Боғинг ватан деган ном олсин, эй дўст…
Ўтган асрнинг 60-йилларида Ховос тумани “Фарҳод” хўжалигининг 5-бўлимига республикамизнинг турли гўшаларидан одамлар кўчиб келиб, даштни бир умрлик ватан қилишди. Бўз ерларда ертўлалардан иборат янги қишлоқлар пайдо бўлди. Ҳозир бу қишлоқлар Гулбаҳор маҳалла фуқаролар йиғинига бирлашган. Аҳолининг томи тошларини кўриб ҳавасингиз келади.
Қишлоқнинг шундоқ кираверишида Умарали халфа (одамлар уни шундай аташарди) деган киши кўч-кўрони билан қўним топди. У кишининг биринчи иши йўл бўйидаги ариқнинг 500 метр жойига қоратол қаламчаларини суқиб чиқиш бўлди. Биринчи йилиёқ қаламчалар амал олиб, кўкка бўй чўзди. Орадан йиллар ўтиб, йўл бўйи тангадек офтоб нури тушмайдиган қуюқ дарахтзорга айланди. Ёзнинг жазирама кунларида ўтган-кетганлар толлар соясида бирпас тин олиб, унинг соҳибига дуолар қиладиган бўлишди. Худо раҳмат қилган бўлсин, Умарали халфанинг боқий дунёга кетганига анча бўлди. Лекин одамлар у ўтқазган дарахтлар остида соялаганларида марҳумнинг руҳига тиловат қилишни унутишмайди. “Умарали халфанинг толзори”, дея эслаб юришади. Шунда менинг эсимга халқимиз тўқиган пурҳикмат мақол келади: “Отангнинг тол эккани − ўзига ном эккани”. Топиб айтилган ҳикмат.
Тарих саҳифаларини ўқиш асно буюк бобокалонларимиз Соҳибқирон Амир Темур, Бобур мирзо ва бошқа ҳукмдорлар яратиб кетган боғлар улар номини етти иқлимга достон қилганини биламиз. Соҳибқирон Амир Темур яратган боғ-роғлар номининг ўзи бир қўшиқ: “Боғи Беҳишт”, “Боғи Баланд”, “Боғи Дилкушо”, “Боғи Майдон”, “Боғи Нав”, “Боғи Шамол”, “Боғи Зоғон”, “Боғи Чинор”, “Боғи Нақши Жаҳон”…
“Темур тузуклари”даги мана бу сўзлар Соҳибқирон бобомизнинг яратувчилик салоҳиятидан мужда беради: “Ҳамишалиғ таъкид этур эдим: хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат — бир кунмас-бир кун мевасини татирсен…” Айни дамда Самарқанд вилоятида бу боғларнинг айримларини тиклаш бўйича ҳаракатлар бошланиб кетгани ҳақидаги хабарларни ОАВда ўқиб турибмиз. Бу туризмни ривожлантириш, экологияни яхшилашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Ўтган йили Шаҳрисабзга борганимизда Амир Темур даврида экилган танаси қучоққа сиғмайдиган чинорни кўриб ҳайратга тушган эдик. Қўлларимизни қўлларимизга бериб қўрғалаганча буюк бобомизни кўрган азим чинорни тавоф қилган эдик. Гапимизнинг ройиши қаёққа кетаётганини сезган чиқарсиз. Ўқиб бохабар бўлинг унда.
Бундан уч йил муқаддам Ховос туманида фоний дунёдан боқийликка рихлат қилган устоз ўқитувчиларни хотирлашга бағишланган тадбир бўлди. Шунда меҳнат фахрийси, Андоқул ҳожи Тўхлиев минбарга кўтарилиб, бир долзарб муаммони ўртага ташлади. Республикамизнинг биринчи раҳбари Шароф Рашидов ҳудудга ташриф буюрганларида темир йўл устига қурилган осма кўприкдан туман маркази “Фарҳод-5 қўрғони”га (ҳозир марказ Ховос шаҳарчасига кўчирилган) бориладиган йўл бўйига бир туп арча кўчати экканлигини, ҳозир шу дарахт кўкка бўй чўзиб яшнаб турганлигини айтди. Бироқ таассуфли ҳолатни ҳам яширмади. Дарахт қаровсиз ётганлигидан, атрофи ўралмаганидан ёзғириб гапирди. Улуғларимиз ўтқазган бундай дарахтларни жонли обида сифатида асраб-авайлаб, атрофини ўраб, чиройли лавҳалар ўрнатиш таклифини ўртага ташлади. Одамлар зиёрат қиладиган жойга айлантириш лозимлигини урғулади.
Шу йиғилишдан кейин камина Шароф ота эккан дарахтни излаб бордим. Ҳақиқатан дарахт анча улғайган. Масалани туман ҳокимлиги олдига қўйдик. Бироқ таҳририятимиз йўллаган хат жавобсиз қолди. Шу орада туман ҳокими ишдан бўшаб, янгиси келди. Муаммо ҳалигача ечимини топмай турибди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида миллатимиз намояндалари ўтқазган дарахтлар учрайди. Бироқ уларни асраб-авайлашга, экканларнинг номини битиб қўйишга эътибор берилмаяпти.
Бу йил атоқли давлат арбоби Усмон Юсуповнинг 120 йиллиги нишонланди. Юбилей арафасида Усмон ота бир вақтлар раҳбарлик қилган Боёвут туманидаги “2-Боёвут” хўжалигига бориб, у киши билан бирга ишлаган меҳнат фахрийлари билан гурунглашдик. 90 ёшнинг устидаги Абдурасул ота Абдуллаев:
— Усмон отанинг энг катта қилган иши хўжаликнинг барча бўлимларида боғлар яратгани бўлди, — дедилар. — Ҳар бир картанинг бошида иҳота дарахтзорлари ташкил этдилар. Бу яшил девор экинларни чўл шамоллари, чанг-ғуборлардан сақлар эди.
Афсуски, кейинги пайтларда мана шундай яшил қалқонлар бутунлай паторат топди. Бироқ Усмон ота яратиб кетган боғлар эл орасида ул зотни абадиятга муҳрлаб кетди.
Андоқул ҳожи Тўқлиевнинг юқоридаги гапидан кейин жойларга сафарга чиққанимда улуғларимиз эккан дарахтларни сўроқлай бошладим. Сайхунобод туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактабининг боғига 1981 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов бир туп ясень (шумтол) эккан экан. Мактаб директорининг хонасида шоир кўчат эккан жараён муҳрланган расмлар жамланган альбом ҳам бор экан. Лекин суратлар анча униқиб хира тортиб қолибди. Альбомни мазза қилиб варақладим. Каминани қувонтиргани дарахт атрофи ўралиб, ўриндиқлар ўрнатилибди. Дарахтга чиройли лавҳа илиб қўйилибди. Баҳор, ёз ва куз ойларида дарахт тагида турли адабий тадбирлар ўтказилар экан. Айниқса, шоир шеърлари бўйича ўтказиладиган мушоираларнинг файзи ўзгача бўларкан. Гўё ўқувчилар ёд ўқиган шеърларни дарахт тимсолида Эркин ака кузатиб тургандай. Шу пайт қулоғим остида ҳассос шоиримизнинг майин овозда ўқиган шеъри жаранглагандай бўлиб кетди.
Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада,
Бу ниҳол номини Яхшилик ата.
Ниҳолинг ёнига бир гул экиб қўй,
У гулнинг исмини Гўзаллик деб қўй.
Гулу ниҳолингга бахш этиб ҳаёт,
Сув бер ва бу сувга Меҳр деб от қўй.
Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,
Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст.
Ишончим комилки, мамлакатимизнинг барча гўшаларида улуғларимиз ўтқазган дарахтлар исталганча топилади. Бу жараён айниқса, сўнгги уч-тўрт йил миёнасида ўзининг авж палласига кирди. Президентимиз, олиму адибларимиз, фузалою қаҳрамонларимиз хизмат юзасидан жойларга чиққанларида боғ ва хиёбонларга, олий ўқув юртлари ва мактаблар ҳовлиларига турли мевали ҳамда манзарали кўчатларни ўтқазишмоқда. Уларни иҳоталаб, кўчат эккан улуғларнинг номлари ёзиб қўйилса, зиёрат қиладиган жойларимиз янада кўпайган бўларди. Сирдарё вилоятида эса Шароф ота ўтқазган дарахтлар анчагина экан. Бироқ уларни асраб-авайлаш, парваришлаш талаб даражасида эмас.
Президентимизнинг ташаббуслари билан бу йил “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси олға сурилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида юз минглаб манзарали кўчатлар ўтқазилди. Улар ҳар бирининг ўз эгаси бўлгандагина мамлакатимиз ўрмонзорга, яшил маконга айланади. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ташаббуси билан биз ҳам Сирдарё туманидаги “SXM-Jurnalist” фермер хўжалиги боғига 60 туп мевали дарахт кўчати ўтқаздик. Ҳар бир журналист 2 тупдан кўчатни парваришлаш ва қарашни ўз гарданига олди. Яқин келажакда бу боғни вилоят журналистлари дам оладиган сўлим гўшага айлантирмоқчимиз.
Хуллас, айтмоқчимизки, барчамиз дарахт кўчатлари экишдан толмайлик ва ўз номимизни табиат дафтарига муҳрлаб қўяйлик. Улуғларимиз ўтқазган дарахтларни эса кўз қорачиғимиздек асрайлик. Мутасадди ташкилотлар экилган дарахтларни рўйхатга олиб, паспортлаштирсинлар. Бунинг учун жамиятимизда кучлар етарлидир. Биз қаламга олган муаммоларни жойларда Экопартия, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, маҳаллий ҳокимликлар назорат қилиб, адолатни қарор топтирадилар, деган умиддамиз.
Муҳаммадали АҲМАД,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси