Қорбобога мактублар

Қорбобожон!

Ўртоқларим: “Сенинг Қорбобонг фақат хохолаб кулишни билади, холос. Унинг қўлидан бошқа ҳеч иш келмайди”, дейишади. Лекин мен бунга ишонмайман. Сен ростдан ҳам сеҳргарсан-ку, тўғрими? Менинг ишончим учун сен ўзингнинг нималарга қодир эканингни кўрсатишинг керак! Ўртоқларимнинг адабини бериб қўйишингни сўрамайман. Ахир буни хоҳласам, ўзим ҳам қилишим мумкин. Сендан сўрайдиган энг катта тилагим: қишлоғимизда электр токини ўчмайдиган қилиб қўй. Буни қила оласан-ку, а?!

Одамлар чироқни ёқиш учун электро… деган ташкилотга телефон қилишади. Мен “Келинг, бирга Қорбобога хат ёзайлик!” — дедим, лекин улар сенга ишонишмаскан. Мен эса улар мурожаат қиладиган идораларга ишонмайман…

Кеча дадам зарур иш қилаётган пайти яна ток ўчиб қолди. Унинг жуда ҳам жаҳли чиқди. Кимларнидир сўкди. Бу жуда кўп такрорланади. Мен эса бошқа бундай бўлмаслигини истайман.

Сендан, биринчи, янги йил байрами куни чироқ ўчиб қолишининг олдини олишингни сўрамоқчи бўлдим. Лекин бу жуда ҳам осон-ку, шунинг учун қишлоғимизда умуман электр токини ўчмайдиган қилишингни сўрайман. Янги йил кунидан бошлаб тилагимнинг натижасини кутаман.

Ҳурматли Қорбобо, унутма, сен бизнинг ишончимиз сабаб мавжудсан.

Умид.

Самарқанд вилояти,

Пайариқ тумани.

***

Қорбобо!

Бизнинг қишлоқда баҳорнинг ўрталаригача ўз ватанингдагидек яшашинг мумкин. Эриб кетишдан асло ташвишланма. Бу ерларда сен жуда яйраб юрасан. Лекин ўзимиз сал қийналиб қолаяпмиз-да. Телевизорда кўриб қолдим, газ деган нарса бор экан. Тўғри, бу ҳақда авваллари ҳам эшитиб юрардим. Лекин одамлар совқотганидан ўзини овутиш учун ўйлаб топган хаёлий нарса бўлса керак, деб ўйлаб юрардим. Чиндан ҳам бор экан.

Ўша нарса бўлса, ўтин ёқмасдан уйларни иситса, овқат пиширса, чой қайнатса бўларкан. Бу жуда ҳам зўр-ку. Шунда онам тонг қоронғисидан қалтираб-дириллаб кул олиб, ўтин ташиб юрмайди. Печкамиз тутаб кетса, совуқда ташқарига чиқиб туришга мажбур бўлмаймиз. Меҳмон кутишдан уялмаймиз. Эҳҳ, қандай маза.

Қорбобо! Сен болаларни бахтли кўришни истайсан-ку, шундайми? Бизнинг қишлоққа ҳам ўша газ деган нарсадан олиб келиб берсанг, дунёда мендан бахтли бола бўлмасди, ишон. Ҳатто барча орзуларимни бир четга суриб, сендан бошқа ҳеч нарса сўрамасликка ҳам тайёрман.

Бизга газ олиб келиб бер!

Мурод.

Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод тумани,

Байтқўрғон қишлоғи.

***

Азиз Қорбобо!

Сенга биринчи марта хат ёзяпман. Бундан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Кимдир билиб қолса, хатим сенгача етиб бормаслиги мумкин. Балки сени бироз қийнаб қўйишим мумкиндир. Лекин менинг тилагимни амалга ошириш қўлингдан келади, деб ўйлайман. Ахир сен сеҳргарсан. Тилагимни сеҳргардан бошқа одам амалга оширолмаслигига иқрор бўлганим сабабли сендан ёрдам сўраяпман.

Эсимни таниганимдан бери ижарама-ижара кўчиб яшаймиз. Сингилларим, укамга, айниқса, онамга жуда ҳам раҳмим келади. Шу кўч-кўчлар сабаб тайинли дўстим ҳам, ишонадиган одамим ҳам йўқ. Ўқишим ҳам чатоқ.

Майли, мен сендан аъло баҳолар сўрамайман. Менинг энг катта тилагим — ўз уйимиз бўлиши. Бошқа кўчиб юришларга, ижара қўювчиларнинг зардаларига, оиладаги жанжалларга чидай олмайман. Битта уйимиз бўлса эди, ҳаммаси яхши бўларди. Сен шу янги йилда бизга уй олиб келиб бер. Кейин роса мақтанаман. Энди бизнинг ҳам уйимиз бор, дейман, сизларникига ўхшамайди, уни Қорбобо совға қилган, дейман.

Кейин ўқишларим ҳам яхшиланиб кетса керак…

Тилак.

Навоий вилояти.

***

Қорбобо, Қорбобо! Янги йил куни сен дунёнинг ҳамма жойини кезиб чиқасан, а? Ҳа-амма давлатларга борасан-ку, тўғрими? Россия деган жойда дадам бор экан. Аям айтган. Мен кичкиналигимда кетиб қолган. Дадамни топиб айт, уйга келсин. Мен катта қиз бўлдим, йиғламайман ҳам. Аям устимдан қулфлаб ишга кетган пайтлари қўрқмай ўтираман. Лекин дадамни соғиндим. Сен уни олиб келсанг, дугоналаримнинг ҳаммасига мақтанаман. Аямдан “Дадам қачон келади?” — деб сўрасам, “Кўп пул топсин, кейин келади, қизим”, дейдилар. Менга уларнинг пули керакмас. Жон Қорбобо, дадамга айт, ўзи келса бўлди. Агар бормайман, деса, қопингга солиб кел. Мени кўрсалар, қайтиб кетолмай қолади. Кейин ҳаммамиз бахтли яшаймиз.

Ҳайронман, Россияга кетмаганида кўп пул тополмасмиди дадам?

Мақсуда.

Андижон шаҳри.

***

Қорбобо!

Биламан, ҳамма болалар ўз тилакларини айтаверади, айтаверади, сенга ҳам қийин. Менинг ҳам мактубимни бир ўқиб кўришга вақтинг бўлар. Биз чекка бир қишлоқда яшаймиз. Дадам ҳар доим: “Бизнинг умримиз бор, ҳаётимиз йўқ”, дейдилар. Очиғи, бундай гапларнинг маънисини тушунмайман. Лекин яхши гап эмаслигини ич-ичимдан ҳис қилиб тураман. Дадам ҳам, аям ҳам сен бу ерларда яшамаслигинг керак, дейишади. Пойтахтга кетишинг керак, кетиш учун яхшилаб ўқишинг керак, деб такрорлайверишади. Ўзимнинг ҳам жуда ўқигим келади. Лекин шу йил синфимизда 3 та болага умуман китоб беришмади. Ўшалардан биттаси менман.

Менга мактаб дарсликларини олиб келиб бер. Кутубхоначимизга айтдим, эски китоблар топиб келиб берди. Дадам келиб, янги китоб беринглар, деганида, тополмаяпмиз, шундан фойдаланиб турсин, деб қайтариб юборишди. Мен биламан, ўтган йили ҳам бир дўстим билан шундай бўлган. Йилнинг охиригача эски китобларни ишлатганди. Лекин мен буни хоҳламайман. Кел, ўша кутубхоначи опани ҳам овора қилмайлик. Чиндан тополмаётгандир. Яхшиси, ўзинг менга янги китоблар олиб келиб бер. Мен яхши ўқишим керак.

Сафар.

Бухоро вилояти, Қоровулбозор тумани.

***

Қорбобо! Мен 8 ёшдаман. Шу пайтгача ўйинчоқ ўйнамай катта бўлдим, энди ҳам керак эмас. Ширинликларга ҳам ўч эмасман. Ёки учиш учун елкамга тақиладиган қанот ҳам, маликаларга ўхшаш учун бошимга олтин тож ҳам истамайман сендан. Мен оилам тинч-тотув бўлишини истайман, дадам аямни урмаслигини, аям дадамни қарғамаслигини хоҳлайман. Биламан, бировларнинг оиласига аралашиш сенинг ишинг эмас. Бироқ…

Дадамнинг бирор яхшироқ иш топишига ёрдам бер. Уйимиздаги ҳамма жанжаллар дадамнинг ишсизлиги сабаб. Аслида дадам ҳам, аям ҳам яхши одамлар. Лекин уйимиздаги камчиликларни деб, урушиб қолаверишади-да. Ҳамма нарсамиз жойида бўлса эди, тинчгина яшаган бўлармидик…

Орзигул.

Тошкент шаҳри,

Олмазор тумани.

 

Қорбобога мактубларни Шаҳзод Шодмонов ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 − 1 =