Сўзларни севаётган сўзшунос

Урганч давлат университети профессори, филология фанлари доктори, Хоразм жой номларини тартибга солиш, асраб-авайлаш, расмийлаштиришдек мураккаб вазифаларни амалга оширган Зарифбой Дўсимов умрининг 50 йилини талабаларга сабоқ беришга бағишлади. 50 йилки, талабалар қалбига тилшунослик фани, сўзларга меҳрни, тилга эътиборни сингдиради. Шу боис давраларда олим ҳақида гап кетганида, шогирдлари “ҳар бир сўзни меҳр билан талаффуз қилади. Сўзларни севади, сўзшунос дейиш керак устозни” дейишади..

 

— Ҳар бир сўзнинг туғилиш тарихи бор, ҳар бир жой номида тарихимиз, қадриятларимиз яширинган. У бир тилсим, уни очиш бизнинг ва ўзини тилшунослик фани ривожига бағишлаган ёшларнинг вазифасидир, — дейди олим, кўпинча талабаларга сабоқ берганида ва ўзаро суҳбатларда. — Бугунги кунда айрим туманларда сақланиб қолган эски атамалар ўрнига янгича номларни қўйиш урф бўлмоқда. Нега асрлар бўйи бу ер шундай аталган, бунда не сир бор, бу сўзнинг маъноси нима деб қизиқиб кўрмайдилар, ундан кўра осон йўл тутиб номни ўзгартириб қўя қоладилар.   Бу билан шу ернинг тарихидан хабар бериб, қадриятимизни сақлаган бир атамани йўқотадилар.

Профессор дарс жараёнида ҳамиша ким қайси маҳаллада истиқомат қилиши билан қизиқади ва ўша жой номи маъносини тушунтириб беради. Хоразм шевасида мавжуд бўлган кўпгина иборалар олдин қандай ишлатилгани, архаик сўзлар маъноси, форсий арабийдан кириб келган сўзлар хусусида маълумот бериб ўтар, шу йўл билан талабаларни она тили фанига бўлган қизиқишларини оширади.

— Устозимиз етук олим, қалби дарё мураб­бий. У тилшунослик фанининг барча соҳаларини ёшлар қалбига жо айлаш билан ўзбек тилига бўлган меҳр, эҳтиром ҳиссини ҳам тарбиялайди, миллий қадриятларни улуғлашни, уларни давом қилдиришни тарғиб қилади. У киши нафақат илм, балки одамийликдан ҳам сабоқ беради, ўтган алломалар, адиблар ижоди, улар ҳаётидан сермазмун лавҳаларни гапириб, ёшларнинг бадиий дидини ўстириш, маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшиб келмоқда, — дейди шогирдларидан филология фанлари номзоди Шукуржон Норбоева.

Шогирдлари устоз билан илк бор аудито­рияда қандай танишганлари хусусида шундай ҳикоя   қиладилар:

Устозимизни юқори курс талабалари узоқ таърифлашди. Биринчи курсга қадам қўйганлар ҳайрат ва қўрқув аралаш тинглашди. Ўқитувчи ўта билимдон, талабчан эканлигини, ким қанча китоб ўқиганини ва исмлар маъносини сўрашини билиб олишди ва ҳаяжон ила илк бор дарсга кирадиган устозни кута бошлашган.

Шаҳдам қадамлар билан аудиторияга кириб келган профессор дарс мавзуини тушунтира бошлади. Талабаларнинг бутун вужудлари қулоққа айланган, устозлари тилга олган ҳар бир жумла улар учун янгилик эди. Нуроний сиймо, баланд, ширали овоз, ҳикматдек янграётган сўзлар уларни ўзига тобора ром этиб борарди. Ҳар бир товуш қалбларига ўрнашиб садо бераётгандек туюларди.

— Қани айтинглар-чи, Хоразм атамаси қандай пайдо бўлган? Бемалол, ҳар бирингиз фикр билдиришингиз мумкин. “Хато қилиб қўяман” деб истиҳола қилиб ўтирманг, — талабаларга юзланади ўқитувчи.

Баҳс-мунозара бошланиб кетди. Кимдир “қуёшли ўлка”, кимдир “унумдор ер”, кимдир “она замин” дея таърифлади.

— Хўш, қай бири ҳақиқатга яқин? Нима ер юзида бошқа қуёшли ўлкалар йўқми? Қуёш фақат Хоразмга ўз нурларини сочадими, унумдор ер ҳам фақат бизда борми? — Устоз гапириб туриб биринчи қатордаги талабага юзланди.

— Сиз қайси тумандансиз?

— Хазораспданман муаллим, — деди талаба.

— Хазорасп сўзининг маъносини биласизми?

— Минг отлиқ дегани устоз, минг отлиқлар диёриданман, — десам ҳам бўлаверади.

— Ҳақиқатан ҳам шундаймикан?

Баҳс- мунозара қизигандан-қизиди.

Хоразм –Хворазим, “вора” чегараланган деган маънони англатади. Зим давлат деган маънони беради. Хазарлар кўчиб келгани боис Хазораспни қадимий номи Хазарис бўлган ҳозир ҳам маҳаллий халқ Хазарис деб айтади, яъни хазарлар истиқомат қиладиган макон деган маънони билдиради.

Олим сўзларнинг маъносини тушунтириб бераркан, талабаларга шундай топшириқ берди:

— Маҳмуд Қошғарийнинг “Девонул луғатит турк” асарини ўқинг. Бу сизга — уйга вазифа.

Профессор аудиторияни тарк этди, лекин талабалар кўнглига ўз фикрларини муҳрлаб кетди. Шу пайтгача жой номлари ҳақида ўйлаб кўрмаганлари ҳақида бир- бирларига гапириб, ҳар бир товуш ҳақида баҳслаша бошладилар, улар илк маротаба ҳар бир сўзда тарих, қад­рият яширинганини англадилар.

— Устозимиз биринчи дарсга кирганида барчамиз сеҳрланиб қолгандек эдик, эшитган фикрларимиз биз учун тамоман янгилик эди!   — дея эслайди талабалик даврини филология фанлари доктори Абдулла Ўрозбоев. — Ўзимизча, ҳар бир сўз қандай пайдо бўлгани хусусида фикр юритдик. Кўча- кўйда, ўзаро муо­мала жараёнида қўллайдиган сўзларимиз олдин қандай бўлган экан деб ўйлай бошладик. Устозимиз юрагимизга чўғ ташлади. Ҳар бир сўз бизга тарихимиздан, халқимиз босиб ўтган йўллардан ёдгор, у миллатимиз ўтмиши, касб ҳунарини, турмуш тарзини ўзида акс эттиришини ўшанда илк бора ҳис қилгандик.

УрДУ профессори, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Зарифбой Дўсимов юксак мавқега эга бўлгунча қанча заҳмат, меҳнатлар чекмади, не- не оғир кунларни матонат ила босиб   ўтмади дейсиз?

У 1946 йил 26 майда Хоразм вилоятининг Манғит (ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё тумани) туманининг Қиличбой қишлоғида туғилган. Урушдан кейинги оғир йиллар болалик даврига ўз забтини ўтказган. Лекин оиласида зиёли, китобни жон дилидан севувчи катталар таъсиридами, болалигидан мутолаага меҳр қўйди.

— Яқинимиздаги дўконда китоблар сотиларди. Бир китобни олишга пулим етмади. Оёқ устида турганимча ўқий бошладим, — дея эслайди олим, — сотувчи менинг ҳолатимни кўриб, хоҳлаган пайтинг келиб ўқийвер, — деб рухсат берди. Ҳар куни дарсдан чиқиб, уй юмушларидан бўшаганимдан сўнг дўконга югурардим ва севимли китобимни ўқирдим. Китоблар, газета, журналлар менга йўл кўрсатди, қайси соҳани танлашим кераклигини болалигимдан англатишди. Мутолаа таъсирида нутқим сайқаллана бошлади, сўз бойлигим ортди. Шу боис ўзимча нималарнидир қоралай бошладим, ўқиганларим бўйича таассуротларимни қоғозга туширардим. Бирор воқеа ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлсам, қофиядош сўзларни танлардим. Ўқитувчиларим қофия тузишга устасан дейишарди. Шеър ёзишга қизиқардим. Илк шеърларим туман газетасида босилиб чиққан. Ўша дамларда қанчалик қувонганларим ҳали-ҳануз ёдимда.

