Термизийлар хазинаси…

Маълумки, ислом оламининг мўътабар ва   улуғ алломаларидан бири   бўлган Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ҳазратлари Шарқ оламининг беназир   мутафаккири сифатида эъзозланиб келинади. Бу зоти шарифнинг асарлари   бугунги   кунда ҳам мусулмон давлатлари   дорилфунунларида дарслик сифатида     қўлланилади.

Ҳазратнинг Шеробод   туманидаги қадим   Буғ   қиш­лоғида абадий   қўним   топган   жойлари   собиқ   иттифоқ даврида кўримсиз   ва хароба бир   гўша эди. Мустақиллик йилларида қайта таъмирланиб, муҳташам зиёратгоҳга айланди. Алломани ҳадис илмининг етук билимдони эканлиги, айниқса, пайғамбаримиз ҳадисларини тўплашда тутган йўллари ислом оламида машҳур қилди. Ва энг ишончли манбаларни жамлашда буюк ҳадисшунослар қаторидан муносиб жой олди.

Абу Исо ат-Термизийнинг илму салоҳиятига устози Имом Бухорийнинг қуйидаги гаплари ҳам далил бўлади: “Сен мендан   баҳра топганингдан кўра, мен   сендан   кўпроқ баҳра   олдим”. Устоз ва шогирд ўртасидаги меҳр-оқибат занжири шу қадар мустаҳкам бўлганки, тарихий манбаларда қайд этилишича, Имом Бухорий қазо   қилганларида, имом Термизий қаттиқ азият   чекиб, йиғлаганларидан у кишининг кўзлари кўр бўлиб   қолган экан.

Улуғ алломанинг бизга қолдирган маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш ишларини йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 14 февралда “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот   марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги   қарори   қабул қилинди. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Термиз шаҳрида шарқона меъморий ансамбли қисқа вақт ичида бунёд этилди.

Давлатимиз раҳбари   томонидан яратилган қулайликлар, кўрсатилган   ғамхўрликларга   жавобан халқаро илмий-тадқиқот марказида қандай ишлар   амалга оширилаётганлигини билиш учун   марказнинг илмий ходими, исломшунос олим, тарих   фанлари бўйича фалсафа доктори   Жўрабек   Чўтматов билан суҳбатлашдик.

— Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг бунёд этилиши воҳа аҳлига жуда катта маънавий туҳфа бўлди. Биз ҳам нафақат юртимиз, балки ислом олами илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган, дунё илмида мустаҳкам асосга эга бўладиган муассаса сифатида шакллантиришга қатъий бел   боғлаганмиз. Марказнинг энг асосий йўналишларидан бири, Термизий алломалар меросини чуқур   ўрганишдир. Айниқса, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” китоблари турли   даврларда юзлаб атоқли олимлар, шайхлар ва авлиёлар томонидан тафсир   этилган. “Менинг учун Термизийнинг китоби Бухорий ва Муслим   китобларидан кўра фойдалироқ бўлди. Чунки Бухорий ва   Муслимдан фақат илм аҳлигина истифода этади.   Термизийдан эса ҳар киши   фойдаланиши мумкин”, дейди   шайхул   ислом абу Исмоил   Абдуллоҳ ал Ансорий   “Табоқат ус-суфия”   китобида.

Бугунги кунгача марказ олимлари Термизийлар ҳаёти ва ижодига бағишланган ўндан ортиқ нодир китобларни араб тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттирди. Бизнинг олдимизда мамлакатимизда, хорижий давлатларнинг кутубхона ва қўлёзма фонд­ларида сақланаётган Термизий алломалар асарлари нусхаларини ҳамда улар ҳақида битилган китобларни тўплаш баробарида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш вазифаси турибди.

2018 йилда   марказимиз Ҳаким Термизийнинг ҳали ўрганилмаган Қуръон тафсирига оид араб тилидаги асарини Туркиянинг Бурдур шаҳридан ксеро ва электрон нусхаларини келтиришга муваффақ бўлган эди. Бугунги кунда ушбу асарни тадқиқ этиш ишлари якунланиш арафасида эканлигини мамнуният билан қайд этишимиз мумкин.

Яқинда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекис­тонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази Ҳаким   Термизийнинг Туркия давлатидаги Исмоил Соиб кутубхонасидан келтирилган бир қанча қўлёзмаларининг электрон нусхаларини халқаро илмий-тадқиқот марказимизга тақдим этди.   Булар “Риёзат ун-нафс” (Нафс риёзати),   “Байан ал-илм” (Илм баёни), “Масъала фий ан-нийа” (Ният масаласи), “Масъала фий зикр ал-мунфаридин” (Олий даражали валийлар зикри ҳақида масала), “Баб фоидат азизат важизат” (Қисқа ва фойдали боб), “Жавоб китоб Усмон ибн Саъид мин ар-Рай” (Усмон ибн Саиднинг Райдан келган мактубига жавоб), “Ал акйас ва ал муғтарин” (Зийраклар ва алданганлар), “Ал фарқ байн ал айат ва ал карамот” (Оят, мўъжиза ва каромат орасидаги фарқ), “Китоб ал-ҳуқуқ” (Ҳақлар ҳақида китоб), “Масоил   ат-таъбир” (Таъбир масалалари), “Манозил ал ибод минал ибода” (Бандаларнинг ибодатдаги манзиллари)   каби ноёб асарлардир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жамоамиз   Термизийлар асарларини нафақат ўзбек тилида, агар ислом   дунёсида муҳим янгилик бўлса, араб тилида нашр этишни ҳам мақсад қилган. Олимларимиз ушбу асарлар устида тадқиқот олиб боришмоқда. Марказимиз Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда тайёрлаган “Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари каталоги”да дунёнинг 44 мамлакатида сақланаётган Термизий алломаларнинг кўплаб қўлёзмалари ҳақида маълумотлар тўпланди. Бугунги кунда марказимиз ушбу нусхалар сақланаётган хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан музокаралар олиб бормоқда, — дейди   Жўрабек   Чўтматов.

Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси ва сайъ­-ҳаракатлари билан улуғ аждодларимизнинг ибратли ҳаёти, маънавий меъросини чуқур ўрганувчи халқаро илмий-тадқиқот марказлари буюк аждодларимизнинг дунё бўйлаб сочилиб ётган ўнлаб, юзлаб маънавий хазиналарини излаб топиб, яна уни халқимизга тортиқ этаётгани игна билан қудуқ қазишдан-да қийин иш эканлигини Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази жа­моаси фа­олияти билан танишганимизда кўриб,   амин бўлдик.

Марказ томонидан ўтган уч   йил давомида олиб борилган илмий-тадқиқотлар, араб, форс тилидан   ўзбекчага моҳирлик билан ўгирилган асарлар, ёзилган янги китоблар, миллий маънавий меросимиз борасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари таҳсинга лойиқдир. Аслида ҳам, буюк алломалар илмий меросини ва қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Шу қатори, Термизийлар хазинаси, бизга қолдирган мероси ҳам дунё қадар боқий ва туганмасдир…

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =