“Ўзсаноатқурилишбанк” маҳаллийлаштириш дастурида фаол

“Ўзсаноатқурилишбанк” респуб­ликамиздаги   тез ривожланаётган, тадбиркорларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзиб уларнинг имкониятларини юзага чиқаришга, иш ўринларини яратишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшаётган энг пешқадам банклардан ҳисобланади. Бунга “Ўзсаноатқурилишбанк” билан Навоий вилоятидаги “NAVPROMLITMASH” масъулияти чекланган жамияти ўртасидаги ўзаро молиявий муносабатлар   натижасида ижобий ўзгаришлар юз берганлигини мисол қилиб келтириш мумкин. Шу йил 28-29 март кунлари Навоийда журналистлар учун пресс-тур   ташкил этилиб, у ерда   ишлаб чиқилаётган саноат тармоқларида кенг қўлланиладиган ҳаво ва мой фильтрлари ишлаб чиқариш қуввати ва уларнинг ўрнатилган техник ва экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлик жиҳатлари билан ОАВ вакиллари таништирилди.

Мамлакатимизда маҳаллийлаштириш дастури доирасида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш бўйича ҳар йили бир неча ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларда илғор техноло­гиялардан фойдаланиб ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, импортни қисқартириш, валютани тежаш ҳамда бандликни таъминлаш каби   масъулиятли масалалар кўзда тутилмоқда.

Навоий шаҳрининг “Жанубий” саноат зонасида мисни қайта ишлаш билан шуғулланадиган “NAVPROMLITMASH” корхонасининг “Ўзсаноатқурилишбанк” билан ҳамкорликдаги лойиҳаси ҳам маҳаллийлаштириш дастури асосида йўлга қўйилган.

Бу ҳақда   “NAVPROMLITMASH”   МЧЖ раҳбари ўринбосари Шерзод Аҳмаджонов журналистларга қуйидагиларни гапириб берди:

—Вилоятимизда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари барқарор ривожланган. Мазкур тармоқларда фаолият юритувчи   йирик корхоналарга яқин вақтгача ҳаво ва мой фильтрларини хориждан импорт қилиб олиб келинган. Бугунги кунда бизнинг корхонамиз уларга ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли ва арзон ҳаво ва мой фильтрларини ўз вақтида етказиб бермоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 25 млрд. сўм, шундан 10 млрд. сўми “Ўзсаноатқурилишбанк”и томонидан молиялаштирилди.

Анжуман давомида корхона мутахассислари журналистларга банк кредити маблағи ҳисобига хориждан келтирилган замонавий технологиялар “Яшил” иқтисодиёт мезонларига тўла мос келишини таъкидладилар. Заводда маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини текширувчи синов   лабораторияси фаолияти йўлга қўйилганлиги   ҳам қайд этиб ўтилди.

Бугунги кунда “NAVPROMLITMASH”   корхонасида 170 дан зиёд иш ўринлари яратилган бўлиб, шундан 30 таси янги лойиҳага кўра барпо этилган. Корхонада бир йилда 1000 дона саноат фильтри ва 300 минг дона автомобиль фильтри ишлаб чиқарилади. Уларнинг 500 минг долларлик қисми экспортга йўналтирилган.

Пресс-тур дастурига   мувофиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ҳам ўтказилди. Унда “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Навоий вилояти ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тутган ўрни, саноатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолига замонавий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди. Шунингдек, брифингда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Навоий ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фахриддин Қосимов   банк билан корхоналар ўртасидаги   ўзаро иқтисодий муносабатлар ҳақида тўхталди:

— Бизнинг ҳудудимиз ер ости бойлик­лари бўйича улкан салоҳиятга эга. Банкимиз томонидан ана шу ноёб бойлик­ларни қазиб олиш ва қайта ишлашга оид лойиҳаларни молиялаштириш, корхоналарни энг янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, уларни ишга тушириш ва   рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, айланма маблағлари билан таъминлашда яқиндан кўмаклашиб келмоқдамиз. Хусусан, ўтган йилда ҳудудий тармоқларимиз томонидан саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги 35 та лойиҳага жами 67 млрд. сўм ҳажмда кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида 600 дан зиёд иш ўринлари барпо этилди.

Шубҳасизки, бу самарали ишларни Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича қўйилган дадил қадамларнинг бири деб баҳолаш мумкин.

“Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан ташкил этилган навбатдаги ижодий саё­ҳат ижод аҳлида катта таассурот қолдирди. Буни унда иштирок этган ОАВ вакиллари алоҳида эътироф этдилар.

Банк ахборот хизмати.

Хизматлар лицензияланган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × two =