“Ипакчи”даги муаммо бартараф этилса…
“Зангиота” зиёратгоҳини кўпчилик яхши билади. Пойтахтимиздан ушбу масканга элтувчи асосий йўлнинг зиёратгоҳга 200-300 метрлар етмаси туташадиган кўча темир йўл кесишмасидан ўтади. Ўзим ҳам мазкур “Ипакчи” кўчасидаги разъезддан қарийб йигирма йилдан буён ўтиб-қайтаман. Авваллари транспорт воситалари камлиги боис бу ерда тирбандлик бўлмасди. Кейинги йилларда аҳолида автоулов кўпайиб бораётгани туфайли бу ерда ҳам тез-тез машиналар тирбандлиги юзага келмоқда, темир йўлдан ўтиш жой ёпилиши билан “Ипакчи” кўчасига уланадиган ички ва марказий йўллар транспорт воситалари билан тўлиб-тошмоқда.
— Кун давомида темир йўл кесишмаси камида йигирма марта очилиб-ёпилади, – дейди “Ипакчи” кўчасидаги 10-уйда яшовчи Карим Агламов. —Ўша вақти баъзан 5-10, баъзан 15-20 дақиқа йўлимиз автомобилларга тўлиб кетганидан шахсий уловимиз билан бир жойга чиқа олмаймиз. Шундай пайти уйимизга машинада келган меҳмонлар йўл очилишини анча вақт кутишга мажбур, бундай ҳолат кўп такрорланади. Уйимиз ёнида каттагина хўжалик ва қурилиш моллари дўкони бор. Дўкондан у бу нарса харид қилгани келган аҳоли ҳам кўп ҳолларда тирбандлик муаммосига дуч келади.
Карим ака суҳбат давомида кейинги йилларда “Ипакчи” кўчаси кенгайтирилиб асфальтлангани, йўлнинг икки томонида бетон ариқлар, пиёдалар учун йўлак қурилгани, бу ҳайдовчи ва йўловчиларга, маҳаллий аҳолига, энг муҳими зиёратчиларга катта қулайлик яратаётгани, йўлда сув йиғилиши каби ҳолатларнинг олди олингани сингари ўзгаришларни эътироф қилиб, бу ўзгаришлардан мамнунлигини билдирди. Аммо у таъкидлаганидек, бу қулайликлар юқоридаги муаммони ечиш имконини бермайди.
Йилдан-йилга автомобиллар қатновининг кўпайишини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу муаммо катталашиб бораверади. Хўш, уни бартараф этиш учун нима қилиш керак? “Ипакчи” кўчасида яшовчиларнинг гапига қулоқ тутадиган бўлсак, бунинг иккита йўли бор. Биринчиси, кесишма ер остидан туннель қуриш бўлса, иккинчиси, темир йўл устидан автоуловларнинг кўприк орқали ўтишини таъминлаш. Бу ерда темир йўл анча баландликдан ўтганини ҳисобга олсак, туннель қуриш нисбатан арзонга тушиши ва тез битиши ойдинлашади. Албатта, булар маҳаллий аҳолининг таклиф ва истаклари. Балки, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик жамиятининг жорий ва кейинги йилларга мўлжалланган дастур ва режаларида ушбу масала ечими ҳам ўрин олар?
Қизиғи, бир неча йил олдин шу кесишма учун катта маблағ сарфланиб автоматик равишда ишлайдиган, ўзи очилиб-ёпиладиган қурилма ўрнатилган эди. Бу жойда навбатчилик қиладиган темир йўл ходимлари учун янгидан барпо этилган бинога чакана маблағ кетмагани кундек равшан. Қолаверса, ҳар кун шу жойда навбатчилик қиладиган ходимлар текинга ишламаса керак.
Аслида сарфланган ана шу маблағларга айни кунгача бир эмас, иккита туннель қурилган, аҳолига эса анча қулайлик яратилиб, каттагина маблағ ҳам тежалган бўларди.
— Кесишма чорраҳасида поездлар ўтишини кутиб юртдошларимизнинг асабийлашиши, вақтининг беҳуда сарфланиши ва тонналаб ортиқча ёнилғи сарфининг олди олинарди, —дейди зангиоталик фуқаро К.Агламов.
Албатта, “Зангиота” зиёратгоҳи ободончилигига Президентимиз томонидан жуда катта эътибор берилди, бу улуғ зот руҳини шод қилиш мақсадида мажмуа атрофида қанча бунёдкорликлар амалга оширилди. Зиёратчилар учун кўрсанг кўз қувонадиган қулайликлар яратилган бир пайтда, наҳотки тегишли ташкилот мутасаддилари ўзларига боғлиқ муаммони бартараф этиши мумкин бўлмаса?
Қолаверса, “Зангиота” зиёратгоҳига ҳар куни қанча зиёратчилар ташриф буюришади. Зиёратчиларнинг орасида узоқ-яқиндан келувчи юртдошларимизгина эмас, бошқа юртлардан ҳам келувчилар кам эмас.
Демак, “Ипакчи” кўчасидаги муаммога ижобий ечим топилса, бу барча учун фойдали, савобли иш бўларди.
Холмурод САЛИМОВ,
журналист