Шеъриятга бўлган қизиқиш, китоб мутолааси, ҳар бир сўз устида изланишга чорлайди. Сўзларнинг синонимларини ахтаришга тушарди. Чиройли сўзлар топишга интилар эди. Хўш, “қуёш нега қуёш, осмон нега осмон” деб ўйлаган пайтлари кўп бўлганини олим яхши хотирлайди. Сўз мулкига саёҳат қилишни севган 16 ёшли йигит ўз ҳужжатларини бир олам орзулар оғушида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтига топширди. Хавотир ила кузатиб қолган яқинларига институтга қабул қилинганини айтиб севинч улашди. 1966 йилда институтни муваффақиятли тугаллагач, иш фаолиятини Амударё туманидаги 18-сон мактабда ўқитувчилик қилишдан бошлади. 1968-71 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тил ва адабиёт институтининг диалектология секторида лаборант, илмий ходим вазифаларида ишлади. Бу даргоҳга ёш йигитни тилшунослик фанига бўлган қизиқиш, айниқса, сўзларнинг тарихи, этимологиясини ўрганишга бўлган ҳавас етаклаб келди ва шу ерда соҳа билимдони, олим Аҳмад Ишаев каби устоз билан учрашиш ва бирга ишлаш каби шарафга ноил бўлди. Аҳмад Ишаев унинг қораламаларини кўздан кечирар экан, шогирдида топонимикага қизиқиш кучли эканини, соҳага оид адабиётларни қунт билан ўрганиб бораётганини, ўзи ҳам анча янгиликларни илгари сурганини анг­лади ва унга жўяли маслаҳатлар бериб қўллаб-қувватлади. Ёш илмий ходим тинмай изланди. Устозига ўзини қизиқтирган мавзу ҳақида гапириб берди. “Шимолий Хоразм топонимлари” мавзусида илмий ишга қўл урди.

— Номзодлик диссертациясини ёза бош­лаганимда 23 ёшда эдим, — дея эслайди олим, — бир йил ичида ҳимояга тайёр қилиб қўйдим. Устозим ўшанда “Дарров ёзиб тугатдингизми” деб жуда ҳайратланган эди.

Аслида илмий ишга қўл уришдан олдин қанчалик тайёргарлик кўргани олимнинг ўзига аён эди. Соҳага оид материалларни қунт билан ўргангани, тарихий асарлар, бизга мерос бўлиб қолган мумтоз адабиёт намуналарини қўлёзма нусхаларини   ўқигани сўзларнинг мағзини чақишига катта ёрдам берган, ёш олимнинг тафаккурини бойитиб, билимини анча чархлаган эди. Натижада А. Ишаев раҳбарлигида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Раҳбар илмий ходим бир йил ичида диссертация ёзиб тамомлаганига ҳайратланса, Москвадаги (собиқ шўролар даврида албатта номзодлик диссертацияси собиқ марказ олимлари томонидан тасдиқланар эди) соҳа мутахассислари 24 ёшида ҳали ҳеч ким олимлар сафидан ўрин олмаганини айтиб ҳайрон қолганликларини билдиришди. Ёш олим шу тарзда фан оламига ўз сўзи билан кириб келди. Ўша йили Хоразм давлат педагогика институти ректори ёш олимни ишга таклиф қилади.

1971 йил сентябрь ойидан бошлаб Зарифбой Дўсимов институтда талабаларга тилшунослик фанидан дарс беришни бошлайди. Маълум давр вилоят ҳокимлигида мутахассислар гуруҳи раҳбари, 1994-96 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг вилоятдаги вакили, 2002-2004 йилларда Хоразм Маъмун академиясида бўлим бошлиғи каби масъул лавозимларда фао­лият кўрсатди. Фаолиятини, тўғрироғи бутун умрини Хоразм топонимияси, яъни жой номларининг илмий тадқиқига бағишлади. 1986 йили “Хоразм топонимларининг тарихий лисоний таҳлили” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1993 йилда профессор унвонини олди. Шу йиллар ичида олимнинг тилшунослик ривожига бағишланган қатор асарлари чоп қилинди. “Хоразм топонимлари”, “Географик номларнинг лисоний хусусиятлари”, “Жой номларининг сири”, “Топонимика асослари”, “Авесто ва Хоразм ономастикаси тизимининг шаклланиши” каби монографиялари, “Ўзбек тили” (Олий ўқув юртларининг рус гуруҳлари учун), “Умумий тилшунослик”, “Тилшунослик асослари” каби ўқув қўлланмалари, “Жой номларининг изоҳли луғати”, “Жер атамаларынын қысқаша сезлиги”каби асарларида ўзбек тилининг, шу жумладан Хоразм шеваларининг шаклланиши, тараққиёт босқичи, бош­­қа туркий тиллар билан ўхшаш жиҳатлари ва фарқларини тадқиқ қилади.

