Менинг “ҳожатбарор” танишим

Уч йил олдин қишлоғимиздан шаҳарга автобусда кетаётиб, бир киши билан танишиб қолдим. Кўринишидан анча сипо, эгнида костюм-шим, бўйнида бўйинбоғ. Ўқимишли ҳам чоғи, ҳаммага эшитарли қилиб йўлимиздан чиқаётган қишлоқлар тарихидан гапириб билимдонлигини намойиш қилиб кетарди. Унинг суҳбатига қўшилмай бир четда жим кузатиб кетаётган бўлсам-да, дафъатан менинг қаерда ўқишимни, нима иш қилишимни сўраб қолди. Академик лицейни тамомлаётганим ва журналист бўлмоқчилигимни айтдим. Шунда у киши тураржойим, дадамнинг нима иш қилишларига қизиқди. Дадамнинг Кореяда ишлаши, қайси туманда истиқомат қилишим, ҳатто дадамнинг ойига қанча пул юбориб туришини суриштириб билди.

Сўнг… у ўзининг узоқ йиллардан буён журналистика соҳасида ишлаши, мен ҳужжат топширмоқчи бўлаётган олийгоҳда танишлари борлиги ва улар билан гаплашиб, менга имтиҳон олди йўл-йўриқ кўрсатиб туришларини илтимос қилиши мумкинлигини айтди. Олдинига бу гаплар менга мойдек ёқиб тушди. Кейин негадир шубҳалана бошладим. Чунки у журналистлар тайёрлайдиган университет номини ҳам тўғри айта олмаётган эди. Бунинг устига бошқа олийгоҳлардан фарқли ўлароқ бўлажак журналистлар имтиҳондан олдин ижодий синовдан ўтказилиши ҳақида умуман тушунчаси йўқ эди. Шу сабабли унга ёрдами шарт эмаслигини айтиб, муомалани узмоқчи бўлдим. Аммо қўярда-қўймай телефон рақамимни сўраб олди. Буни қарангки, эртасигаёқ менга қўнғироқ қилиб, таниши билан гаплашиб қўйганини билдирди. Менга ҳеч қандай ёрдами керак эмаслигини такрорладим. У эса кейин ҳам кунига икки-уч марта қўнғироқ қилар, шу йил ўқишга киришим кераклигини маслаҳат берар, “таниши” олдиндан икки юз доллар бериб қўйишимни сўраётганини айтгани-айтган эди. Ноилож унинг телефон рақамини қўнғироқ қилолмайдиган қилиб, блоклаб қўйдим.

Шукурки, ҳеч қандай ёрдам, таниш-билишчиликка муҳтож бўлмай, имтиҳонлардан яхши натижаларга эришиб, талаба бўлдим. Ўқишни тугатмасимданоқ ўқиётган йўналишим бўйича яхшигина ишга ҳам жойлашдим.

Буни қарангки, яқинда касб байрамимиз арафасида вилоятга борганимда ўша одамга тасодифан яна дуч келиб қолдим. Қаерда ўқиётганим, иш жойимни билгач менга бошқача муомалага ўтди. Ишларимга омадлар тилади ва яна телефон рақамимни сўраб олди.

Олийгоҳларга кириш имтиҳонлари яқинлашган айни кунларда “эски қадрдоним” менга яна кўп марта қўнғироқ қиладиган бўлиб қолди. Айтишича, бир жияни мен ўқиётган университетнинг журналистика факультетига ҳужжат топширган, имтиҳонлар бўйича ундан маслаҳат сўраётган экан. У менга университетда нечта йўналиш борлиги, имтиҳонлар қай тартибда ўтказилиши, баланд балл олиш учун кўпроқ нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида тинимсиз саволлар ёғдира бошлади. Аввалига, ўша жиянингизга айтинг телеграмда журналистика факультети абитуриентларининг алоҳида гуруҳи бор, ўша гуруҳга қўшилса кенгроқ маълумот олади, деб жавоб бердим. У эса: “Жияним мендан бу нарсаларни билади деб маслаҳат сўраяпти, агар сиз айт­гандек қилсам, ўзидан соқит қилиб, мени бошқасига йўналтиряпти деган нотўғри хулосага боради. Шунинг учун ҳаммасини ўзим айтганим яхши” дея мени маълумот беришга кўндирмоқчи бўларди. “Бу одам бир пайтлар худди менга ёрдам қилмоқчи бўлгандек яна бошқа бир ўспиринни ҳам алдамаяптимикан? — хавотирлана бош­ладим. — Менга бу университетда танишим бор деб айтганди, лекин нега ўша танишидан эмас, мендан маълумот оляпти. Демак, университетдаги ягона “таниши” менман. Бу одам эса худди уч йил аввал мени чув туширмоқчи бўлганидек яна кимнидир бошини айлантириб юрибди. Биргина бу кимса эмас, балки ҳозирги имтиҳон кунлари яқинлашган вақтларда бу каби фирибгарлар абитуриентларнинг ўқишга кириш даврини “мавсумимиз” деб билар?!”

Юртдошлик ҳақи-ҳурмати унга қаттиқ гапирмай, “ҳожатбарор”нинг телефон рақамини яна блоклашга мажбур бўлдим. Хабар орқали телеграмдаги абитуриентлар гуруҳи линкини юбордим. У ростдан ҳам жиянига холис ёрдам бераётган бўлса, ўша линкни берар, борди-ю яна эски “ҳунар”ини қилаётган бўлса…

Хуллас, ўз бошимдан ўтган бир ҳангомани айтишимдан мақсад, бундай одамларнинг қармоғига илиниб талаба бўлиш бахтидан ҳам, яхшигина пулидан ҳам ажраб қолмасин дейман. Абитуриентлар “Ҳожатбарор”ларнинг найрангларига алданиб қолманг. Фақат ўз билимингизга суя­нинг. Билим бор жойда қўшимча ёрдамга ҳожат йўқ.

Камол ҚАЙСАР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =