Кутубхоналар қалбга сокинлик беради
Кутубхона хизматларидан янгича усулларда фойдаланишнинг истиқболли имкониятлари мавжуд. Бугун кутубхоналар фақат маълумот базаси эмас, том маънода жамиятнинг ажралмас бўлаги, жамият аъзоларининг қадрдон масканига айланиши керак. Бунинг учун кутубхоналар жаҳон тажрибасидан ўрнак олиб таълимни қўллаб-қувватлаши, сўнгги технологиялардан фойдаланиши, маҳаллий бизнесга ёрдам бериши ҳам мумкин.
Ҳар бир замонавий кутубхона турли тоифадаги ташриф буюрувчиларни жалб қилиш учун керак бўладиган хусусиятларга эга бўлиши лозим.
Биринчидан, кутубхоналарда гуруҳ бўлиб ёки оилавий суҳбатлашиш, мунозара ўтказиш имкониятини яратиш керак. Натижада, кутубхонанинг бир қисми дарслар, тренинглар, жамоат тадбирлари, учрашувлар, китобхонлар клублари, ўсмирлар ва болалар учун дастурлар марказига айланади.
Иккинчидан, гавжумлик баробарида кутубхонанинг бир қисми сокинлигини сақлаб қолиши зарур. Асрлар давомида кутубхона билим макони бўлиб келган. Бугунги кунда одамлар доимий равишда ахборот олиш имкониятига эга.
Энди кутубхона билим олишнинг ягона манбаи эмас.
Шунга қарамай, фойдаланувчилар сокин ўқиш жойларини қадрлайди. Шу сабабли, одамлар ҳали ҳам босма китоб ёки электрон ресурсни ўқиш, ўз фикрларини тартибга солиш ёки кундалик ташвишларга чалғимасдан ишлаш учун тинч макон излаб кутубхонага интилади.
Бугун ёшлар чексиз ахборот оқими ва техника шовқини орасида ўсмоқда. Аммо бундай шароитда илмий ва ижодий фаолият билан шуғулланиб бўлмайди. Ёшлар ўзи ёлғиз қолиб режаларини пишитишга эҳтиёж сезади. Турли хиёбонлар, кафелар ўрнига кутубхоналар бу вазифани аъло даражада уддалайди. Қолаверса, кутубхонага келган ҳар бир одамдан мутолаани талаб қилишимиз керак эмас. Демак, кутубхонанинг бир бурчагини шинам ва қулай жиҳозланган залга ажратсак, фойдаланувчилар ўзларини эркин ҳис қила олишади.
Кутубхоналарда шароит яратиш ва ходимларга эътиборни параллел олиб бориш замон талаби. Бугун дунё давлатлари кутубхоналарида хизмат қилаётган кадрлар қатор фазилатларни ўзида жамлашга ҳаракат қилмоқда. Улардан айримларини келтириб ўтамиз:
Бугун кутубхоначилар ҳам хонага қамалиб ўтиролмайди. Улар жойларга чиқиши, баъзан кун бўйи тарғибот тадбирларида, халқ билан мулоқотда бўлиши мумкин. Бундай ишлар учун соғлом бўлиш муҳим.
Қолаверса, кўчаларда, дала тадбирларида ҳар доим кўплаб кутубхона инвентарларидан фойдаланилади. Токчалар, жавонлар, столлар, китоблар ‒ буларнинг барчасини олиб юриш ва жойлаштириш кутубхоначидан куч талаб қилади, албатта.
Ҳайдовчилик ҳам соҳа ходимлари учун зарур. Бизга бошқача эшитилса ҳам бугун дунёда автомобиль бошқара оладиган кутубхоначилар хазина мисол қадрланади.
Кўп тармоқли IТ мутахассиси бўлиш ҳам кутубхоначининг вазифаси. Замонавий мутахассис нафақат Wоrd нима эканлигини билиши, балки PhotoShop, видеомонтаждан моҳирона фойдаланиши, коллажлар, гифлар, мультфильмлар ва бошқаларни яратиши керак. Бусиз ижтимоий тармоқларга, улар орқали халқ орасига кириб бориш мумкин эмас.
Пресс-релизлар, даврий нашрларга мақолалар, кутубхонадаги блогпостларни ёзиш кутубхона мутахассислари учун энг қийин ишлардан биридир. Шу боис кутубхоначи ижодкорликдан хабардор бўлиши лозим. Ижодкорлик бўлмаса ўқувчиларни мутолаага жалб қилиш қийин кечади. Яратувчанлик иштиёқи барча соҳаларда қадрланиши сир эмас.
Кутубхоналар шунчаки китоблар ва компьютер хоналари эмас, балки одамларни кашф қилиш, мулоқот қилиш ва тасаввурни кенгайтириш маконидир. Баъзан кутубхоналарнинг даври ўтди, деган гап-сўзлар ҳам қулоққа чалиниб қолади. Аммо бундай дейишга асос йўқ. Зеро, ривожланган давлатларда йигирма биринчи аср кутубхоналари фуқароларнинг дунёқарашини шакллантиришнинг асосий манбаси. Улар одамларни тарбиялайди ва соғлом фикрловчи жамоаларни шакллантиради.
Гулбаҳор САФАРОВА,
Ангрен шаҳар Ахборот-кутубхона
маркази директори