Биз замондан ортда қолмоқдамиз…ми?

Биз бугун глобал ўтиш даврини бошдан кечиряпмиз. Яъни, тош, мис, темир даврини босиб ўтиш учун миллионлаб йил сарфлаган инсоният пластик даврда “бир лаҳза” яшаб, виртуал даврга шунчалик тез ўтяптики, баъзи соҳаларнинг янги даврга мослашуви анча қийин кечаётгандек, назаримда.

Бу айниқса, “Ахборот асри” деган таърифлаганимиз бугунги замоннинг авангард соҳаси бўлган журналистикада янада яққол намоён бўлмоқда. Масалан, оммавий ахборот воситаларида айни ҳолат бугун босма матбуот, радио журналистика ва қисман телевидениеда кузатиляпти.

Тележурналист сифатида мени айниқса, бир пайтлар томошабин уйининг тўридан жой олган ва ҳар бир хонадоннинг энг азиз буюми бўлган телевизорлар, аниқроғи, телевидениенинг ўз аҳамиятини тобора йўқотаётгани ташвишлантиради.

Агар биз вақтида прогнозлаш, яъни келажакни олдиндан кўра олиш функциясини ёқмасак, яъни замонга мослашиш чораларини кўрмасак, нохуш вазиятлар юзага келиши мумкин деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Инсоният бир умр ахборотга эҳтиёж сезиб яшаган. Лекин агар журналистика тарихига назар ташлайдиган бўлсак, тадрижий тараққиёт сабаб оммавий ахборот воситаларининг қанчадан-қанча шакллари тарих қатларидан тушиб қолганига гувоҳ бўламиз.

Турли маълумотлар ёзиб қолдирилган сопол тахтачалар, кабутарлар етказган мактублар, оту эшак миниб қичқирган жарчилар тарих саҳифаларида қолиб кетди.

Қоғознинг пайдо бўлиши, фан ва техниканинг ривож­ланиши, радио ҳамда телевидение ихтироси уларни сафдан чиқиб кетишга “мажбур қилди”.

Буни қарангки, бу даврнинг ҳам умри унча узоқ бўлмади. Бугун инсоният виртуал дунёда яшай бошламоқда. Ва давр журналистика олдига янги талабларни қўя бошлади. Қисқа ва ақлбовар қилмас шитоб билан ахборот тарқатишнинг жуда кўп қоида ва тамойиллари ўзгариб кетди.

Фақатгина бир қоида ўзгармай қолди. У ҳам бўлса, дунёдаги энг тез эскирадиган нарса – бу ахборот деган ҳақиқат!

Бугун биз назаримда ана шу ҳақиқат сабаб барча ўйин қоидаларини қайта кўриб чиқишимиз ва ўз йўналишимизни қайта ислоҳ қилишимиз керак бўлади.

Интернет журналистикаси деб аталаётган бу янги йўналиш гарчи бизда бироз кечроқ, секин, шошилмай кириб келаётган бўлса-да, аллақачон интернет тезлиги нисбатан нормал бўлган ҳудудларда юқорида тилга олиб ўтилган журналистиканинг бошқа соҳаларини деярли сиқиб чиқариб бўлди ҳам.

Ҳа, у ёш, жуда тезкор, боз устига, рақибларига нисбатан ўта шафқатсиз! У дунёнинг бу чеккасида содир бўлаётган воқеани кўз очиб юмгунча ер юзининг нариги чеккасига ва ҳатто коинотга қадар етказиб бера олишдек қудратга эга.

Ва биз буёғига “унинг ўйин қоидалари” билан ҳисоблашишга мажбурмиз. Қолаверса, “бундан ҳам ортиғини кутинг” деган ибора тобора фаоллашиб бормоқда.

Яна биз сўз юритаётганимиз виртуал журналистикасининг “шу пайтгача амалда бўлган газета, радио, телеканалларнинг ўрнини бир ўзим босаман” деган жуда катта бир иддаоси бор.

Менинг назаримда, бу иддаода ҳақиқат унсурлари ҳам бўй кўрсатиб турибди. Негаки, матбуот, телевидение ва радиода қўлланилаётган жанрларнинг деярли барчасини бугун онлайн контентда учратиш мумкин. Яна шуниси аниқки, мазкур жанрлар бироз ўзгарган шаклда, такомиллашган ва сиқиқ форматда, ўз номларини замонавийлаштириб (инсайдер, флирансер, колумнист, фактчекинг, кейс, таргет, инфлюенсер ва ҳ.к), ўз мухлисларини топиб бормоқда. Интернетнинг фаол фойдаланувчилари эса (улар қаторида ўзимиз ҳам) оммавий ахборот воситаларининг бошқа турлари бўлган газета, радио, журнал, телевидениедан осонгина кечиб юборяпмиз.

Хуллас, кузатишларим натижаси бўлган прог­нозлар журналистиканинг юқорида санаган йўналишлари учун анчайин хавотирли.

Хўш, бундай вазиятда жамиятга керакли бўлиш учун, таъбир жоиз бўлса, яшаб қолиш ва керакли бўлиш учун нима қилиш керак?

Бу савол умрини ахборот соҳасига бағишлаган, нони ҳам, шони ҳам шунда бўлган ҳар бир журналистни безовта қилиши табиий. Жумладан, ўзимни ҳам.

Журналистиканинг бошқа соҳалари учун жавоб беришим қийинку-я, аммо тележурна­листика борасида ўз қарашларим, хулосаларим ва ечимларим бор, албатта.

Ўзингизга маълум, эфир вақтлари жуда қиммат. Чунки аслида ҳам вақт энг бебаҳо неъмат. МТРК тизимини олиб кўрасизми, хусусий телеканалларнинг реклама дақиқаларини кўрасизми, нарх тўлаш минутлар билан эмас, дақиқалар билан ўлчанади. Бас шундай экан, бугун қимматбаҳо эфирларни фақат студияда, тўрт, беш ва ундан ортиқ одамни йиғиб олиб, сийқаси чиққан, расмий тилдаги соатлаб суҳбатлар қилиб ўтирадиган кўрсатувлар билан тўлдиришга қанчалик ҳожат бор?

Томошабин эътиборига лойиқ бўлиш учун динамикаси тез, расмий “қолипларни” бузган, адабий тил нормаларига амал қилса-да, халқона йўналишдаги кўрсатувларни кўпайтириш керак. Масалан, минг танқид қилинмасин, хусусий каналлардаги жуда кўп лойиҳаларнинг томошабинбоплиги, рейтингларда юқори натижалар кўрсатиши ана шу сабабдан. “Хафа бўлиш йўқ”, “Зирапча”, “Реал хит”, “Ўзим” каби кўрсатувлар, реалити шоулар айнан қолипларни бузган лойиҳалар сифатида томошабин эътиборига тушди деган фикрдаман.

Ҳозирги кунда кўрсатувлар кўримлигини ошириш керак деган вазифа қўйилса, нимагадир кўпчилик раҳбарлар экран қиёфаларини ёшартиришга тушишади. Тажрибали лекин ёши улғайган бошловчилар четлаштирилиб, ёш қиё­фалар жалб этилади. Лекин мана неча йилдирки кузатаман, бу усул ўзини оқламаяпти. Аксинча, эфирлар ҳали тажрибасиз, ғўр бош­ловчилару санъаткорларга қолиб кетиб, ўта саёзлашиб бормоқда.

Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, эфирни ёшартириш МТРКга, таниқли қиёфаларга тая­ниш эса хусусий телеканалларга хос “касаллик”. МТРКга “кераксиз” бўлган тажрибали журналистларнинг кўпчилиги бугун хусусий каналларда ўз ўрнини топиб кетгани, ҳатто ҳукумат эътирофига сазовор бўлаётгани ҳам бор ҳақиқат.

Асрор Аброрхўжаев, Абдурасул Абдуллаев, Моҳинисо Камолова, Гулноза Ҳусанова, Нас­риддин Асриддинов, Муҳаббат Ҳамроева… Хуллас, рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ваҳоланки санаганларим ҳали узоқ вақт ўз билим ва тажрибаси билан МТРКдек катта даргоҳда фойдали ва томошабинбоп телелойиҳалар қилиши, соҳага янги кириб келаётган шогирдларга ўз билим ва тажрибаларини ўргатиб, ўзларидан бир мактаб қолдиришлари мумкин эди. Афсус бундай бўлмади.

Лекин бундан фақат МТРК ютқазди холос. Хусусий телеканалларнинг “хатоси” эса таниқли қиёфаларга “ёпишиб” олгани ва саёз, арзон воқеалар, баъзан умуман ҳеч бир қолип­ларга сиғмайдиган, маънавият, қадрият каби ҳар қандай чегарани босиб ўтувчи мавзуларни ҳозирги тил билан айтганда “хайп” қилиш, “тренд”га чиқариш.

Яна бир гап, давлат бюджети ҳисобига кун кўрувчи телеканалларни томошабин ло­йиҳаларни кўряптими йўқми, умуман қизиқтирмайди. Йиллар давомида бир хил номдаги, соатлаб чўзиладиган, “монотонний” кўрсатувлар эфир вақтларини “еб” айланиб ётаверади. Эфир бу — вақт, вақт эса пул дегани ТВ соҳасида. Вақтнинг ҳам, пулнинг ҳам уволи борку! Бу борада хусусий телеканалдан ўрганадиган, ўзлаштирадиган жиҳатлар бор. Яъни, рейтинг бермайдиган лойиҳани ёпиш!

Бугун томошабинга қандай мавзудаги, қандай форматдаги кўрсатувлар керак деган саволни ҳар бир тележурналист ўзига бериб кўриши керак. Лекин яна бир жиҳати борки, телемаҳсулот ҳеч қачон фақат биргина журналистнинг хоҳиш иродаси ва ғоясига таяниб эфир юзини кўра олмайди. Бу масалада ҳам кино саноатида бўлгани каби продюсерлар, маркетолог ва менежерларнинг ўрни жуда катта.

Мен “Дунёнинг ўзгаришини истасанг, аввало, ўзингдан бошла” деган иборани тез-тез ишлатаман. Бу мослашув дегани! Мазкур жараёнда ҳам ушбу нақл менинг тамойилимни белгилайди.

Шундай экан, бугун телевидение интернет замонига мослашиши, яъни жонли эфирларни кўпайтириши керак! Интернет журналистикаси, гарчи ёш бўлса-да, юқорида айтганимдай ундан ўрганадиган жиҳатларимиз йўқ эмас. Биринчи нав­батда, тезкорлик, жонлилик, хаққонийлик. Афсуски, тележурналистика бугун айнан мана шу томондан оқсаяпти. Яъни бир янгиликни тас­вирга олиб, монтаж қилиб, кўрикдан ўтказиб, сўнг эфирга бергунга қадар маълум бир вақт, ҳатто кунлар ўтади. “Ўзбекистон 24” телеканалини айтмаса, информацион дастурлар учун воқеа жойидан тўғридан-тўғри эфирга чиқадиган жонли кўрсатувлар деярли йўқ.

Шу маънода агар телевидение бугун 75-80 фоиз жонли эфирга ўтмас экан, у томошабин учун тобора ўз аҳамиятини йўқотиб бораверади, деган фикрларда жон бор. Қолган фоизларни эса асосан таҳлилий, портрет жанрдаги ҳамда ҳужжатли кўрсатувларга бериш керак.

Бутун ер юзи пандемия даврида карантинда яшаган бир даврда интернет журналистиканинг инсоният ҳаётидаги ўрни янада мустаҳкамланди. Ўша даврда бир қарашда телевидениеда виртуаллашув жараёни тезлашгандек бўлди. Лекин карантин чекловлари юмшаши билан, соҳадаги ҳаракатлар ҳам сустлашиб қолгандек.

Мен интернетнинг чексиз қудратидан биринчилардан бўлиб фойдаланишни бошлаганларданман десам муболаға бўлмас. 2015 йил “Маданият ва маърифат” телеканалида “Файз­­ли оқшом” кўнгилочар дастурини тайёрлаганимда “Суюнчи” фильмидаги Назира ролини ижро этган Шаҳноза Ҳамроевани Нигериядан топиб, у билан фильм ижодкорларининг онлайн мулоқотини уюштирганим ҳамон ёдимда. Биласизми, ўшанда раҳматли Мелис Абзалов, Рихсивой Муҳаммаджонов ҳамда Абдурайим Абдуваҳобовлар жуда таъсирланишган. Ва ўшандан кейин “Даракчи” нашри ҳам Шаҳноза Ҳамроеванинг манзилини олиб, у билан суҳбат уюштирган эди.

Яна бир тажриба шуки, икки йил мобайнида “Ўзбекистон тарихи” телеканалида “Ибтидо” ток-шоусини муаллиф ва бошловчи сифатида тайёрладим.

Тарих каналидаги бирорта кўрсатувни мутахассислар — тарихчи ва археологлар, этнографларсиз тайёрлашнинг иложи йўқ. Пойтахт­­да фаолият кўрсатаётган мутахассислар йил – ўн икки ой эфир бўлгандан кейин қайта-қайта эфирга чиқавериб, салкам телеюлдузга айланиб бўлишди. Бироқ вилоятларда, чет элларда ҳам “Ибтидо” каби тарихий мавзулардаги кўрсатувларда эксперт сифатида иштирок этиши мумкин бўлган тадқиқотчилар, тарихчи олимлар, археологлар бор эди. Мен эса асосан ўшаларни интернет имкониятларидан фойдаланиб, кўрсатувга жалб қилардим. Сурхондарё, Андижон, Бухоро, Хоразм каби вилоятлар, Туркия, Америка каби давлатларда фаолият олиб бораётган экспертларни ҳам студиядаги мониторга улаб, улар билан мавзу юзасидан қизиқарли суҳбатлар уюштирардик. Лекин мен бу ток-шоу ҳамда кўрсатувларимни тўғридан-тўғри эфирга узатмаганман. Айни пайтда “Ўзбекистон тарихи” телеканалида бир қанча кўрсатувлар тарихчи муаллиф ва бошловчилар иштирокида тўғридан-тўғри эфирга чиқишади.

Бу тажрибаларимдан бугун телевидение интернетнинг мислсиз имкониятларидан фойдаланишга ўтишни тезлаштириши даркор деган хулоса келиб чиқмоқда. Бунинг учун энг аввало юксак технологиялар, чексиз интернет, етарли иш ҳақи ҳамда катта тажриба ҳамда билимга эга бўлган тележурналистлар ва бошқа соҳа мутахассисларига катта эҳтиёж бор, давлат телеканалларида ҳам, хусусий телеканалларда ҳам. Айни пайтда улар йўқ эмас, бор, фақат етарли эмас!

Тўғри, тан олиш керак, бу жабҳада ўзига хос иш кетмоқда. Онлайн дарслар, масофадан туриб кўрсатувларни эфирга узатиш масалаларида телевидение етакчи. Лекин барибир бу ҳали етарли эмас деб ҳисоблайман.

Хўш, унда масаланинг ечимини нимада кўраман?

Албатта, юқорида айтганимдек, жонли, тўғридан-тўғри эфирларда! Биз жонли эфирларни кўпайтирмас эканмиз, бу ахборот ўйинида аниқ интернет журналистикасига ютқазамиз.

Очиғини айтсам мени бу ютқазишгина хавотирга солаётгани йўқ. Чунки ҳамма гап халқимизга тўғри, холис ва ҳаққоний ахборотни, са­вияси баланд кўрсатувларни тақдим этишдадир. Истаймизми йўқми, интернет журналистикаси кўпинча пала-партиш, қўпол, саёз, масалага, мавзуга енгил, аксарият ҳолларда ҳақиқатдан йироқ ёндашув устун. Шунда ким жабрланувчи — халқ. Ким ишончни йўқотади — халқ!

Менинг бу борадаги ижобий қарашларим шундан иборатки, бир кун келиб, бу икки соҳа бирикиб, симбиоз ҳолатини ҳосил қилади. Смарт телевизорлари бу жараён қанчалик тезлашганининг исботи сифатида яна уйимиз тўридан жой эгаллаяпти.

Демак, тележурналист учун виртуаллашиш зарурати аниқ бўлиб қолмоқда. Яъни биз фақат мавзу танлаш, уни етказиш ва мавзуга ёндашув масалаларида томошабин, истеъмолчи эҳтиёжлари билан ҳисоблашишни тўғри йўлга қўймоғимиз шарт. Акс ҳолда, телевидение ва тележурналист деган номнинг обрўси тобора пастга шўнғиб бораверади. Хусусан, бизнинг юртда. Албатта, булар менинг шахсий хулосаларим.

Хўш, ривожланган мамлакатларда-чи, бугун матбуот, хусусан, телевидение қандай яшаяпти? Бизнинг аҳволдан қандай фарқлари бор? Бор бўлса, улардан улгу оладиган, ўрганадиган жиҳатларимиз қайси?

Бу энди кейинги мақоламизга алоҳида мавзу.

Шоҳира ҲАМРО,

тележурналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − 2 =