Аму бўйидаги қалъа
Ёхуд Гурлан туманининг олис ўтмиши, бугунги ёруғ истиқболи ва фидойи одамлари ҳақида
…Оҳ, қандай донишманд, оқкўнгил,
саховатли инсонлар яшайди Гурланда!
Омон МАТЖОН
Қадимги манбаларда келтирилишича, Гурланнинг қадимги номи Дархос бўлган. “Дархос” икки компонентли форсча атама бўлиб “дар” – эшик, “хос” ёки “хост” – “яхши жой”, “мумтоз жой” яъни, “дарёдан ўтиш жойи” ёки “порт шаҳри” деган маънони англатади” (К. Нуржонов, У. Бекмуҳаммад. “Гурлан”, 1995 й, 6-бет).
Улуғ шоҳ ва муаррих Абулғозининг ёзишича, 1573 йилда Амударё ўз ўзанини ўзгартириб Хостминорнинг юқорироғидан Орол денгизига қараб оқа бошлаган. (Хостминор даҳаси Гурлан ёнида бўлган. С.С.)
Академик Яҳё Ғуломов фикрича, Катта кечув ҳозирги Гурлан ҳудудида бўлган. Агар шу каби далилларга суяниб, мулоҳаза юритсак, Гурлан Амударё соҳилида жойлашган қалъа эканлиги ойдинлашади. Чунончи, Ширин сув (тарихчи Ҳ.Вамбери “Амударёдек суви ширин дарёни жаҳоннинг ҳеч жойида кўрмагани” ҳақида ёзган эди С.С.) бўйидаги қалъа аҳлининг лафзи ҳам, ўй-хаёллари ҳам, бунёдкорлик қуввати ҳам шириндир.
Эрон генерали Исмоил Мирпанжий (1853- 1863 йилларда Хивада асирликда сақланган) ўзининг “Асирликдаги хотиралар” номли китобида Гурланни хонликнинг машҳур беш қалъаларидан бири сифатида таърифлаган. Хуллас, мазкур туман олис мозийга дахлдорлиги боис ҳали-ҳануз кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортади.
Қишлоқ ифори
Гурлан дейилганида экин-тикинлардан шоли, дарахтлардан гужум, полиз жабҳасидан гурвак хаёлимизга келади. Урганчдан маршруткага ўтириб, Гурлан сари йўлга тушар эканман, йўл-йўлакай оқ тол, қора толлар, тераклар, гужумлар, арчаларнинг ям-яшил тусга кирганини кўриб баҳри дилим очилди. Яшил ранг кўнгилга хуш ёқади-да.
Маршруткадан тушиб ҳокимият маъмурий биносига яқинлашаётганимда Россия ўрмонларини эслатадиган узун-узун, наздимда ярим асрларни бўйлаган арчаларга кўзим тушди. Маъмурий бино чиннидай топ-тоза. Боғчаларида ранг-баранг гуллар ял-ял товланади. Боғбон қизлар анвойи гул кўчатларини ўтқазиш билан банд.
Бинога кираверишдаги юмшоқ креслода бироз нафас ростладим. Сўнгра туман ҳокимининг матбуот котиби Ориф Жабборгановнинг кабинетига кирдик, танишдик. Ундан-бундан гурунглашдик. Бу орада ҳоким келганидан хабар топиб, дарҳол унинг ҳузурига шошдик. Айтиб бўладими, туман раҳбари — ташвишлари, юмушлари сероб; бир қарасанг далада, бир қарасанг қурилиш майдонларида, бир қарасанг йиғилишларда, хуллас, зарур ишлар “гирдобида”.
Жиддийлиги юз-кўзидан маълум, басавлат, баланд бўйли, ҳокимбуванинг исм-шарифи Мурод Очилов экан.
“Анчадан бери гурланликлар ҳақида нимадир ёзишни режалаштириб юргандим. Чунки, бу элдан буюк инсонлар етишиб чиққан. Устоз Омон Матжон таъбирича, одамлар қиёфасидаги тоғлар…” дедим. У кулимсираб: “Ҳа, ҳозир ҳам “тоғлар”ни ҳис этиб яшаяпмиз. Мендан на хизмат бўлса — тайёрман” деди у кулимсираб. Кабинетдан руҳланиб чиқдим. Негаки, ҳокимлар ҳам ҳар хил — баъзилари матбуотга хайрихоҳ, баъзилари эса…
Айни даврда маҳаллага эътибор ҳар қачонгидан-да кучайган. Бинобарин, ёзиш учун Хоразм воҳасидаги нуфузли қишлоқлардан бири Вазир қишлоғидаги “Бўзқалъа” маҳалла фуқаролар йиғинини танладим. Боиси, мазкур маҳаллада кўплаб корейс миллатига мансуб инсонлар яшар экан.
Мақоламиз аввалида иқтибос олганимиз “Гурлан” номли китобда ёзилишича, 1930-йилларда собиқ иттифоқ ҳудудида “Корё сарам” деб аталувчи этник гуруҳ яшаган. Сталин қатағони даврида ўша гуруҳ Ўрта Осиёга бадарға қилинади. Бир нечта оила шу зайлда Вазир қишлоғида қўним топади. Борис Хан (Хан Бен Нам)нинг ҳикоя қилишича: “Корейсларнинг шоли, пиёз, карам экиш маданияти ерли халққа манзур бўлди. Биз ўзбекларнинг аҳиллигига, меҳмондўстлигига қойил қолдик. Корейс ўзбекка, ўзбек корейсга уланган қўшалоқ (дурагай) оилалар пайдо бўлди. Дўстлик ва биродарлик уруш йилларида тағинда мустаҳкамланди. Қадимги Вазир қишлоғи обод посёлкага айланди” (Ўша китоб, 26-бет).
“Бўзқалъа” маҳалласида бугунги кунда 2864 нафар аҳоли истиқомат қилади. 80 нафар ёш йигит-қизга 25 сотихдан ер берилган. Ёшлар агентлиги томонидан 2 нафар йигитга муқобил хизматни ўтаб келиши учун зарур пул маблағи ўтказиб берилибди. “Темир дафтар”даги оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси тарафидан 1 та қўй ва қўзи ажратилган. 400 та хонадоннинг қўшимча томорқасини сув билан таъминлаш мақсадида маҳаллага электр насос ва трансформатор ўрнатилган.
— Гурлан тумани бўйича иккита маҳалла “Обод маҳалла” дастурига киритилди. Шулардан бири бизнинг “Бўзқалъа”, — деди МФЙ раиси Гулиммат Қўчқоров. – Ёши улуғ кишиларнинг айтишича, бизнинг ҳудудга кўчиб келган корейслар қишлоқдошларимизга турли хил полиз экинларидан корейс карами, пиёзи, бақлажон, борингки, ҳатто помидор- бодринггача хуш кўриб тановул қилишни ўргатишган.
— Кўпчиликка маълумки, Гурлан гуручи нафақат воҳада, балки бутун мамлакатимизда суйиб истеъмол қилинадиган даражада машҳур. Шоличилик жабҳасида корейсларнинг олдига тушадигани йўқ, дейишади. Шу фикр қанчалик ҳақиқатга яқин? — дедим.
Минг эшитгандан кўра бир кўрган афзал, дея раис корейслар яшайдиган маҳалла сари йўл бошлади.
Машинадан тушиб, яшилликка бурканган гўшага қадам босдик. Дов-дарахтлардан таралаётган қишлоққа хос ифор менга болалик даврларимда димоғимга ўрнашиб қолган ҳидни беихтиёр ёдимга солди. Мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдим. Ҳар бир заррасида экзотикани акс эттирган қишлоқ манзараларини кўриб руҳим яйради.
Корейслар кўчасига бурилдик. ( Маҳаллий тилда шундай аталаркан). Раис: Рома, деб сас берди. Эшик очилиб бир киши чиқди. Қарасам, ҳақиқий корейс қиёфа. Саломлашдик. Мақсадимизни англагач, бизларни ичкарига таклиф этди.
Чоғроққина боғчадан ўтиб, уйга кирдик. Асл ўзбек оиласи. Ўзбекча услубда тикилган кўрпачалар, хонтахта. Ҳақиқий ўзбекона турмуш тарзи…
Олтмиш яшар Ли Гай Роман суҳбат асносида: “Болалигимдан шоличиликка меҳр қўйганман. Ҳозир ҳам 17 сотих ерда деҳқончилик қиламан. Сув сероб бўлса шоли, бўлмаса бошқа экин-тикинлар экамиз, қараб ўтирмаймиз”, – деди. “Отам собиқ “Коммунизм” колхозида сувчи бўлган, шоли эккан. Таътил пайтларида ёрдамга борардим. Тўғрисини айтсам, бу номигагина ёрдам эди; аслида мени ёп ва зейкашлардаги балиқ ҳидлари маст қилар, имкон топилиши билан қармоғимни олиб отам кўзини шамғалат қилганча балиқ овига жўнаб қолардим. Ахир 12 ёш бола бўлганман, масъулиятни ҳис этмаганман-да…
Бултур шолининг “Нукус-2” навини экдик. Бу нав ўртапишар ҳисобланиб, ўсиш даври 105-110 кунни ташкил қилади. Мазкур нав Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида “мазза қилиб” гуркирайди. Дарвоқе, Жанубий Кореяда ҳам ишлаб келдим. Кореяда йил бўйи полиз маҳсулотлари, мева-чевалар дўкон пештахталаридан аримас экану, аммо, таъм-тоти йўқ экан, ишонаверинг, мева егандай бўлмадим. Барибир Хоразмникидай тил ёрар эмас. Қуёшли ўлка таъсириданми ёки сувимизнинг шўрлигиданми, бизнинг меваларимиз, қовун-тарвузларимиз барибир бошқача. Гурвакни айтмайсизми? Ҳидларидан сархуш бўласиз. Яқинда операция бўлдим. Энди оғир нарса кўтариш мумкин эмас. Лекин, барибир, хумори тутадими, шоли экаман. Лозим пайтида ишчи ёллайман”.
Корейс кўчаси қўни-қўшнилари жуда аҳил, тотув яшар эканлар; суҳбатимизга 74 баҳорни қаршилаган Ким Владимир қўшилди. “30 йилдан зиёд вақт мобайнида шоли экдим; мол, қўй, товуқ боқдим. Афсуски, ҳозир шоли эколмайман; оёқларим зирқираб оғрийди; биласиз – шоличиликда сувда юришга тўғри келади. Аждодларим бу ерларга тақдир тақозоси, эҳтимол қатағон сабаб 1933-йилларда Узоқ Шарқдан келиб қолган эканлар”, — дейди у.
Қишлоқ оқсоқоли Гулиммат Қўчқоров суҳбатга хулоса ясади: “Маҳсулдор шоли навларини экиб, мўл ҳосил олиш ҳадисларини ана шундай шоликорлардан ўрганиш керак.
Ён дафтарчамни ёпиб Рома аканинг ҳовлисига чиқдик. Қизиқсиниб теваракка нигоҳ ташладим. Чор атроф чиннидай тоза; боққа экилган полиз кўчатлари — помидор, бодринг, бақлажон, корейс пиёзи яшнаб турибди. Гўёки жисмларига витаминларни йиғаётгандай.
Маҳалла оқсоқоли сўз қотди: “Элотимиз томорқалари қониб сув ичадиган солмалардаги “оби-ҳаёт” — Қоракўз ҳамда Тоза Арғон ёпларидан бизгача оқиб келади”.
Лойли сувга тикиларканман, димоғимга Аму ифори урилгандай туюлди, мутаассир бўлдим, баногоҳ қуёш ўлкасининг шаклу-шамойилини хаёлан тасаввур қилдим. О, юртим Хоразм! Ранг-баранг маданият, маърифат, илму-урфон, деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилигу меъморчилик, мусиқа санъатларини бир-бирига қориштириб, шу асно улкан умуммаданиятга асос солган табаррук воҳа!
Туманнинг гуркираган гўшалари
Қилич Ниёзбой каналини ҳақли равишда Гурланнинг қон томири десак муболаға саналмас. Чунки, минерал моддаларга тўйинган Аму суви шу канал воситасида гурланликларнинг дала ва боғларига шарбат бўлиб оқади. Тарихнавис Умид Бекмуҳаммад ёзади: “Баъзи ривоятларга кўра, бугунги Қилич Ниёзбой канали оқиб ўтадиган жойлар қумлоқ, қўриқ ерлар бўлган экан. Бу жойларда фақатгина чорвачилик қилинган. Бир куни Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I Қўнғирот тарафга ўтаётиб, чарчаганидан шу жойда тўхтабди. Хон ва унинг ёнидаги амалдорларни кутиб олган шу ерлик бой — бадавлат эл оқсоқоли — Қилич Ниёзбой хонга ана шу ташландиқ ерларни ўзлаштириш, сув олиб келишни маслаҳат берибди. “Сиз ҳам шунда чўлда эмас, боғлар диёрида ҳордиқ чиқариб кетасиз. Халқ ҳам сиздан миннатдор бўлади” — деган экан бой. Хуллас, ташаббускор ва тадбиркор Қилич Ниёзбой раҳбарлигида 1815 йилда янги канал қазиб бошланади” (Умид Бекмуҳаммад. “Қилич Ниёзбойнинг саховати”, “Фермер” журнали. 2021 йил, март).
Демак, мазкур канал қазилганига ҳам 200 йилдан ошибди. Канал қазув ташаббускори Қилич Ниёзбой номи билан аталади. Россиялик машҳур географ олим А. В. Каульбарс Қилич Ниёзбой каналини кўриб, ҳайратланиб канални “Кичик дарё” деб атаган экан.
“Кичик дарё”дан Хоразм вилоятининг Янгибозор, Гурлан, Туркманистоннинг Тошҳовуз, Қорақалпоғистоннинг Амударё туманларининг боғу роғларига сув чиқади. Алҳол, Гурланнинг гуркираган гўшалари Қилич Ниёзбой канали шарофатидан воқеликка кўчган. Мазкур каналдан чап тарафга Бешуйли, ўнг тарафга эса Гурлан, Нукус, Уйғур, Полвонбек ёплари ажралиб чиққан.
Бу эл кадхудолари, яъни, йўлбошчиларининг аксарияти деҳқончилик илмини сув қилиб ичиб юборган инсонлар зумраси (гуруҳи. Таҳририят)га мансубдирлар.
Шундай улуғ кадхудолардан бири — Аминбой Вафоев. Насиб этса, тўқсон сари қадам босаётган бу киши оддий миробликдан (дастлаб Урганч мелиорация техникумини битказган) Гурлан тумани ҳокими рутбасига довур мураккаб йўлни босиб ўтган. Гурланликлар “биринчи ҳокимимиз”, дея у кишини ҳали-ҳануз эслаб турадилар.
Мазкур туркум мақолаларимга материал тўплаётганимда Аминбой ака билан телефон орқали боғландим, маслаҳатлашдим. Кейин эса ўзимча Гурланнинг ўтмиши, бугунига доир қадриятларни хаёлан саралаб чиқдим.
Ҳар бир мамлакат мавқеини жамиятда аёлга муносабат, вилоят, шаҳар ва туманлардаги аҳволни эса равон, кенг, текис йўллар белгилаб беради. Астойдил ўйлаб кўрсак “Йўл азоби – гўр азоби” деган мақол бежиз тўқилмагани ойдинлашади. Чунончи, шаҳар ёки туманда рисоладагидек бозор бўлса-ю, йўллар ўнқир-чўнқир, қишда лойли, ёзда чанг-ўрпонли бўлса табиийки, бу жиҳат одамларда норозилик кайфиятини уйғотади. Демак, йўлнинг созлиги кўпгина ижобий хусусиятлар мезони ҳисобланади. Худди шу жиҳатдан қаралганда, Гурлан йўллари туман нуфузига узукка қўйилган кўздек мос. Факт-рақамларга мурожаат қилсак: Гурлан йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида давлат аҳамиятидаги йўлларда 900 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари адоғига етказилганига, чунончи, 12 км. йўл таъмирланганига гувоҳ бўламиз. Алҳол, мазкур корхона 200 километрлик йўлга масъул экан. Шундан 120 километри маҳаллий, 80 километри давлат аҳамиятидаги йўллар ҳисобланади. Бултур унитар корхона тарафидан давлат аҳамиятидаги йўлларда 11837,0 млн. сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилиб 47 км. йўл таъмирланган. Маҳаллий аҳамиятдаги йўлларда 1002,0 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари уддаланиб 23 км. йўл таъмири ниҳоясига етказилибди.
Аввалги бобда Гурлан тумани бўйича “Обод қишлоқ” дастурига иккита маҳалла —Бўзқалъа ҳамда Беш уй маҳалла фуқаролар йиғинлари киритилганини айтиб ўтган эдик. Қувонарлиси, дастурда йўллар равонлиги, текислигини таъминлаш ҳам кўзда тутилган. Корхона раҳбари Музаффар Йўлдошевнинг айтишича, яқин келажакда Бўзқалъанинг 8 км. йўлига шағал тош ётқизиш, 2,1 км. йўлини асфальтбетон билан таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, беш уйнинг 6,2 км. йўлига шағал тош ётқизиш, 4,2 км. йўлини асфальтбетон билан таъмирлаш ҳам кўзда тутилган.
Ёдимда, болалик даврларимизда баҳорнинг ёғингарчилик мавсумларида, қишнинг қорли-қировли кунларида Гурлан йўллари ботқоқликка эврилар, автоуловлар ботиб қолганидан бульдозер кўмагига эҳтиёж сезиларди. Ҳайриятки, ўша машаққатли кунлар бугун Гурланда хотиротга айланибди.
Гулхайрида хайр кўп
Жараён давомида гурланлик фидойи инсонлар ҳақида янада кўпроқ билиш илинжида Гурлан тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Давлатов билан тез-тез мулоқот қилиб туришимга тўғри келди. Суҳбатлар чоғида у ташаббускор, изланувчан, ишбилармон инсонлар мазкур ҳудудда кўп эканлигини таъкидлади. “Бизларда Гурлан туманини нафақат вилоятда, балки мамлакат миқёсида ҳам машҳур қилаётганлар, шу баробарида туман иқтисодиёти ривожига улкан ҳисса қўшаётган инсонлар кўп. Дейлик, мамлакат танловида ғолибликни қўлга киритган болчи қизимиз Саида Аҳмедова, “парникшунос”лик бўйича воҳа юлдузи Манзура Машарипова, доришунослик соҳасининг билимдони Маҳмуд Ражабовлар фикрим далилидир”, — деди у.
Ҳоким ўринбосаридан исм-шарифлари зикр этилган тадбиркорларнинг қўл телефони рақамларини ёзиб олдим. Дастлаб Маҳмуд Ражабов билан боғланиб ҳокимият биносида учрашишга келишдик. Билсам, бўлажак қаҳрамоним Урганчда экан.
Орадан 2 соатча ўтиб туман ҳокими ўринбосари таърифлаганидай “доришунослик соҳасининг билимдони” Маҳмуд билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашдим. Қарасам, у ёшгина, ўйлаганимдан ҳам жиддийроқ, кўзларида ўт чақнаб турган йигит экан. Идоранинг бўш хонасини топиб, суҳбатга киришдик.
— Ҳаммаси қизиқ бўлган. Тошкент давлат аграр университети талабаси эдим. Мамлакат бўйлаб ёйилган “тождор вирус” туфайли карантин жорий қилинган, биз ҳам онлайн ўқув тизимига ўтган эдик. Тўғриси, бекорчиликдан зерикдим. Кейин эса таваккал қилиб фермер тоғам Ғани Раматов ( “Рамат бобо” фермер хўжалиги раҳбари) нинг 30 сотих ерига тажриба сифатида гулхайри доривор ўсимлигини экдим, — деди у. — Қизиғи шуки, гулхайричилик Хоразм вилоятида мутлақ янгилик. Табиийки, гулдан нима фойда оласан, ўзи оддий гул бўлса, дея устимдан кулганлар ҳам бўлди. Мен ҳам анойи эмасман. Гулларимга олдиндан харидор топиб қўйилган, бу ёғидан кўнглим тўқ эди. Қолган масала гулхайриларнинг хайр беришига боғлиқ эди. Асосийси, натижа яхши бўлди, баҳонада чўнтак ҳам пул кўрди.
— Ҳали талабалигингиздаёқ тузуккина муваффақиятга эришибсиз. Кейин-чи, кейин нима бўлди?
— Ўқишни битказиб, қишлоғим Дўсимбийга қайтдим. Мутахассислигим — доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш йўналиши. Муаммо шунда эдики, соҳам бўйича иш топилмади. Бу орада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи ҳақида эшитиб қолдим. Адашмасам, бу 2020 йилнинг декабри эди. Ўшанда мутасаддиларга ёшлар орасидан сўзга чиқиш ниятим борлигини айтиб, таклиф билдирдим. Хуллас, раҳбарлар рози бўлди. Пировардида, мен давлатимиз раҳбари олдида сўзга чиқиб, у кишига мурожаат қилиб: “Туманимиз Гурланда гулхайри плантациясини яратмоқчиман. Бунинг учун менга 5 гектар ер майдони ва 250 миллион сўм миқдорида субсидия ажратиб берсангиз, мени қўллаб-қувватласангиз” дедим ҳаяжонланиб. Президент кулимсираб: “Маъқул” деди. Шу аснода залда қарсаклар янгради. Орадан уч-тўрт кун ўтар-ўтмас 5 гектар ерга эга бўлдим. Шу тариқа 24 ёшимда тадбиркорга айландим.
— Хўш, субсидия масаласи нима бўлди? У ҳам ижобий ҳал бўлдими?
— Айнан шу миқдордаги маблағни давлатдан 2 йиллик муддатда қайтариш шарти билан ссуда ҳисобида олдим. 2021 йилнинг апрелида олдиндан ишлов берилган еримизга гулхайри, тирноқгул, оқ каррак, наъматак, оддий игир каби доривор ўсимликларни экиб, кўкартирдик. Мавсумда 70 нафар кишини иш билан таъминладик. Даромад зўр бўлди…
Маҳмуд Ражабов гап-сўзларини эшитиб, “Яхши ният — ярим давлат” деганлари рост экан, дедим ўзимча.Чиндан ҳам, мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмай юрган кадр озгина муддат ўтиб қадрини топгани, қадр топибгина қолмасдан кўпчиликнинг қора қозони қайнаб туришига сабабчи бўлгани — энди буёғи эртакдай…
— Бултур Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига янги лойиҳаларимни тақдим этдим. Лойиҳамда олти турдаги доривор ўсимликларни етиштириш, улар таркибида чой ва ёғ йўналишларини воқеликка кўчириш каби режалар кўзда тутилган эди, — дейди у. — Омадимни қарангки, ўша йилнинг ноябрида лойиҳам тасдиқланиб, 713 миллион сўм миқдорида грант ютиб олдим. Опа, бу фактларни ҳозир сизга бамайлихотир айтяпман. Хушхабарни эшитган вақтимдаги ҳолатимни бир кўрсангиз эди! Гўё осмонларда парвоз қилдим. Ҳа, бу улкан зафар муждаси. Грант маблағи негизида 13 гектар плантация яратилди, 6 нафар доимий ишчи сафимизга қўшилди.
Ўзининг айтишича, Маҳмуд жаҳондаги кўпгина доривор ўсимликлар тарихини ўрганиб чиққан, образли йўсинда айтсак, гуллар билан обдан тиллашган. У яна 2019 йилда Германия Федератив Республикаси, Франкфурт ерларининг Хессен округи, Кассел туманидаги Шоумбург қишлоғида 6 ой мобайнида амалиёт ўтаб келган. Айтишича, бўлғуси доришунос фаол, интилувчан ва немис тилини биладиган талабаларни Германияда амалиёт ўташга юборилиши ҳақида эшитиб қолади. Шу кундан эътиборан у олмон юртига боришга астойдил тараддуд кўра бошлайди. Немис тили курсларига қатнаб, мазкур тилни сўзлашиш даражасида ўзлаштиради.
— Шоумбург қишлоғига бориб шуни англадимки, европаликлар, хусусан, немислар халқ табобатига унчалик ҳам қизиқишмас экан, — дейди Маҳмуд. — Гулларга кўпроқ гўзаллик ва нафосат рамзи сифатида қарашар экан. Зотан, гул уларнинг наздида севимли инсонга тақдим этиладиган ноёб совға. Шарқда эса табиатнинг бебаҳо инъоми — гулу-чечаклардан табобат жабҳасида ҳам унумли фойдаланадилар.
Дарҳақиқат, Шарқу Ғарб менталитети орасида тафовутлар бисёр. Ғарбликлар кўпроқ замонавий медицинага майл билдирсалар, Шарқликлар халқ табобатини астойдил қадрлайдилар. Дейлик, ўзим ҳам профилактика мақсадида гиёҳлардан тайёрланадиган доривор чойларни ичаман. Маҳмуднинг ғаройиб ҳикояларини тингларканман, ичимда гулхайрининг ноёб хусусиятларини ҳам ўрганишим керак эканда, деб қўйдим.
Хиёбондаги “Титаник”
Хоразм воҳасининг ўзига хос табиати бор. Қиши қуруқ совуқ — гоҳо қаҳратонда баданингизга игна қадалаётгандай туюлади. Ёзи жазирама, ҳовур таралаётган қумга тухум кўмсанг пишадиган даражада иссиқ. Хуллас, Арабистон саҳролариники янглиғ қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган ажабтовур иқлимли, сеҳрли ўлка. Чунончи, бу ерда ёз фаслида соя-салқин берадиган дов-дарахтларга эҳтиёж сезилади. Аммо негадир кейинги даврларда воҳада хиёбонларга диққат-эътибор сусайиб бормоқда. Кўпгина истироҳат боғлари хусусийлаштирилгани оқибатида баъзи дарахтлар кесиб ташланиб, ўрнига аттракционлар жойлаштирилган. Мазкур алпоз табиат душманларининг ўсимликлар япроқлари чиқарадиган кислородни англамаслиги асносида воқеликка кўчмоқда.
— Кўриб турганингиздек боғимиз файзли, — дейди Гурлан туманидаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи директори Шуҳрат Саидабдуллаев. Дов-дарахтларимиз кўп. Дарахтларимиз ичида ярим асрни бўйлаганлари ҳам бор, — деди у фахрланиб.— Гужумларимиз ҳам ранг-баранг. Масалан, чўгирмасимон гужум; ўрис гужуми; ясин оғочи. Булардан ташқари тераклар, ёнғоқлар, қарағайлар… Мевали дарахтлар ҳам талайгина. Дарахтларни тирик жонга ўхшатишса авваллари ишонмасдим. Бир куни саҳар 4 ларда паркка зарур юмуш билан келдим. Қарағай дарахти тагидан ўтдим. Қарасам, дарахт япроқлари қимирлаб гўё овоз чиқариб рақсга тушаётгандай туюлди. Шу он юзимга ғалати ҳаво оқими келиб урилди. Воажаб, дарахтлар шу тариқа кислородга тўйинган ҳавони чор-атрофга уфураркан. Ҳаво ўйнаб чиқар экан. Табиатнинг мўъжизавий қилиғидан анча пайтгача сархуш бўлиб юрдим.
— Саховатли халқимизга раҳмат. Ҳомийлар ҳисобидан 840 ўринли амфитеатрни 45 кун ичида қуриб битказдик. Шу йил ҳисобига дарахтларимиз 3000 тага кўпайди. Уларнинг Аму сувларини шимиб гуркираб ўсаётганини кўриб қувонаман. Ахир биздан шу боғ қоладида, — деди Ш.Саидабдуллаев.
Ҳақ гап. Балки муболаға қилаётгандирман, эҳтимол ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилаётгандирман, аммо, шуниси аниқки, Гурландагидай истироҳат боғ Хоразм вилоятида йўқ. Ҳудуднинг катталиги, дов-дарахтларнинг ранг-баранглиги, дам олувчиларга яратилган шарт-шароитларни кўриб шу хулосага келдим.
— Ҳали сиз ҳаттоки хорижий сайёҳларни ўзига тортган ажойибот — табиий кўл ўртасига қурилган “Титаник” кема ресторанимизни кўрмадингиз. Лоф ураётганим йўқ. Кейинги бир-икки йилликда унинг расмларини интернетда томоша қилиб Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Малайзия каби мамлакатлардан бу ерга ташриф буюрган кўплаб сайёҳларни кўрдим, уларнинг ҳаяжонларига шерик бўлдим. Ишонасизми, сайёҳлар дарахтларимизни қучоқлаб расмларга тушишади, соя-салқинида ҳатто мизғиб ҳам олишади…
Бу гаплардан бетоқатланиб “Титаник” сари ошиқдим. Оғочдан ясалган, ҳар битта деталигача кемани эслатадиган антиқа ресторанни кўрдим. Ҳаттоки, унинг деразалари ҳам каютаники янглиғ. Тўрт қаватли бино. Биринчи қаватида таом тайёрланар экан; қолган қаватларида бир-бирини такрорламайдиган хоналар… Энг қизиғи, кирсангиз ўзингизни худди кема ичида ўтиргандек ҳис этасиз. Кеманинг орқа тарафига жойлашган “каюта”га буюртма берсангиз борми, ҳақиқий ҳузурбахш манзарага гувоҳ бўласиз, остингизда сув, борлиқ гўё ёқимли шабададан иборатдай, теварагингизда эса сизни аллаловчи мажнунтол, гужум, тўронғилар — асл экзотика!
…Жуда мамнунман. Чунки Ватан ичра ушбу сафарим завқли, шукуҳли кечди. Илғашимча, Аму бўйидаги қалъа тобора яшариб бормоқда. Хоразмда “оёқ изи ярашди” деган ибора кўп ишлатилади. Мазкур ибора адабий тилимизда “қадами қутлуғ келди” деган маънони билдиради. Бундан роппа-роса икки йилча муқаддам ҳокимлик рутбасига кўтарилган Мурод Очиловнинг қадами ярашиб Гурлан балки яқин келажакда бундан-да юксак натижаларга ноил бўлсин!
Сайёра СОЛАЕВА,
“Hurriyat” мухбири