Кўнгил одами

– Одамга туғилган еридан азиз нарса бўлмайди. Тўхтамиш – киндик қоним тўкилган жой. Бу қишлоқда асосан юз (жуз)лар яшайди. Кўп бўлмасаям тожик биродарларимиз билан қўнғирот оғайнилар ҳам бор. Олти ойлигимда отамиз урушга кетиб қайтиб келмаган. Қора хатни бағрига босган онам бечора бошқа турмуш қилмади. 9-10 яшар пайтим онам ҳам вафот этди. Аҳмад акам билан момомиз, тоғаларимиз қўлида қолдик. Бизлар ота деган сўзни ишлатмаганмиз. Луғатимизда бундай сўз бўлмаган. Акам билан одамларнинг хизматини қилиб, қишлоқнинг молини боқиб катта бўлдик. Ошалол деган гапларни эшитганмисиз? Сиз билан гаплашаётган одам ошалол олган. Ошалолнинг қўшиқлари ёдимда бор.

Сурув-сурув қўй ҳайдаган бойлари кўп,

Уюрида бия билан тойлари кўп,

Ё Ҳиндикуш, ё Ҳимолай ёки Бобур,

Дарасида шарқираган сойлари кўп.

Дарёлардан бўйлаб ўтган қўйчи бобом,

Оши ҳалол!..

Момом бечора “Олма болам, керак эмас…” деб йиғлар эди. Кўнглим бузилиб, “Момо, мен ахир, одамларнинг молини боқиб келдим…” – дер эдим. Э-э, етимнинг кўрган куни қурсин! Тўхтамишдаги мактаб етти йиллик эди. Момом пиширган олтита нонни желагимнинг орқасига солиб, Хўжасоатдаги мактабга борганман. Ўнинчи синфни Хўжасоатда битирдим. Бухорога ўқишга кетдим. Бир йил сиртдан ўқидим. Қишлоғимиздаги мактабда дарс бераман денг. Акам ар­миядан келгандан сўнг рухсат олиб, қайтадан кундузги бўлимга кирдим. Институтни битириб, қадрдон жойим “Чағониён” газетасида ишладим. Кўп бесаранжом йигит бўлганман. Қарсиллатиб танқидий мақолалар, фельетонлар ёзар эдим. Нурмамат Эшмаматов деган райкомимиз бўларди. Асли сариосиёлик. Оталарини Боботоғдан дейишарди. Қанийди ҳокимлар Эшмаматовдай бўлса. Ака, бундай доно, билимли, маърифатли одамни кам кўрганман. Саъдийнинг “Гулистон”, “Бўстон” асарларини ёд биларди. Фамилиямни айтмас эди, мулла Тоштемир дер эди.

…Тоштемир ака ҳақида гап очилса, энг аввало, ўтган аср бошларида яшаб ўтган, кўпларга таниш, кўпларга нотаниш истеъдодли шоира Раъно Узоқова меросини кенг тарғиб этишдаги фидойилиги тилга олинади. Т.Турдиев шоирани ҳикоянавис ва драматург сифатида ҳам кашф этиб, унинг таржимаи ҳолидаги қоронғи нуқталарни ёритганини адабий-илмий жамоатчилик эътироф этади.

– Кўп замонлар бурун, совет даври денг. Тошкентда бир даврада Сурхондарё феодал, қалоқ, маънавиятсиз халқ дегандай гап бўлди. Нега ундай дейсизлар дедим. Қани, битта шоира борми? Анави у ердан чиққан, манави бу ердан чиққан, дейишди. Шунда мен Раъно Узоқовани айтдим. Қани китоби деб сўрашди. Шоира тириклигида пиёз пўстидайгина китоби чиққан, холос. Менга ёмон таъсир қилди. Ёшликда жуда ғайратли эдим-да. Шундан кейин опанинг изидан тушиб, ижодини ўрганишга, тарғиб қилишга қаттиқ киришдим. Ў, ака! Раъно Узоқова мукаммал шоира эди-да! Зулфия опа ҳам тан берган. Умри қисқа экан, ўттиз бир ёшида юрак касалидан вафот этади. Шеърлари гўзал! Кўпини ёддан биламан. “Уяламан”ни эшитинг.

Кўзларимга боқма, йигит, уяламан,

Қошларингни қоқма, йигит, уяламан.

Бир сўзим бор, сўзлагали тилим бормас,

Юрагимни ёқма, йигит, уяламан.

 

Кўрмак бўлиб юрак урар, бўламан лол,

Билмам ўзим, бу не хислат, бу қандай ҳол?

Ақлу ҳушим ўғирлаган қадди ниҳол,

Ҳаё босиб, ақлим шошиб, уяламан.

 

Йўлларингга кўз нигорон кутдим сени,

Юрагимга жондан яқин тутдим сени,

Изҳор этмай муҳаббат, ёр этдим сени,

Кўзларингга кўз қамашиб уяламан.

Ўзи, аввал бошдан шеърни яхши кўрар эдим. Чин шеър кўнгилни яйратади. Одамни сувдан олиб ўтга, ўтдан олиб сувга ташлайди. Энди, манави ғазалини қаранг.

Ошиқ ўлдим мен чаманнинг булбули шайдосига,

Айласам минг доду фарёд, келмагай парвосига.

Танҳоликда оттириб тонглар хаёли бирла мен,

Субҳ ёзганда қанот қоқсамми деб маъвосига.

Сўзлашувда ўз-ўзим бирлан дегайлар телба бу,

Мен нечун ор айлайин тушсам унинг савдосига.

Нечалар деди анга берма кўнгил, йўқдир хуши,

Мен дедим ишқим тушибди донолар барносига.

Дедилар: андин гўзаллар йўқмиди гулшан аро,

Йўқ, дедим, ўзга етолмас дардими давосига.

Ҳажрида ёнмай туриб ёр васлининг не лаззати,

Булбул эрмаски агар лутф этмаса Раъносига.

Бу ғазал қўшиққа айланиб кетганига анча замон бўлди.

Республика матбуотида чоп этилган мақоламда Раъно Узоқовага “Сурхоннинг оташқалб қизи” дея таъриф бериб, айрим ҳамкасбларим маломатига қолганман. Адашмасам, 1976 йилнинг ёзи эди. Шароф Рашидов қабулига кирдим. Ниятимни айтдим. У киши қувониб кетди. Биласиз, Шароф ака Самарқанд вилояти газетасида бош муҳаррир, Раъно Узоқова бўлим мудири бўлган. Шуларни эслади. Раъно опа ҳаёти, ижодига оид ниҳоятда қимматли маълумотларни айт­­ди. У кишининг гаплари ҳалиям қулоғим остида жаранглаб турибди: “Яхши шоира эди. Мен унинг ижоди ҳақида бир анжуманда маъруза ҳам қилган эдим. Афсуски, ўша маъруза матни урушга кетганимда йўқолган. Раънохон билан урушдан кейин ҳам бирга ишладик. Уни юрак касали кўп қийнарди. Даволаниш учун санаторийга юбордик. Раъно Кисловодскдан “Макр ва муҳаббат” деган гўзал бир достон ёзиб қайтганди…”

Орадан икки йил ўтиб, Шароф Рашидов билан яна кўришдим. Раъно Узоқованинг “Субҳидамда учган қалдирғоч” китобини у кишига тақдим этдим. Шароф Рашидов китобларида мен ҳақимда ёзган.

Ҳа, ҳар бир давр элнинг маънавий сарҳадларига мас­ъул шахсларни яратади. Истиқлол Тоштемир Турдиев зиммасига ана шундай улкан вазифа юклади. Олим бўламан деган аридай ҳалол, чумолидай меҳнаткаш бўлмаса бекор. Тоштемир ака талабалигидан фольклор, халқ оғзаки ижодини ўрганади. Ҳам ўзи учун, ҳам ўзгалар учун. “Ўзга” аслида ўз – бугунги авлод. Халқ терма ва достонлари, қўшиқларидаги сеҳру жозиба, сўзлардаги нола-ю нидоларни ёшларга англатишга интилади. “Ўзбек достончилигида халқ ахлоқий қарашларининг бадиий ифодаси” мавзуидаги номзодлик ишини ҳимоя қилганига ҳам салкам олтмиш йил бўлди. “Ёш авлодни тарбиялашда халқ оғзаки ижодининг роли”, “Субҳидам қалдирғочи”, “Фозил Йўлдош ўғли”, “Чағаниён тараннуми” каби ўндан зиёд китоб чиқарди. “Алпомиш” достонининг минг йиллик тў­йига катта тўёна берганлардан бири Тоштемир Турдиев эди. Ўзбекистон халқ бахшиси, қизириқлик Хўшбоқ Мардонақуловни Деновдаги “Алпомиш” боғига чорлаб йигирма кун деганда “Алпомиш” достонини ёзиб олади. Шуйтиб, “Алпомиш”нинг яна бир нусхаси қоғозга тушади. Кирилл ва лотин ёзувидаги катта китоб Тоштемир ака сўзбошиси билан нашр этилди.

