Эл одами

Сурхондарёда Тоштемир акани билмаган одам кам топилади.

У киши ҳақида кимдан сўрасангиз ҳам “Ээ, ўзимизнинг Тоштемир аками…” дея самимият билан гапиради. Эл орасида баҳсли-мунозарали, борингки, маслаҳатлар, масалалар чиқиб қолса, “Тоштемир ака нима дер экан …”  деган мулоҳазага борадилар.

Бу одамни оддийгина одамлар ҳам, шоирлару олимлар ҳам, бахшилару санъаткорлар ҳам, мулкдорлару амалдорлар ҳам бирдай қадрлайди. Нега шундай? Чунки Тоштемир ака ўзи ҳаммага эл бўлишни истайди ва ҳамманинг бир-бирига эл бўлишини хоҳлайди.

Бу дунёда кирари эл, чиқари ёв бўладиган одамлар кўп. Бу одам эса, ҳатто шундайлардан ҳам оқибат кутади, бир кун келиб Худо инсофини берар, деб умид қилади.

У ичи кенг одам… Сурхондарё даштларидай кенг. Осонликча ториқмайди. Ҳар бўлар-бўлмасга, ҳар “ердан баланд-бутадан паст” нарсаларга тенг бўлиб, юрак ҳовучлаб селкиллаб юришни ўзига эп кўрмайди. Ор қилади. Чунки, у “Алпомиш”ни зўр билади-да.

Деновда бўлган бир гурунгимизда Тоштемир ака айтганди: “Одам дегани катта куч. Истасак, у дарё бўлади. Мен эл орасида оқиб юрган катта-катта дарёларни кўрганман”.

Дарҳақиқат, халқ қалбининг овозини тилида ва дилида олиб юрган улкан бахшиларнинг ижодини эринмай ўрганган, уларнинг суяр дўс­тига айланган. Эл орасида оралаб юриб момоларимизнинг юрак тафти билан тирик қолган қанчадан-қанча қўшиқлару эртакларни тўп­лаган.

У, айниқса, ёш ижодкорларни кўрганда, яйраб кетади. Уларга ўз фарзандларига  қарагандай умид билан, меҳр билан қарайди. Қўлидан келганича қўллаб-қувватлайди, иззатлайди. “Элнинг жон томири шулар-да” дейди.

Эсимда, бизлар ёш талабалар эдик, ҳали на пастни, на баландни  билар эдик. Тоштемир ака бу пайтда Деновда ишларди. Шу йиллари у киши йўли адашиб, Тошкентга келди. Филология куллиётида ўқиётган бир неча истеъдодли талабаларни шаҳар марказидаги “Дўстлик” меҳмонхонасига меҳмонга чақирди. У бизларни аямай меҳмон қилди. Узоқ гурунглашдик. Гапнинг боши ҳам, охири ҳам адабиёт бўлди. Қайтар чоғимизда Тоштемир ака ҳар биримизга пул берди. Минг бир истиҳоламизга қарамасдан, қўярда-қўймай. Айтдики: “Бу сизлар учун чой пули. Биламанки, сизлар учун чой ҳам, овқат ҳам битта нарса — бу китоб. Мен берган пулга  энг яхши китобларни сотиб олинглар”.

Бу одам нимага шундай қилди экан? Албатта, унинг давлати ошиб-тошиб ётгани йўқ эди. Ўшанда у бор пулларини талабаларга ноёб китоблар учун бўлиб бериб, ўзи поездга аранг илашиб, Сурхондарёга кетганди. Кейин эса биз талабалар унга нодир китобларнинг қимматлиги ҳақида ваъз ўқиганимиздан хижолат чеккандик.

У бизни Одам бўлсин деб чин юракдан умид қилган.

Биламан, у киши   бу тафсилотларни эслаб ўтирмайди, лекин бизнинг хотирамизга улар муҳрланиб қолган. Яқинда Японларнинг “Дзеннинг 101 тарихи” китобида ёзилган бир воқеани ўқиб қолдим. Бу ривоятни ровийлар шундай тартиб қиладилар: Бир тақводор билан бир шоир йўлда кетаётганида, шарқираб оқаётган ариқдан ўтолмай ўтирган бир аёлни кўриб қоладилар. Шоир ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай, аёлни даст кўтаради-ю, ариқдан ўтказиб қўяди ва ишидан кўп завқланади, аёлнинг гўзаллигидан илҳомланади. Сўнг тақводор билан йўлида давом этади. Қизиғи шундаки, то ибодатхонага етиб боргунча, тақводор фақат бир нарса ҳақида — шоирнинг гуноҳи ҳақида ўйлаб боради. Чунки, шоир аёлни қўлларида кўтарди, у бундан шавқланди, Яратганнинг олдида гуноҳкор бўлди. Икковларининг қўллари-қўлларига тегди. Улар то ибодатхонага етиб боргунларига қадар тақводор шулар ҳақида ўйлаб борди, шоир эса бу пайтда атрофдаги табиат гўзаллигидан завқда эди. Улар меҳробга яқинлашганларида тақводор шоирга айтдики: “Сен бугун гуноҳкор бўлдинг, аёлни ариқдан ўтказиб қўйиш баҳонасида унинг қўлларидан ушладинг, уни кўтариб олдинг, баданинг аёл баданига теккандай бўлди, сен гуноҳкорсан”. Шоир эса бунга жавобан айтди: “Сен ҳалиям шуни эслаб ўтирибсанми?”

Мен Тоштемир аканинг талабаларга кўрсатган бир ҳиммати ҳақида ёзганимда, гўё у киши менга “Сен  ҳалиям шуни эслаб юрибсанми?” дегандай бўлди. Мен ўзимни ўша тақводор ўрнида, Тоштемир акани эса, ўша шоир ўрнида кўргандай бўлдим…

Ҳа, Тоштемир ака кўрган дарёларни унча-мунча одамлар кўрмаган. У қирқ беш йилдан ошиқ вақт мобайнида  элнинг юрагида оқаётган дарёлар тилини ўрганди. Унинг табиатидаги кенглик шундан бўлса керак, деб ўйлайман. Кейинги юз йилликда Сурхон томонларда қанча бахши ўтган бўлса, уларнинг тарихини Тоштемир акадан сўранг, айтиб беради.

Дарҳақиқат, бу юртдан қанча-қанча улуғ бахшилар ўтди. Уларнинг қабри қаердалигини ҳам аксарият одамлар билмайди. Майли, юраклар уларнинг сўзларини топсин, чунки, сўзлар қабрлардан  кўра муҳимроқ ва азизроқ.

Эшитганим бор, Тоштемир ака университетни битириб бориши билан Сурхондарёда яшаган шоирлар ва бахшиларнинг ҳаёти, ижодини ўрганиш учун хизмат сафарига ўз ёнидан харажат қилиб, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд бўйлаб тинмай эл оралаб юрган экан. Илло, бу бирор-бир ташкилот ё идоранинг хизмат сафари эмас эди. Бу заҳматкаш бир қалбнинг ўз-ўзига буюрган хизмати сафари эди. Бу – ичу тоши ўз халқининг ижодиётига муҳаббат билан йўғрилган бир юракнинг хизмат сафари эди.

Устоз ҳақида яна кўп ва хўп ёзиш мумкин. Қанчадан-қанча ёруғ воқеалар, бир умр қалбда муҳрланган ҳолатлар бор. Уларнинг барини қоғозга тушириш учун ҳафталар етмас. Аммо юқоридагиларни ёзиб уқтирар эканман, шундай дегим келди: “Тоштемир ака сиз ҳамон юракнинг  хизмат сафаридасиз”.

Эшқобил Шукур.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 13 =