Янги таҳрирдаги конституция муаллифи —халқимиз!

Тўғрисини айтсам, дастлаб Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясини янгилаш тўғрисидаги масала тилга олинганида ўйланиб қолгандим. Амалдаги Конституциямизнинг ўзи бинойидек эмасми? Бош Қомусимизни тарғиб қилгандик, ҳатто “Конституция сабоқлари” деган чўнтакбоп китоб ёзиш насиб қилганди. Аммо… Кейинроқ Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифлар билан таниша бошлагач, фикрим бутунлай ўзгарди. 1992 йилда қабул қилинган Асосий Қонунимиз йиллар ўтиб янгиланиши кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо этган экан.

Сиёсатдонлардан узр сўраб айтмоқчиманки, Конституциямизга ўзгартиришлар киритилаётганини хонадонларимизда анъанага айланган уй кўтариш юмушига ўхшатмоқчиман. Чунки уй кўтаришда ҳам кўп вақт мобайнида эскирган, нобоп материаллар чиқариб ташланади, ўрнига янги, мустаҳкамлари қўйилади. Демак, ўттиз йиллик ҳаёт давомида Конституциянинг қайси моддаси ёки банди замон талабларига жавоб бермаса, уларни янгилаш фурсати келган. Бунинг учун бир ярим йиллик муддат берилди. Муҳокаманинг муайян босқичига келганда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конс­титуциявий комиссия аъзолари билан мулоқот қилиб, жараён билан қизиқди.

Комиссия аъзолари ўз фикрларини айтишганда давлатимиз раҳбари бир таклиф билдирди: Конституциянинг якуний матнини умумхалқ референдумига қўйсак. Агар Конституция халқимизнинг оқ фотихасини олса, ажойиб иш бўлар эди.

Конституциявий қонун лойиҳаси Референдумдан бир ярим ой олдин матбуотда эълон қилинди. Шу мавзуга бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида эътиборли таклифлар берган оддий юртдошларимиз ҳам иштирок этдилар. Улар ўз фикрлари инобатга олиниб, Конституциявий қонун лойиҳасига киритилганидан бениҳоя миннатдор бўлишди.

Юртимизда таркиб топган сўз эркинлиги шароитида ҳар ким ўз фик­рини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ошкора баён этмоқда. Ҳамкасбларимиздан бири билдирган фикрни “Озодлик” радио­­си эълон қилди. Унда: “Конституция ўзимизники” дейиляпти. Нима, уни биров олиб қўймоқчими? Тинчликми?”— дейди. Бу истеҳзоли луқмага шундай жавоб бермоқчимиз: Ҳозир ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ кишилар ҳар хил бўлган-бўлмаган гапларни ёзишгача, айтишгача боришяпти. Очиқчасига ғаламислик қилишмоқда. Лекин энди юртдошларимиз, Президентимиз айтганидек, “кечаги одамлар эмас!” Бугунги Ўзбекистон ҳам — кечаги Ўзбекистон эмас. Ҳамма ўз фикрига эга, эркин ва ҳур инсонлар. Шу боис Бош Қомусимизнинг янги таҳрири чинаккам халқ хоҳиш-иродасини намоён этмоқда. Бунинг баҳосини шубҳасизки, халқимизнинг ўзи беради. Жойларда ўтказилаётган турли анжуманларда Қомусимизга бўлган меҳру-муҳаббати, муносабати, фикри якдил эканлиги яққол кўриниб турибди. Буниям “уюштирилган” дейишяпти. Тўғри, бундай табирларни ҳақиқий ватанпарвар юртдошларимиз ташкил қилмоқда. Борди-ю аҳолининг кўпчилик қисми бу муҳим тадбир арафасида Конституцияни ёппасига қўллаб-қувватлаб фикр билдирса, бунинг нимаси ёмон экан?! Бутун юртимиз бўйлаб бир гап айтиляпти: Конституциянинг муаллифи — халқ. Халқнинг хоҳиш-иродасига қарши бориш мумкинми? Асло.

Яхшиси, халқ ҳукмига ҳавола этилаётган Конституциявий қонун ло­йиҳасига назар ташлайлик. Ҳар бир моддани ўқиганда ўз ўзимизга шундай савол қўяйлик: “Хўш, бу модда мамлакатимиз фуқароларининг эртанги ёруғ кунига, аҳил ва ҳамжиҳат бўлишига хизмат қиладими, йўқми? Ватанни севган инсон шу моддаларда баён этилган қоидаларга қўшиладими ёки йўқ?” Жавоб ўз-ўзидан маълум: Янгиланаётган Конституция соғлом фикрли ва эзгу ниятли инсонлар орзу-ўйларини ифода этади. Шундай хулосага бориш учун ҳар бир инсоннинг қалбида туғилган заминига меҳр бўлиши керак. Шундай Конститу­цияни қўллаб-қувватламаслик учун одам қанчалик, узр сўрайманку-я, нодон бўлиши керак.

Аввалгисига нисбатан 65 фоизи юртдошларимиз таклифлари асосида янгиланган Бош Қомусимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликка юқори мақом бериш, ўқитувчилар мавқеини мустаҳкамлаш каби янги моддаларнинг киритилгани ҳар бир фуқаронинг кўнглига мамнунлик бахш этади. Бу халқимиз табиатидаги бағрикенглик, донишмандлик фазилатларининг амалдаги намоёнидир.

Баъзан шундай бўлади: эскирган тартиботлардан қутулиш учун инсон кўнгли янги ўзанларда юришни тусайди. Янги қадамлар янги манзилларга етаклайди. Биз Янги Ўзбекистонда янги замонда яшаймиз деяр эканмиз, Конституциямиз ҳам янги ва пишиқ-пухта бўлиши керак. Инсон ҳаётини Бош қонунимиз кафолатлари асосида янги босқичига қадам қўйишимизни англатади. Акс ҳолда бундай нурли марраларга Ўзбекистонда истиқомат қилаётган бутун халқнинг якдиллиги, жипслиги туфайли эришамиз. Ана шу бирдамлигимиз янгиланаётган Конституциямизни қўллаб-қувватлашда ифода топиши лозим.

Тилимизда “лойи пишитилган” деган ибора бор. Бирон юмушни бажаришда катта тажрибага таянилган ҳар бир ишни тарози палласида ўлчайдиган, қайта-қайта тафаккур чиғириғида баҳоланадиган хулосани шундай таърифлашади. Конституциявий қонун матни ҳам ана шундай мезонлар талабига жавоб беради. Бунда миллий менталитетимиз, жаҳон андозалари ҳар томонлама ҳисобга олинган. Ахир бир ярим йил мобайнида неча-неча таклифлар адолат кўзгусида ўз баҳосини олди. Натижада чин маънода халқ Конституциясига эга бўлиш арафасидамиз десак янглишмаймиз. Унинг умумхалқ референдумига қў­йилиши муҳим ҳужжатнинг нуфузини оширади.

Баъзилар баъзида айтишганидек: хўш, бу Конституция мукаммал ва пишиқ-пухта бўлгани билан эртага— ҳаётда амал қилинишига кафолат борми? Албатта-да. Ахир Президент Конституция гарови ҳисобланади-ку!

Яна бир гап. Биз айтмоқчи бўлган фикр ҳозирги пайтда эмас, эҳтимол орадан анча йиллар ўтгач юзага келар. Яъни, ўшанда ёшлар ўзларидан катталардан сўрашади: Конститу­циямиз қандай қабул қилинган? Шунда ажиб бир ғурур билан 2023 йилда халқимизнинг ҳоҳиш-иродаси билан қабул қилинган деб айтамиз. Шу тарихий воқеада иштирок этишимиз бугунги авлодга ифтихор бахш этмоқда. Ана шундай қувонч билан Референдумда фаол бўлайлик. Кейинчалик биламизки, бу бахт ҳаммага ҳам насиб этавермаган.

Дарҳақиқат, элимизнинг қалбидан, онгу шууридан жой олган Асосий Қонунимиз бахтимиз, эртамиз, келажагимизга ёруғ маёқдир. Ғурур ва ифтихор рамзи бўлган янги таҳрирдаги Конституциямизга овоз берайлик!

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − six =