Т.Турдиев шахсий архивида бахшилардан ёзиб олинган бир қанча достон бор. Бундан ташқари, Қарши давлат университети доценти Абдумўмин Қаҳҳоров билан ҳамкорликда Сурхондарё, Қашқадарё бахшилари шажарасини тузиб, “Шажара” деган салмоқлигина китоб ҳам чиқарган. Бу орада неча ўн йиллик меҳнат самараси бўлган “Сурхондарё халқ қўшиқлари” туманнинг “Чағониён” газетасида бир йил давомида босилади. Тўпламни катта бир элнинг маънавий суврати дейиш мумкин.

– “Сурхондарё халқ қўшиқлари” ҳақида айтманг. Э, йиғлаб юбораман. Мен шуларни тўплашга ҳаракат қилдим. Биласиз, бугунгача иккитагина вилоят – Фарғона, Хоразм халқ қўшиқлари китоб бўлиб чиққан. Сурхондарё учинчи бўлди. Энди, ака, бир ақлли одам “Чағониён” газетаси тахламини кўтарса, китоб шундайгина тайёр турибди. Менинг вақтим бўлмаяпти. Буёғи қаричилик… Худо соғлиқни берса, балки ўзим чиқарарман… Ҳа, бир гап. Ҳабибулла Ғафур деган шогирдим бор. Шу ёзувчи йигитнинг отасига раҳмат. “Сурхондарё халқ ўйинлари” деган китоб қилди. Шундай жўмардлар кўпайсин.

Халқ қўшиғи эрмак эмас. У – ўтмиш. У – закийлик. Биз интиқ бўлган юксак маънавият! Дунёни рамз ва тимсоллар, бетакрор образлар орқали англаган халқнинг сўзга бўлган юксак эҳтироми. Қани эди, ёзаётганларимиз халқ қўшиқлари тилидай содда, равон, сержило бўлса!

Мунгли, изтиробли, ҳазин қўшиқлар машаққатли ўтмиш садоси эмасми? “Мен тортган ғамни ҳам бир-бир санасам, Ўлик фиръавнлар кетарлар сапчиб” деган шоир ҳақ.

Сўзларни оҳанг ва маънога кўра маҳрам қилган халқ даҳосига тасанно! Мана бу айтишувга эътибор берингда.

ЁЗИ:

Қошингни қоралиги нилданмиди?

Белинг ингичкалиги қилданмиди?

Чўл ерда кийик сути эмган Зебом,

Тилингни бурролиги шунданмиди?

ЗЕБО:

Чумчуқлар сайраб қўнар тол бошига,

Ёзижон қалпоқ кияр кал бошига.

Қалпоғин мендан тилаб ололмаса,

Суғорсин у отининг кўзёшига.

Бахшилар “тренд”да бўлган ҳув, ўша кўҳна замонларда ҳар бир қишлоқ, овулнинг камида битта достончиси бўлган. Худо Тўхтамишга Қодир шоирни берган эди. Тонготар тўйларни гуриллатган, эркак-аёлнинг кўнглини дириллатган бахшини унутиб бўларканми? “Равшан”, “Рустам”, “Маликаи Айёр”, “Авазхон”, “Алпомиш”га банди бўлган, ўртадаги ўт ўчса сўзга исинган одамлар осмонда юлдузлар тарқалса ҳам тарқалмаган. Ана ўшандай сеҳрли оқшомлар, дўмбиранинг торидай калта кунлар ёш Тоштемир кўнглига англаб бўлмас сир солди. У ҳам тенг-тўшлари каби бир кун Авазхон, бир кун Ҳакимбек бўлиб юргани рост.

Устоз ҳамон ўша сирга асир.

