Энг яхши жазо

Китобхонликнинг фойдали томонлари ҳақида кўп гапирамиз, кўп ёзамиз. Ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида ҳам турли учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Негаки, айнан китоб ўқиш, инсон дунёқарашини кенгайтириб, фикр­лаши ва тарбиясига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади. Ўз-­ўзини идрок этиши, руҳиятида содир бўлаётган чигалликлар ҳамда турли иллатларга қарши курашишда ҳам муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Биз кўпроқ ўқув даргоҳлари, давлат ташкилотлари шу билан биргаликда қандайдир изланиш олиб бораётган одамларнинг қўлида китоб кўрамиз. Аслида эса ҳар бир хонадонда китоб бўлиши керак. Ёшлигимиздан бизни уйдагилар китоб билан “жазолашарди”. (Бошингизга китоб билан уришармиди деган гап келмасин яна хаё­лингизга.) Қандай қилиб дейсизми. Руҳсатсиз кўчага чиқиб кетиб, тупроққа беланганча кийимларимизни кир қилиб келсак, кўчага чиқишни тақиқлаб, қўлимизга қандайдир китоб беришарди-да, ўқиб чиқишимизни талаб қилишарди. Уларни қандай алдаб бўларди дейсиз. Бунинг сира ҳам иложи йўқ эди. Чунки бизга берган китобларини аввал ўзлари ўқиб тугатишганликлари учун мазмунини атрофлича сўраб олишарди.

Энди билсам ўша вақтда жуда тўғри қилишган экан! Аввалига бу жазодан хафа бўлиб, беҳафсала китоб ушлаган бўлсак, кейинчалик бу бизнинг севимли машғулотимизга айланган. Қолаверса бошқалар олдидаги қадримизни ҳам оширган айнан китобхонликдир. Қандай қилиб дейсизми? Жуда оддий. Йиртиқ коптокни кўтарганча ўзимиздан катта болаларнинг уйи олдига бориб, мен билан ўйнайсизми деб ялиниб туришни йиғиштириб, покиза кийимларда маҳаллага қисқа вақтга чиқиб келадиган бўлганимиздан кейин ана ўша катта болаларнинг ўзлари биз билан ўйнайсанми деб эшигимиз тагида ялинадиган бўлишди. Э майли, бу мавриди келганда айтиладиган гаплар-да.

Яқин кунларда бир тадбир доирасида устозлар билан шу ҳақда гаплашиб туриб, бир қизиқ фактни қаердадир ўқиб қолдим: ростми, ёлғонми Бразилия давлати қамоқхоналаридаги маҳбуслар ҳам худди биз юқорида жазолангандек китоб билан жазоланар эканлар. Аниқроғи, қамоқхонада кутубхоналар ташкил этилган бўлиб, маҳбусларга китоб ўқиб, ўз-ўзини тарбия қилишлари ва хатоларини чуқур англаб еташлари уқтирилар, битта китобни ўқиб, ўша ердаги психологларга мазмунини айтиб беришса, уларга жазони ўташлари учун белгиланган муддатдан тўрт кун айи­риб ташланар экан. Бундан рости, жуда ҳайрон қолдим. Ҳаммамиз асарларини севиб ўқийдиган ёзувчимиз Антон Чеховнинг “Гаров” номли ҳикояси ёдимга тушди. Унда бир банкир уйида зиёфат бериб, мамлакатдаги энг кўзга кўринган зиёлилар, журналистларни таклиф қилади. Йиғилганлар ўлим жазоси ғайриахлоқий жазо бўлганлиги сабаб уни бутун умрлик қамоқ жазосига айлантириш ҳақида баҳслашадилар. Мулоҳаза билан айтадиган бўлсак, ўлим бутун умрлик қамоқдан ахлоқийроқ ва инсонийроқдир деб тортишади. Охири, зиё­фатга келган ёшроқ юристдан фикрини сўрашади. У ҳам қамоқ ўлимдан яхшироқ деган фикрни айтади. Бундан жаҳли чиққан мезбон ўзингизни мисол қилинг атиги беш йил ҳам қамоқда ўтиролмайсиз дейди. Юрист йигит эса жонини сақлаш учун жиноятчи истаганча қамоқда ўтириши мумкинлигини айтиб мен беш йил эмас ўн йил, балки ундан кўпроқ ҳам ўтиришим мумкин дейди. Ўртада гаров ўйнаш таклифи киритилади. Бир муддатни белгилашиб, мана шу муддат ичида юрист йигит ростдан ҳам қамоқда ўтира олса банкирнинг бутун бойликлари унга топшириладиган бўлади. Юрист йигит қамоқдалигида кўплаб китоблар ўқийди. Айниқса, муддат тугашига бир неча йиллар қолганда шунақанги мутолаага бериладики, бу дунё бойликларининг ҳаммаси ўткинчи ва инсонни йўлдан оздириб, кўзини кўр қилгувчи нарсалардир деган хулосага келади. Буни қарангки, гаров бўйича белгиланган муддат тугашига саноқли кунлар қолганда атайин гаров қоидаларини бузади ҳамда ваъда қилинган бойликларни олмай озодликка чиқади.

Булар билан танишиб, чиндан ҳам китоб одамга кучли таъсир этиб, дунёқарашини кескин ўзгартириб юбориши мумкин бўлган тарбия воситаси эканлигини анг­лаш мумкин. Хуллас, гапнинг индаллоси китоб билан жазолаш яхши жазо чораларидан экан. Эҳтимол, ҳамма нарса интернетда, телефонимда дейдиган, “газета-журнал нимага керак, китобни ўқишга вақт борми”, дейдиган касларга бугун бирор гап кор қилмас. Ҳа, нима десангиз ҳам бефойда, самарасиздек. Аммо менинг негадир ишонгим келади: барибир ҳамма нарса болаликдан, тарбиядан. Теракдай суяги қотган ўқимасларга эса қатъий жазо керак. Йўқса, уларни маънавий йўлга қайтариб бўлмайди, чоғи.

К. ДАВРОНБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 1 =