Лўлиларнинг барчаси тиланчи эмас, аммо…

Кунлар исиб, курсдошларимиз билан дарсдан бўш пайтлари хиёбонларда сайр қилиб юрадиган кунлар кела бош­лади. Бу гал гуруҳдош дўстлар билан гўзал пойтахтимизнинг Амир Темур хиёбонига боришни режалаштирдик. У ерда рассомлар ёймасини томоша қилиш, тенгқурлар билан музқаймоқ еб чақчақлашишга нима етсин…

Университетимиздан сайилгоҳга қараб пиёда йўл олдик. Ҳаммамиз хурсанд эдик. Бир-биримизга илиқ гапириб, руҳиятимизда енгиллик ҳис қилардик. Олой бозори олдига етганимизда эса, қувноқ кайфиятимизни қора булут босгандек, оғирлашиб қолдик. Қўлига: “Ота-онам йўқ. Ёлғиз акам ногирон. Акамга дори олишим керак, ёрдам беринг”, деб ёзилган, ғижим ва кир қоғозларни ушлаб олган лўли болалар йўлимизни тўсди.

Гуруҳдошлар бир-бирига қараб қолишди. Орамизда қизлар ҳам бор, нима қилишни билмасдик. Боғча ёшидаги бу мурғак болаларга ҳойнаҳой: “ота-онам йўқ. Ёлғиз акам ногирон…”, деб ёзиб берган онасими ё опасими бўлса керак, чунки катталари йўл четидаги бекатда қўлларини қўлтиққа тиққанча сақич чайнаб ўтиришарди. Болалар эса йўлида учраган одамдан садақа сўраяпти.

Улар кусдош қизларимизнинг елкасини силаб тиланаверди. Пулим йўқ, деса ҳам ҳеч ортидан қолмади. Кутилмаганда биттаси бир курсдошимизнинг қўлидаги еб кетаётган музқаймоғини кир қўллари билан шарта чангаллади. Курсдошимиз одамлардан уялди шекилли, қолганини унга бериб юборди. Кўриб тоза хунобим ошди…

Йўлда кетарканман Фарғонада бўлган бир воқеа ёдимга тушди. Ёзёвон туманидаги “Марказий Фарғона” газетаси таҳририяти қошидаги ижодкорлар клубига борардим. Бир сафар тўпланганимизда бир ижодкор қиз, лўлилардан гап очганди: “Лўлилар тиланчиликдан бошқа иш қилармикин-а. Улар ҳам ўқиса, яхши ишларда ишласа бўлмасмикин-а?”. Унинг гапларига бошини эгганча индамай тинглаб ўтирган бир чиройликкина қиз майин овозда жавоб қайтарганди: “Тоғаларим ҳарбий, холам ўқитувчи, биз ҳам лўлимиз”. Барчамиз дид билан кийинган, камтар ва камсуқум бу қизнинг жавобидан қотиб қолгандик. Чунки ҳаммамиз лўлиларни фақат тиланчилик қилади, эски-туски йиғиб юради, деб ўйлардик-да.

Ҳаммаси бир бўлди-ю, лўлилар ҳақида маълумот йиға бошладим.

“Қадимда кўчманчи ҳаёт кечирган бу қавм вакиллари қандай географик, ижтимоий, маданий муҳитга тушсалар, шунга мос касб-корни эгаллаб кетаверганлар. Масалан, Марказий Осиё лўлилари XIX аср охирларига қадар даллоллик, зулук сотиш, ёғочлардан турли уй-рўзғор буюмларини тайёрлаш, паншаха, кетмон, ғилдирак тўғини, ғилдирак гупчагини чархлаш, дўппи, белбоғ тикиш, қалайдан ҳалқа ясаш каби машғулотларга уқувлари баланд бўлган. Шу билан бир қаторда, заргарлик, паранжи учун отнинг қилидан чачвон тайёрлаш ҳам этник гуруҳ вакиллари фаолиятининг бир қисмини ташкил этган.

Лўлиларнинг мусиқа, рақс, ҳайвонларни ўргатувчиликка рағбатлари кучли бўлиб, бозорлар, сайиллар, жамоат жойларида турли халқ томошаларини кўрсатиб, шуҳрат қозонганлар. Аёлларининг кўпчилиги эса, халқ табобати ва тиланчилик билан шуғулланиш орқали оила иқтисодига сезиларли ҳисса қўшганлар. Бундан ташқари, лўли этник гуруҳларидан бири мазанглар ўтроқ ҳаёт кечириб, бошқа уруғларидан фарқли равишда, асосан, деҳқончилик қилиб, аёллари турли пардоз буюмлари савдоси билан машғул бўлишган” (маълумотлар Hordiq.uz сайтидан олинган). Бу маълумотлар билан танишиб ҳамда юқоридаги қизнинг гапини эшитиб уларнинг қадимдан фақатгина тиланчилик қилган, деган фикримдан батамом қайтдим.

Интернет маълумотларига кўра, бугун Ўзбекис­тонда истиқомат қилаётган лўлиларнинг турмуш тарзи ўтмиш­дагидан анча фарқ қилиб, ижтимоий ва маданий ривожланиш кўзга ташланади. Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган шароитлардан лўлилар ҳам фойдаланишга ҳаракат қилаяпти. Шу кунларда лўлиларнинг орасидан тадбиркорлик ёки кичик бизнес билан шуғулланувчи қатлам шакл­ланган. Таълим жараёнларига ҳам кенг кўламда қамраб олиш чекланмаган.

Демак, уларнинг ҳам боқиманда ва дангасаларигина тиланчи бўлиб қоляпти, десак тўғри бўлади. Биз эса ўзимизнинг “саховатимиз” билан уларнинг мана шу “касб”ини давом эттиришларига сабабчи бўляп­миз. Ўзимча фикр қиламан, балки ҳеч ким садақа бермаса юришлари бесамар бўлаётган болалар ҳам бир куни мактабга боришни истаб қолармиди…

Балки ОАВ ларда ўз ишини йўлга қўйган, ҳавас қилса арзигудек шароитда яшаётган лўлиларни уларга ибрат қилиб кўрсатиш билан тўғри йўлга бош­лаш мумкин бўлар. Ахир, юқорида айтганимиздек, зиёли, ишбилармон, тадбиркор лўлилар ҳам орамизда бор.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

ЎзЖОКУ талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =