Дунёнинг асоси — сўз

Бугун жамиятимиз аниқ, очиқ ва шаффоф йўлни танлаб, ўша йўлда илғор одимлаб бораётган экан, рамзий маънода айтиш мумкинки, журналистлар мана шундай очиқ ва эркин жамиятнинг шифокоридирлар. Улар жамиятнинг бугуни, эртаси, иссиқ-совуғидан хабардор бўлади, мавжуд ҳолатни билиб туради. Янги Ўзбекистон деган янгича номнинг моҳиятини керак бўлса бошқалардан кўра теранроқ англаши, ижодий фаолияти билан, шаффоф сўзи билан бошқаларга етказиши зарурдир. Негаки, бу шунчаки янги тушунча эмас, янгича ҳаёт, янги хоҳишлар билан бирга янгича мажбуриятлар ҳам дегани. Ана шу мажбуриятлар бугун барча соҳа вакилларидан замон билан ҳамнафасликни тақозо этса, журналистлардан пешқадамликни, яъни ислоҳотлардан бир қадам олдинда юришни талаб қилади.

Айтиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иродаси туфайли кейинги йилларда юртимизда матбуотга, оммавий ахборот воситаларига, бир сўз билан айтганда эркин сўз минбарига катта имкониятлар яратиб берилди. Давлатимиз раҳбарининг ҳамиша журналистларга далда ва куч бўлаётгани, матбуот аҳлини ва соҳани ривожлантиришда муҳим қарорлар қабул қилинаётгани сўзимиз исботидир.

Куни кеча мамлакатимизда кенг нишонланган матбуот куни муносабати билан Юртбошимизнинг соҳа вакилларига йўллаган табриги ва “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг эълон қилингани айтиш мумкинки барча ҳамкасбларимизни тўлқинлантириб юборди. Муҳтарам Президентимиз ўз табрикларида жумладан, Ўзбекистон миллий медиа соҳасини янада ривожлантириш, ахборот соҳасида миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, журналистика тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш борасида ҳам ўз муносабатини билдирди.

Қолаверса, Президентимиз томонидан шу йил матбуот куни имзо чекилган тарихий қарор ОАВ вакилларини, матбуот соҳасини қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадамдир.

Унга кўра соҳада изчил ўзгаришларга йўл бериш, матбуот аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадр­лар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, эҳтиёжманд ва ёш журналистларни уй-жой билан таъминлаш сингари кўп­лаб ҳаётий масалаларга эътибор қаратилди.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз қарорига мувофиқ 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайдиган бўлди. Бундан ташқари, фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини янада яхшилаш мақсадида пул мукофотлари билан тақдирлаш, ҳар йили журналистлар ўртасида ўтказиб келинадиган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг бош миллий мукофоти учун — енгил автомашина соврин сифатида қўйилиши белгилаб қўйилди.

Ҳа, шу пайтгача бундай қўллаб-қувватлов бўлмаган!

Очиқ айтганда, анча йиллардан буён кўп­лаб босма нашрлар   таҳририятлари ўз нашрларига обуна уюштириш бўйича маълум қи­йинчиликларга дуч келишаётгани сир эмас эди. Энди Президент қарори билан барча давлат органлари ва ташкилотларига ўз муассислигидаги даврий нашрларнинг замонавий электрон шакли, шу жумладан, мобил иловаларини ташкил этиш юклатилди. Обуначилар сонини ошириш юзасидан эса маълум имтиёзлар кўзда тутиладиган бўлди.

Эътиборли жиҳати мазкур қарор билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини янада жонлантириш бўйича тегишли чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилганини алоҳида таъкидлашни истардик.

Албатта бундай эътибор, ғамхўрликка жавобан юртимизнинг ҳар бир журналисти, матбуот вакили янада фидойилик кўрсатиб меҳнат қилиши, ижод қилиши ҳам фарз, ҳам қарздир.

Шубҳасиз, бугуннинг журналисти сўзи ўткирлиги баробарида профессионаллик малакасини, тажрибасини ошириши шарт. Зеро, энди матн билангина ўқувчи қалбини забт этиб бўлмайди. Эндиликда ҳамма ўқувчи ёки томошабин ҳам бир соатлаб кўрсатув кўриб, бир саҳифалик мақолани ўқишга ҳафсала қилмаслиги мумкин. Улар содда, лўнда материаллар кутяпти журналистлардан. Агар томошабинни, муштарийни йўқотишни исташмаса айни пайтда соҳа вакиллари шунга тайёрланиши керак, бунинг учун эса юқорида айтганимиздек тинимсиз меҳнат, ижодий изланиш шарт. Аслида, дунёнинг асоси сўз эканини инобатга оладиган бўлсак, бу борадаги эркинлик — энг катта неъмат, сиёсий иммунитет бўлади.

Ҳозирги пайтда Ватанимиздаги 8 та олий таълим даргоҳида журналистика бўйича сабоқ бериляпти. Бу яхши албатта. Зеро, журналистика ёшларни ўзига жалб этадиган соҳа. Лекин улар соҳанинг машаққатини, заҳматини тўлақонли ҳис қилиши керак. Ахир журналис­тика дегани блогерлик эмас, бу касб учун биринчи навбатда ўқиш, олий маълумотга эга бўлиш талаб этилади. Ҳатто журналистика радио ёки телевидениеда фақат микрофон ушлаб юриш дегани ҳам эмас. Унинг ўзига хос жиҳатлари матбуотда намоён бўлади. Шу маънода матбуот бугун ахборот бериш эмас, юки оғир таҳлилий материаллар билан халқни ўзига жалб эта олади. Шу боис ҳар бир журналист муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги қонунни нафақат билиши, балки унга амал қилиши бурч­­га айланиши керак.

Ўйлаймизки, эътирофга молик натижа: бу йил “Олтин қалам” танлови бўйича ижобий фикрлар устунлигига эришдик. Номзодларнинг ижод намуналарини ўтган йилги кўплаб таклифларни инобатга олган ҳолда, жорий йил интернетга жойладик. Одамлар истаган журналистнинг ижоди билан танишиб, баҳолаш имконига эга бўлди.

Ижодий ютуқларимиз жуда кўп бўлди, албатта. Қисқа фурсатда Уюшмани республиканинг “Йилнинг энг намунали жамоат ташкилоти”га айлантиришга муваффақ бўлганимиз ҳам ҳаракатларимизнинг натижаси десак, хато бўлмайди. Хабарингиз бор, мамлакатимизнинг фаол журналистлари эътирофи асосида таъсис этилган “Йил танлови” анъанавий тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси “Йилнинг энг намунали жамоат ташкилоти” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллади.

Ўтган қисқа давр ичида Уюшмага аъзо бўлиш истагини билдирганлар сезиларли даражада кўпайди. 2021 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри бўйича 160 нафар, бу йил 61 нафар энг фаол журналистлар Уюшма аъзолигига қабул қилинди. Уларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари Уюшма ҳудудий бўлимлари томонидан ташкил этилган тадбирларда тантанали равишда топширилмоқда.

Уюшмага аъзо бўлиш истагини билдирган журналистлар учун Jurnalistlar.uz веб-сайтида барча маълумотлар жойлаштирилди.

Маълумки, айни пайтда юртимизда кўплаб хорижлик журналистлар ҳам фаолият юритмоқда. Шу боис, мамлакатимиз етакчи ОАВларининг ҳам чет элларда мухбирлик пунктларини очиш вақти келди.

2022 йил 7 май куни Тожикистон Журналистлари иттифоқи билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбир мазкур ҳамкорлик масаласига бағишланди. Мазкур анжуманда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Тожикистон Журналистлари иттифоқи томонидан бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари ҳамда кўкрак нишонлари топширилди.

Халқаро матбуот институти Озарбайжон миллий қўмитаси раиси Умуд Мирзаев билан учрашувда икки давлат журналистлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Россия Федерацияси “ЕвроМедиа” халқаро нашриёт уйи ҳокимият органлари билан алоқалар департаменти директори Галина Амирова, “МедиаЮг” нашриёт уйи ижрочи директори Владимир Денисовнинг таклифига кўра, 2021 йил 27 октябрь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбарияти билан учрашув ҳам самарали кечди.

Бундан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ҳиндистон журналистлари уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш, Хитой, Жанубий Корея, Россия журналистлари уюшмалари билан келишилган ҳолда бир гуруҳ журналистларни шу давлатларга хизмат сафарига юбориш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси журналист кадрлар салоҳиятини ошириш, уларни замон талабларига жавоб берадиган профессионал даражага олиб чиқиш мақсадида ташкил этилади. Энг муҳими, юқорида таъкидланган Президентимизнинг қарорида ҳам 2023-2024 йилларда 50 нафар журналист ва таҳририят ходимлари хориж мамлакатларига малака ошириш, тажриба ўрганиш, стажировка ўташ ва нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиш учун юборилиши ҳамда улар учун хорижлик малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда ўқув курслари ташкил этиш вазифаси белгилаб қўйилди.

Яна амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритсак, Уюшманинг Сирдарё вилояти бўлими томонидан жорий йилда “Фахрийлар дои­­мо эътиборимизда” лойиҳаси доирасида 8 нафар фахрий журналистнинг юбилейи тантанали равишда нишонланди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда “Salomatlik” газетаси таҳририяти ташаббуси билан Навоий вилоятида илк бор фахрий ва тажрибали журналист Иброҳим Жумаевнинг маҳорат мактаби фаолият бошлади.

Албатта, оммавий ахборот воситаларида кўп йиллар давомида самарали фаолият олиб борган ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган устоз журналистларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бой тажрибаси, ижодий маҳоратидан ёш кадрларнинг касбий салоҳиятини оширишда унумли фойдаланиш эътиборга молик масала.

Ўз ўрнида журналистларимиз бир нарсани чуқур ҳис қилишларини истардик. Давлатимиз раҳбари бизни ҳамиша эътироф этиб, дадил, собитқадам бўлишга чорлаяпти. Демак, халқимизнинг дарду-ташвиш­ларига шерик бўлиб, ҳамиша эл ишончида бўлиш катта бахт, юксак саодат эканлигини ҳис қилиб ижод қилиш зарур. Бу ҳар бир журналистнинг, матбуот вакилининг чинакам бахти. Энг асосийси, мана шу бахт шуурида меҳнаткаш ва танти юртдошларимизнинг ишончи бизни ҳар он Янги Ўзбекистонда янгича ишлашга руҳлантириб турсин.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − twelve =