Шайх Низомий Ганжавий “Хамса”сини қандай таржима қилдим?

Жамол Камол,

Ўзбекистон халқ шоири

 

Адашмасам, 2015 йилнинг куз мавсуми эди. Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили ва адабиёти институти Мумтоз адабиёт бўлими мудири, забардаст навоийшунос олим, профессор Иброҳим Ҳаққул хонасида гурунглашиб ўтирардик. Эшик очилиб, ичкарига қадрдон укамиз, таниқли олим ва таржимон Эргаш Очилов кириб келди. Салом-аликдан сўнг “Сизни учратганим айни муддао бўлди, устоз”, деди менга юзланиб. “Кеча Озарбайжон элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази раиси Самир Аббосов бир неча адабиётшунос олимларни чақириб, маслаҳат сўради”. — Биз Шайх Низомий Ганжавий “Хамса”сини ўзбек тилига тўлиқ таржима қилиб, нашр этишга қарор қилдик, етук шоир-таржимон топишга ёрдамлашиб юборсангиз, —   деди у. Масалани муҳокама қилдик. Қатор номзодларни тилга олдик. Охир-оқибат Сизга келиб тўхтадик. Шу хайрли ишни ҳам бўйинга оласиз энди, устоз, – деди Эргаш кулимсираб. Эшитиб, рости гап, тараддудда қолдим. Юрагим дов бермади.

— Бу таклиф бундан тўрт-беш йил олдин бўлганида жон деб рози бўлардим, кўриб турибсиз, ёшим ўтинқираб қолди — деб эътироз этдим. Эргаш бўш келмади, “ҳужум”га ўтди.

— Бу ишни Сиз қилмасангиз, ким қилади? – деди у. — Бир ўртамиёна шоирга топширсак, шундай буюк асарнинг қадрини ерга урган бўламиз. Хўп денг, Аллоҳ ўзи мададкор бўлиб, ҳазрати Низомий, Навоий руҳлари Сизни қувватлайди…

Шу онда руҳимда бир эврилиш пайдо бўлди, десам, ишонинг. Юрагимда бир ҳая­жон қўзғалиб, бутун борлиғимни қамраб олди. Бу ҳолат менга аввалдан таниш. “Маснавий” таржимаси, Шайх Фаридуддин Аттор асарлари таржимаси, Мирзо Абдулқодир Бедилнинг “Ирфон” китоби таржимаси ва бошқа таржималар олдидан ҳам шундоқ бўлган. Бу Худойимнинг менга инъом этажак илҳомидан мужда десам, янглишмасам керак. Беихтиёр, майли, розиман, деганимни ўзим ҳам пайқамай қолдим.

Эртаси кун адабиётшунос олима қизимиз Гулбаҳор Ашурова мени ўз машинасида Озарбайжон маданият марказига олиб борди, Самир Аббосов билан таништирди. Гаплашдик, келишиб олдик. Бир неча кун ўтгач, Низомий олийгоҳида шоир Бахтиёр Ваҳобзода хотирасига бағишлаб ўтказилган йиғинда шартнома имзоладик. Менга бироз қалам ҳақи тўлайдиган бўлишди. Кейин Шайх Низомий “Хамса”сининг Душанбеда чоп этилган нусхасини тақдим этишди. Биласизки, буюк шоир ўзининг шоҳ асарини замона подшоси талабига мувофиқ форсийда ёзган.

Хуллас, таржимага киришиб кетдим. Қисқа фурсатда “Маҳзан ул-асрор”ни таржималаб тугатдим. Кейин “Хусрав ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” таржималари   ҳам поёнига етди. Улар Озарбайжон маданияти маркази маб­лағи ҳисобига оз нусхада бўлса-да кетма-кет нашр этилди. Шунда мени кутилмаганда Бокуга таклиф этишди. Буни таржималарим манзур бўлганига йўйдим. Дарҳақиқат, шундай бўлиб чиқди. Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг икки устози Гулбаҳор Ашурова билан профессор Роза Ниёзметова менга ҳамроҳлик қилишди. Бизни Боку тайёрагоҳида гуллар билан кутиб олишди. Тадбирга бошдан-охир Озарбайжон миллий мажлиси Фан, таълим, маданият ва адабиёт қўмитаси раиси, адиба ва олима Ғанира Пошшаева раҳбарлик қилди. Биринчи учрашувимиз машҳур ЕвроОсиё университетида бўлиб ўтди. Талабалар менинг шеърларимни озарий тилда ёд айтишди. Университет илмий кенгаши қарори номидан менга фахрий фан доктори унвонини беришди. Кейин тадбир Озарбайжон Фанлар академияси Низомий номидаги Адабиёт институтига кўчди. “Жамол Камол ва Озарбайжон адабиёти” мавзуида илмий конференция ташкил этилиб, озарий дўстларимиз “Хамса”дан қилган таржималарим хусусида маърузалар ўқишди, Бахтиёр Ваҳобзода, Халил Ризо каби атоқли Озарбайжон шоирлари билан менинг ижодий ҳамкорлигим ҳақида тўлиб-тошиб гапиришди. Менинг ҳамроҳларим, олима қизларимиз ҳам яхши чиқишлар қилишди. Мажлисга раислик қилган Озарбайжон Фанлар академиясининг вице-президенти Исо Ҳабибейли муаллимнинг бир сўзи хотирамда нақшланиб қолди. “Хамса”-ку “Хамса”, – деди у, – битта “Шарафнома” достонини таржима этишнинг ўзи шоир-таржимон учун нақадар   буюк шарафдир!”

Кейин “Шарафнома”ни таржима қилиб, бу гапнинг бежиз айтилмаганига ўзим ишонч ҳосил қилдим. “Хамса” достонлари орасида “Шарафнома” тенгсиз ва бебаҳо достон деган хулосага келдим.

Ўша конференция охирида менга сўз беришганида Худо илҳом бериб, мен ҳам хаёлимга келган бир гапни айтдим: “Азиз қар­дошлар, — дедим мен, — бугун йўл-йўлакай баҳри Ҳазар соҳилида осмонларга юксалиб, ҳилпираб турган муқаддас байроғингизни кўрдим. Озарбайжоннинг истаган бурчагидан уни кўриш мумкин, дейишди. Азизлар, бошингиз узра яна бир юксак байроғингиз борки, уни дунё­нинг истаган бурчагидан кўриш мумкин. Бу – Шайх Низомий Ганжавийдир!” Мажлис аҳли оёққа туриб, узоқ олқишлади.

Эртаси кун телевидениеда биз учун уюштирилган кўрсатувда иштирок этдик. Абадий қон-қардошлигимиз, адабий биродарлигимиз ҳақида, Низомий ва Навоий устоз-шогирдлиги ҳақида сўзладик. Сўнгра Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасига таклиф этилдик. У ерда мени уюшманинг фахрий аъзолигига қабул қилишди.

Озарбайжон миллий кутубхонасида бўлган учрашув янада баланд руҳ ва шукуҳ ичида кечди. Кутубхонага ўз таржимамда Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”си, Шайх Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”, “Илоҳийнома” китоблари ва “Сайланма асарларим”нинг биринчи жилдини тақдим этдим. Йиғин охирида Ғанира Пошшаева менга юзланиб, кутилмаганда: “Устоз, Сиз юзга киринг, Сизнинг юз ёшингизни Қорабоғда нишонлаймиз”, — деганида зал оёққа турди, мен юзларга кўзларга боқиб, Қорабоғ дарди-ҳасрати бу халқнинг қалбига қанчалар чуқур илдиз отгани, юракларга тош бўлиб ботганини ҳис этдим. Кўзларимдан ёш чиқиб кетди. “Омийн, — дедим, — ўшандай кунларга етказсин!..”

Буни қарангки, дуоларимиз ижобат бўлиб, Озарбайжон йўқотган тупроқларни қайтариб олди. Истилочилар Қорабоғдан ҳайдалди. Бу буюк ғалаба билан Озарбайжон халқи ҳар қанча фахрланса, арзийди. Бу гўзал ва жафокаш халқни биз қардошлар юксак ғалабаси билан ҳар қанча олқишласак оз.

Кейин Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги таржима марказида суҳбат бўлди. Кечқурун буюк бобомиз Навоий ҳазратлари ҳайкали пойига гуллар қўйдик. Сафаримиз қариди. Эрта тонгда бизни яна гуллар билан кузатиб қўйишди.