Бугунги кунда олимнинг 14 нафар шогирди номзодлик — фалсафа фанлари бўйича докторлик (PhD), икки нафари докторлик диссертациясини ёқлашди, 30 нафардан зиёд шогирдлари магистрлик даражасини олишди. Агар улар билан суҳбатлашиб қолгудек бўлсангиз, устозлари билан ҳақли равишда фахрланишларини, ҳамиша ундан ибрат олиб яшаётганларини айтишади.

Олимнинг сафдошлари эса нуктадон олим, адолатпарвар инсон, игна билан қудуқ қазигандай иш тутиб, тинмай изланишдан тўхтамайди, жуда дадил, заковатли инсон дейишади.

— Зарифбой етти ўлчаб бир кесади, — дей­ди УрДУ профессори Ҳамдам Абдуллаев, — унинг сийратида қатъиятлилик, олимлик, шоирлик, санъатга мойиллик, дилкашлик, топ­қирлик, эҳтиёткорлик каби сифатлар мавжуд. Шу сифатлари ва билими боис ҳамиша эҳтиром оғушида умргузаронлик қилиб келмоқда. Кимдир олим бўлиши мумкин, бироқ одам бўлиши қийин. Зарифбой олим одам, ҳақиқий инсон, яхши дўст, ажойиб мураббийдир. У университет учун кўп ишлар қилди, яхши илмий кадрлар тайёрлади, фанда ўз мактабини яратди.

Айниқса, Хоразм шеваларида мавжуд бўлган айрим сўзлар қардош халқларда ҳам учраши, ўзбек адабий тилининг бойишида уларнинг ўрни борлиги, Ҳазрат Навоий асарларида ишлатилган кўпгина сўзлар бугунги шеваларда   мавжудлиги ҳақидаги фикрлари диққатингизни тортади.

— “Хива” сўзини олиб кўрайлик, — дейди олим, — уни ҳар ким турлича изоҳлайди. Биров қудуққа нисбат беради. Эмишки, саҳродан ўтиб бораётганлар бир қудуққа дуч келишибди ва сувини ичиб, “хей ваҳ” дейишибди. Шу билан ушбу ерда макон тутиб қолишибди ва Хива атамаси шундан келиб чиққан эмиш. Аслида бундай эмас, бу сўзнинг асл маъноси   “кичик қишлоқ” деган тушунчани беради. Бирор атама пайдо бўлганидан сўнг йиллар ўтиши билан ҳарф ёки товуш ўзгаришига учраши табиий ҳол. Ҳозир ишлатадиган сўзларимиз худди шундай жараёнларни “бошидан кечирган”.

Тилшунос ташқи реклама баннерлари ёзилишида йўл қўйилаётган хатолар, қатор маҳаллаларда айрим кўчалар бир хилда номланаётгани ҳақида эътирозли фикрлар билдиришдан чарчамайди.

— Ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчилари жонкуяр, ватанпарвар бўлиши керак. Ватанпарвар бўлмаган одам тилга эътиборсиз бўлади. Тил ахир миллатимиз белгиси, агар бефарқ, лоқайд бўлсак, тилимиз тақдири нима бўлади, тил йўқолса, миллат йўқолади, миллий меросимиз ҳам йўққа чиқади, дея қайғуради олим.

Яна суҳбат орасида тилшунослик фани ривожига ҳисса қўшаётган шогирдлари кўплигини фахр билан таъкидлайди.

Таниқли олим яқинда 75 ёшга тўлди. Хоразм­нинг биринчи топонимшунос олимининг юбилейи воҳада илм аҳллари даврасида кенг нишонланди. Тадбир ўзига хос самимий руҳда ўтди, кечани тилшуносларнинг байрами деб ҳам аташди.

Меҳрибон ТИЛЛАЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 1 =