Янги таҳрирдаги Конституция – ортга қайтмас ислоҳотларнинг ҳуқуқий кафолати

Ижтимоий муносабатлар доимий ривожланишда бўлади.

Шу туфайли миллий тараққиёт ҳамда замонавий тенденцияларни инобатга олган ҳолда ушбу муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларни ҳам замон билан ҳамнафас такомиллаштириб бориш — давр талабидир.

 

Инсон манфаати — ижтимоий давлатнинг асосий мезони

Бугунги кунда “ИНСОН ҚАДРИ УЧУН” тамойили амалда рўёбга чиқиши, ҳар бир фуқаро кундалик ҳаё­тидан рози бўлиб яшашида амалдаги барча қонунлар ва бошқа ҳужжатлар учун асос бўлувчи конституциявий нормаларнинг такомиллаштирилиши ҳамда уларнинг ҳаётга тўғридан-тўғри ва тўлиқ тадбиқ этилиши муҳим амалий аҳамиятга эга.

Албатта, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асосий мезони ҳам Бош қомусда давлатнинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини қатъий белгилаб олиши, жамиятдаги барчанинг манфаатлари муштараклигини назарда тутувчи инсоний қадриятларнинг мустаҳкамлаб қўйилишига боғлиқ.

Чунки, айнан, Конституцияда “шахс-жамият-давлат” тамойили асосида барча ижтимоий муносабатлардаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатлари аниқ-равшан белгилаб берилади.

Бу ўринда, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашаётгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Аввало, тарихимизда илк бор Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланмоқда. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани конституциявий норма даражасида мустаҳкамланмоқда.

Янгиланаётган Бош қомусимизда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробар кўпайтирилиб, хусусан, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқига оид қатор мажбуриятлар киритилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайган. Бу эса аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, турли юқумли касалликлар хавфини олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришлари ҳамда ҳаёти ва саломатлик даражасини янада яхшилаш мақсадида атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, умуман, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланмоқда.

Асосий қонундаги барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлашга оид нормалар эса фуқаролар фаровонлигини оширишга йўналтирилган Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши, мулкдорлар қатламини кенгайишида аҳамиятли саналади.

Янгиланаётган Конституциямизда бу каби тамо­йилларнинг аниқ ифода этилиши, ушбу йўналиш­лардаги кўплаб муаммоларга мукаммал ҳуқуқий ечимлар топишга хизмат қилади.

Халқ конституцияси билан

халқчил давлат бошқарувини яратамиз

Ўзбекистонда инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури барча соҳаларда бирламчи аҳамият касб этиши – давлат сиёсатининг устувор масаласи сифатида белгиланди.

Дарҳақиқат, мамлакатда энг аввало, “инсон қад­рини юксалтириш” – давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси сифатида қатъий белгиланса, шаксиз мамлакат бошқаруви самарадорлиги ҳам шунчалик юқори бўлади.

Қайд этиш жоиз, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси икки босқичда халқимизнинг фикри, таклифлари асосида шакллантирилди. Бу эса Асосий қонунимизда жамиятимизда истиқомат қилаётган ҳамманинг манфаатлари инобатга олинганидан далолат беради ҳамда ҳақиқий халқ Конституцияси яратилаётганининг далолатидир.

Маълумки, Конституциявий нормалар асосида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг асосий принциплари, уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рўй бераётган туб ўзгаришлар, амалга оширилган ислоҳотлар моҳияти ҳам давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, давлат ҳокимияти устидан халқ назоратини кучайтиришга қаратилмоқда.

Амалдаги қонунлар инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоясига хизмат қилиши белгиланди. Шу маънода, “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши” янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 20-моддасида мустаҳкамлаб қўйилгани, алоҳида эътиборга моликдир.

Чунки, доим ҳам қонунчилик ҳар томонлама мукаммал бўлмайди. Ҳуқуқ нормалари ўртасида қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар юзага келиш ҳолатларида ушбу нормага кўра, энди номувофиқликлар давлат эмас, фақат инсон фойдасига ҳал этилади.

Яна шуни таъкидлаш керакки, “Инсон қадри учун” ғояси амалда халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши учун, албатта, давлат идоралари билимли, малакали ва фидойи кадрлар билан жамланган бўлиши керак. Бунинг учун эса давлат хизматига ҳар бир номзоднинг малакаси ва касбий компетенцияларининг соғлом рақобатини таъминлайдиган мустақил, тенг ва адолатли танловлар асосида фуқаролар қабул қилиниши лозим.

Президентимиз ташаббусига кўра, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан йўлга қўйилган давлат хизматига киришнинг очиқ, адолатли танлов механизмлари сабаб ҳозирда “vacancy.argos.uz” электрон портали орқали энг муносиб номзодлар давлат хизматига сараланиб олинмоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар 1 миллион 400 минг­­га яқин номзод вакант лавозимлар учун очиқ танловларда қатнашди ҳамда улардан энг муносиб 46 601 нафари давлат хизматига қабул қилинди.

Ўз навбатида, Янги таҳрирдаги Конституция ло­йиҳасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга” эканликларининг мустаҳкамлаб қўйилиши – давлат хизматининг рақобатдошлигини, очиқлигини ва профессионаллигини оширади. Шу билан бир қаторда, салоҳиятли ёшлар, хотин-қизларнинг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқни кафолатлайди ва давлат хизматига ишончини ортишига сабаб бўлади.

Бу орқали эса ўз ваколат доираси ва лавозим мажбуриятларини теран англайдиган, зарур малака ва компетенцияларга эга салоҳиятли замонавий кадр­лар билан давлат хизматида натижадорлик ва самарадорликни ошириш ҳамда халқчил давлат бош­қарувини яратиш мумкин бўлади.

Ёшлар учун янги         имкониятлар кафолати

Ҳар қандай даврда жамият фаровонлигининг асосий мезонларидан бири бу– фуқароларнинг ўзи учун энг муносиб ишни топиши, самарали меҳнат фаолияти орқали ўзига, оиласига ва жамият тараққиётига ҳисса қўша олишидир.

Бу ўринда мамлакатнинг стратегик ресурси саналмиш ёшларнинг касб-корга, олий маълумотга эга бўлиб ҳаётда ўз ўрнини топиши – долзарб масалаларимиздан. Чунки, ҳар соҳада етук, замонавий кадр­ларни етиштириш орқали тармоқларни ривожлантириш ҳамда ислоҳотлар сифатини ошириш мумкин бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигининг илк кунларидан ёшлар сиёсатида ҳам янгича ёндашув ва муносабатни илгари сурдилар. Ушбу йўналишга энг устувор аҳамият қаратиб, давлат раҳбари янги авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган комп­лекс чора-тадбирларни белгилаб бердилар.

Шу маънода, сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларимизни олий маълумотли бўлиши учун кўп­лаб ишлар амалга оширилди, олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. Хусусан, Республика бўйича олий таълим муассасалари сони жами 210 тага етди. Натижада олий таълим билан қамров 2016 йилдаги 8 фоиздан бугунги кунга келиб 38 фоизга етказилди. Бу эса яна 200 мингдан ортиқ ёшларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятини вужудга келтирди.

Шунингдек, олий таълим даргоҳларида юқори кўрсаткичларда ўқиётган 3 488 нафар талаба-ёшларнинг шартнома тўлови учун 9, 88 млрд. сўм маб­лағлар тўлаб берилди. Эҳтиёжманд оилалар қизлари учун ажратилган грантлар сони икки баробарга кўпайтириб икки мингтага етказилди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 1465 нафар илм-фанга чанқоқ, истеъдодли ёшлар етакчи хорижий олий ўқув юртларида бакалавр, магистратура ва докторантура босқичларида ўқиш имкониятига эга бўлди.

Мазкур ислоҳотларнинг асосий мақсади жамиятдаги ёшларнинг бунёдкорлик потенциалини ошириш, мустақил ҳаётда муваффақиятга эришишга имконини кенгайтиришдан иборат.

Мазкур имкониятларнинг ҳуқуқий кафолати сифатида давлатга қарашли институтларда ҳар йили тўғридан-тўғри давлат ҳисобидан ўринлар ажратилишини ва уларни ҳар қандай абитуриент тест натижалари бўйича танлов асосида эгаллаши мумкинлигини англатувчи ҳуқуқий норманинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши – моддий аҳволидан қатъи назар билимли ва иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлашда шаксиз муҳим ўрин тутади.

Бундан ташқари, қомусимизда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бунда ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни ва имкониятларни назарда тутувчи инклюзив таълим ҳам Конститу­циявий норма даражасида асосий қонунга киритилмоқда. Бу албатта жисмоний нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида камол топиши учун муҳим кафолат бўлади.

Аҳолимизнинг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этади ва ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келмоқда. Албатта, бундай демографик ўсиш биз учун ҳам имконият, ҳам жуда катта масъулиятдир. Бунда эса зарур тажриба, билим ва амалий кўникма камлиги сабаб ёшларга камроқ иқтисодий имкониятлар тақсимоти учун уларга алоҳида эътибор жоиз бўлади.

Шу туфайли ҳам Конституцияда ёшлар ҳуқуқларининг ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокининг рағбатлантирилиши кафолатланмоқда. Бу орқали эса ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, халқнинг бой маданий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик туйғуларини шаклланишига эришиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Яъни, давлат ўз зиммасига бундай муҳим мажбуриятларни олиш орқали нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ғамхўрлигини намоён қилмоқда.

Зеро, бугунги Конституциявий ислоҳотлар — фарзандларимизнинг эртаси, ёрқин келажаги учун.

Шундай экан, жонажон Ўзбекистонимизнинг фарзанди, ёшлар вакилидан бўлган халқ ва давлат хизматчиси сифатида жорий йил 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда, барчани янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, бугунги фаровон ҳаётимиз ва ёрқин келажагимиз учун овоз беришга чорлайман!

Фарангиз АВАЗБЕКОВА,

юридик фанлар бўйича

фалсафа (PhD) доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + nine =