Самолётда қайтаётиб, ўйладим. Бу қадар меҳмоннавозлик, ҳурмат-эътиборга   боис нима? Ўйлаб, маъносига етгандай бўлдим. Мен, кекса бир шоир саксон ёшимда Низомий “Хамса”сининг учта достонини ўз вазни, баҳрига солиб таржима қилдим. Чарчаб қолмадимми? Қолган учта достонни ҳам қиёмига етказиб таржима қилиш учун куч-ғайрат керак. Бу тадбир шоир-таржимонга янги куч, янги руҳ бағишлаш учун ташкил этилмадими? Чинданам Озарбайжон сафаридан руҳланиб қайтдим. Қизғин таассуротлар остида “Озарбайжон” деган қасида ёздим. Адабиётшунос олима қизимиз Гулбаҳор Ашурова уни дастлаб Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказида, кейин   Озарбайжон Фанлар академиясининг юз йиллигига бағишланган халқаро анжуманда ўқиб, ол­қишларга сазовор бўлди. Ўрни келганда айтай, шайх Низомий “Хамса”сининг барча дос­тонларини Гулбаҳор Ашурова нашрга тайёрлади ва муҳаррирлик қилди. Унга чин юракдан раҳмат дейман, ҳазилакам хизмат эмас бу!

Таржима ишларим юришиб кетди. “Хамса”нинг қолган уч достон таржимасини ҳам битирдим ва улар кичик ададларда нашр этилди. Бир куни умр йўлдошим раҳматли Воҳидамнинг қабри бошида эдим. Телефон жиринглаб қолди. Эшитсам, таниш овоз.

– Қаердасиз? – сўради Гулбаҳор.

– Юнусободдаман, – дедим.

– Озарбайжон Маданият марказидан Сизга китоб келтириб, Дўрмонда эшигингиз олдида кутиб туришибди. Нима қилишсин?

— Қўшнимга ташлаб кетишсин, – дедим. Дўрмондаги ҳовлимга қайтдим. Қўшним Ро­зияхон бир бойлам китоб киритиб берди. Бойламни очиб, кўзларимга ишонмадим. Бу Бокуда ўзбек тилида нашр этилган Шайх Низомий “Хамса”сининг олти китобдан иборат жами тўп­лами эди. “Хамса” менинг таржимамда оз сонда бўлса-да Тошкентда нашр этилгани устига Бокуда ҳам нашр этилган эди. Мана сизга ҳиммату саховат, юксак олийжаноблик! Мен учун кутилмаган катта қувонч, сюрприз эди бу… Дарҳол Самир Аббосовга қўнғироқ қилиб қувончим, ташаккуримни изҳор этдим.

Кейин Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида озарий қардошлар иштирокида китобнинг камтарона тақдимоти бўлиб ўтди. Истаймизми, истамаймизми, “Уммул Хамса” – “Хамса” лар онаси” деб Шарқда донг таратган бу асарнинг тўққиз асрдан кейин ўзбек тилига тўлиқ таржима этилиши адабиётимизда тарихий воқеадир.

Алишер Навоий гўзал туркийда иншо этилган “Хамса”   достонларида ҳар сафар азиз устозлари Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомийга ҳурмат-эҳтиром изҳор этиш­ларидан олдин Шайх Низомий руҳига юки­нишлари бежиз эмас. “Мен аввало, Низомийдан ўргандим, унга эргаштим, ул Зоти шариф олдида бурчлиман” – дейдилар буюк бобомиз. Баски, Ҳазрат Навоий бурчлиман десалар, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳам Шайх Низомий олдида бурчлидир. Олийҳиммат кўрсатганларга ҳиммат кўрсатиб, жавоб бериш бизнинг ҳам одатимизга киради. Даҳо шоирнинг шоҳ асарини халқимизга етарли ададда, юксак савияда нашр этиш, ўқиб-ўрганиш, илмий тадқиқот доирасига тортиш — шарафли вазифамиздир. Бу хайрли ишга университет раҳбарияти бош-қош бўлса, илмий жамоа ўзини сафарбар этса, айни муддао бўлур эди.

Сўзимнинг охирида шайх Низомий “Хамса”сидан бир парча келтираман. Буюк шоир, ақлу тафаккурга суянган инсон самовотга чиқиб, коинотни забт этишини башорат қилади. Бунга қойил қолмай иложингиз йуқ!

 

Баланд кўк тоқига қандоғ етарсан?

Етарсан, гар ўзингни тарк этарсан.

Ақлдин маслаҳат сўргил, тафаккур

Фалак тоқига чиқмоғингни айтур.

Ақл фатво бераркан, қўй қадамни,

Каёний қасри узра тик аламни.

Ақл шайхулмашойихдир сенга, бас,

Ўшандин ҳожатинг сўр, бошқаданмас…  

(“Хисрав ва Ширин”,

5771- 5774 байтлар)

Хайрли ишларимизга буюк Низомий руҳи ёр, Аллоҳ мададкор бўлсин. Омийн!

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + twelve =