Ҳар қадамда… дорихона. Лекин уларни ким назорат қилади?

Ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъи назар меванинг сархилини, таомнинг мазали ва тўйимлисини ва дорининг самарадорлигини истеъмол қилишга ҳаракат қилади. Бу жараёнларда инсон истеъмол қилаётган маҳсулотининг нархига аҳамият бермасликка ҳаракат қилади. Негаки, ҳар биримиз ўзимизни яхши кўрамиз ва “ўзимиз учун, соғлигим учун керак-ку” деган мазмунда ҳаракат қиламиз. Шу ўринда ҳар нарсанинг асилини истеъмол қилиш учун яшаяпманми ёки яшаш учун шу асил нарсалардан фойдаланиш мен учун керакми, — деган саволни ўзимизга беришимиз керакка ўхшайди.

Маълум бўлишича, бугун мамлакатимизда 14 мингга яқин дорихоналар мавжуд бўлиб, улар тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида 2000 дан ортиқ дорихона бўлиб, баъзи мавзеларда 30 тадан 60 тагача дорихона фаолият юритади. Дорихоналар кўплигининг яхши жиҳати бу рақобатни кучайтириб, нархлар тушишига сабаб бўлишида кўринади. Иккинчи томондан эса қаерда дорихона кўп бўлса, шу жойда унга талабнинг кўплиги бу эса касаллик ва касаллар ҳам кўп эканлигини англатади.

— Сирдарё вилоятида бугунги кунда 221та дорихоналар бор. Уларнинг шоҳобчалари 109 тани ташкил этади. Гулис­тон шаҳрида эса 92 та дорихона 57 та шоҳобчаси билан фаолият юритади. Дорихоналар тиббиёт муассасалари таркибида бўлгани унинг тадбиркорлик соҳаси таркибида бўлганлигидан халққа нафи кўпроқ тегади, — деди Сирдарё вилояти Фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмаси бошлиғи Расул Тўраев.

Мутахассислар таҳлилига кўра, мамлакатимизда ўртача икки минг кишига битта дорихона тўғри келади. Лекин ҳудудлар кесимида бу турлича. Масалан, Тошкентда бир ярим мингга яқин кишига битта, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида деярли уч минг аҳолига битта дорихона тўғри келади. Гулистон шаҳрида бу кўрсаткич ҳар 660 та одамга битта “аптека” тўғри келишини англатади.

Гулистон шаҳрида дорихоналарнинг кўплигини яна бир жиҳати бу шаҳарда ошхона, кафе, бар, чойхона каби умумий овқатланиш шоҳобчаларининг кўплиги билан ҳам изоҳлаш мумкиндир балки. Одамлар тўғри турмуш тарзига, тўғри овқатланиш меъёрларига риоя қилмаса, ўша жойда касаллик бўлиши, беморлар сони ҳам ортиб бориши кузатилади. Биргина Гулистон шаҳрининг ўзида умумий овқатланиш шоҳобчалари 50 га яқин.

Бир (Fast food) зумда тайёрланадиган таомлар шоҳобчалари ҳам шунчани ташкил этади. Қизиқ томони қайси дорихона ва ёки овқатланиш мас­канига борсангиз ҳамиша одам гавжумлигини кўришингиз мумкин.

Жамият ҳаётида барча соҳалар инсон учун, унинг манфаати учун хизмат қилиши лозим. Бу жиҳатга Президентимиз ҳар бир маърузасида, ҳар Мурожаатномасида қайта-қайта тўхталиб ўтадилар.

Бугунги ОАВларида ҳам кўча-кўйдаги баннер ва реклама шитларида ҳам асосан атоқли шахслар томонидан дори воситалари, озиқ-овқатларнинг рекламаларини кузатамиз.

Маълумотларга қараганда, Европада 2500 одамга битта дорихона очилиши белгиланган экан. Лекин соғлиқни сақлаш тизими жуда яхши ишлайдиган Данияда 17 минг аҳолига битта дорихона хизмат кўрсатаркан. Дори-дармонга соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим бўлаги сифатида қаралади ва давлат томонидан жуда қаттиқ назорат қилинади. Бизда эса… “Элга хизматдан кўра эл хизматидан умидворлик” бирламчидек…

Айтиш керакки, дунёнинг аксар мамлакатларида бизнинг юртдагидек дорихоналардан дори сотиб олиш осон эмас. Бизда эса ўн яшар бола қўлида қоғози билан энг оғир беморлар учун мўлжалланган дориларни сўраса ҳам, “марҳамат” дея бериб юбораверишади. Рецепт сўраш деярли йўқ.

Бу яхшими, ёмонми?

Бир қараганда яхшироққа ўхшайди. Лекин соҳада назорат ва тартибнинг йўқлигидан ҳам бу далолат беради.

Агар қатъий назорат ва тартиб бўлганида эди, бир неча кунлардан буён ижтимоий тармоқларда қанча муҳокамаларга сабаб бўлаётган Самарқанд шаҳридаги воқеа эҳтимол юз бермаган бўлар эди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг текширув натижаларига кўра мамлакатда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланган.

Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади.

Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.

ССВнинг маълум қилишича, ўрганиш давомида аниқланган барча қонунбузилиш ҳолатлари эътиборга олиниб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланган. Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Қўшимча қилинишича, айни пайтда Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситалари барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган.

Бироқ вафот этган болаларни энди ҳеч қандай чора ва жазолар билан қайтариб бўлса эди. Ҳа, унинг асло имкони йўқ. Бу муд­ҳиш воқеа соҳада жиддий ислоҳотлар зарур эканлигини кўрсатиб қўйди, назаримизда.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × one =