Фирибгарнинг тузоғи

Ота-боболаримиз фирибгар ва ёлғончи одамни кўришса, ўзларини кўрмаганга олиб ўтганлар, унақалар ўтирган даврада ўтирмаганлар. Ажаб, буни билмайдиган ёки билса ҳам ўзини билмасликка оладиган ҳамюртларимиз ҳам бор экан.

Барот фирибгарлик жиноятини содир этгани учун уч марта суднинг қора курсисига ўтирди — уч бора жазоланди. Биринчи бор жиноят ишлари бў­йича Шўрчи туман суди унинг фирибгарлик жиноятини кўриб чиқиб, ўзгариб қолар, дея енгилроқ жазо тайинлади. У яхши томонга ўзгариш ўрнига, “ўз касби”нинг бошқа қирраларини кўрсатди. Иккинчи сафар у жиноят жойини ўзгартирди. Аммо қилмиши тезда фош бўлиб, Қумқўрғон туман суди томонидан жазога тортилди.

Элдошлари икки марта қамалган, бир неча йил озодликдан маҳрум этилган, энг аянчлиси эл орасида обрўйи қолмаган Барот Ҳуррамовни қаттиқ пушаймонда деб ўйлашди. Энди кўп қатори яшайди — бошқаларга зиён келтирмайди, деб унга ишонч билдирганлар ҳам бўлди. Аммо ана шу ишонч унинг навбатдаги жинояти учун қўл келиши ҳеч кимнинг хаёлига келмади.   У бир неча ҳафта давомида, дам олган киши бўлиб, уйидан чиқмади. Қўни-қўшниларга хушмуомалада бўлишга ҳаракат қилди. Лекин…

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, бир куни тўй-ҳашамларга кия­диган кийимини кийиб, бўйинбоғ тақди, эгнига кастюмини илиб, кўчага чиқди. Кўзга кўринган ошхоналарнинг бирига овқатлангани кирди. Кўпчиликнинг унга қизиқаётганларини сезиб, мазкур емакхонага кун ора келадиган одат чиқарди. Аслида у хўрак излаб, тўлғониб сузаётган лаққа балиққа ўхшарди. Ниҳоят, кўзлаган хўрагини топди. Шаҳар чорраҳасида эски таниши Ҳусанни учратди. Улар аввал қўл ташлашиб, кейин бошларини қўчқорлардай тўқиштирдилар.

— Э, Барот ака, кўринмай қолдингиз? – ҳол-аҳвол сўради Ҳусан.

— Ишга шўнғиб кетганмиз, ука! —ўзини бемалол тутди у. Ўз корхонамни очсам мазза қилиб юраман, дердим. Қайтага ишга кўмилиб қолдим. Деярли ҳар ҳафта Тошкентга бораман, хорижга борадиганларнинг ҳужжатларини расмийлаштираман. Уларни жўнатиш, ўзларига мос иш топиб бериш. Хуллас, шундай ишлар билан бандман-да!

— Юринг Барот ака, кўчада эмас, бирор ошхонада ўтириб гурунглашайлик, — дея таклиф билдирди Ҳусан бу гапларга қизиқиб.

Шундай гапни кутиб турган Барот унга розилик билдириб, ўйланди: “Мен тўғримда ҳеч нарсани билмаган, эшитмаган чоғи, йўқса бундай муомала қилмасди?!”.

Ҳусанбой ошхона хизматчисига ўн сих кабоб буюриб, яхшилаб пишириб келишини тайинлади.

— Сўрамоқнинг айби йўқ, ҳалигидан ҳам олиб турасизми? — сўради у.

— Сизга ўхшаган яқинлар билан бир қўл, икки қўл олиб тураман, — ўзини жиддий тутишга уринди Барот.

Ҳусан олдиларига чой-нон келтириб қўйган хизматчига салат, қатиқ шунга ўхшаш газаклар ҳамда буфетдан бир шиша “тозаси”дан олиб келишини айтди.

Улар кабоб пишгунча бир қўлдан олишди. Бир-бирларига соғлиқ ва омад тилашди. Биринчиси ва иккинчиси тугул ке­йинги қадаҳлар орасидан ҳам “пашша” учиб ўтолмади. Гурунг қизигандан қизиди. Гап ўртасида Ҳусанбой ўғлини Кореяга ишга юбориш ниятида эканлигини айтиб қолди.

— Боя эътибор бермаган кўринасиз, мен худди шу иш билан шуғулланаман, — деди Барот ўзини ҳақиқатан ҳам шундай ваколатли корхонаси бўлган кишидай тутиб, — ўтган ҳафта иккитасининг ҳужжатини Тошкентдан ўтказиб келдим.

— Энди… бизга ҳам бир хизмат қиласиз-да, — икки қўлини кўксига қўйди Ҳусанбой. — Биздан нима хизмат, э, қандай харажат талаб қилинади, демоқчи эдим…

— Тўққиз минг АҚШ доллари берсангиз, узоғи билан уч ой ичида Ко­реяга жўнайди.

— Менда унча пул йўқ, лекин Тошкентда ўғлимда бир оз бор. Қолганини ҳам топамиз. Хоҳласангиз бориб, олиб келаман.

— Нима қиласиз овора бўлиб, —   жонланди Барот, — шундай ҳам ҳафтада-икки ҳафтада Тошкентга бориб-қайтаман. Ўғлингиз билан телефонда гаплаштиринг, бўлди! Сиз учун эртагаёқ йўлга тушаман.

Ҳусанбой ўғлига қўнғироқ қилди.

Барот Ҳуррамов Ҳусанбойнинг ўғли билан Тошкентда учрашадиган бўлди. Ошхонадаги суҳбат-келишув анчагача давом этди, охирида бир-бирлари билан ўпишиб хайрлашдилар.

Эртасига Баротбой поездга чиқмади, Тошкентга кетаётган таксига ўтирди. Манзилга етиши билан Ҳусаннинг ўғлига қўнғироқ қилди. Ўзини танитди. Улар келишилган жойда учрашишди. Отасининг гапига ишонган Халил ҳужжатлари билан 1100 АҚШ долларни унга берди.

— Амаки, ҳисобли дўст айрилмас, деганлар. Келинг, нотариус орқали қарз шартномаси тузайлик, — деди Халил эҳтиёт чорасини кўриб.

Шундай қилишди. Ҳужжатга кўра Барот Ҳусанбойнинг ўғли Халилдан шунча миқдорда “қарз” олган бўлди. Иккинчи марта яна шунча пул “олди-берди”си ҳақида шартнома туман марказидаги нотариус идорасида имзоланди ва аввалги ошхонада қаҳрамонимизга зиёфат берилди.

Ўтган йилнинг охирги ойи   Барот Ҳусанбойга қўнғироқ қилиб, 200 кўкидан кераклигини билдирди. Хом сут эмган “хўрак” ишониб, ўз қўли билан сўралган миқдордаги пулни берди. Баротдан, “Ўғлингиз тайёр турсин, янги йилнинг бошида биринчилардан бўлиб Кореяга учади”, — деган ваъдани олди. Афсуски, ваъда берилган янги йилнинг иккитаси ўтиб кетди. Баротбой эса Ҳусанга тутқич бермай қўшни туманлардан яна хўрак топиш билан банд бўлди. “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деганларидек, охири қўлга тушди.

Фирибгар Ҳусан билан юзлаштирилганда, олган пулимни қайтариб берганман, деб туриб олди. Аммо унинг ёлғони иш бермади. Суд Барот Ҳуррамовнинг фуқаро Ҳусан Тиллоевга 2400 АҚШ доллари, яъни 25144608 сўм фирибгарлик йўли билан зиён етказганликда айбдор деб топди ва у узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бу дунёда ҳаром луқмадан, ўзгаларни чув тушириб, алдаб пулини, молини ейишдан ҳазар қилмайдиган кимсалар ҳам кам эмас. Шу боис бугун энг кўп учрайдиган жиноятлардан бири товламачилик, фирибгарлик бўлиб, бундайлардан жабр кўрганлар сони ортиб бормоқда. Халқимиз орасида уларга алданиб қолаётган, тайёр “хўрак”ка айланаётган юртдошларимизга айтар сўзимиз шу: ҳар бир ишни қонуний ҳал қилишни ўрганинг, ҳуқуқий билим, савиянгизни оширинг. Огоҳ бўлинг!

М. ҲАКИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси.

Ч.ҚОРАҚУЛОВ,

суд маслаҳатчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 4 =