзувни кўриб бирам қувонгандим. “Роса муносиб ном топишибди-да! Ҳам ўзбекона, ҳам ўзига жуда мос, ҳам жарангдор. Ҳатто ўзбек тилини билмайдиганлар ҳам бу номни эслаб қолишлари осон”, деб кўпчиликка гапириб ҳам юрдим. Аммо кўп ўтмай, бу ёзувнинг ўрнида “Қурилиш моллари маркази” деган ўзбекча, русча ёзув пайдо бўлди. Демак, “Уста бор”га кимнингдир тили, дили келишмади шекилли. Мана, ҳозир ҳам тушуниш тугул, ўқишгаям тилинг келишмайдиган номлар, ёзувлар қуршовидамиз. Яна келгуси йилнинг 21 октябрь куни яқинлашиши ва ўша пайтда Давлат тилимизнинг мавқеи, софлиги, обрў-эътибори учун “курашиш” мавсуми бошланишини кутиб яшаётгандекмиз. Бу мавсум ўтгандан кейин унинг натижаларини сарҳисоб қилиш ҳам гўё кейинги мавсум учун захирага олиб қўйилаётгандек.

Шуларни ўйларканман, беихтиёр, “Хўп, бу борада ўзим нима саъй-ҳаракат қилдим?” деган савол кўндаланг бўлди. Умумий гаплардан ташқари, аниқ бир таклиф бердимми, уларнинг амалга ошиши учун жон куйдирдимми? – Йў-ўқ… Ахир, хайрли иш аввало, истакдан, қалбдаги эзгу ниятдан бошланади-ку! – Шу ўй дилга тушди-ю, гўё фикрларим “очилиб кетгандай” бўлди.

Тасаввур қилдим: дорихоналарга “Шифо”, “Шифобахш”, “Малҳам”, “Дори-дармон”, “Мойчечак”, “Дармон” каби номлар, шунингдек, республикамиз фармакологияси соҳасида яратилиб, дори-дармон бозорларида ўрнини топган дориларнинг номлари ёзилса; нон дўконлари пешонасида “Иссиқ нон”, “Кулча”, “Жиззали нон”, “Гулобод патири”, “Самарқанд нони”, “Ширмой”, “Оби нон”, “Тандир нон”, “Жайдари нон” каби ёзувлар билан, (қайсидир юртнинг батонлари расми эмас,) юзи нондек иссиқ оналар, бекалар, болаларнинг тандирдан нон узаётган, нон синдираётган, сават тўла нон кўтарган ҳолатларини акс эттирган расмлар иштаҳангни очиб турса; китоб дўконлари пештоқидаги “Зиё”, “Нурафшон”, “Шуъла”, “Маърифат”, “Машъал”, “Офтоб”, “Ҳилол”, “Севимли китоб”, “Китоб – офтоб” каби номлар қалбингизни илму маърифат зиёсига чорлаб турса; ширинликлару пишириқлар дўконларига қўйилган “Лаззат”, “Дандон”, “Холва”, “Чак-чак”, “Роҳат”, “Ширин”, “Қандолат”, “Қуш тили”, “Асал”. “Обакидандон” каби номлар ёқимли таассурот улашиб турса; аёллар гўзаллик салонлари “Ораста”, “Озода”, “Покиза”, “Дилбар”, “Сўлим”, “Зебо”, “Муаттар” “Нафосат”, “Барно” каби номлар билан аталса-ю, уларга ёндаш расмларда сочларини сепсайтириб, кўзлари тешиб ўтгудай қараб турган, кўринишидан миллати номаълум қиёфалар ўрнига кўзимиз ва кўнглимизга яқин самимий қиёфалар жилмайиб турсалар; келин-куёвларга хизмат қиладиган дўконлар-ку, ўз номи ўзи билан – “Тоҳир ва Зуҳра”, “Фарҳод ва Ширин”, “Юсуф ва Зулайҳо”, “Бахтли бўлинг”, “Келин-куёв”, “Бахтли остона” “Келинчак” каби номларга ярашиқли (елкаси, орқаси, кўкраги яланғоч-у, этаги икки метр орқада судралиб юрадиган кўйлаклар эмас) ўзбекона атласу адраслар, беқасам, шойилардан шарқона бичимларда тикилган либосларда ҳаё-ибо билан боққан ёшларнинг суратлари ҳавасингни тошириб турса; заргарлик буюмлари дўконларига, ҳай-ҳай, “Феруза”, “Ёқут”, “Марварид”, “Маржон”,   “Билакузук”, “Тиллақош”, “Олмос”, “Лаъл”, “Кумушой”, “Туҳфа”, “Зебу зар”, “Садаф” каби номлар қанчалар ярашимли; спорт анжомлари дўконларига муносиб “Алпомиш”, “Паҳлавон”, “Лочин”, “Ботир”, “Баҳодир”, “Ғолиб”, “Қаҳрамон” каби номлар уларнинг салобати, эътиборини ошириб турса; болалар боғлари, боғчалари, дўконлари пештоқи “Лола”, “Юлдуз”, “Ширинтой”, “Эркатой”, “Булбулча”, “Зумрад”, “Чаман”, “Паризод” каби номлару ироқи дўппили сочи жамалак қизалоқлар, болакайларнинг бахтиёр расмлари билан яна ҳам яшнаса; электр маҳсулотлари дўконлари пештоқида “Нурафшон”, “Нуробод”, “Чақмоқ”, “Зиёбахш”, “Каҳкашон”, “Шуъла”, “Қандил”, “Чароғон” каби номлар порлаб турса…