Ижодкор туғилган макон, шубҳасиз, унинг келажак ҳаётида муҳим ўрин тутади. Тоғли Тўхтамиш Тоштемир Турдиевга етимлик азобига қўшиб бемисл сабоқ, улкан ҳаётий материал туҳфа этди. Сўфи Оллоёр, Муҳаммад Зоҳид қадамжоси – Вахшивор этагида жойлашган, асосан, боғ-роғ, чорва ортидан кун кўрувчи бу эл икки улуғ авлиё пойидан юмалаган тошни ҳам табаррук билади.

Нафсиламбрини айтганда, эл-юрт билан фахрланишни Тоштемир акадан ўрганиш керак. “Йилт” этган истеъдодни кўрса қўллашга ошиқади. “Биласиз, Деновнинг ўз адабий муҳити бор ва у дақиқийлар замонидан бошланган бўлса ажаб эмас…” дейди у ишонч билан. Бундан ўн йил бурун Т.Турдиев саъй-ҳаракати ила “Денов тафаккур чароғлари” тўплами нашр этилди. Китобда туманда туғилиб-ўсган қирқдан зиёд ижодкор ҳақида маълумот ва асарлардан намуналар берилган.

Саксонбой гурунги Чағониён, Холчаён, Денов, Қизилсув-у Будрач билан бошланиб, археолог Эдвард Ртвеладзе, Баҳодир Турғунов суҳбатига уланиб кетади. Республикамиздаги туман маънавият-тарғибот бўлими бошлиқлари Тош­темир Турдиевдай фидойи бўлганида эди…

Юқорида зикр этганимиздан ташқари “Эътироф ва эҳтиром”, “Қуёш ардоғидаги юрт” каби китоблари ҳам Тоштемир Турдиевнинг неча кунлар, ойлар ва йиллар заҳмати маҳсули бўлди.

Чиллада Тошкент қор кўрмади ҳисоб. Деновда ҳам бир-икки мартагина қиламиқ – юпқа қор тушди. Калиш кўмма қаёқда! Кетиш тараддудидаги Сигир жонивор Йўлбарс тоғдан энади деб қўрққан, шекилли, Кетмончопти-ю Кентала, Ҳисор-у Боботоғда қор қалин. Тўши очилиб қолган чўққилар, шоирлар айтмоқчи, оқ яктакка ўранган. Шу кеча кундуз Бойсун ё Олтинсой борсангиз тоғлар бошига қарай-қарай телпагини осмонга отиб юрганларни кўрасиз.

“Тириклик ҳамиша талошли бўлур…” дейди таниқли шоир, таржимон Мирза Кенжабек. Ҳаёт жабҳаларида тоб­ланган Тош­темир Турдиев чин маънода оқсоқол. Элдан бўлак ҳаёти йўқ олим – филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимининг жайдари хулосаси шу: “Менга яхши ном керак ва дўстларнинг саломатлиги…”

Тоштемир Турдиев бугун улуғ ёшда, табаррук ёшда. Лекин ҳар куни Денов туман ҳокимлигида жойлашган Маънавият ва маърифат марказининг туман бўлимига ишга келади. Ҳаммадан олдин. Ихчам ишхонасини эса бемалол ҳақиқий зиё маскани десангиз хато бўлмайди: неча ўн, юз китоблар, деярли барча газета-журналларнинг тахламлари, таниқли ва ёш ижодкорларнинг суратлари, альбомлари…

Устоз — юрт куйчиси. Денов, Сурхон, Ўзбекистоним дея яшайди. Бир яхши ҳикмат топса, янги гап ўқиса ёш боладай қувониб кетади. Атрофида эса ҳамиша ижодкорлар, ёш қаламкашлар. “Э улуғим” деб гап бошлайди — сизга. Кўнглингизни тоғдай кўтаради. Агар Тоштемир Турдиев ҳақида, у кишининг ҳаёт йўллари ҳақида тўхталсак, сўзимиз кўп узоқ давом этиши муқаррар. Кўп йиллар Денов туман ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб самарали меҳнат қилган, ундан сўнг ҳам турли масъулиятли вазифаларда ишлаб келган Тош­темир ака қайси лавозимда ишласа ҳам зарра қадар ўзгармади. Умр бўйи маънавият, адабиёт, ижод йўлларидан айро кетмади. Шубҳасиз у озода кўнгил одами.

Олим ТОШБОЕВ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =