Ёшлар нега чет элга ошиқишмоқда?

Миграция масаласи барча замонларда ҳам бўлган ва бу табиий жараён. Аммо юрт “миялари”нинг, мамлакат “интеллектуал мулки”нинг, келажак ҳаётини ҳал қилувчи кучга эга бўлган салоҳиятли кадрларнинг таҳсил учун ўз юртини эмас, хорижни танлаши ва у ерда муқим қолиб кетиш ҳолатлари ҳар қандай ҳукуматни ташвишга солиши, ўйлантириши керак. Айниқса, ҳозирги ёшларнинг кайфиятига эътибор берсак, аксарияти хорижда ўқиш иштиёқи ва умиди билан яшамоқда. Ўз-ўзидан савол туғилади: Нима учун? Таълим сифатидан қониқмайдиларми ёки бошқа сабаблари борми?

Латвиядаги Турига бизнес бошқаруви университетида бакалавр ва магистратура босқичини тамомлаган Нурсултон Кузденовнинг фикрича, хориж университетини танлашининг биринчи сабаби борган сари шартнома-контракт тўловининг ошаётганлиги. 2013 йили Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг контракт нархи 4 минг, Халқаро Вестминстер университетиники эса 5 минг 200 АҚШ доллари эди. Турига университетига ўқишга кирганимда контракт тўлови 3 минг АҚШ долларига тўғри келган. Яна бир қулай имконият шундаки, Ўзбекистонга ўқишга кирганимда ўша маблағни ўзим ишлаб топа олмасдим. Дунё тажрибасида “part time” деган тушунча мавжуд. Оддий оила фарзанд­лари учун ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, контракт пулини топиш “лоторея” ютиб олгандек гап.

– Нима учун магистратурадаги таҳсилни Корея Руспубликасида давом эттирдингиз? Масалан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетидаги таълим сизни қониқтирмадими?

– Мен, бошқа университетлар билан таққослаганда, Ўзбекистондаги энг яхши факультетда ўқиганимдан ҳозиргача суюнаман, – дейди koreabyme.com ва kun.uz сайтлари мухбири Феруза Алиқулова. – Сабаби коррупцияга йўл қўйилмаган, назария амалиёт билан узвий боғлиқ эди. Лекин умумий олиб қараганда, Ўзбекистондаги таълим тизимидан қониқмайман. Биринчидан, келажакдаги фаолиятинг учун асқотмайдиган, кераксиз фанлар жуда кўп, ўқитилиш услуби ниҳоятда оддий, педагоглар ўз устида ишламайди, замон билан ҳамқадам эмас. Иккинчидан, баҳолаш системаси ким­ўзарга “пойга” асосига қурилмаган, оладиган баҳоинг давоматинг­­га эмас, ақлингга, билимингга боғлиқ.

– Нима учун докторантурага айнан Хитойни танладингиз?

– 2015 йили Тошкент давлат Шарқшунослик университетининг магистратура босқичини тамомлагач, илмий иш қилиш мақсадида докторантурага кириш мезонлари билан танишиб, сўраб-суриштирганман. У пайтда докто­рантура талаблари ҳозиргидан фарқ қиларди. Уч йиллик меҳнат стажи талаб этилгани боис, вақтдан ютқазмаслик учун Шанхай университетига ҳужжат топширганман. Таҳсил давомида ўзимиздаги таълим тизими билан Хитой таълимидаги фарқли жиҳатларни кўп кузатдим. Докто­рантга худди талабадек шароит яратиб берилади, мутахассислиги бўйича ишлаши шарт эмас. Илмий тадқиқотчи ортиқча фан ёки ишга чалғимайди, бутун дунёдаги кутубхоналардан, керакли адабиётлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Баҳолашдан тортиб ҳимоягача бўлган жараён электрон шаклда. Тақриз олишга, баҳо қўйдиришга, илмий ишингизни ўқитишга югурмайсиз. Маълум платформага киритасиз, тамом.

– Таълим соҳасидаги тафовутлар нималардан иборат?

Нурсултон Кузденов: – Миллий таълим тизимидаги энг катта хато – ўқишга кириш қийин, битириш эса осон. Аслида ўқишга киргандан сўнг уни битириш ўзимиздагидек осон бўлиши мумкин эмас. Бизда давомат биринчи ўринда туради, бу ерда эса дарсда қатнашиш-қатнашмасликнинг ўқитувчига аҳамияти йўқ. Буни талабани бировнинг турткисисиз, онгли равишда ўқишига, тўлаган пулига куйиб қолмаслик учун ҳам, яхши мутахассис бўлиб етишиб чиқиш учун ҳам ўқиш кераклигига самарали сабаб деб ҳисоблайман. Ҳар икки ҳафтада имтиҳон олинади. Ўқиган одам ўтади, ўқимагани охир-оқибат университетдан четлаштирилади. Туризм ва меҳмонхона йўналиши бўйича таҳсил олганман. Ўзбекистонда ёзги таътилда ҳамма уйига кетади, дам олади. Латвияда эса талаба бу пайтда ўз мутахассислиги бўйича амалиёт ўтайди. Масалан, мен Латвия, Испания, Америкадаги 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарда амалиёт ўтадим. Бу жараёнда тажриба, танишлар орттирдим, соҳанинг усталаридан касб сирларини ўргандим, қолаверса, ассис­тент бўлиб ишлаганим учун маошга ҳам эга бўлдим. Чет эл университетлари, ташкилот ва компаниялари билан алоқалар, тажриба алмашиш яхши йўлга қўйилган.

Нигина Расулева: – Асосий тафовут кредит-модул тизими ва дунё ҳамжамияти, илм-фан оламига очиқлигида деб биламан. Талаба нафақат мутахассислик фанларидан ташқари ўзига ёққан машғулот ёки дарсларни, балки профессор-ўқитувчиларни ҳам танлаш ҳуқуқига эга. Масалан, хитой адабиёти фанини танламоқчи бўлсам, у фандан дарс берувчи ўқитувчиларнинг исм-шарифи ҳамда улар ҳақида маълумот вариант тариқасида келтирилади. Мана шу жиҳати шахсан менга, ўзим ўқитувчи бўлганим ҳолда, жуда ёқди. Ҳар қандай талаба ҳам кучли педагогдан сабоқ олишни истайди. Бу эса ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашлари учун энг катта туртки.

Иккинчи тафовут шундаки, талаба 24 соат давомида ҳақиқий талаба ролида бўлади. Хитойликларнинг ўзи ҳам ётоқхонада яшайди. Тушдан кейинги соат 16 гача асосий дарслар ўтилса, ундан кейин халқаро юқори даражадаги конференция, дебат, тренинглар бўлади. Ёки ўзининг хоббисидан келиб чиқиб бирор тўгарак аъзоси бўлиши мумкин.

Феруза Алиқулова: – Ўзбекистондаги бирорта университетнинг дунё университетлари ТОП рейтингида йўқлиги. Тўғри, биз ривожланаётган давлатлар сирасига кирамиз. Лекин кўп­лаб бизга ўхшаган давлатлардаги университетларни PISA рейтингининг юқори поғоналарида кўрамиз. Рейтинг натижалари “осмондан олинмаган”, демак ўша давлатларда таълим сифати юқори, таҳсил олаётган талаба қониқиш ҳис қилади. Иккинчи энг катта ва оғриқли тафовут, бу – коррупция. Кореяда ўқитувчига ҳатто совға бериш мумкин эмас, тасаввур қиляпсизми? Ўз хоҳишимизга кўра ҳам бирор нарса беролмаймиз. Кейингиси – кутубхона фаолияти. Дунё кутубхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Архитектураси, кўриниши, шароити шу даражада қойилмақомки, кутубхонага киргач, кетгингиз келмайди. Кўпчилик кечаси билан ўқиб, дарсга тайёрланиб, мутолаа қилиб чиқади, ҳатто улар учун ухлаб қолишга ҳам шароит яратилган.

– Сиз кўрган университетларнинг қайси таж­рибасидан улги олсак, биз кутаётган таълим тизимини яратган, ҳозиргисини оз бўлса-да, ислоҳ қилган бўламиз?

Нурсултон Кузденов: – Миллий таълимга олиб кирилиши лозим бўлган масала – имтиҳоннинг пулли ташкил этилиши. Латвияда имтиҳон топшириш учун, дейлик, “семестр” кассага аввалига 8 евро, кейин фан учун 5 евро тўлов қилинади. Имтиҳондан йиқилган талаба кейинги сафар яна 5 евро тўлаб тест топширади. Айтиб қўяй, бу пуллар ўқитувчи ёки деканнинг чўнтагига эмас, университет кассасига тўланади. Бир, икки, уч марта йиқилиб, пули кетаверган талаба, охир-оқибат ўқимаса, имтиҳонга астойдил тайёрланмаса бўлмаслигини тушунади. Яъни, ўқимасликнинг жазоси – чўнтакка зарар, дегани.

Нигина Расулева: – Мен профессор-ўқитувчиларнинг талабалар томонидан танловини жорий қилиш керак, деган фикрдаман. Шунда мудроқ босган, конспект ёздириб, талабанинг вақтини беҳуда совураётган педагоглар ўз-ўзидан сараланиб қолар, жуда бўлмаса, ўз устида ишламаса унга талаб, жумладан, иш ҳам йўқлигини тушуниб етарди.

Феруза Алиқулова: – Айтганларимга қўшимча сифатида “cultural programs”, яъни маданий дастурлар, “trips” – университет томонидан уюштириладиган саёҳатларни йўлга қўйиш керак. Бу каби дастурлар талабаларни яна ҳам руҳлантиради, илҳомлантиради, ўқишга қизиқишини орттиради.

Шу ўринда ўқитиш методининг эскилиги, қониқтирмаслиги билан кўпчиликнинг “нишон”ига айланган университет ўқитувчиларининг фик­ри билан ҳам қизиқдик.

– Олий таълим тизимидаги қайси ҳолатлар педагогларнинг сифатли таълим беришига халал беради?

Муҳайё Саидова (ЎзДЖТУ): – Бошқа университетларни билмадиму лекин бизда университет администрацияси ўзининг бевосита ваколатига тегиш­ли вазифаларни бажармайди. Вазирликдан келган топшириқ факультетларга, факультетлардан деканатларга, кафедраларга, охири ўқитувчиларга топшириқ бўлиб тарқатилади. Оқибатда ўқитувчи бир йилда 361 марта чоп этилган илмий ишлари, ўқув қўлланмалари рўйхати жадвалини тўлдиради ёки талабаларнинг маълумотларини йиғади ва ҳ.к. Ўқитувчи ўз устида ишлаш ўрнига университет администрацияси вазифаларини бажариш билан банд бўлади. Сабаб – умумий электрон базани юритадиган ҳақиқий мутахассис йўқ. Бор бўлсаям таниш-билиш билан ишга кирган бир номутахассис шахс бўлади.

Илмий бўлимда порахўрлик, таниш-билишчилик авж олган. Докторантурада “ўлик жонлар” кўп. Илм масаласида Ўзбекистон коррупция ботқоғига ботганлигини COVID-19 яққол исботлаб берди. Минг­лаб етиштирилган олимларимиз жим, “ин-инига кириб кетган” юмронқозиқларга ўхшаб, муаммо ўз-­ўзидан ҳал бўлишини кутиб ётишибди. Оддий мисол, вакцинация ҳақида бирор материал тайёрлай десанг интервью берадиган (ўзига ишонган) олим йўқ. Бу муаммо фақатгина тиббиётда эмас, бошқа соҳаларда ҳам кўриниб турибди. Хуллас, коррупция иллати олий таълимни қамраб олган: жарроҳлик операцияси ўтказмаган доктор талабаларга операция қилишни ўргатяпти, қўшиқ куйламаган ашула айтишни, кўрсатув тайёрламаган, мақола ёзмаган, радиода бир кун ҳам ишламаган “журналист”лар ўқитувчилик қилаяпти. Энг ачинарлиси, илмий унвонни масъулият деб эмас мансаб деб биладиганлар кўп. Бирор юқори лавозимда мустаҳкам ўтириш учун олий таълим илмий бўлимига “югуриб келиб” “илм қилиб” кетаётганларнинг гувоҳи бўлдим. Афсус, бунақа “фан номзодиман”, “PhDман” деб кўксига урадиган, аммо тадқиқоти жамиятга нима янгилик бергани ҳақида сўрасангиз жавоб беролмайдиган “олимлар” кўпчилик. Ҳақиқий олимлар бармоқ билан санарли даражада.

Айтаман десам гап кўп, лекин фойдаси бормикан?..

Муниса Ражабова (Низомий номидаги ТДПУ): – Ўқитувчининг ўз устида ишлашига вақти йўқ. Бор энергияси, кучи қоғозбозлик, тадбирларга кетган педагогдан қандай сифатли маъруза, дарс кутиш мумкин? Аудиторияга келгунича чарчаб бўлган ўқитувчи нима қилади? 80 дақиқа жимликни сақлаб ўтиради, холос. Талабаларга ўзи сифатли таълим бермаганидан кейин талаб қилолмайди, баҳосини осонликча қўйиб беради. Қарабсизки, талабалар норози, ҳафсаласи пир бўлган, ўқишдан қўл силтаган, баъзилари биринчи босқичдан ўқишни ташлаб хорижга чиқиб кетади. Ҳамма ўзининг ишини қилса, педагог дегани давомат, форма каби майда-чуйдалар билан ўралашмай, ўзининг фанини зўр қилиб ўтиб берса, изланса, талабаларни ортидан эргаштиролса, илмга муҳаббат уйғотолса, олам гулистон.

Мунира Исомиддинова (ЎзДЖТУ): – Чет эл тажрибасини ўрганамиз, жорий этамиз деб, олий таълимдаги барча ўқитувчилар “тажриба қуёни”га айланиб қолди. Кўр-кўрона тақлид, моҳиятини англамай туриб кўр-кўрона кўчириш яхши натижа берди, деб ҳисобламайман. Масалан, баҳолаш системаси, аввалига рейтингга ўтдик, кейин мактабники каби 1-5 гача баҳо қўядиган бўлдик. Чораклик, оралиқ назорат ишлари якунийга таъсир этмайди, деган “қарор” чиққач, талабалар умуман ўқишни йиғиштириб қўйишди. Ортиқча қоғозбозлик, хўжакўрсинга ўтувчи тадбирбозликлар ўқитувчиларни ҳам, талабаларни ҳам бездириб юборди. Айниқса, пандемия сабабли билим олиш нафақат мактаб, лицейларда, университет талабалари ўртасида ҳам кескин тушиб кетди. Китобдан керакли жойини кўчиради-қўяди, тамом. Оғзаки жавоб бериш, ўта олармикинман ёки йўқми деган бизнинг пайтимиздаги ҳадиксираш, чўчишлар йўқ ҳозирги ёшларда. Ўзлаштиролмаган талабага то кузгача тинимсиз имконият беравериш “ўтаман-да барибир, четлаштиришармиди?!” деган тушунчага келишига сабаб бўляпти. Оғзаки ва ёзма нутқ билан боғлиқ саводхонлик масаласига путур етяпти. Биринчи босқич талабаларининг аксариятининг олий таълимдан ҳафсаласи пир бўляпти. Нимага? Берилаётган билимлар ҳам жуда оддий, саёз, имтиҳонлардан ўтишни-ку гапирмаса ҳам бўлади.

***

Юқоридаги муаммоларнинг барчасидан шу соҳанинг бошида ўтирганлар мутлақо бехабар, деб айтиш ноўрин. Улар намуна бўлувчи давлатлар тажрибасини ўрганаётган, янгиликлар, янги ислоҳотлар қилиш пайидан чиқарлар. Аммо ислоҳотлар акс таъсир бермаяптимикан? Бугун у давлатнинг, эртага “ие, буниси яхшироқ экан-у!” дея бошқа давлатнинг этагидан тутиш уни ижро этувчилар – педагог ва талабаларни бездириб қўймаяптимикан? Бир йилдан буён мактаб­ларга Финляндия тажрибаси, яъни тенглик, бепул таълим, индивидуаллик, амалийлик, ишончлилик ва ўқитувчилар салоҳияти, ихтиёрийлик ва мустақиллик каби етти устувор тамо­йилга асосланган таълимни йўлга қўйиш бўйича ҳаракат бошланган. Аслини олганда, кўзланган мақсадга эришилса, бу жуда яхши самара бериши турган гап. Аммо у юқоридан қуйига тушгунича минг тусланиб, ёнига яна ўзимизнинг “ўзбекча” қоғозбозлик деган тамойилимиз қўшилиб, аксига айланиб кетмоқда.

Японияда таҳсил олаётган ҳамюртимиз Амир Абдуқодировнинг айтишича, японлар бир-бирларига далил-исбот, факт­­га ҳожат қолдирмай ишонар экан. Ҳаққонийлик ва ростгўйлик қон-қонига сингиб кетган, дейсиз. Бизда эса афсуски, одамга эмас, ҳужжатга ишонилади, ҳужжат гапиради.

Ўттиз йил ўзбекча гапирган, бу тил қон-қонига сингиб кетган, тушида ҳам ўзбекча гапириб, миясида ўзбекча фикрлайдиган халқдан бирданига корейс, испан ёки латишча гапиришни, улардек фикрлаб, улардек яшашни талаб қилиш ноўрин. Гулни парваришлайман деб кўпроқ сув қуйиш ёки қуёшнинг сахий нурлари остида кўпроқ қолдириш уни куйдириб, қуритиб, сўлитиб қўйиши ҳеч гапмас. Меҳрда ҳам, эътиборда ҳам, янгилик ва инновацияларда ҳам меъёр керак.

Севара АЛИЖОНОВА,

Фарғона политехника институти матбуот котиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + four =