Сизларни билмадим-у, мен юқоридаги фикрларни хаёлан тасаввур этсам ҳам ҳаяжонланиб, қувончдан юрагим тошиб кетяпти. Булар – бугунги кунимиз кўчаларини кузатарканман хаёлимдан йўл-йўлакай “лоп” этиб ўтган гаплар, номлар. Ижодкор, тилшунос, тилию қўли уддабурон дўстларимиз яна қанча ажойиб номларни тахлаб ташлашлари, амалий таклифлар билдиришлари турган гап. Агар бафуржа ўтириб, мулоҳазаларни қиёмига етказиб, номлару режаларни мувофиқлаштириб қоғозга туширсак ва уларни ҳаётга татбиқ этсак борми! Унда, шубҳасиз, кўчаларимиз, бозору дўконларимиз, сайлгоҳу боғларимизда юриб кўзларимиз, кўнгилларимиз яйрайди. Она тилимизнинг руҳи, сўзлар мазмун-моҳияти қалбларимизга чуқурроқ сингийди. Болажонлар бу номларни эслаб қолишлари осон, демак, уларнинг онажон тилимиз луғат бойлигини кўпроқ, тезроқ ўзлаштиришларига имкон яратган, ҳисса қўшган бўламиз.

Менимча, ижодкор дўстларимиз, тилшунос олимлар, қалбида она тилимиз тараққиёти билан боғлиқ дарду режалари бор инсонлар орасида бу қутлуғ ишга бош қўшишга тайёрлар жуда кўп – шаҳар, туманларнинг ҳокимлари, айни масалага масъул ходимлари ташаббусни бошлаб, уларни ҳамкорликка таклиф этсалар, биргаликда режалар тузиб… ҳудудларнинг қиёфасини ўзбекчалаштирсак!

Янги йилда тилакларимиз, режаларимизни Аллоҳ ўзи қўллаб-қувватласин. Ижтимоий, маънавий-маданий-маърифий тараққиётимиз учун ҳар куни долзарб бўлган вазифалар қаторида юқоридаги таклифни ҳам мулоҳаза учун ҳавола қилдим. Дарвоқе, бундан-да самарали, тўғри, ечимлари қулай таклифу режалар бўлиши мумкин, уларни ўртага ташлаб, афзалу самаралиларини иш йўриғимизга айлантирайлик. Муҳими, 2021 йилда айни борада гапдан аниқ саъй-ҳаракатларга ўтайлик.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Республика Маънавият ва марифат

маркази масъул ходими

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган давлат гранти “Инсон манфаати — тараққиёт пойдевори” лойиҳаси асосида чоп этилмоқда. (С/5)

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =